islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мушорака (шерикчилик) асосида молиялаштиришда кафолат масаласи

Савол:

Ислом банки бошқаруви ўзининг бир мижозига (савдо корхонасига) гаров тақдим этиш шарти билан, компаниянинг айланма маблағларга бўлган талабини қондириш учун молиявий маблағ ажратилишини маъқуллади.

Молиялаштириш шартларига кўра, Банк ва Мижоз КАМАЙИБ БОРУВЧИ МУШОРАКА (“Мушорака мутанақиса”) шартномаси имзолайдилар. Бунда корхонанинг улуши унинг соф активлари (яъни, “активлар-(айрув) мажбуриятлар”) қийматига тенг бўлади, Банк эса Мушораканинг умумий қийматидаги улушига мос бўлган маблағ тақдим этади. Кўрилган фойда шериклар ўртасида келишилган нисбатга кўра тақсимланади ва Банкнинг Мушоракадаги улуши молиялаштириш давомида секин аста Мижоз томонидан сотиб олинади (яъни Банкнинг улуши камайиб боради). Банкнинг гаров талабини қондириш учун Мижоз банкка бошқа корхонанинг кафолатини таклиф қилади. Аммо ушбу корхонанинг 51% эгалик улуши Мижозга тегишли бўлганлиги сабабли бундай кафолатни қабул қилиш мумкинлиги юзасидан шариат ҳукми баён этилиши сўралади.

Ушбу масала юзасидан шариат кенгашининг хулосаси:

Мушорака шартномасининг асосий мақсади шерикчилик маблағларидан фойдаланиш орқали топилган фойдани томонлар ўртасида бўлишишдан иборат. Бу тамойил зарар кўрилган ҳолатда ҳам амал қилади, яъни зарар ҳам ҳар бир шерикнинг Мушоракадаги улушига мутаносиб равишда тақсимланиши керак.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Банк ва Мижоз шерик бўла туриб, зарар кўрилганда фақат бир тараф зарарни қоплайди деб келишишига рухсат этилмайди. Шундай экан, Мижоз Банк томонидан тақдим қилинган маблағларни эҳтимолий зарардан кафолатлаши мумкин эмас. Аммо, зарар бирор тарафнинг фойдасига учинчи бир тараф томонидан кафолатланишига рухсат этилади, аммо бундай кафолат холисона берилган бўлиши, яъни молиявий ёки номолиявий эвазларсиз бўлиши ва шулар билан бирга Мушорака келишувидан бутунлай мустақил бўлиши керак.

Юқорида кўрсатилган ҳолатда, кафолат бераётган учинчи тараф 51%га Мушорака шартномаси иштирокчиси бўлган Мижозга тегишли бўлганлиги учун, шариат нуқтаи назаридан бундай кафолат жоиз эмас. Бунинг сабаби шуки, кафолат тақдим қилинаётган (бу ҳолатда Мижоз) ва кафолат бераётган (учинчи тараф) томонлар ўртасида йирик эгалик муносабатлари бўлмаслиги керак. Замонавий шариат уламолари кафолат тақдим қилинаётган тарафнинг кафолат бераётган учинчи томонда кўпи билан 50% эгалиги бўлса кафолат қабул қилиниши мумкин деб ҳисоблайдилар.

Юқоридаги қоида – киритилган сармояни йўқотилишини кафолатлаш юзасидан. Аммо, агар кафолат Мушорака келишуви шартларининг қасддан бузилиши, суиистеъмол ёки лоқайдлик қилиниши сабабидан юзага келадиган зарарларни қоплаш мақсадида бўлса, у ҳолда мижознинг ўзидан ёки унинг тўлиқ ёки қисман эгалигида бўлган ташкилотдан кафолат олишга рухсат берилади. Бу каби кафолат олишга рухсат этилишининг сабаби шуки, бу билан Мушоракадаги ҳар бир шерик Мушорака келишуви шартлари суиистеъмол қилинганлиги, эътиборсиз қолдирилганлиги ёки бузилиши сабабидан юзага келиши мумкин бўлган зарарлар юзасидан ўз зиммасига масъулият олади, ҳатто ушбу зарар унинг (яъни томонлардан бирининг) Мушоракадаги сармояси улуши миқдоридан ошиб кетган тақдирда ҳам.

Эслатма: Ушбу фатво ислом молияси ташкилотлари дуч келадиган баъзи амалий жиҳатларни тушунтириб бериш мақсадидагина тақдим қилинган. Бу ерда баён этилган фатво Дар ал Шариа томонидан уларнинг мижоз ташкилотлари учун қабул қилинган ва улар ўз фаолиятлари давомида дуч келаётган муаммоларни акс эттиради.

Манба: islommoliyasi.uz

170940cookie-checkМушорака (шерикчилик) асосида молиялаштиришда кафолат масаласи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: