2017 йил 15 июнь куни пойтахтимиздаги Симпозиумлар саройида “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг соф¬лигини асраш – давр талаби” мавзусида ўтган анжуман ва унда мамлакатимиз раҳбарининг қилган маърузаси том маънода тарихий аҳамиятга эга бўлди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлари, дин арбоблари, “Нуроний” ва “Маҳалла” жамғармалари, Хотин-қизлар қўмитаси, собиқ “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари, ҳокимликлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, илм-фан ва маданият намояндалари, исломий таълим муассасалари мутасаддилари ва талабалари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев анжуманда ижтимоий-маънавий соҳани янада ривожлантириш, оилаларимиз, маҳаллаларимизда, бутун жамиятимизда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, тинч-осуда ҳаётимизни, муқаддас динимиз поклигини асраш долзарб аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, бу борадаги муҳим устувор вазифаларга эътибор қаратди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу кенг қамровли нутқини дин арбоблари, илм-фан, маданият намояндалари, жамоатчилик вакиллари, умуман, барча юртдошимиз катта қизиқиш ҳамда мамнуният билан кутиб олдилар.
Ҳақиқатан бу маърузада кўтарилган масалалар бугунимиз учун жуда зарур, ниҳоятда долзарбдир. Кўпчиликнинг хотирасида бор – яқин ўтмишимизда дин арбобларининг айримлари тили бошқа, дили бошқа бўлиб, мамлакатимизда рўй берган нохуш воқеаларнинг сабабкорлари ўлароқ ўзларига нисбатан халқимизда ҳам, давлатимизда ҳам бироз ишончсизлик кайфиятини пайдо қилдилар.
Ўтган анжуман ўша ишончсизлик пардасини ўртадан кўтариб, дин арбобларини, респуб¬ликамизда фаолият юритаётган барча масжидлардаги имом-хатиб¬ларни ҳамкорликка таклиф қилиши, жамиятда тинчликни, барқарорликни ҳамжиҳатлик билан биргаликда сақлашга даъват руҳи билан, дарҳақиқат, тарихий аҳамият касб этди. Бу соҳада бурилиш бошланганини англатди.
“Мен сизларга, барча дин аҳлларига, жамоатчилигимизга мурожаат қилмоқчиман: юртимизда тинчликни, осойишталикни сақлашда бизга ёрдам беринг” (Ш.Мирзиёевнинг “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” маърузасидан. “Халқ сўзи” газетаси, 2017 йил 16 июнь № 119).
Мамлакатимизнинг Ислом дини нуқтаи назаридан алоҳида бир хусусиятларга эга эканлиги, бизда Ислом маърифати қадим-қадимдан ниҳоятда ривожланиб, унинг буюк алломалари етишгани, гарчи ушбу дин Арабистон ярим оролида пайдо бўлгани билан, унинг маърифати, назарий ва амалий илмларини яратган, тадқиқ ва тарғиб этган уламолари Ўрта Осиёдан, хусусан, Ўзбекистон заминидан етишиб чиққанлиги бугун бутун оламга аён ҳақиқат.
Юртимизни шу маънода алоҳида эътиборда, алоҳида эъзозда бўлиши, жаҳон аҳлининг Ислом маърифати ва маданияти деганда биринчи қаторда Ўзбекистонни – ўзбекларни тушунаётгани биз учун шараф, албатта. Бинобарин, биз шунга муносиб бўла билишимиз, жаҳондаги баланд рутбамиз, мартабамизни сақлай олишимиз ҳам керак.
Демак, дин масаласи маърифат билан йўғрилган ҳолда бизда энг юксак даражаларда ўрганилиши, тарғиб этилиши ва шу маданият билан биз дунёга кириб бора билишимиз керакки, бу ўз навбатида аждодларимиз қолдирган анъаналарга садоқатимизни ҳам намоён этади.
Президентимиз анжуманда ниҳоятда самимият билан юракдан ўтказиб қатор фикрлар айтдилар. Хусусан, қаерда бирорта бир нохуш ҳодиса бўлиб, ҳар хил террористик ҳолатлар рўй берса ва унда дафъатан Ўзбекистон номи тилга олинадиган бўлса, юрагим зирқирайди, дедилар. Ҳақиқатан ҳам, бундай ёқимсиз ҳодисалардан, менимча, бугун Ўзбекистоннинг тақдирига бефарқ бўлмаган ҳаммамизнинг юрагимизда оғриқ туради. 2017 йил Стокгольмдаги террористик ҳаракатлар, Санкт-Петербургдаги портлашлар Ўзбекистон фуқароси ёки ўзбек номини олиб юрган қандайдир ўспирин йигитчалар томонидан амалга оширилди дегани юртимизда рўй бераётган оламшумул ишларга раҳна солиш, ватанга хиёнат дегани бу асли.
Очиғи, қонун бўйича дин давлатдан ажратилгани билан диндорлар жамиятдан ажратилган эмас-ку?! Улар жамиятнинг бир бўғини, катта бир бўғини. Ҳамонки шундай экан, жамиятимизда рўй бераётган ҳар қандай ўзгаришларда, амалга оширилаётган ҳар қандай бунёдкорлик ишларида диндорларимизнинг, хусусан, имом-хатибларимизнинг ўрни, иштироки, дахлдорлиги бўлиши шарт.
Бугун оила, мактаб, маҳалла деган ижтимоий-тарбиявий тизим асосида ишлаш барча ҳудудларимизда жорий этилган. Шу қаторга масжид номини ҳам қўйиш мумкин. Ҳозирда республикамизда 2065 та масжид фаолият кўрсатаётган бўлса, нега шу масжидларнинг имом-хатибларидан ўша ҳудудлардаги маънавий муҳит учун жавобгарликни талаб этмаслик керак?!
Бугун имом-хатибларимиз ҳам фаол ҳаракатда эканини эътироф этиш керак, албатта. Лекин ҳамма масалаларда ҳам улар ўз илмларини, имкониятларини тўла сафарбар эта олаётганлари йўқ.
Анжуманда миллий адабиётимиз улуғлари ҳазрат Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирийларнинг номларини тилга олиб, Юртбошимиз уларнинг асарларидан мисоллар келтириб жамоаларга таъсир кўрсатиш ҳақида имом-хатибларга маслаҳатлар, тавсиялар берилди.
Хусусан, Абдулла Авлонийнинг “олийжаноб кишилар узрни қабул қилурлар” деган фикрларини эслаб, узрни қабул қилиш биринчи навбатда бугун жамиятни соғломлаштириш учун зарур эканлигини, кеча йўлидан адашган болани қаторимиздан четга суриб ёки унинг ота-онасини шундай бадбин бола тарбияладинг дея ёлғизлатиш охир-оқибат ёмонликнинг яна авжланишига олиб келиши таъкидланди.
Ахир, мақсадимиз – давлатнинг ҳам, жамиятнинг ҳам, динимизнинг ҳам мақсади баркамол инсонни тарбиялашдир. Бундай инсонни эса бирор айби учун сафларимиздан нарига суриш эмас, аксинча, уни кечириб, адашган бўлса, тушунмаган бўлса, тўғри йўлга солиб сафларимизга қайтариб олиш зарур.
Биз болажон халқмиз. Эзгу орзу ва ниятларимизни улар билан боғлаймиз. Лекин фақат орзу-умид билан иш битмайди. Бунинг учун, аввало, уларнинг юриш-туришидан хабардор бўлишимиз лозим эмасми?!
Давлатимиз раҳбари қайд этганларидек, бир боланинг йўлдан адашиши — бу нафақат бир оила, балки бутун жамият бошига тушган кулфат. Бундан аввало шу боланинг ота-онаси, ака-укалари, яқинлари жабр кўради. Бундай пайтда уларга ёрдам бериш керак.
