islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Одам боласида зинодан насибаси ёзилган

Ким зинони ихтиёр қилса, унда зинодан насибасини олиш ёзилади.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллалоҳу алайҳи вассаллам) айтдилар: “Одам боласида зинодан насибаси ёзилган, унга шубҳасиз етади. Икки кўзнинг зиноси қараш, икки қулоқнинг зиноси эшитиш, тилнинг зиноси гапириш, қўлнинг зиноси ушлаш, оёқнинг зиноси бориш, қалб эса хоҳлайди, фарж эса буни тасдиқлайди ёки ёлғонга чиқаради.” (Муслим ривояти)

Кўпинча, бу ҳадис баъзи инсонларга мушкул бўлиб кўринади – қандай қилиб Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсонга зинони ёзиб, сўнгра уни шу сабабдан ҳисоб-китоб қилиши мумкин?

Буни англаш учун ушбу ҳадиснинг дақиқ маъноларини фаҳмлаш зарур. Ушбу ҳадисда “Аллоҳ таоло одам боласига зинодан насибасини ёзди”, – деб айтилган. Бу жумла – инсон хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам зинога етади деган маънода эмас. Балки Аллоҳ таоло инсонга гуноҳни қилиш ёки қилмасликка ихтиёр берган. Лекин агар инсон зинони ихтиёр қиладиган бўлса, Аллоҳ таоло унга зинонинг азоби, уқубатидан насибасини олишини ёзиб қўяди, ёки кўз, ё қулоқ, ёки тил, ёки фарж зиноси ортидан келган уқубатга шубхасиз етади. Қуръони Каримда: “Аллоҳ фаҳш ишга буюрмайди. Аллоҳга нисбатан билмайдиган нарсангизни айтасизми?” (Аъроф, 28) – дейилган.

Умар розияллоҳу анҳуга хамр (маст қилувчи ичимлик) ичувчилардан бири – “Аллоҳ таоло менинг бўйнимга шуни тақдир қилиб қўйди”, – деганида, Умар розияллоҳу анҳу: “Унга ҳад (жазо)ни икки марта қоим қилинглар, биринчиси – хамр ичганлиги сабабидан, иккинчиси эса Аллоҳ таолога нисбатан ёлғон тўқигани сабабидан”, – деганлар.

Бундан келиб чиқадики, агар инсон бирор гуноҳ иш қилганидан кейин “Аллоҳ тақдиримга шуни ёзиб қўйган”, – деб ўзига баҳона истайдиган бўлса, у худди “Аллоҳ таоло менга умуман ихтиёр бермади, шу гуноҳни қилишга мени мажбур қилиб қўйди”, – дегандек бўлиб қолади. Қандай қилиб барча ёмонликлардан қайтариб, яхшиликларга буюрган Зотнинг Ўзи ёмонлик қилишга мажбур қилиб қўйиши мумкин.

Аллоҳ бандага маъсият қилиш ёки қилмасликка ихтиёр берди, агар гуноҳни ихтиёр қилса, шунга мувофиқ жазолайди, деган эътиқодда бўлиш лозим.

(Имом Набулсий мавъизалари асосида тайёрланган)

2-курс толибаси Матлуба Фозилова

161580cookie-checkОдам боласида зинодан насибаси ёзилган

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: