islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-17

Тўртинчи бўлим: Адолат

Адолатнинг таърифи: Луғатда у истиқомат, тўғри бўлмоқ деган маънони билдиради. Масалан: عَادِلٌ فُلَانٌ [фула́нун ъа́дилун] дейилади. Бунинг маъноси “Фалончи инсофда ва ҳақ билан ҳукм қилиш тўғрисида сийрати тўғри” деганидир.

Истеълоҳда малака-истеъдод бўлиб, ўз соҳибини тақвони ва одамийликни лозим тутишга ундайди .

Адолатнинг қисмлари: Ҳанафийлар адолатни иккига бўлиб, зоҳир ва ботинга ажратганлар. Баъзилар уни қосир ва комил ҳам деганлар.

1. Зоҳир (қосир) адолат: У мусулмонлик кўриниши ва ақли жойидалиги билан собит бўладиган адолатдир. Зеро бу иккиси билан сифатланган одам зоҳир кўринишидан адолатлидир. Чунки мусулмонлик кўриниши ва ақли жойидалик инсонни тўғри бўлишга ундаб, гуноҳлардан қайтариб, шариат чегарасидан чиқиб кетишдан тўсиб туради.

2. Ботин (комил) адолат: Бу адолат инсоннинг муомала муносабатларига қараб аниқланади. Инсон ҳаром деб эътиқод қилган нарсаларни бажаришдан тийилган бўлса, у Аллоҳнинг динини чегараларида тўғри бўлган йўлдадир, деб эътиборга олинади. Хабарни ҳужжат бўлишида уни ривоят қилиш ҳукми шу адолат асосида бўлади .

Ривоят бобидаги адолатдан мурод нима? Муҳаққиқ имом Ибн Ҳумом раҳимаҳуллоҳ айтади: “Шарт қилинган адолат – адолатнинг энг қуйисидир. У – кабира гуноҳларни тарк этиш, сағира гуноҳларда бардавом бўлишдан тўхташ ва одамийликка нуқсон етказувчи нарсалардан тийилишдир” . Кимки кабира гуноҳни қилса, адолати кетади ва ёлғончи деб ўйланилади. Агар кичик гуноҳларни қилиб унда бардавом бўлса, бу инсон ҳам ёлғончи, деб гумонланишда ва адолатига путур етказилиши борасида ҳудди кабирани қилган инсон каби бўлади. Аммо, бир инсон кабира бўлмаган гуноҳни қилиб қўйса, лекин бардавом бўлмаса, бу инсон адолатли ва хабари ҳужжат ҳисобланади. Адолат мутлақ (қайдсиз) келганда ботиний адолатга бурилади. Адолат шарт қилингани эътиборидан фосиқ ёки мастур (ҳолати номаълум) шахсларнинг хабари ҳужжат ҳисобланмайди. Сабаби, фосиқ борасида адолат мезонлари йўқ. Мастур борасида эса адолатни тугал бўлиши топилмайди.

Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси А.Ғиёсов

175931cookie-checkҲанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-17

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: