islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак мақомлари

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак мақомлари ҳақида гапирар эканмиз, бизда ўринли бир савол пайдо бўлади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун инсониятга пайғамбар этиб юборилишлари У зот алайҳиссолату васалламга қандай мақом берди? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматга етказганларидан сўнг, у билан алоқаси бўлмайдиган рисолатни етказишдан кўра улуғроқ бошқа мақомлари йўқми? Яъни, У зот алайҳиссолату васалламнинг рисолатни етказишдан бошқа вазифалари йўқми? Жавоб: Албатта бор!

Пайғамбар (алайҳимуссалом)лар Аллоҳнинг каломини фақатгина етказиш учун юборилмагандурлар. Балки, У зотлар (алайҳимуссалом)дан умматга Илоҳий Китобни тушунтириш, уни шарҳлаш ва изоҳлаш ҳамда унга амал қилиш йўлларини кўрсатиш ва китоб мазмунининг амалий мисолларини амалда кўрсатиб бериш вазифалари ҳам талаб этилган. У зотларнинг вазифалари китоб сўзларини қироат қилиш билан чекланмайди, аксинча, Улар уни инсониятга етказиб, уларга Китоб кўрсатмалари асосида ҳаёт кечиришларини ўргатишлари керак.

Қуръон карим бу ҳақда ҳеч қандай шубҳа қолдирмай шундай дейди:

لَقَدْ مَنَّ ٱللَّهُ عَلَى ٱلْمُؤْمِنِينَ إِذْ بَعَثَ فِيهِمْ رَسُولًا مِّنْ أَنفُسِهِمْ يَتْلُواْ عَلَيْهِمْ ءَايَٰتِهِۦ وَيُزَكِّيهِمْ وَيُعَلِّمُهُمُ ٱلْكِتَٰبَ وَٱلْحِكْمَةَ وَإِن كَانُواْ مِن قَبْلُ لَفِى ضَلَٰلٍۢ مُّبِينٍ

“Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминларга ўзларидан Пайғамбар юбориб, неъмат берди. У уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадир, уларни поклайдир, китоб ва ҳикматни ўргатур. Гарчи олдин очиқ – ойдин адашувда бўлсалар ҳам”. (Оли Имрон, 164)

هُوَ الَّذِي بَعَثَ فِي الْأُمِّيِّينَ رَسُولًا مِّنْهُمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آيَاتِهِ وَيُزَكِّيهِمْ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ

“У зот саводсизлар ичидан гарчи улар бундан аввал очиқ залолатда бўлсалар ҳам, уларга оятларини ўқиб берадиган ва уларни поклайдиган ҳамда китобни ва ҳикматни ўргатадиган Пайғамбарни юборди”. (Жумуъа, 2)

Қуръон карим хабар беришича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган вазифалар Саййидимиз Иброҳим алайҳиссалом У зот ҳақларида қилган дуолари билан бир хил эди:

رَبَّنَا وَٱبْعَثْ فِيهِمْ رَسُولًا مِّنْهُمْ يَتْلُواْ عَلَيْهِمْ ءَايَٰتِكَ وَيُعَلِّمُهُمُ ٱلْكِتَٰبَ وَٱلْحِكْمَةَ وَيُزَكِّيهِمْ

“Роббимиз, уларга ўзларининг ичидан уларга оятларини тиловат қилиб берадиган, китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Пайғамбар юбор”.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган, тўрт вазифани ўз ичига олган ушбу топшириқнинг барчаси У зоти шариф алайҳиссолату васалламга юклатилган муҳим рисолат бўлиб, улар қуйидагилар:

Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб бериш;

Аллоҳнинг китобини ўргатиш;

Ҳикматни ўргатиш;

Инсониятни поклаш;

Юқоридаги оятлардан маълум бўлмоқдаки, Қуръон карим Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вазифалари унинг оятларини фақатгина тиловат қилиб, инсонларни эса, оятларни ўзлари хоҳлаган кўринишда талқин қилишлари ҳамда амал қилишларига қўйиб бериш бўлмаганлиги, балки У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг каломини ўргатиш учун инсониятга юборилганликлари ҳақида бирор шубҳа қолдирмаяпти. Шу билан биргаликда, Қуръонни ўргатишнинг ўзи етарли эмаслиги сабабли, унга қўшимча бўлган ҳикматни ўргатиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вазифалари эди. Шундай бўлса-да, бу билан рисолат топшириқлари охирига етмас эди. Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятни покламоқликлари ҳам зарур эдики, Аллоҳ таоло улардан талаб қилганидек ибодат қилишлари учун Қуръон ва ҳикматни ўргатиш билан бирга уларга амалий кўрсатмаларни беришлари керак эди. Натижада Қуръон карим ва ҳикматни ўргатиш назарий, поклаш эса амалий таълим бўлди. Бу билан бандаларга Аллоҳ хоҳлаганидек ибодат қилишларини комил тарзда таълим бериш мақсад қилинганди. Шундай ҳам бўлди.

Қуръон каримнинг ушбу оятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги вазифалари белгилаб берилган:

– Қуръон каримни ўқитишга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақлидурлар;

-Қуръон каримни шарҳлашда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзлари ҳал қилувчидир;

– Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам илоҳий кўрсатмага асосланган ҳикматни ўрганиш мумкин бўлган ягона манбадурлар;

-Уммат Қуръон карим кўрсатмаларига амал қилишлари учун, уларга ушбу кўрсатмаларни амалий кўрсатиб бериш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ишониб топширилган.

Ушбу рисолат Жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қовлий ва феълий суннатлари уммат учун ҳужжат бўлмагунича ҳамда ўзларига етказилган суннатларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиб эргашмагунларича ҳеч қачон амалга ошмайди. Китоб ва ҳикматни ўргатиш  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари уммат учун ҳужжат эканлигини, поклаш эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг феъллари уммат учун ўрнак эканлигини ва уммат унга эргашишлари шартлигини талаб қилади.

Бу шунчаки юқорида келтирилган Қуръон карим оятининг мантиқий хулосаси эмас, балки, Қуръон каримнинг кўплаб оятларида мусулмонлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этиб, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишлари шарт эканлиги айтилган очиқ-ойдин ўринлар бисёрдир. Ушбу ўринларда Қуръон карим икки хил атамани, яъни “إطاعة”(итоат этиш) ва “اتباع”(эргашиш) сўзларини ишлатган. Биринчи атама Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқлари ва сўларини билдирса, иккинчиси У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг феъллари ва амалларини ифода этади. Қуръон карим Мусулмонларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этиш ва эргашишни буюриши билан, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари ва феълларига ҳужжатлик мақомини бермоқда.

Шайх Муҳаммад Тақий Усмонийнинг

“Ислом шариатида суннатнинг ўрни” китобини

инглиз тилидан Халилуллоҳ Юсуф таржима қилди

201090cookie-checkРосулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак мақомлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: