islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Яъжуж ва Маъжужлар ким?

CАВОЛ: Яъжуж ва маъжужлар кимлар? Улар ҳақида китобларда нималар дейилган?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Оят ва ҳадислар очиқ ва равшан далолат қиладики, Яъжуж ва Маъжужлар инсонлардан иборат катта бир тўда бўлиб, кутилмаганда Қиёматга яқин чиқадилар ва уларнинг чиқиши Қиёматнинг катта аломатларидан биридир. Улар чиққанларидан бошлаб, ер юзини бузғинчилик ва фасодга тўлдирадилар. Лекин уларнинг чиқиш вақти ҳеч кимга аниқ эмас. Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким уларнинг қачон чиқишини билмайди.

Қуръони каримнинг Каҳф ва Анбиё сураларида улар ҳақида айрим маълумотлар берилган. Жумладан, Каҳф сурасида Яъжуж ва Маъжужлар бир қавмнинг талабига кўра солиҳ банда Зулқарнайн томонидан девор билан тўсилгани, у девор ўта мустаҳкам усулда қурилгани, Яъжуж ва Маъжужлар у деворни на ошиб ўта олишлари ва на тешиб ўта олишлари мумкин эмаслиги, Аллоҳ хоҳлаган вақтда у девор парчаланиши ва Яъжуж Маъжужлар ўшандагина чиқиши ҳақида очиқ маълумотлар келган.
Қуръони каримда шундай дейилади:

حَتَّى إِذَا فُتِحَتْ يَأْجُوجُ وَمَأْجُوجُ وَهُمْ مِنْ كُلِّ حَدَبٍ يَنْسِلُونَ

“То Яъжуж ва Маъжуж (тўғони) очилиб, улар ҳар бир тепаликдан оқиб келадиган,” (96)

وَاقْتَرَبَ الْوَعْدُ الْحَقُّ فَإِذَا هِيَ شَاخِصَةٌ أَبْصَارُ الَّذِينَ كَفَرُوا يَا وَيْلَنَا قَدْ كُنَّا فِي غَفْلَةٍ مِّنْ هَٰذَا بَلْ كُنَّا ظَالِمِينَ (97)

“Ҳаққоний ваъда (Қиёмат) яқин бўладиган вақтда бехос кофир бўлганларнинг кўзлари қотиб: “Эй, ҳолимизга вой! Бизлар бундан ғафлатда эканмиз. (Йўқ), балки бизлар золим эканмиз” (дейдилар)” (Анбиё сураси 96-97-оятлар).

Ҳузайфа разияллоҳу анҳу айтади: “Бир куни биз қиёматнинг қачон бўлиши тўғрисида ўзаро баҳслашиб турган эдик, ногоҳ Расул алайҳиссалом келиб қолдилар ва айтдиларки, ўнта аломат рўй бермай туриб, қиёмат қойим бўлмайди: дунёни тутун босиши, Дажжолнинг чиқиши, Ердан бир махлуқ чиқиб, кофир ва мунофиқларни айира бошлаши, қуёшнинг ғарбдан чиқиши, осмондан Исо алайҳиссаломнинг тушиши, Яъжуж ва Маъжужнинг чиқиши, Машриқ билан Мағрибда ва Араб жазирасида ер ютиш ҳодисалари ва Ямандан бир олов чиқиб, одамларни бир жойга тўплаши” (Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръон оятлари маъносининг таржимаси ва тафсири).

Шунингдек, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Имом Аҳмад, Имом Абу Довудларнинг ривоятларида ҳам Яъжуж ва Маъжуж ҳақида хабарлар келган.

Хулоса шуки, оят ва ҳадислар Яъжуж ва Маъжужларнинг чиқиши қиёматнинг аломатларидан эканига қатъий далолат қилади. Уларнинг чиқишига иймон келтириш диннинг зарурий қисми ҳисобланади. Аммо уларнинг шакли, кайфияти, чиқиш вақти, уларнинг қаердалиги ва ҳоказо тафсилотлари ҳақида аниқ, саҳиҳ бирор хабар йўқ. Шунинг учун ақида бобида бундай тафсилотларга ўтмаган ҳолда Қуръон ва ҳадис чеклаган чегарада тўхташимиз мақсадга мувофиқдир. Чунки уларнинг тафсилотлари ҳақида келган хабарлар ё ўта заъиф ёки тўқима хабарлардир (“Куброл яқиниёт ал кавнийя” китоби). Тавфиқ Аллоҳдандир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати. @diniysavollar

170880cookie-checkЯъжуж ва Маъжужлар ким?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: