islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

АЖДОДЛАР МЕРОСИ — КЕЛАЖАК ПОЙДЕВОРИ

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш  тўғрисида”ги қарори мамлакатимиздаги ҳар бир фуқаро, у раҳбарми,  оддий ишчими ёки илмий ходим, хуллас, эркин ватанимиз фарзандлари  қалбида юксак туйғу уйғотди, десак муболаға эмас.

Биз бу тарихий ва шонли санага осонликча эришмадик. Кўп миллатли Ўзбекистон халқи ўзининг буюк салоҳияти, мустаҳкам иродаси, матонатини  намоён этиб, оғир синов ва машаққатларни мардона енгиб ўтди. Шу йиллар  давомида халқ фаровонлиги, тинчлигини таъминлаш, ҳар бир фуқаро учун муносиб яшаш шароитларини яратиб бериш давлатимиз ва ҳукуматимиз олдидаги энг муҳим вазифа бўлиб келди. Таъкидлаш жоизки, ўтган йиллар  давомида, айниқса, кейинги тўрт йилда юртимизда амалга оширилган  ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ўз самарасини кўрсатди. Барча соҳаларда  юксак муваффақиятларга эришдик.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази жамоаси ҳам кўрсатилаётган юксак эътибор ва ишончга жавобан ўз илмий салоҳияти, масъулияти ҳамда қобилиятларини ишга солган ҳолда фаолият юритмоқда.

Ўтган қисқа вақтда марказ биноси қурилишида ҳам, музей ва кутубхона ташкил қилишда ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди.

Музейимиз учун қабул қилинган экспонатлар мамлакатимиз ҳудудида ислом дини ҳали тарқалмасдан аввал ҳам буюк цивилизациялар мавжуд бўлганини тасдиқламоқда. Чиндан ҳам Сармишсой қоятош суратлари, Афросиёб ёдгорликлари, Қўй қирилган қалъа, Айритом фризлари, Муғ тоғидан топилган ёзма манбалар, Кушон цивилизацияси ва бошқа ёдгорликлар, шунингдек, ёзма манбалар Марказий Осиёда Биринчи Уйғониш (ёки маърифат) асри учун пойдевор юртимизга ислом дини келишидан анча олдин қўйилганини тасдиқлайди. Умумий сони мингдан ошган қўлёзма ва тош босма асар эса “жанговар атеизм” деб аталган ва арабий ёзувдаги ҳар қандай манбалар тақиқ остига олинган даврларда ҳам халқимиз бебаҳо ёзма ёдгорликларни сақлаб қолганидан далолат. Кутубхонамизга қабул қилинган янги
манбалар орасида улуғ шоир ва мутафаккир Абдураҳмон Жомийнинг 1492 йилда ўз қўли билан кўчирган “Ал-Қофия”га шарҳ” асари, 1000 ҳижрий йилда ўта нафис ёзувда жамланган Қуръон қўлёзмаси, Зайн ал-Дин Журжонийнинг (1040-1136) тиббиётга бағишланган “Хоразмшоҳлар хазинаси”, Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II — Ферузнинг ўзи ҳаётлигида кўчирилган девони ва исломшунослик, фалсафа, фиқҳга оид бошқа кўплаб асарлар бор. Айни пайтда бу асарлар мутахассислар томонидан жиддий ўрганиляпти. Шунингдек, таржимонларимиз Феруз ғазалларини ҳозирги ўзбек тилига ўгирмоқда.

Нуфузли халқаро ислом илмий тадқиқот ташкилотларининг аждодларимиз меросини ўрганиш соҳасидаги тажрибалари, эришган натижалари, қўлёзма ва босма манбалари фондлари ҳамиша эътиборимизда. Айтиш жоизки, ўз олдига қўйган юксак мақсадлари ва биносининг беқиёс меъморий ечими бўйича марказимиз ҳам нуфузли халқаро ташкилотларни ниҳоятда қизиқтирмоқда. Айниқса, исломнинг олтин даври олимлари илмий-маърифий меросини сақлаш, тарғиб қилиш, ислом цивилизацияси тарихини ўрганиш, экспонатлар, энг замонавий мультимедиа имкониятлари воситасида табаррук динимизнинг асл тинчлик, одамийлик, бағрикенглик, илм-фан ва бунёдкорлик дини эканини жамиятимиз аъзолари, айниқса, ёшларга тушунтириш каби мақсадларимиз уларни ўзига жалб этмоқда. Ўтказилган учрашув ва тадбирлар давомида хаттотлик, саҳҳофлик, миниатюра, қўлёзмаларни тиклаш каби касбларни тиклаётганимиз, шунингдек, ёшларни араб, форс, эски ўзбек, инглиз ва лотин тилларига ўргатиш жараёни, Халқаро ислом академияси билан ҳамкорликда юқори малакали исломшунос олимлар тайёрлаш каби вазифаларимиз ушбу ташкилотлар вакилларини ниҳоятда ққувонтираётганини қайта-қайта таъкидлашмоқда. Германия университетлари ҳузуридаги илмий тадқиқот марказлари, Малайзиянинг Исломни англаш институти билан ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумларни имзоладик.

Марказ раҳбарияти ва илмий ходимлари томонидан белгиланган режа асосида ҳамкор ташкилот ва идоралар билан оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда, маҳаллий ва халқаро онлайн анжуманларда чиқишлар ташкил этилмоқда.

Жорий йилнинг 3-5 март кунлари Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтди. Апрель ойида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Малайзия исломни англаш институти олимлари иштирокида видеоанжуман ташкил этилди. Унда динимизнинг асл инсонпарварлик, тинчлик ва бағрикенглик моҳиятини жамият аъзоларига етказишнинг аҳамияти, исломни нотўғри талқин қилишнинг салбий оқибатлари, экстремистик фикрлар ва ғояларга қарши маърифат билан курашишнинг аҳамияти, даъволарга илмий асосланган жавоб ва раддиялар бера оладиган юқори малакали исломшунос олимларни тайёрлаш масалалари бўйича фикр алмашилди.

28-29 май кунлари “Бухоронинг Ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси ва ундаги ўрни” мавзуида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди. “Бухоро — 2020 йилда Ислом олами маданияти пойтахти” йилининг дастлабки тадбири сифатида ташкил этилган мазкур анжуманда 20 га яқин хорижий мамлакат ва юртимиздан юзга яқин илмий тадқиқот маркази, академия, университет, институтлар профессор-олимлари, халқаро эътирофга эга мутахассислар иштирок этди.

Июнь ойида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташаббуси билан ҳамкор ташкилотлар иштирокида Бухородаги Етти пир авлиёлари илмий меросини ўрганиш бўйича “Маърифат ва ибрат тимсоллари” мавзуида онлайн анжуман бўлиб ўтди. Унда 50 дан ортиқ олим, соҳа ходимлари ва илмий тадқиқотчилар иштирок этди.  Куни кеча Имом Термизий халқаро  илмий-тадқиқот маркази ва IRCICA  ташкилоти билан ҳамкорликда “Термизнинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрни” мавзуида халқаро  онлайн анжуман ўтказилди. Унда  IRCICA бош директори Халит Эрен  жаноблари иштирок этди ва маъруза  қилди. Онлайн тадбирда юзга яқин иштирокчи қатнашди ва бевосита унинг фаолиятини кузатиб борди. Айниқса, Туркия, Ҳиндистон ва тожикистонлик олимларнинг маърузалари  мазмунли бўлди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар 750-1150  йиллардаги Биринчи Уйғониш даври, 1370-1507 йиллардаги Иккинчи  Уйғонишдан (Темур ва темурийлар  даври) кейин Учинчи Уйғониш даврига қадам қўяётганимиздан дарак  беряпти. Ишончим комилки, бу қуруқ  гап эмас, аксинча, ҳақиқат ва ҳаққониятдир.

Кейинги йилларда юртимизда иқтисодиёт, ички ва ташқи сиёсат, илм-фан, маънавият, аждодлар мероси, хотираси, диний маърифат, тарбия соҳаларидаги ислоҳотлар, яқин ва узоқ фурсатларга мўлжалланган режалар, халқни рози қилишга қаратилган, инсон манфаатлари,  ҳуқуқларини тўлиқ таъминлашга  йўналтирилган чора-тадбирлар,  пировардида жамият аъзоларида  шаклланган эртанги кунга ишонч  юртимизда буюк тарихий босқич  бошланаётганини тасдиқламоқда.  Ушбу муҳим тарихий босқичда илмий-маърифий муассаса сифатида  Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаол иштирок этишга тайёргарлик кўрмоқда. Уйғониш  даври барча соҳалардаги ривожланиш жараёнларининг фаол давом этишини таъминлашга қодир бўлган ўз соҳаси билимдони, айни пайтда юксак маънавият, маданият ва маърифат эгаларини тайёрлашни тақозо  қилади. Бу каби мутахассисларгина  ўз юртининг фидойилари бўлиб етишади. Биз мутахассисларимизнинг  бор салоҳиятларини ҳамда барча имкониятларини ана шу вазифаларни ҳал этишга қаратишни олдимизга  мақсад қилиб қўйганмиз.

Шоазим МИНОВАРОВ,
Ўзбекистондаги Ислом
цивилизацияси маркази
директори

206160cookie-checkАЖДОДЛАР МЕРОСИ — КЕЛАЖАК ПОЙДЕВОРИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: