Қуръони Каримни жами 1440 марта хатм қилган, 61 йилдан буён биргаликда турмуш кечириб келаётган бўстонлиқлик бобо ва буви
Эътиборингизга ҳавола қилмоқчи бўлган қаҳрамонларимиз 61 йилдан бери бирга бахтли яшашмоқда. Ҳаётнинг оғир ва енгил синовларини биргаликда енгиб келишмоқда.
Тўрт фарзанднинг жондан азиз ота-онаси, 16 невара ва 10 нафар эваранинг меҳрибон бобо ва бувиси – 84 ёшли Турсунбой ота Aшуров ва уларнинг турмуш ўртоғи 78 ёшли Турсуной она Aшурова билан турмуш қийинчиликлари, фарзанд тарбияси, қийинчиликларни биргаликда енгиш, орзу-армонлари ва бахтли яшаш сирлари ҳақида суҳбатлашдик.
Маълумот ўрнида: Турсунбой ота Aллоҳ таолонинг муқаддас каломи Қуръони Каримни шу кунгача жами 1440 марта хатм қилган. Бир йилда 94 марта хатм қилиб, ўзига хос рекорд ҳам ўрнатган. Ҳозирги кунгача отахон ва онахон Қуръон хатм қилиш бўйича бир-бирлари билан мусобақа қилишади.
Турсунбой ота:
– Тўрт нафар фарзандим, ўн олтита неварам, ўнта эварам бор. Шу кампирим билан 61 йилдан буён яшайман. Ҳар доим яхши гап, яхши фикр билан, уришмасдан, сўкишмасдан ҳаёт кечирилса, умр ҳам узоқ бўлар экан. Кампирим билан умуман уришмаганман, ҳаттоки бир шапалоқ ҳам урмаганман.
Турсуной она:
– Мени чертмаган ҳам, урмаган ҳам. Нима хоҳиш-истаги бўлса бажо келтираман, ҳозиргача. Мана, катта ўғлимиз 60 ёшга, кенжа қизимиз 49 га тўлди.
– Фарзанд тарбиялашда кимнинг ўрни кўпроқ бўлган?
Турсунбой ота:
– Фарзандларни тарбиялашда кўпроқ кампиримнинг ўрни кўпроқ бўлган. Чунки мен кўпинча ишда бўлардим. Кейинчалик бирга тарбияладик.
– Аллоҳ таолонинг каломини ўқишни қачондан бошлагансиз, устозингиз ким бўлган?
Турсунбой ота:
-1983 йил декабрда отамнинг вафотидан кейин бошлаганман. Бир йил ҳарфма-ҳарф яхшилаб ўқишни ўргандим. Устозларим жуда кўп бўлган.. 2006 йилларда Чирчиққа мадрасага борардим. Ундан олдин 22 йил масжидда ишладим ва 1992 йили пенсияга чиқдим. Шу вақт ичида 30-40 нафар болани ўқитдим. Кампиримни ҳам ўзим ўқитганман. Ўзимнинг хатм китобим ҳам бор. 1992 йили 100 сўмга олганман. Ҳозир неварамга олай десам 1 млн 200 минг сўм экан. (Маълумот ўрнида, ҳозирда Қуръони Каримнинг сотувдаги баҳоси 22 минг сўмдан бошланади – таҳр.)
– Шу вақтгача неча марта хатм қилдингиз?
Турсунбой ота:
– Ҳозиргача 1440 марта хатм қилдим. 2006 йили бир йилда 94 марта хатм қилиб рекорд қилганман. Рамазон ойида 8 марта хатм қилдим. Ҳаммасини ёзиб юраман.
– Бу натижага эришишда нимадан куч оласиз?
Турсунбой ота:
-Ҳамма кучни, ҳаракатни Қуръони Каримдан оламан. Усиз яшай олмайдиган бўлиб қолганмиз. Китобни ким кўп ўқиш бўйича мусобақа қилиб турамиз.
-Онахон, сиз неча марта хатм қилдингиз?
Турсуной она:
-Мен 700 марта хатм қилдим. Қуръонсиз иккаламиз ҳам яшай олмаймиз. Қачон бўш вақтимиз бўлса, Қуръонга ёпишамиз. Бизнинг ҳаётимиз ҳам, мамотимиз ҳам – мана шу. Шу ёшга кириб кўзимда муаммо бўлмаган. Китобни ҳам бемалол кўзойнаксиз ўқийман. Мен ҳам 1995 йилдан бери ўқийман. Устозим шу киши бўлган.
-Бошингиздан қийин даврлар ҳам ўтганми?
-Ҳа, ўтган, болам. Уруш бошланганида мен 5 ёш бўлганман. 1946 йилдан бошлаб ишга чиқиб кетганман. Ялангоёқ, ялангбош, колхозда ишлардим. 1951 йилгача жуда қийналганман.
-Кампирингизни яхши кўриб олганмисиз?
-Биз биринчи марта «загс» да кўришганмиз. Биз узоқ қариндош эдик. Мен олмайман деганман, кампирим тегмайман деган. Лекин, мана шунча йил яшаб қўйдик. Кампирим ўша пайти 17 ёш бўлган. Ёшлигимизда нон бўлмаган, кийим-кечак бўлмаган. Маккажўхоридан бўлган зоғора нон ер эдик. Колхозда эрталаб олтидан кечки ўнгача ишлардик.Ҳозир мана, Аллоҳга шукр, ҳамма нарса етарли. Инсон ҳаракат қилса, дангасалик, ялқовлик қилмаса ҳамма нарсанинг иложи бор.
-Отахоннинг ойлигини қандай ишлатардингиз?
Турсуной она:
-Ойликларини ҳар доим менга берар эди. Мен ҳеч қачон бефойда, бесамар сарфламаганман. Болаларимга айтардим: «ҳозир мен олиб берганни киясан, ўзинг ишлаганингдан кейин хоҳлаганингни киясан». Бошида ўзимизнинг уйимиз бўлмаган. 13 йил деганда уй солганмиз биргаликда. Бизга ҳеч ким ёрдамлашмаган. Аёл киши тежамкор бўлиши керак. Аёл тежамкор бўлса, уйда барака бўлади.
-Амалга ошмаган орзу-умидларингиз борми?
Ҳажга борамиз деган орзумиз бор эди. Катта қизимизнинг турмуш ўртоғи вафот этиб қолди. Шунда невараларимизга қарашдик, ўқишларда ўқитдик. Шу билан орзумиз амалга ошди деб ҳисобладик. Эвараларим югуриб келиб «додажон» деса ҳаммасини унутиб юбораман.