islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Бола ривожланишида она тилининг ўрни

Она тили – бу биз болалигимиздан муомала қиладиган биринчи тил. Дунёда қанча тиллар бор бўлса, шунча уларнинг ўзига хос жиҳатлари, хусусиятлари бор.

Сўнгги йилларда жамият тараққиёти билан боғлиқ равишда чет тилларини ўрганишга қизиқиш ва эҳтиёжларнинг ортишида жуда сезиларли ўзгаришлар бўлди. Шунингдек, бугунги кунда илмий-техник тараққиёт бир эмас, балки бир нечта чет тилларини ўрганишни тақазо қилмоқда. Бугун кундалик телекоммуникация, телевидение, интернет ва радиоканаллар ўз истеъмолчиларига дунё бўйлаб мавжуд бўлган маълумотларни бир нечта тиллар орқали етказиб берадилар. Худди шу тиллардан фойдаланиш учун улар турли кўрсатмалар ва тавсияларни нашр этадилар. Бинобарин, ҳар доим тилни ўқитиш ва тилни ўрганиш муаммолари долзарб бўлиб келган. Жадидлик маърифатпарварларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий таъкидлаганидек, тилларни ўрганиш муҳимлиги ҳақида гапирар экан, у “бир тил эмас, тўрт тил керак”, деб таъкидлаган. Шу билан бирга, у ўз даврида жуда машҳур бўлган турк, форс ва рус тилларини ўрганишни муҳим санаган. (Аҳмедова, М. Х. Тил ва маданият)

Маълумки, она тилидаги мустаҳкам пойдевор болаларга қўшимча тилларни ўрганиш учун зарур бўлган кўникмаларни беради, бу уларга тилларнинг тузилиши ҳақидаги тушунчаларни бир нечта бошқа тилларга таржима қилишга имкон беради. Иш ўринларида бир нечта тилни билишга тобора талаб ортиб бормоқда. Глобаллашув ва мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг кучайиши натижасида кўпгина ташкилотларда маълум бир соҳа мутахассиси бўлишдан ташқари, тилни билиш ҳам асосий талабга айланди. Шахсий, ижтимоий ва маданий ўзига хосликни ривожлантиришда тил ва она тили ҳам катта ўрин тутади. Албатта, бу икки тилли таълим тизимларининг дунё миқёсида тобора оммалашиб бораётганининг бир сабабидир ҳамда кўплаб халқаро мактаблар ўзларининг ресурсларини самарали равишда она тилини ўқитиш дастурларини яратишга қаратмоқдалар. Ота-оналар учун она тилининг муҳимлигини таъкидлайдиган семинарлар тобора оммалашиб бормоқда, чунки кўплаб ота-оналар ўз фарзандлари билан фақат мактабда ўқитиш тилида гаплашиш керак, деб нотўғри ўйлашади, бу кўпинча болалар ўз тилларини тўлиқ ўзлаштира олмасликларига сабаб бўлади.

Она тилининг аҳамиятини Канададаги Торонто университети профессори Жим Камминс тадқиқ қилган. У нима учун ота-оналар фарзандлари билан ўз тилларида гаплашиши жуда муҳимлигини ўрганиб чиққан. Унинг тадқиқотлари боланинг ривожланиши ва она тили ўртасидаги боғлиқликни очиб беради. Унга кўра, икки ёки ҳатто учта тилда кўникмаларни ривожлантирадиган болалар ўсиб улғайганида, жумла ва иборалар тузишни чуқур англайдилар, бу эса ўз навбатида тилдан фойдаланишни осонлаштиради. Бундан ташқари, Камминс она тилиси кучли болаларда иккинчи тилни ўрганиш ва саводхонлик кўникмаларини ривожлантириш осонроқ эканлигини аниқлади. У болаларнинг билим ва кўникмалари тиллар ўртасида узатилади деган хулосага келади.

Жим Камминс изланишлари натижасида она тилида ўқиётган болаларнинг кўпгина афзалликлари борлигини аниқлади:

– она тили болаларга бошқа тилларни ўрганиш ва ўргатишда ёрдам беради;

– она тили боланинг шахсий, ижтимоий ва маданий ўзига хослигини ривожлантиради;

– она тилидан фойдаланиш болада танқидий фикрлаш ва саводхонлик қобилиятларини ривожлантиришга ёрдам беради. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, она тилида ўқийдиган болалар ўқув дастурини яхшироқ тушунишади;

– она тилида ўрганилган кўникмаларни бола иккинчи тилга ўтса, қайта ўқитишга ҳожат бўлмайди;

– она тилида ўқийдиган болалар мактабда кўпроқ завқланадилар ва тезроқ ўрганадилар, чунки улар она тилларида сўзлаш билан ўзларини яхши ҳис қиладилар. (Carolyn Savage, The importance of mother tongue in education)

Хулоса шуки, она тилини яхши билиш бошқа чет тилларини ўрганишда ёрдам беради. Она тилини ўрганиш давомида бола грамматика, тилнинг хусусиятлари каби асосий пойдеворни ўзлаштирган бўлади. Бу эса тилларнинг ўхшаш жиҳатларини билишда ва уларни солиштириб ўрганишда керак бўлади.

ТИИ, 4 курс талабаси Ниёзалиева Мунаввар 

179460cookie-checkБола ривожланишида она тилининг ўрни

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: