islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ўзбекистонда диний бағрикенглик

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида сўнги 3 йил давомида диний бағрикенгликни таъминлаш соҳасида қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилди:

БМТ Бош Ассамблеяси 2018 йилнинг 12 декабр ойида ўтказилган ялпи мажлисда «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюцияни қабул қилди. Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳаси БМТнинг барча аъзо давлатлари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Мазкур резолюцияни қабул қилиш ташаббуси 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг Ню-Йоркдаги 72-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан илгари сурилди.

2018 йил 16 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3668-сонли Қарорига мувофиқ Қўмита ҳузурида фаолият юритадиган жамоатчилик-маслаҳат органи ҳисобланмиш Конфессия ишлари бўйича кенгашнинг янги таркиби тасдиқланди. Кенгаш таркиби 9 тадан 17 та аъзога – Ўзбекистонда фаолият юритаётган диний конфессиялар вакиллари ҳисобига кенгайди.

2018 йилнинг 16 апрелида Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш. Мирзиёев «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5416-сонли Фармонни имзолади. Мазкур ҳужжат Ўзбекистонда диний таълим тизимининг узлуксизлигини таъминлашга қаратилган:  бошланғич босқичдан (ўрта махсус ислом таълим муассасалари ёки мадрасалар) тортиб, то олий ва ундан кейинги диний таълимгача.

2019 йил 4 сентябрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4436-сонли қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар Иттифоқи, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши билан жамиятда виждон эркинлиги ва диний-маърифий муҳит барқарорлиги кафолатларини таъминлаш мақсадида мустаҳкам ва доимий ҳамкорликни назарда тутувчи янги тизим жорий этилди.

Бундан ташқари, Дин ишлари бўйича қўмита таркибида аёллар билан ишлаш бўлими ташкил этилди,  шунингдек, ушбу йўналишдаги ишларни назорат қилувчи раис ўринбосари лавозими ҳам жорий этилди. Хотин-қизлар ўртасида маънавий-маърифий ишларни мувофиқлаштириш бўйича Республика тарғибот гуруҳи ташкил этилди.

Ўзбекистон Ислом академияси ва Тошкент Ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро Ислом академияси ташкил этилди. Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида Академия таркибидаги малака ошириш Маркази ҳудудий филиаллари ташкил этилди.

Ўзбекистон халқаро Ислом академияси ҳузурида «Зиё» медиа-маркази ташкил этилиб, у аждодларимизнинг диний-илмий меросини кенг тарғиб қилиш, диннинг ҳақиқий инсонпарварлик мақсадини ҳамда диний-маърифий ҳаётда содир бўлаётган янгиликлардан кенг жамоатчиликни хабардор қилиб боришни таъминловчи асосий медиа-тузилма ҳисобланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилди. Унинг асосий вазифаси масжидлар, зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжолар ва шу каби бошқа объектларнинг реконструкциясини молиялаштириш, уларни моддий-техник базасини яхшилаш ҳамда ушбу соҳа ходимларини моддий қўллаб-қувватлашдан иборатдир.

2018 йилнинг январь-апрель ойларида Республика миқёсида бир неча босқичдан иборат (туман, шаҳар, вилоят, республика) Қуръони карим тиловати бўйича қорилар очиқ мусобақаси ташкил этилиб, унда 5 мингдан зиёд иштирокчи қатнашди.

Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилди. Вилоятларда калом, ҳадис, фиқҳ, ақида илми ва тасаввуфни ўрганишга ихтисослашган бешта илмий мактаб очилди.

Ислом цивилизацияси маркази томонидан Ўзбекистонда Марказий Осиё мусулмон мутафаккирларининг жаҳон цивилизацияси ривожидаги ролига бағишланган 10 дан ортиқ китоб ва рисолалар тайёрланди.

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Имом Термизий, Ҳаким Термизий ва термизлик бошқа олимларнинг 20 дан ортиқ асарлари ўзбек тилига таржима қилинди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Имом Бухорий,  Имом Мотуридий, Имом Насафий, Алоуддин Усмондий, Саффар Бухорий ва ҳ.к. каби улуғ алломалар асарларининг аксарияти таржима қилиниб, 50 дан зиёд китоб нашр этилди.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикасида жами 2276 та диний ташкилот ва 16 та диний конфессия фаолият юритиб келмоқда. Шулардан 2093 таси мусулмон ташкилоти, 166 та христиан ташкилоти, 8 та яҳудий жамоаси, 6 та Бахоийлик жамияти, 1 та кришначилар жамияти ва 1 та будда ибодатхонаси, шунингдек, Ўзбекистон конфессиялараро Библия жамияти ҳам фаолият кўрсатмоқда.

2019 йилда Ўзбекистонда 10 та янги жоме масжид очилди, натижада масжидларнинг умумий сони 2066 тага етди. Бундан ташқари, мамлакат миқёсида 46 та жоме масжид биноси бутунлай қайтадан бунёд этилиб, 225 та масжид капитал таъмирдан чиқарилди. 2018 йилда эса республикада 13 та жоме масжиди қайта очилди, 39 таси янги қурилди ва қарийб 100 таси қайта таъмирланди.

Ўзбекистонда Тошкент Ислом университети, «Мир Араб» олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, 9 та мадраса, жумладан, 2 та ихтисослаштирилган хотин-қизлар ўқув юрти, Тошкент православ семинарияси, Тошкент христиан семинарияси каби диний таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда. 2020–2021 ўқув йилидан бошлаб Термиз шаҳрида янги мадраса очилиши режалаштирилган.

Мустақиллик йилларида 308 минг нафар мусулмон Саудия Арабистонига зиёрат учун борган бўлса, шулардан 130 минг киши «Ҳаж», 178 минг киши эса «Умра» амалини бажаришга муваффақ бўлган. 2,5 минг христиан ва яҳудийлар Исроил, Россия, Туркия, Италия, Грузия ва Юнонистон каби давлатларнинг муқаддас диний қадамжоларига ташриф буюрганлар.

2019 йилдан эътиборан Ўзбекистон фуқаролари учун «Умра» зиёратлари квотаси бекор қилинди. 2018 йилдан бошлаб «Умра» сафари квотаси 6 000 дан 10 000 га оширилди. Бугунги кунга келиб «Умра» қилувчи фуқаролар сони 30 000 га етди, «Ҳаж» эса 5000 дан 7,200 га кўпайди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда экстремизмга қарши курашиш чора-тадбирларини амалга оширишдаги ёндашувлар концептуал жиҳатдан қайта кўриб чиқилди. Бунда асосий эътибор аҳоли ўртасида профилактика ва тушунтириш ишларига қаратилди. Ушбу соҳада амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлар «Жаҳолатга қарши маърифат» деган эзгу ғояга асосланган.

2018 йилнинг сентябр ойида террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳларга адашиб аъзо бўлиб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод қилиш тартиби тасдиқланди.

Илгари тўғри йўлдан адашган ва ўз хатти-ҳаракатларига чин дилдан пушаймон бўлган фуқароларга маънавий-ахлоқий бурчларини адо этиш учун жамият ва ўз оилаларига қайтиш имконияти берилади. Диний экстремистик оқимларга алоқадор шахсларни реабилитация қилишнинг муҳим қадамларидан бири, бу уларга нисбатан авф этиш актларини қўллаш бўлди.

2020 йил 3-4 март кунлари Самарқанд шаҳрида “Имом Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференция ташкил этилди. Ушбу тадбирда 15 мамлакатдан 55 нафар таниқли уламолар, муфтийлар, мотуридийшунос экспертлар, 100 нафар маҳаллий олим ва тадқиқотчилар қатнашди. Конференция ялпи мажлисида 11 та, шўъба йиғилишларида 32 та маъруза тингланди.

Маърузаларда Имом Абу Мансур Мотуридий шахси ва ақидавий қарашлари, мотуридийликнинг мафкуравий асоси, мотуридия калом мактабига оид янги манбалар, ушбу таълимотнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида фикрлар билдирилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати

163310cookie-checkЎзбекистонда диний бағрикенглик

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: