islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳадис илмларини ўрганиш йўллари

Оламлар Роббиси Аллоҳга ҳамд бўлсин, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, оила-аъзолари, асҳоблари ҳамда қиёматгача уларга яхшилик ила эргашган зотларга  саловат ва саломлар бўлсин. Амма баъд:

Албатта, улуғ набавий ҳадис ақида, шариат ва ахлоқ жиҳатидан Исломнинг иккинчи масдари ҳисобланади. Лекин мақбул ҳадисни мақбул бўлмаган ҳадисдан ажратиб олиш ниҳоятда муҳим. Айнан ман шу мақсад учун ҳам ҳадис илмларининг аҳамияти ниҳоятда каттадир. Ҳадис илмларини ўрганишга киришишдан олдин қуйидаги жиҳатларни билиб олиш алоҳида аҳамият касб этади.

  1. Набавий ҳадиснинг аҳамияти
  2. Таърифлар
  3. Ҳадис илмининг тарихи

Биринчидан: Набавий ҳадиснинг аҳамияти

Қуръони каримда фарз намозларнинг саноғи ва ҳар бир намознинг неча ракат эканини топа оласизми?

Албатта, буларни сиз Қуръони каримда топа олмайсиз. Балки буларни батафсил тарзда ҳадиси шарифда топасиз. Ҳадис ҳаётнинг барча жабҳасида Исломнинг иккинчи масдаридир. Ҳадиси шарифнинг аҳамиятига қуйидагилар далолат қилади:

1) Ҳадис Аллоҳ таолонинг ваҳийсидир. Бунинг далили Аллоҳ таолонинг:

وَمَا يَنْطِقُ عَنِ الْهَوَى (3) إِنْ هُوَ إِلَّا وَحْيٌ يُوحَى (4)[1]

Яъни, (Яна у Қуръонни) хомхаёлдан олиб сўзлаётгани ҳам йўқ! У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) нозил қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир”. деган сўзидир. Ояти каримадаги “هُوَ – у” калимаси “يَنْطِقُ – сўзлаётган” феълига қайтади. Шунда оятнинг маъноси: Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзи Аллоҳ томонидан бўлган ваҳийдан бошқа нарса эмас. Ушбу жумла араб тилига хос тарзда чеклаш услубида тузилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзлаётган барча сўз, у Қуръон ёки Ҳадис бўлсин, Аллоҳ таоло томонидандир. Лекин Қуръони каримнинг лафз ва маъноси биргаликда ваҳий қилинади. Ҳадиснинг эса фақат маъноси ваҳий қилинади.

2) Ҳадиснинг Қуръони карим билан боғлиқлиги. Ушбу боғлиқликни бир неча жиҳатдан кўришимиз мумкин:

А) Набавий ҳадис такидловчидир. Қуръони карим кўплаб оятларида намозга ундаб келган. Ушбу ундовларни ҳадислар ҳам такидлаб келганини кўрамиз.

Б) Набавий ҳадис тафсир қилувчидир. Яъни Қуръонда келган маъноларни шарҳлайди. Қуръонда намозга буюрилган, лекин кўриниши баён қилинмаган. Ҳадис намозларнинг кўринишини баён қилган.

Т) Набавий ҳадис хословчидир. Яъни, оятлар кўпинча умумий қоидалар асосида келган. Ҳадислар ушбу қоидаларни хослаб, яъни истисно қилиб келган. Аллоҳ таоло “Ўлимтик, қон сизларга ҳаром қилинди[2]” деган. Ушбу ҳукмдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Бизга иккита ўлимтик балиқ ва чигиртка ҳалол қилинди[3]” деган сўзлари билан баъзи ўлимтиклар истисно қилинган.

С) Набавий ҳадис Қуръонни қайдловчидир. Яъни, ҳадис шаръий ҳукмлар учун Қуръон зикр қилмаган шартларни зикр қилган. Аллоҳ таоло Қуръонда:

وَالسَّارِقُ وَالسَّارِقَةُ فَاقْطَعُوا أَيْدِيَهُمَا جَزَاءً بِمَا كَسَبَا نَكَالًا مِنَ اللَّهِ وَاللَّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ[4]

Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг – қилмишларига яраша жазо ва Аллоҳдан (берилган) азоб сифатида – қўлларини кесингиз! Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир” деган. Лекин оят қўл кесилиши учун тўлиқ топилиши вожиб бўлган шартларни зикр қилмаган. Ушбу шартлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги:

لاَ تُقْطَعُ الْيَدُ إِلاَّ فِي دِينَارٍ أَوْ عَشَرَةِ دَرَاهِم[5]

Қўл бир дийнор ёки ўн дирҳамда кесилади” каби ҳадисларида зикр қилинган.

Ж) Гоҳо набавий ҳадисда Қуръони каримда мутлақо келмаган янги ҳукм келган. Бунга уйланган зинокорларга жазо сифатида тошбўрон қилиш ҳукми келганини мисол қилиш мумкин. Шу ўринда бир савол туғилади, Қуръон сабабли ҳадисдан беҳожат бўлиш мумкинми?

Баъзилар Қуръони каримнинг ўзи кифоя қилмайдими? Қуръонда барча нарса баён қилинмаганми? Аллоҳ таоло:

مَا فَرَّطْنَا فِي الْكِتَابِ مِنْ شَيْء[6]

Китобда (Лавҳул-Маҳфузда) бирор нарсани (ёзмасдан) қолдирмаганмиз” деб марҳамат қилганку, дейишади.

Ушбу саволларга жавобимиз қуйидагича:

А) Агар оятда келган “Китоб”да мурод “Лавҳул маҳфуз” бўлса, бу ерда ҳеч қандай тушунмовчилик йўқ. Чунки гап Қуръон ҳақида кетаяпти, Лавҳул маҳфуз ҳақида эмас. Агар бундан Қуръон ирода қилинган бўлса, унда жавобимиз қуйидагича:

Б) Албатта, Қуръон бизларни ҳадисга эргашишга буюрган. Аллоҳ таоло:

وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانْتَهُوا وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ[7]

Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олингиз, у сизларни қайтарган нарсадан қайтингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир.” Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ушбу оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишга буюрмоқда. Ояти кариманинг охирида ушбу эргашишни лозим тутмаган кишини қаттиқ азоби билан огоҳлантирмоқда. Демак, ҳадисни қабул қилмаган киши айни вақтда Қуръонни ҳам қабул қилмаган бўлади.

Ж) Агар биз ҳадисни олмаганимизда эди, намоз ўқишга қодир бўлмас эдик. Қуръон бир кунлик фарз намозларнинг саноғини очиқ зикр қилмаган. Ҳар бир намознинг неча ракат эканини, намозларнинг шарт, рукн ва ботил қилувчи амалларни баён қилмаган. Биз ҳадиси шарифни маҳкам ушламасдан туриб қандай қилиб намоз ўқишга қодир бўламиз?! Диннинг асоси бўлган намоз борасидаги ҳолат шундай экан, қолган ақида ва исломий шариатлар ҳақида нима деб ўйлайсиз?

Мана шулардан бизга маълум бўладики, Қуръоннинг ўзи билан кифояланса бўлади, деб жар солаётганлар суннатнинг аҳамиятни билмайдилар. Ёки улар Қуръонни яхши кўрмайдилар. Балки улар Исломни Қуръон ва Суннатда намоён бўлишини ёқтирмайдилар. Ваҳоланки, Исломнинг тўртдан уч қисми ҳадисда мавжуд эмасми?! Бас, улар ҳадисни тарк қилиш билан Исломни бузишни истайдиган кишилардир.

Ислом умматини ҳадисга эътибори

Дарҳақиқат, набавий ҳадисдан беҳожат бўлиш мумкин эмас. Албатта, ислом уммати ҳадисга юқори даражада қаттиқ эътибор қаратган. Тарих бундай эътиборга ҳеч ҳам гувоҳ бўлмаган. Бундай эътиборга сабаб сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин:

1)Саҳоба розияллоҳу анҳумлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадис эштишга қаттиқ интилганлар. Бунга уларни набавий ҳадиснинг аҳамиятини яхши билганлари, Пайғамбаримизни қаттиқ яхши кўриб у зотга боғланиб қолганлари сабаб бўлган. Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтади: Мени Ансорлардан Умаййа ибн Зайд – у Мадинанинг юқори томони – қабиласидан бир қўшним бор эди. Биз навбатлашиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига борар эдик. Бир куни у тушса, бошқа куни мен тушар эдим. Қачон мен тушсам ўша кунда нозил бўлган ваҳий ва бошқа хабарларни олиб келар эдим. У ҳам тушганда ҳудди шундай қилар эди[8].

Саҳоба розияллоҳу анҳумларни ҳадисга қаттиқ интилиш ва аҳамиятларидан ташқари, бошқа кўплаб омиллар ҳам етарли эди. Бу омиллар уларга ҳадисни тез ёдлаб олиш имкониятни берган. Жумладан,

А) Кучли зеҳнга эга эканликлари. Араблар Исломдан олдин ва исломнинг илк даврларида ҳам ушбу хусусият билан ажраб турар эдилар. Чунки улар ёзишга эмас, балки ёдлаб олишга суянардилар. Ҳаётнинг турли ташвишларидан узоқ эдилар.

Б) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳадисни етказишдаги услублари. У зот қуйидаги услубларга риоя қилардилар:

             Гапни яхши тушуниб ёдлаб олиш учун шошмасдан сўзлаш;

             Гапни қисқа иборалар билан ифодалаш; Бу ҳам тез ёдлаб олишга имкон беради. Оиша розияллоҳу анҳо айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дона-дона сўзлар эдилар. Агар сановчи санамоқчи бўлса, санай оларди[9]. Бу гапни шошмасдан ва қисқа тарзда сўзлашни кўрсатади.

             Гапни эҳтиёжга қараб бир мажлиснинг ўзида ёки бошқа-бошқа ўринларда такрор-такрор айтиш; Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир сўзни яхши тушуниб олишимиз учун уч маротаба такрорлар эдилар”[10]. Фасоҳат билан гапириш қалбларни мойил қилади ва ёдлашга ёрдам беради.

             2) Музокара қилиш. Саҳоба розияллоҳу анҳумлар ҳадисларни унутмасликлари учун кўп-кўп ўзаро музокара қилиб турардилар. Шогирдларни ҳам шунга ундардилар. Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳу: Ҳадисни музокара қилиб туринглар. Албатта, ҳадис ҳадисга ундайди, деган[11].

             3) Ҳадис талабида сафар қилиш. Саҳобаларнинг баъзилари битта ҳадисни таъкидлаб олиш учун ҳатто бир ойлик масофага чиқиб, сўнг қайтиб келардилар. Имом Бухорий раҳматуллоҳу алайҳ айтади: Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу бир дона ҳадис учун бир ой юриб Абдуллоҳ ибн Унайснинг олдига борган[12].

             4) Набавий ҳадисни ёзиш, тадвин ва тасниф қилиш.

