Ҳазрат Мир Саййид Али Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳнинг (1314-1384 мелодий йил) «Чиҳил мақоми сўфия» асарида айтилишича, тасаввуфда қирқ мақом бор. Ушбу қирқ мақом билан танишамиз.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Алҳамдулиллаҳи Роббил аъламийн. Вал оқибату лил муттақийн. Вассолату аъла Набиййиҳи Муҳаммадин ва олиҳи тоҳирийн. Аммо баъд!
Билгилки, сўфийнинг қирқ мақоми бор. Ушбу қирқ мақомни билиши зарур, токи қадами тасаввуф йўлига тушсин. Агар қирқ мақомдан бирини қолдириб кетса покиза сўфийликка йўл тополмайди.
Ният
Биринчи мақом ниятдир. Аҳли тасаввуфнинг нияти шундай бўлиши керакки, унга икки жаҳон яъни дунё ва неъматлари ҳамда уқбо ва жаннатлари берилса ҳам, дунё ва унинг неъматларини кофирларга, охират ва неъматларини мўъминларга қўйиши, ўзи учун меҳнат ва риёзатни танлаши керак.
Инобат
Иккинчи мақом инобатдир. Сўфий хилватнишин бўлса ҳам Худойи Таъолони кўради, халқ билан бўлса ҳам Худойи Таъолони кўради. Ҳақ Таъолодан бошқасини ботил деб билади. Коинотда бўлаётган ўзгаришлар унинг бошини (афсус ва надоматдан) қимирлатмайди. Ҳеч бир мусибат, синов Аллоҳ Таъолога бўлган муҳаббатини сўндиролмайди.
Тавба
Учинчи мақом тавбадир. Одамлар дўзах оташи азобига гирифтор бўлишдан қўрққанидан ҳаром емайман, деб тавба қилишади. Тасаввуф аҳли эса, мабодо берилиб кетиб ҳаром-шубҳага аралашиб қолмайин, деган қўрқувда (кўп) ҳалол емайман, деб тавба қиладилар.
Иродат
Тўртинчи мақом иродат. Бутун дунё аҳли роҳату неъмат, молу бойлик хоҳлайдилар. Тасаввуф аҳли риёзату машаққатни ва Худойи Таъолонинг Ўзинигина хоҳлайдилар.
Мужоҳада
Бешинчи мақом мужоҳададир. Одамлар ўнни йигирма қилишга бор кучи билан ҳаракат қилсалар, тасаввуф аҳли йигирмани (Ҳақ йўлида сарфлаб) тугатишга ҳаракат қилишади.
Муроқаба
Олтинчи мақом муроқабадир. Муроқаба хилват ва жилватда (ҳар бир ҳолатда) Ҳақ Таъолони ўз нигоҳида ҳозиру нозир қилишдир. Оламлар подшоҳи Ҳақ Таъоло ҳам уни маъсият-гуноҳдан сақлайди.
Сабр
Еттинчи мақом сабрдир. Сўфийлар агар икки дунё бало-офати келса ҳам унга оҳ урмаслар. Икки олам мусибати ва кулфати тушса ҳам сабрдан бошқа чорани кўрмаслар.
Зикр
Саккизинчи мақом зикрдир. Сўфийлар Аллоҳ Таъолони дил ила танирлар ва тил ила ёлворурлар (зикр қиладилар). Хаста ҳолатда ҳам Унинг даргоҳидан бошқа йўлни билмайдилар.
Мухолафати нафс
Тўққизинчи мақом мухолафати нафс – нафсга қаршилик қилиш. Сўфийлар нафси бир неъматга зор бўлиб етмиш йил йиғлайди, бироқ у нафсига риёзат ва меҳнатдан бошқа нарса бермайди.
Ризо
Ўнинчи мақом ризодир. Сўфийлар оч яланғоч бўлсин, ҳар бир ҳолатида Аллоҳдан хуш ва рози бўлади. Ихтиёр кўчасидан (фойдаланмасдан) ўтиб кетадилар. Тавозуъ, хокисорлик йўлидан бошқа йўлни босмайдилар.
Мувофақат
Ўн биринчи мақом мувофақатдир. Сўфийлар наздида мусибат ва офият, ато ва маҳрумлик бир хил бўлади.
Таслим
Ўн иккинчи мақом таслимдир. Сўфийлар агар бошларига бало пистирмасидан қазо-қадар найзаси ёғилса ҳам ўзини иброҳимий таслим манжаниқи – тош отарига қўядилар. Бало қазо найзаси қаршисида жонини (қалбини) қалқон қиладилар.
Таваккул
Ўн учинчи мақом таваккулдир.
Сўфийлар таваккул йўлини мақом тутадилар. На халқдан ва на Холиқдан сўрайдилар. (Улар биладиларки) Аллоҳ кўриб турувчи Зотдир. (Шу сабабдан сўрашга ҳожат йўқ дейдилар). Улар Аллоҳ учун холис ибодат қиладилар. Ибодат асносида Ундан (ҳеч нарса) истамайдилар.
Зуҳд
Ўн тўртинчи мақом зуҳддир. Сўфийлар дунёдан фақат бир парча оладилар холос. (яъни фақирона ҳаёт кечирадилар). Бир парча мато улар наздида қимматбаҳо матолар, кимхоблардан афзалдир.
Ибодат
Ўн бешинчи мақом ибодатдир. Сўфийлар кундузлари Қуръон ўқиш ва тасбеҳ айтиш билан машғул бўладилар ва кечалари (таҳажжудда) Парвардигори оламнинг хидматида қоим бўладилар. Баданлари Ҳақнинг тоатига интилувчи, қалблари илоҳий шавқ-ла жўш урувчи, фикрлари Унинг мушоҳадаси ила фарёд қилувчи бўлади.
Вараъ
Ўн олтинчи мақом вараъ – парҳезгорлик. Сўфийлар ҳар таомни еявермайдилар, ҳар либосни киявермайдилар, ҳар касу нокас билан ўтиравермайдилар. Ҳақ аҳлидин ўзгаларнинг суҳбатини лозим тутмайдилар.
Ихлос
Ўн еттинчи мақом ихлосдир. Сўфийлар кечалари намоз ўқийдилар, кундузлари рўза тутадилар. Амалларида нуқсон, камчилик кўринса янада кўпроқ тоат ибодат қиладилар. Эллик йиллик ибодатини бир пиёла сув эвазига сотиб сувни итга ичирадилар ва дейдилар: Эй нафс!! Қилган амалинг Аллоҳга лойиқ эмаслигини биласанми?!
Сидқ
Ўн саккизинчи мақом сидқ мақоми. Улар Ҳақнинг ризосисиз бир қадам ҳам босмайдилар. Аллоҳнинг ёдисиз нафас олмаслар. Тиллари дилларидан хабар берувчидир. Диллари Ҳазрати Ҳақ субҳанаҳу ва таъолонинг асроридин хабар берувчидир.
Хавф
Ўн тўққизинчи мақом хавф мақомидир. Улар Аллоҳнинг адолатини кўриб Унинг ҳайбати, қўрқувидан ларзага тушадилар. Тоат ва амалларига бўлган суянчи (қалбдан) кетади.
Ражо
Йигирманчи мақом ражо мақоми. Улар Аллоҳнинг фазлу карамини кўриб илоҳий ишқ завқидан нозланадилар. Ва уларда ҳеч қандай хавф, қўрқув бўлмайди.
Фано
Йигирма биринчи мақом фано мақоми. Улар ўз нафсларини фано қилурлар. Ҳақ таъолодан ўзга бутун нарсалар улар наздида фонийдир. Тиллари Унинг зикридан бошқасини гапирмас, оёқлари Унинг даргоҳидан бошқа тарафга юрмас, фикр хаёллари Ҳақ таъолодин ўзгасига тўлқинланмас.
Бақо
Йигирма иккинчи мақом бақо мақомидир. Улар агар ўнг кўз билан боқсалар ҳам Ҳақ Таъоло кўринади, чап кўз билан боқса ҳам Ҳақ Таъоло кўринади. Ҳар ҳолатда Ҳақ Таъоло билан бўлишда боқий қолсалар ҳам бақойи Ҳақ билан бирга бўлгай. Улар Аллоҳ Таъолонинг фазлу карамига хуш ва рози бўлгайлар.
Илмул яқийн
Йигирма учинчи мақом илмул-яқийн мақоми. Улар агар илмул-яқийн кўзи билан боқсалар аршдан фаршгача (осмондан ергача) кўра оладилар. Ўртада парда бўлмайди.
Ҳаққул яқийн
Йигирма тўртинчи мақом ҳаққул-яқийн мақомидир. Улар агар ҳаққул-яқийн кўзи билан боқсалар назари бутун борлиқ, мавжудотдан ўтиб Ҳақ Таъолони аниқ мушоҳада эта олади. Ўртада тўсиқ бўлмайди.
Маърифат
Йигирма бешинчи мақом маърифат мақоми. Улар икки оламда ҳам бутун оламинлар ичра фақат Ҳақ Таъолони биладилар ва танийдилар. Ҳақ Таъолони танишда ҳеч бир камчилиги бўлмайди. Ҳақ Таъолога дилу жонлари билан ибодат қиладилар. Уларнинг тоатида ҳеч шубҳа бўлмайди.
Валоят
Йигирма олтинчи мақом валоят мақоми. Уларнинг дунё ва охират давлату бойлигига ҳеч қандай диққат эътибори бўлмайди. Ҳатто беҳиштнинг бутун неъматлари уларнинг кўзларида заррача гавдаланмайди.
Муҳаббат
Йигирма еттинчи мақом муҳаббат мақомидир. Улар фақат Ягона Аллоҳ Таъоло билан дўст бўладилар. Зеро зоҳир ва ботинлари бир хилдир.
Шавқ
Йигирма саккизинчи мақом шавқдир. Уларнинг жисмлари илоҳий иштиёқда, Ҳақ муҳаббатида эрийди. Қалблари Ҳақ ҳузуридин нозланади. Қалбларида на фарзанду аёл қайғуси ва на молу дунё ташвиши бор.
Ваҳдат
Йигирма тўққизинчи мақом ваҳдат мақоми. Улар на дунё ишларига бериладилар ва на уқбо неъматларига. Доим Аллоҳ Таъолонинг даргоҳида (ҳозир) бўладилар. Қаерда бўлсалар ҳам Ҳақ улар билан ва улар Ҳақ билан биргадирлар.
Қурбат
Ўттизинчи мақом қурбат мақоми. Агар улар: «Худовандо! Бутун куфру маъсият аҳлини йўлимизга киргиз», деб дуо қилсалар ҳам Парвардигори олам сўзларини рад қилмайди.
Унс
Ўттиз биринчи мақом унс – улфат мақоми. Сўфийлар Аллоҳнинг зикри ила улфатдурлар, Унинг пайғоми ила роҳатдадирлар.
Висол
Ўттиз иккинчи мақом висол мақоми. Улар гарчанд жисмлари дунёда бўлса ҳам, диллари Ҳақ Таъолонинг ҳузуридадир. Баданлари фаршда – ерда бўлса ҳам, руҳлари аршда – самода бўлади.
Кашф
Ўттиз учинчи мақом кашфдир. Ҳақ Таъоло ва уларнинг ўртасида парда бўлмайди. Пастга боқсалар (сув остидаги) балиқларгача (кашфу каромат ила) кўра оладилар. Тепага боқсалар Арш, Курсий, Лавҳ, Қалам ва то Ҳазиратул Қудсгача ҳеч нарса парда – тўсиқ бўлолмас.
Муҳозара
Ўттиз тўртинчи мақом муҳозара мақоми. Улар киприк қоққунчалик муддат хидматдан холи эмаслар. Бир лаҳза ҳам Ҳақнинг дийдоридан фориғ бўлмаслар.
Тажрид
Ўттиз бешинчи мақом тажрид мақомидир. Улар (қиёматда) дўзахга жўнатилсалар ҳам, жаннатга жўнатилсалар ҳам (ҳар бирига) марҳабо дерлар. Жаннатга шод бўлмаслар, дўзахга ғамгин бўлмаслар. Дўстдан ўзгасига қайрилиб боқмаслар.
Тафрид
Ўттиз олтинчи мақом тафрид мақоми. Улар дунёда ғариб бўлгайлар, халқ ичида фард (хилватда) яшайдилар. Озор етказсалар хафа бўлмаслар, ҳурмат кўрсатсалар алданиб қолмаслар.
Инбисот
Ўттиз еттинчи мақом инбисот мақоми. Ажал пайти Аллоҳ Таъоло уларга малакул мавт – ўлим фариштасини юборганда фариштага итоат қилмаслар. То Аллоҳ Таъоло жонибидан нидо эшитмагунларича жон таслим этмаслар. Мункар накирга парво қилмаслар. Қиёматдан хавфи бўлмас. Бир қадам Сирот кўпригига қўйсалар иккинчи қадамни Жаннатул Фирдавсга қўярлар (яъни ҳисоб китобсиз жаннатга кирадилар). Ҳақ Таъолонинг дийдорини кўрмагунларича ҳурлар ва қасрларга боқмаслар.
Таҳайюр
Ўттиз саккизинчи мақом таҳайюр. Улар доимо ҳайратзада бўладилар. Оҳу фиғон чекадилар. Одамлардан қочгайлар ва Унинг даргоҳи ҳалқасида тургайлар.
Ниҳоят
Ўттиз тўққизинчи мақом ниҳоят мақомидир. Улар манзилга етган, риёзат машаққатини тортган ва қалб кўзи ила Ҳақ Таъолони кўрган бўладилар.
Тасаввуф
Қирқинчи мақом тасаввуф мақомидир. Сўфий удирки юраги бутун дунёвий хоҳиш-ниятлардан софдир. Кўзи хиёнатдан, тили ғийбат, беҳуда сўзлашдан соф бўлади. Қалби ғафлатдан соф бўлиб Ҳақ Таъолога боғланган бўлади. Ботини офатдан, нафси шаҳватдан, зоҳири суратпарастликдан, сўзи ёлғондан соф бўлади.
Ушбу қирқ мақом Пайғамбарларда бўлган. Биринчиси Одам алайҳиссалом мақоми, охиргиси Муҳаммадур Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақомларидир.
Валҳамдулиллаҳи ваҳдаҳ. Вассаламу ъалаа ман иттабаъал ҳудаа.
(Рисола тугади.)
Форсийдан Абдулвоҳид Иброҳим таржимаси,
Абдулвоҳид Ҳисорий тайёрлади
Alloh barchamizni shu maqom darajaga yetishishni nasb etsin