islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

FOREX орқали пул топиш ҳалолми?

❓CАВОЛ: Бугунги кунда форекс орқали пул маблағларини айрбошлаш жуда кенг тус олган. Шариатимизга кўра Форекс орқали пул топишимиз мумкинми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Форекс (FOREX) инглизча “Foreign Exchange Market” яъни, “Халқаро валюта айирбошлаш бозори” маносини англатади. Форекс савдоси бу – бир вақтнинг ўзида бир пул бирлигини харид қилиш ва бошқа бир пул бирлигини сотиш амалиётидир. Ушбу савдо амалиёти брокер (даллол) ёки дилер (олиб сотар) орқали ва жуфт-жуфт ҳолда (яъни валюталар жуфтлигида) амалга оширилади.
Шариатимизга кўра пулларни бир бирига айрибошланганда эвазларни савдо мажлисининг ўзида қўлга олиш шарт. Форексдаги савдо нақд ва насия кўринишида амалга оширилади. Савдо келишуви насия бўлганида бу шартни топилмаслиги аниқ. Бу билан унинг ножоизлиги келиб чиқади.
Савдо келишуви нақд кўринишда бўлганида эса қуйидаги омиллар сабабли ножоиз ҳисобланади:
1. Форексдаги савдо келишуви нақд кўринишда бўладиган кўринишида хорижий валюталарни айирбошлаш амалиётида пул бирлиги сотилгандан сўнг иккинчи пул бирлигининг келиб тушиши шу куннинг ўзида ниҳоясига етказилмайди, балки иккинчи тўлов Т+2 (two days after the transaction date – амалиётдан сўнг икки кун ичида) амалга оширилади. Бу эса рибога оид шариатимиз қоидасига тўғри келмайди. Бу юзасидан гарчи Малайзия Марказий банки Шариат кенгашининг 2003 йил 28 августдаги 38-мажлиси “Т+2 кўринишидаги амалиётларни жоиз деган қарор чиқарган бўлсада, замонамизнинг кўзга кўринган олимларидан Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний “Форекс савдо келишувида сотилаётган пулларнинг эвазини савдо мажлсида қўлга олиш шарти топилмагани шариатда рибо саналади”, деганлар.
2. Кўпинча форекс амалиётида иштирок этувчилар ўзлари эга бўлмаган нарсани олди сотти қилишади. Бу битим доирасида ҳеч қандай пул бирлиги харид қилинмайди ҳам, сотилмайди ҳам, яъни бу чайқов амалиёти доирасида ҳақиқий валюта алмашинуви умуман содир бўлмайди. Барча битимлар амалда эмас, фақат компьютердаги ёзувлар кўринишида амалга оширилади. Бундай битим иштирокчиларининг мақсади валюта олиш ёки сотиш эмас, балки бирор бир валютанинг муайян вақт оралиғидаги бошқа бир валютага нисбатан нархи ўзгаришида, яъни валюта курслари ўртасидаги тафовут устида пул ишлашга ҳаракат қилишдир. Шу жиҳатдан ҳам уни қимор дея эътиборга олинади.
3. Ушбу амалиётда ғарар (яъни, ноаниқлик) бор. Ислом шариатида мавҳумлик устига қурилган ҳар қандай битим жоиз эмас. Чунки бу турдаги амалиётнинг натижаси аниқ эмас. Ҳақиқий савдода эса сотилаётган мол ҳам, олинаётган мол ҳам аниқ, молнинг нархи ҳам аниқ бўлади. Савдогарнинг мақсади ҳам молни маълум нархда олиш ёки сотиш, пул бирликларининг нархи ўзгаришига пул тикиш эмас.
4. Гоҳида пул биржалари форексда иштирок этадиган баъзи кишиларга озгина пул тикиб, тиккан пулидан кўпроқ пул билан форексда тижорат қилишга имкон беради ва пул биржаси қолган пулни зиммасига олади. Лекин бунинг эвазига зиммасига олган пулдан кўра кўпроқ пулни иштирокчилардан талаб қилади. Яъни гоҳида пул биржаси 10 минг пули бор кишига форексда 20 минг билан савдо қилиш имконини беради ва пул биржаси қолган 10 мингни зиммасига олади. Зиммасига олган 10 минг эвазига иштирокчидан масалан, 15 минг талаб қилади. Бу эса рибони вужудга келтирадиган қарздир.
5. Форекс амалиётида иштирок этувчилар муайян бўлмаган пулларни олди сотти қилишади. Чунки шариатга кўра пулларда таъйин топиш пулни қўлга олиш билан бўлади. Форекснинг аксар амалиётларида бу нарса топилмайди.
Форекс амалиётида шу ва бундан бошқа Ислом шариати кўрсатмаларига зид бўлган омилларни ҳисобга олиб Ислом уламолари форексда савдо қилиш шаран жоиз эмас, дея фатво чиқарганлар (Манбалар: Ислом Олами Робитаси қошидаги Ислом Фиқҳи Академиясининг ҳижрий 1427 йил (мел.2006 йил апрель ойи)да Маккаи Мукаррамада ташкил этилган 18-йиғлиш Қарори, Шайх Муҳаммад Тақий Усмонийнинг “Фиқҳул Буюъ” китоби ҳамда замонамиз уламоларининг мавзуга доир фатволари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати. @diniysavollar

164190cookie-checkFOREX орқали пул топиш ҳалолми?
1 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: