islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Пандемия давридаги инфодемия: коронавирусдан кучли бўлган вирус одамларни маҳв этмоқда

Оқ халатли шифокорлар коронавирусга қарши курашаётган бўлса, виждонли журналистлар эса «ёлғон», «фейк» вируслар билан олишиб келмоқда. Коронавирус дунёни забт этиб бораётганига 8 ой бўлди. 2019 йилнинг декабрь ойида илк бор аниқланган COVID-19 вируси ҳақида бугун эшитмаган одам топилмаса керак. Коронавирус ва унинг даволаниши юзасидан тарқалган ёлғон ва фейк маълумотлар касалликданда тезроқ тарқалмоқда.

2020 йилнинг февраль ойидан бугунги кунгача халқаро фактчеккер журналистлар томонидан 3800 фейк маълумотлар ўрганилиб, уларни ҳақиқатга тўғри келмаслиги исботлаб берилган. Афсуски, журналистлар назаридан четда қолганлари ҳам талайгина. Ҳозирда ҳам турли давлатларда коронавирусдан нотўғри даволаниш бўйича чиқаётган фейк хабарларни фактчеккерлар «тозалаш» билан овора бўлишмоқда. Коронавирусдан даволаниш бўйича тарқалган ёлғон маълумотлар оқибатида нотўғри даволаниб ҳалок бўлганлар ҳам топилади. Мисол учун Эронда 7 нафар киши мэтил спиртини COVID-19 вирусидан даво деб, ичиб ҳалок бўлган. Бу каби мисолларни кўплаб топиш мумкин.

Бугунгача турли давлатларда журналистлар сигир пешоби, оқартирувчи, тозаловчи воситалар истеъмоли коронавирусни даволамаслигини исботлаб беришларига тўғри келди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш фейк хабарларни оғуга қиёслади ва журналистларни оммавий ахборот воситаларини факт ва далиллар билан тўлдиришга чақирди. “Инфодемия шиддатли тус олмоқда. Сохта тиббиёт ва нотўғри даволаниш бўйича «маслаҳат»лар кўпайиб бормоқда. Фейк хабарлар вирусдан ҳам тезроқ тарқалиб, одамларни зарарламоқда. Бутун дунё бу «ёлғон вирус»га қарши курашда бирлашиши керак”, дейди Гутерриш.

Қуйида сизни шу вақтгача коронавирус ҳақида тарқалган фейклар силсиласи билан таништирамиз.

“БСЖ вакцинаси билан эмланганлар коронавирусга йўлиқмайди.”

Ушбу маълумот ҳам интернетда яшин тезлигида тарқалди ва одамларга кўнглига оз бўлсада хотиржамлик киритди. Бироқ, «БСЖ» вакцинаси билан эмланганлар коронавирусни енгил ўтказиши шунчаки тахминлар бўлиб, тўлиқ илмий асосини топмади. Тахмин, дея қаралган фикр ахборот майдонида исботланган илмий қарашга айланиб кетди.

“Коронавирус эркакларда бепуштликни чақиради”

Хитойнинг Хубей вилояти ахборот сайти ушбу хабарни жойлаган ва бир неча соатлардан сўнг уни олиб ташлаган. Аммо, шу соатлар ичида хабар дунёнинг тенг ярмига тарқалиб, одамларни ишонтиришга улгирган. Журналистлар эса ҳеч қандай асосга эга бўлмаган ушбу «илмий назария»ни одамларга далиллар билан ёлғон эканлигини исботлаб беришга мажбур бўлганлар.

“Ерқалампир, саримсоқпиёз, занжабил коронавирусни даволайди”

Фактчекер журналистлар энг кўп олишган фейклар сирасига саримсоқпиёз, ерқалампир, занжабил каби маҳсулотларнинг коронавирусдан ҳимоя қилиши ҳақидаги хабарлар бўлса керак. ЖССТ ҳеч қандай озиқ-овқат маҳсулоти вирусдан ҳимоя этмаслигини маълум қилди. Даво сифатида тавсия қилинаётган айрим маҳсулотлар эса баъзи одамларда аллергик реакция чақириши ҳам мумкин.

“Эҳтиёт бўлинг бугун кечаси вертолётдан туриб дори сепилади”

Телеграм ва фейсбук ижтимоий тармоқларида вертолётда дори сепилиб дезинфекция қилиниши ҳақидаги хабарлар кўпайди. Баъзида, хабарлар мазмунига қараб, унинг муаллифларини фантазиясига тан беради киши. Бу каби одамларни манипуляция қилувчи ахборотларга турли давлатларда тегишли идоралар бир неча маротаба расмий муносабат билан чиқиш қилишига тўғри келди.

“Қон гуруҳи II бўлган одамлар коронавирусга тез чалиниши мумкин”

Ушбу назарияни Россиянинг РИА Новости ахборот агентлиги тарқатган ва бошқа сайтларга ишонч билан ёйилишига манба бўлган. Аммо, РИА Новости ахборот агентлиги таянган манба ҳеч қандай жиддий илмий текширув институти интернет сайти эмаслиги исботланди.

“Коронавирус Ухандаги лабораторияда ихтиро қилинган”

Неча юзминглаб одамларнинг умрига зомин бўлган коронавирус Хитойнинг Ухан вилоятида лабораторияда ишлаб чиқилгани ҳақидаги хабарлар ҳам ОАВда тарқалди. Аммо, ушбу маълумот ҳам илмий далиллар билан исботлаб берилмади. Ухан лабораториясида ишлагани айтилган япониялик олим ҳеч қачон Уханга бормаган бўлиб чиқди. Шунингдек, биологлар коронавирусни сунъий яратилмаганини айтишмоқда.

Коронавирус ҳақидаги ёлғонлар фош этиб борилсада, одамларни зарарлаб, ишонтириб улгирмоқда. Бугун дунё ҳамжамияти пандемия ва инфодемия қаршисида нисбатан кучсиз бўлиб қолмоқда.

Манба: ЎзА

168180cookie-checkПандемия давридаги инфодемия: коронавирусдан кучли бўлган вирус одамларни маҳв этмоқда

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: