Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Ислом энциклопедияси” китобининг биринчи жилди тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон халқаро Ислом академияси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда ўтказилган онлайн тақдимот маросимида Тошкент ислом институти, Ҳадис илми мактаби, ўрта махсус ислом билим юртилари профессор-ўқитувчилари ва талабалари, шунингдек исломшунос олимлар, илмий-тадқиқот муассасалари изланувчилари иштирок этдилар.
Тақдимотни Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов кириш сўзи билан очиб, кўп жилдли “Ислом энциклопедияси” ҳақида маълумот берди.
– Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан юртимизнинг ислом цивилизацияси ривожидаги юксак ўрни ва аҳамиятини илмий асосда чуқур ўрганиш ҳамда халқимизга етказиш мақсадида кўп жилдли “Ислом энциклопедияси” тайёрланмоқда, – дейди Зоҳиджон Исломов. – Зеро, бундай энциклопедия юртимизда аввал яратилмаган эди. Бу бўйича академияда “Ислом энциклопедияси” бўлими очилди. Унга таниқли олим, профессор Нурислом Тўхлиев раҳбарлик қилмоқда. Салкам уч йил давомида биринчи жилдни яратиш устида иш олиб борилди. Энциклопедияни яратишда юртимиз алломалари ва улар яратган меросга алоҳида ўрин берилган. Энциклопедия жаҳон андозалари талабига тўла жавоб беради.
Шундан сўнг, Ҳадис илми мактаби ректори Олимхон Юсупов, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Жаҳонгир Мелиқўзиев, “Жўйбори Калон” ўрта махсус ислом билим юрти директори Азизхўжа Иноятов сўзга чиқиб, мазкур энциклопедиянинг ислом олами тарихидаги аҳамияти, кейинги жилдларни яратишда нималарга эътибор бериш кераклиги тўғрисида сўз юритдилар.
– Ушбу нашр юртимизда Ислом илмига бўлган эътиборнинг юксак намунасидир, – дейди Жаҳонгир Мелиқўзиев. – Биринчидан, дунёда жуда кўп Ислом энциклопедиялари бўлса-да, ўзбек тилидаги энциклопедия йўқ эди. Ушбу китобнинг чоп этилиши эса катта воқелик бўлди. Бундан ташқари, мазкур энциклопедиянинг бошқа китоблардан айрим ибораларнинг илк бор муомалага киритилгани, юртимизда таваллуд топган алломалар ҳақида маълумотлар берилгани билан ажралиб туради. Яна бир жиҳат: Ислом таълими, фан ва маданият ташкилоти (ISESCО) томонидан 2020 йил – Бухоро шаҳри Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинган эди. Айнан шу йилда ислом энциклопедиясининг чоп этилиши муносиб туҳфа бўлди деб ўйлайман. Нашр ишларида 200 нафардан зиёд хорижлик ва юртимиз филолог, исломшунос олимларининг иштирок этгани энциклопедиянинг илмий савиясини янада юқори поғонага кўтаришига аминман.
Тадбирда иқтисод фанлари доктори, профессор Нурислом Тўхлиев энциклопедияни яратиш ишлари, навбатдаги жилдларни тайёрлаш жараёнларига тўхталди.
– “Ислом энциклопедияси” йирик ва ўта масъулиятли илмий-маърифий лойиҳа бўлиб, унинг чоп этилиши юртимиз ижтимоий-маънавий ва илмий-маданий ҳаётида катта воқеа бўлиши шубҳасиз, – дейди профессор Нурислом Тўхлиев. – Янги “Ислом энциклопедияси” камида 20 жилддан иборат бўлиб, 60 мингдан зиёд мақолани ўз ичига олиши мўлжалланмоқда. Энциклопедиянинг аввал ўзбек тилида чоп этилиши, кейинчалик бошқа тилларга ўгирилиши режалаштирилмоқда. Энциклопедиядан дунёга машҳур йирик исломшунослар, жумладан, ғарб олимларининг тадқиқотлари, ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақидаги маълумотлар ҳам жой олади. Шу билан бирга, аввал номи ва фаолияти кенг жамоатчиликка маълум бўлмаган шахсларга доир қимматли маълумотлар илмий муомалага киритилади. Шунингдек, Ислом дунёсидаги барча ҳуқуқий мактаб ва мазҳабларга ҳурмат одобига риоя қилинган ҳолда ёндашилди. Мақолаларнинг ёзилишида бирламчи манбаларга таяниш, илмийлик ва холислик асосий мезон этиб олинади. Бунинг учун юртимиздаги профессор-ўқитувчилар, исломшунос олимларни мазкур хайрли ва буюк ишга Ислом оламида деярли ўрганилмаган, янги, ноёб манбалар, шахслар ҳақида қизиқарли мақолалар билан қатнашишларини сўраймиз.
Тақдимот якунида тўпламдан ўрин эгаллаган маълумот ва манбалар, уларнинг мазмун-моҳияти борасида иштирокчилар томонидан берилган саволларга соҳа мутахассислари атрофлича жавоб беришди.
Мухтасар айтганда, янги “Ислом энциклопедияси”нинг асосий мақсади – ислом дини, мусулмон маданияти, аждодларимизнинг маънавий-маърифий меросини халқимиз, айниқса, ёшларга етказиш, уларнинг дунёқараши, илм олишга бўлган интилишини оширишга қаратилган.