             Ҳадисни ёзиш: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввалда барча саҳобаларни ҳадисни ёзиб боришдан қайтарганлар. У зот: “Мендан ёзиб олманглар. Ким мендан Қуръондан бошқасини ёзиб олган бўлса, уни ўчирсин”, деб марҳамат қилганлар[13]. Сўнгра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу каби баъзи саҳобаларга ҳадисни ёзишга изн берганлар. У киши шундай ривоят қилади: Мен ёдлаб олишими учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган барча нарсани ёзиб олар эдим. Қурайш мени бундан қайтариб: Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган барча нарсани ёзиб олаверасанми? У зот ҳам инсон бўлсалар, ғазаб ва розилик ҳолатида гапирадилар, дейишди. Мен ёзиб юришдан ўзимни тийдим. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу ҳақида айтдим. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам бармоқлари билан оғизларига ишора қилиб: Ёзавер, нафсим Унинг қўлида бўлган зотга қасамки бу ердан фақат ҳақ (сўз) чиқади, дедилар[14]. У кишининг саҳифаларининг исми “Содиқо” бўлган.

             Бунга сабаб – Аллоҳ билувчи – Пайғамбаримизнинг қуйидаги хавфсирашлари бўлган:

             Қуръондан баъзи нарсаларнинг зое бўлиб кетиши. Чунки ёзишни биладиганлар кам бўлган. Шу сабаб Абдуллоҳ ибн Амрни ҳадисни ёзиб бориш билан хослаганлар.

             Саҳоба розияллоҳу анҳумларнинг суннат сабабли Қуръондан чалғиб қолишлари. Шу сабаб Пайғамбаримиз уларга Қуръон улуғроқ эканини билдириб қўйганлар.

             Қуръон ёки унинг айрим сўзлари бўлсада бошқа нарсалар билан аралашиб кетиши[15]. Бунга ёзиш воситаларининг озлиги сабаб бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ томонидан бу нарсага хотиржам бўлгач, унга изн бердилар. Сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча ёзиш истагида бўлганларга рухсат бердилар. Балки гоҳида ёзишга буюрдилар ҳам. Бунга Пайғамбаримизнинг бошқалар билан тузган аҳдлари, подшо ва амирларга юборган мактублари ҳамда қўшин қўмондонларига жўнатган хатларини ёзишга буюрганларини мисол қилиш мумкин. Мана шундай тарзда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этгунларича кўплаб суннатлар ёзиб бўлинган эди. Бундан сўнг саҳоба розияллоҳу анҳумлар асрида ёзиш янада кўпайди. Улардан ўнларча саҳобларнинг ҳадислар ёзилган саҳифалари мавжуд экани собит бўлган. Ёки уларнинг баъзилари ҳадис ёзадиган тобеъинларга ҳадисларни айтиб ёздирганлар. Дарҳақиқат, бу алоҳида интилишлар натижаси эди. Албатта, бу ҳижрий биринчи асрнинг бошларига тўғри келади.

             Тадвийн: Бу ҳадисларни девонларда жамлашдир. Девонлар нисбий катта-катта китоблардир. Лекин улар тартибланмаган бўлади. Ҳадисларни тадвийн қилиш ҳам биринчи ҳижрий асрда бошланган. Бу аввалда шахсий ҳаракатлар натижасида бошланган. Кейинчалик расмий тадвийнга ўтилган. Яъни, Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳу алайҳ имом Зуҳрийга ҳадисларни тадвийн қилишни буюрган. Расмий тадвийннинг бошланиши биринчи ҳижрий асрнинг охирларига тўғри келади. Бироқ ушбу девонларнинг кўп қисми иккинчи ҳижрий асрда ёзилган.

             Мана шу ўринда “фақиҳларнинг ихтилофга боришларига сабаблардан бири ҳадисларни тадвийн қилишнинг кечикиши бўлган”, деган сўзнинг хатолиги маълум бўлади. Чунки ҳадисларни ёзиш жуда эрта бошланган. Ҳадисларни тадвийн қилиш фиқҳ китоблари тадвийн қилинишдан олдин бўлган. Зеро, фиқҳни тадвийн қилиш ҳадис китобларининг четларига ёзишдан бошланган.

             Таснийф: Бу ҳадисларни мавзуларга кўра ёки саҳобалар бўйича тартиблашдир. Олимлар ва илм толиблари ҳозирги кунгача мурожаат қилиб келаётган “Олти китоб”, “Муватто” ва шуларга ўхшаш бошқа ҳадис китоблар мусаннафотлар сирасига киради. Ҳадисларни тасний қилиш ҳижрий иккинчи асрда бошланган. Лекин бу соҳа ҳижрий учинчи асрда гуллаб яшнаган.

             5) Ҳадис ровийларига эътибор бериш, ҳадис иснодлари ҳақида сўраш ва ҳадиснинг саҳиҳ ёки заифлиги улар орқали билинадиган қоидаларга асос солиш. Ушбу илмларда мусулмонлар ягона бўлганлар. Олдинги самовий дин эргашувчилари буни билмаганлар. Шунинг учун ҳам китоблари зое бўлиб, динлари ўзгариб кетган. Ушбу илмнинг қоидалари Қуръонда нозил бўлмаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга таълим бермаганлар. Лекин бунга ҳадис уламолари тадрижий шаклда асос солганлар. Ҳатто бу илм мукаммаллашиб пишиб етилиш даражасига етган.

             6) Ҳадис китобларига шарҳ ёзиш. Бунга Бадриддин Айнийнинг “Умдатул қорий шарҳу саҳиҳил Бухорий” ва Нававийнинг “ал-Минҳаж шарҳу саҳиҳи Муслим ибн Ҳажжож” китобларини мисол қилиш мумкин.

             7) Қидирилаётган ҳадисни осон топишга ёрдам берадиган фиҳрис (мундарижа)ларга асос солиш. Бунга Суютийнинг “ал-Жомеъус сағир” китобини мисол қилиш мумкин.

“Диний фанлар” кафедраси ўқитувчиси

     Фарҳод Жўраев

тайёрлади

[1] Нажм сураси, 3-4-оятлар.

[2] Моида сураси, 3-оят.

[3] Ушбу ҳадисни ибн Можа “Ов китоби”да 3218-рақам билан ривоят қилган.

[4] Моида сураси, 38-оят.

[5] Ушбу ҳадисни имом Абдураззоқ “Мусаннафот”да ривоят қилган.

[6] Анъом сураси, 38-оят.

[7] Ҳашр сураси, 7-оят.

[8] Ушбу ҳадисни имом Бухорий “Саҳиҳул Бухорий”нинг “Илм китоби” “Илмда навбатлаши боби”да 89-рақам остида ривоят қилган.

[9] Ушбу ҳадисни имом Бухорий “Саҳиҳул Бухорий”нинг “Маноқиб китоби” “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатлари боби”да 3568-рақам остида ривоят қилган.

[10] Ушбу ҳадисни имом Термизий “Жомеъут Термизий”да “Маноқиб китоби” “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари боби”да 3640-рақам остида ривоят қилган.

[11] Имом Доримий ривояти.

[12] Имом Бухорий “Саҳиҳул Бухорий”нинг “Илм китоби” “Илм талаб қилиш йўлида чиқиш боби”да ривоят қилган.

[13] Ушбу ҳадисни имом Муслим “Саҳиҳи Муслим”да “Зуҳд ва рақоиқлар китоби” “Ҳадисдаги мустаҳкамлик” бобида 3004-рақам остида ривоят қилган.

[14] Имом Абу Довуд “Сунан”да “Илм китоби”да 3646-рақам остида ривоят қилган.

[15] Ушбу ўринда эътироз туғилиши мумкин. Яъни, Қуръон ўз услубига кўра ожиз қолдирувчи бўлса, қандай қилиб бошқа нарса билан аралашиб кетади. Бунга жавоб шуки: Албатта, ожиз қолдириш тўлиқ ёки қисқа бир сура ёки бир қанча оятлар билан маълум бўлади. Битта ёки бир нечта сўзларда бу кўринмайди.

15930cookie-checkҲадис илмларини ўрганиш йўллари
1 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: