Реклама бизнеси ислом қадриятларига кўра қандай бўлиши керак, нималарга амал қилиниши лозим?
Реклама бизнесига ҳақида сўз юритсак, ислом қадриятларига зид келадиган (ҳаром / ман қилинган) ҳар қандай нарса реклама қилиниши мумкин эмас.
Шу жумладан:
- ахлоқсизликка етаклайдиган реклама (масалан аёллар танасини кўз-кўз қиладиган);
- ҳаром нарсалар (масалан спиртли ичимликлар), ҳаром бизнес (масалан рибога асосланган фаолият ёки қиморга оид ўйинлар) рекламаси;
- исроф ва уволни тарғиб қиладиган реклама;
- ёлғон, ҳийла ишлатиб маҳсулотни афзалликларини ошириб, нуқсонларини эса беркитадиган реклама;
- бошқа бировнинг маҳсулот ёки хизматларини ёмонлайдиган, ерга урадиган реклама;
- ва ҳоказо.
Агар рекламада ҳам ҳалол, ҳам ҳаром унсурлар мавжуд бўлиб, бунда ҳаром унсурлар яққол бўлса, бундай рекламадан тийилиш зарур.
Агар ҳаром унсурлар кичик, аҳамиятсиз бўлиб, реклама қилинаётган маҳсулот умуман олганда ҳалол бўлса, уни реклама қилса бўлади, лекин ўша ҳаром қисмидан келган пулни садақа қилиб юбориш керак бўлади.
Агар яққол ҳаром нарса тазйиқ остида мажбуран реклама қилинса, унда бу рекламадан тушган пулни тўлиғича садақа қилиб юбориш керак. Агар ҳаром нарсаларни рекалама қилиш улуши кўпайиб кетса, бу бизнесдан чиқиш керак.
Ахборот агентлиги бўйича ҳам шу қоидалар қўлланади. Жумладан, одоб-ахлоққа зид, ёлғон, миш-миш, туҳмат ва ғийбатга асосланган, одамларга зиён етказадиган (шу жумладан аниқ бир шахсга қарши қаратилган), уларни чалғитадиган, текширилмаган ахборот, маълумот, хабар ва янгиликларни тарқатиш.
Хулоса қилиб айтганда, ахборот агентлиги иложи борича адолат, тўғрилик, ҳалоллик ва одоб-ахлоқ қоидаларига зид келадиган маълумотларни тарқатишдан тийилиши керак, акс ҳолда бу катта гуноҳ ҳисобланади.