Муҳаддислар ва усулиф фақиҳлар
мазҳаблари ўртасини солиштириш
Юқорида ўтган тўртта қисмнинг (машҳур, мустафиз, азиз ва ғариб) барчасига оҳод хабар дейилади. Мутавотирга эса бундай дейилмайди.
Мазҳаблар ўртасини солиштириш: Аллома Анваршоҳ Кашмирий раҳматуллоҳи алайҳ айтди: “Ҳадис қисмлари таърифида муҳаддислар зикр қилган гап: мутавотир, оҳод хабар ва машҳур деб тақсимлаш яхши эмас. “Ал-Мунтахобул Ҳусомий” китоби муаллифи айтган гап гўзалроқдир . Ва яна айтади: “Юқорида ўтдики, муҳаддисларнинг наздидаги оҳод хабар машҳурни ҳам қамраган санадга эга хабардир. Усулийлар наздида мутавотир – унга саҳобалар даврида амал қилинган хабардир. Машҳур – уни битта саҳобий ривоят қилган бўлса ҳам унга тобеинлар даврида амал қилиниб, розилик билан қабул қилинган хабар. Оҳод хабар эса – унга амал қилиш иккита асрда ҳам ошкора бўлмаган хабардир”.
Анваршоҳ Кашмирийнинг гапларига шогирди шайх Бадр Олам Миртиҳий қўшимча қилди: “Муҳаддислар ушбу қисмларни санаднинг ҳолати эътиборидан қилдилар. Унинг ровийларига қарадилар ва камлиги ҳамда кўплигининг ҳисобини олдилар. Аммо, фақиҳлар бу қисмларнинг амал қилиниш ҳолатига қарадилар. Аллоҳ таоло тўғрисини билувчи Зотдир“ .
Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, ҳанафийлар ва муҳаддислар ўртасидаги хабарлар тақсимотидаги хилоф машҳургагина чекланади. Аммо, оҳод ва мутавотирда улар ўртасида ихтилоф йўқ. Ҳанафийлар ва муҳаддислар истеълоҳи орасида умум ва хусус мин важҳ бор. Яъни, бир жиҳатдан мувофиқлик ва икки жиҳатдан қарама-қаршилик бор:
Мувофиқ келиш сурати: Машҳур хабарни саҳобалардан уч ёки ундан кўпроғи ривоят қилган, лекин бу адад мутавотир чегарасига этиб бормаган бўлади. Ундан кейин эса улардан тобеинлар ва табаъа тобеинлар мутавотирликка кўра ривоят қилган бўладилар. Бу икки фирқанинг наздидаги машҳурнинг таърифидир.
Ихтилоф сурати:
1. Муҳаддислар машҳурга шундай таъриф берадилар: у санадида иккитадан кўпроқ ровий бўлиши керак, лекин мутавотирлик даражасига етмаган хабардир. Буни амал қилишни вожиб қилувчи, зонни ифода этувчи оҳод хабарнинг қисмларидан қиладилар. Лекин бу хабар қўллаб-қувватловчилар билан тўлдирилганда назарий илмни ифода этади.
Ҳанафийларга келсак, улар машҳур хабарга қуйидагича таъриф берадилар: у (аслида) оҳод, кейинчалик мутавотир бўлиб кетган ҳадисдир. Буни оҳод хабардан юқори, аммо мутавотирдан пастроқ бўлган хабар, дейишади. Машҳур ҳотиржамлик илмини беради. Мана шу ҳанафийлар наздида ихтиёр қилинган гапдир. Шунинг учун улар машҳур хабар билан Аллоҳнинг Китобига зиёда қилишни жоиз, деб билишди. Ушбу зиёдалик насх қилишга тенглаша олади. Оҳод хабарлар эса бундай вазифани қила олмайди. У бундай мартабада эмас.
2. Бир саҳоба ҳадисни ривоят қилади, ундан бир гуруҳ тобеинлар ривоят қилади. Бу ҳанафийлар наздида машҳур, муҳаддислар наздида бунинг хилофи, яъни оҳод хабардир.
Эслатма. Муайян бир мазҳабнинг китобларини мутолаа қиладиган шахс, аввало, уларнинг мусталаҳларини ўрганмоғи лозим. Шунда ишлар ўртаси қоришиб кетмайди ҳамда у одам хато қилиб тойилиб кетмайди. Демак, ҳанафийлар мазҳабида машҳур гап шуки, улар оҳод хабар билан Китобга зиёда қилиш жоиз эмас, дейишади. Шундай экан, ҳанафийлар наздида машҳур ҳадис оҳоднинг қисмларидан эмаслигини билмаган инсон, улар машҳур хабар билан Китобуллоҳга зиёда қилиш жоиз, деб рухсат берганларини кўриб ҳайратда қолади .
Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси А.Ғиёсов