Биз эса, афсуски, улардан ўзимизни олиб қочамиз. Тўйга чақирмаймиз, маросимга чақирмаймиз, у фалончининг акаси ёки ўғли, деб уларнинг нафратини баттар авж олдирамиз, айбсиз одамларни ашаддий душман қиламиз. Ҳолбуки, уларга тўғри йўлни кўрсатиш, энг аввало, имомлар зиммасида. Бу катта шараф ва айни пайтда масъулиятли юмушдир.
Давлатимиз раҳбарининг: “Бугун қанча ёшлар сохта алдовларга учиб, ўз умрини хазон қилаётганини ўйлаб, тўғриси, тунлари ухламасдан чиқаман. Ўзингиз айтинг, азиз биродарлар, бу аччиқ ҳақиқат юрагимизга ханжар бўлиб санчилиши керак эмасми?” ёки “Кейинги йилларда халқимиз ўртасида кенг тарқалган “Ўз уйингни ўзинг асра!” деган даъватга бугун “Ўз болангни ўзинг асра!” деб қўшимча киритиш вақти келди, деб ўйлайман”, деган сўзлари ҳаммамизни чуқур мушоҳадага ундайди.
Бу юрт раҳбарининг ёшларга бўлган эътибори, юксак ғамхўрлиги ифодаси бўлиб, барчамиз учун ибратдир. Демак, шу ғамхўрликка жавобан ёшлар макру найрангларга алданмасдан, юртга муносиб фарзанд бўлиш, ота-она, эл-улусга хизмат қилишга астойдил интилишлари жоиз. Биз шу йўлда уларга нафақат маслаҳатгўй, балки устоз ва мураббий, керак бўлса, яқин дўст бўлишимиз даркор.
Президентимиз халқимизнинг “Икки кеманинг бошини тутган ғарқ бўлади”, деган мақолини тилга олиб, жуда оғриқли масалани кўтардилар. “Қайси раҳбар, қайси имом-хатиб у томонга ҳам, бу томонга ҳам ёқаман, деб иш кўрмоқчи бўлса, қаттиқ адашади. Бизга бундай иккиюзламачи, мунофиқ одамлар мутлақо керак эмас”, дея таъкидладилар. Ҳақиқатан ҳам, иккиюзламачилик диний нуқтаи назардан ҳам, инсонийлик жиҳатидан ҳам асло муроса қилиб бўлмайдиган иллатдир. Бундай кимсаларга жамиятда ўрин йўқ.
Давлатимиз раҳбарининг ислом маданиятига, умумбашарий цивилизацияга беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг кўп қиррали диний-маънавий меросини ўрганишга ихтисослаштирилган Самарқандда – Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонада – Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухорода – Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёда – Абу Муин Насафий марказида ақида илми мактабини ташкил этиш ҳақидаги фикрлари катта қувонч билан қабул қилинди. Негаки, бундай масканлар мамлакатимизда юксак маънавий-руҳий муҳит барқарор бўлишини таъминлайди.
Таълим ва маърифат башарият фаровонлигининг асосий омилларидан ҳисобланади, инсонларни эзгуликка даъват этади, саховатли, сабр-қаноатли бўлишга ундайди. Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг мазкур нутқи илм ва маърифат ҳаққоний йўл эканлигини яна бир карра исботлади.
Эсга олайлик, мустабид тузум даврида Ўзбекистонда ҳаммаси бўлиб 130 киши Ҳаж амалини бажарган бўлса, бугунги кунда ҳар йили ўзбекистонлик етти мингдан зиёд киши ўзининг эзгу орзуси ва мусулмонлик бурчини адо этмоқда.
Собиқ тузум пайтида республикамизда атиги 84 та масжид бўлган, бугун эса уларнинг сони 2 мингдан ошди. Юртимизнинг барча ҳудудида тарихий ислом ёдгорликлари, муқаддас қадамжолар қайта тикланди.
Шунча имконият ва шароит бўла туриб, ҳар хил оқимларга кириб кетаётган, билиб-билмай тиканни босиб олганлар ҳолига вой. Президентимиз ўз нутқида ана шундай адашиб қолган болаларимизни тарбиялаш ҳақида тўхталиб, жумладан, шундай дедилар:
“Минг афсуски, зарарли диний оқимга кирган болани “Бу — қўшнининг боласи, бошқа қишлоқ ёки туманнинг боласи”, деб лоқайд бўлаётганлар ҳам орамизда йўқ эмас. Кимдир четга чиқиб, экстремистларга қўшилиб юрган бўлса, баъзи раҳбарлар, у Фарғонадан эмас, Андижондан, Қашқадарёдан эмас, Самарқанддан, деб бепарво бўлмоқда. Лекин у Ўзбекистон фарзанди, Ўзбекистон фуқароси-ку!”
Бундай сўзлар ўз юртини беҳад севган, қадрлаган инсон юрагидан чиқади. Одамзодга хос бир иллат бор: адашган, қоқилган кимсани баттар топтайди, ерга уради. Аслида эса, бундай кишиларга кўмаклашиш, ёрдам қўлини чўзиш энг эзгу амаллардандир. Муқаддас ислом динимизда ҳам яхшилик ва кечиримлилик улуғланиб, ёвузлик қораланиши биз учун катта ибратдир. Бизнинг бундан кейинги фаолиятимиз ҳам ана шу сабоққа уйғун тарзда бўлиши эса барча эзгу мақсад-муддаоларга йўл очади, деб ўйлаймиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқида мавзу доирасида долзарб масалаларга тўхталиб ўтдилар: “Агар собиқ мустабид тузум даврида юртимизда 80 га яқин масжид фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 2 минг 42 тани ташкил этмоқда.
Ўша қарамлик йилларида Ўзбекистонда саноқли кишиларгина ҳаж қилиш имкониятига эга бўлган эди, холос. Мустақиллик йилларида эса ҳар йили 5 мингдан зиёд юртдошимиз ҳаж зиёратига бориб келади. Жорий йилда 7200 нафар фуқароларимиз муборак ҳаж сафарини амалга ошириш имконига эга бўладилар.
Бунинг учун барчамиз Оллоҳга шукрона келтириб, сиз, муҳтарам уламолар, имом-хатиблар, жамоатчилик вакиллари билан бирга динимиз тарихи, буюк алломалар ва азиз-авлиёларимиз меросини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича бошлаган ишларимизни давом эттиришимиз керак.
Кейинги вақтда мен жойларда бўлиб, ҳудудларимиз ҳаёти билан янада яқиндан танишар эканман, шундай бир фикрга ишонч ҳосил қиляпманки, биз ҳали юртимизни, унинг ўзига хос тарихи, маданияти, улуғ олиму уламоларини, бебаҳо маънавий меросимизни тўлиқ ўрганганимиз йўқ.
Мисол учун, Қашқадарё заминида буюк аллома, мотуридия таълимотининг йирик вакили Абу Муин Насафий бобомиз яшаб ўтганлар. У киши узоқ муддат Бухоро ва Самарқандда таҳсил олиб, калом илми, яъни исломий эътиқод поклиги масаласида 15 га яқин китоб ёзганлар. Ана шу китобларида, бундан минг йил олдин дин масаласида адашганларга тўғри йўл кўрсатганлар.
Биз сайловолди учрашувларида ваъда қилган эдик. Ҳаммангиз “ойнаи жаҳон” орқали кўрдингиз, буюк ҳадисшунос аллома Исо Термизий бобомизнинг Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги мангу оромгоҳларини ҳар томонлама обод қилиб, у ерда алоҳида илмий марказ барпо этдик.
Худо хоҳласа, Насафий бобомиз зиёратгоҳида ҳам ана шундай муаззам мажмуа барпо этамиз, бу улуғ зотнинг китобларини таржима қилиб, нашрдан чиқарамиз.
Мана шундай савобли ишларни Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг қадамжолари бўйича, Тошкентда Имом Термизий номидаги масжид ва Сузук ота мақбараси бўйича бошлаб юборганимиздан сизлар албатта хабардорсиз, деб ўйлайман”.
Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров