Мусулмон киши ўзгалар у ҳақида ёмон гумонга бориб қолиши мумкин бўлган ўринлардан сақланиши лозим. Айрим инсонлар бу нарсага беэътибор қарайди. Қилаётган баъзи ишлари ёки айрим гап-сўзлари сабабли одамлар улар ҳақида ёмон гумонга боришса, “одамларнинг қандай хаёлга бориши билан менинг ишим йўқ” қабилида йўл тутишади. Айниқса, муқтадо бўлган, халқни эргаштирадиган илм эгалари бу борада бошқалардан кўра янада эътиборли бўлишлари лозим. Чунки уларнинг қиладиган ишлари ва айтадиган сўзлари халқнинг диққат назарида бўлади. Халқ диний масалаларда илм эгаларининг тутган йўли ва муносабатларига қараб ўзлари учун йўл танлашади. Агар илм эгалари ёмон гумонларга нишон бўладиган ўринлардан сақланмаса ёки сақланган бўлса-да, лекин ногаҳон шундай ҳолатга тушиб қолган пайтда дарҳол вазиятга ойдинлик киритиб, ўз шаънларини поклаб қўйишмаса, одамлар улар ҳақида ёмон гумонга бориши мумкин. Шунингдек, илм эгалари бирор масалага нисбатан ўзининг тутган йўли ва позициясини тушунарсиз, мужмал баён қилса, одамлар хато хулосага бориб, “бу масалада илм эгаларининг тутган йўли мана бу экан” деб, ҳақ йўлдан адашиб кетиши мумкин.
Расулуллоҳ алайҳиссалом бу борада ҳам биз учун ўрнак бўлганлар:
Софийя бинт Ҳуяй розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикофда ўтирган эдилар. Кечаси у зотни зиёрат қилишга келдим ва у зот билан гаплашдим. Кейин туриб, ортимга қайтдим. У зот мени кузатиб қўйиш учун мен билан бирга турдилар. – Унинг (Софийянинг) маскани Усома ибн Зайднинг ховлиси ўрнида эди. – Шу пайт ансорлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, тез-тез юра бошлади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шошманглар, ахир бу Софийя бинт Ҳуяй-ку!» дедилар. Улар: «Субҳоналлоҳ, эй Аллоҳнинг Расули! (Биз сиз ҳақингизда бирор шубҳага борармидик?!)» дейишди. У зот: «Шайтон инсоннинг қонюрар жойида юради. Мен қалбларингизга шайтон бирор ёмонлик [ёки нарса] солиб қўйишидан қўрқдим», дедилар». Имом Бухорий ривоят қилган.
Бу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни ёмон гумонга борганликда айблаганлари йўқ. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг иймони содиқ эканини яхши билганлар. Лекин шайтон уларнинг қалбига васваса солиб, ҳалокатга етаклашидан қўрқдилар. Гарчи улар саҳобалар бўлишса-да, лекин маъсум эмаслар. Шунинг учун у зот алайҳиссалом васвасанинг олдини олишга шошилиб шундай қилдилар ҳамда бу каби ҳолатга тушган кишилар қандай йўл тутиши лозимлигини ҳам кўрсатиб бердилар.
Бу ҳадисдан бир қанча фойдалар олинади: Жумладан;
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига меҳрибон экани ҳамда уларни гуноҳдан сақлайдиган ишларга иршод қилишлари.
– Ёмон гумонларга нишон бўлиб қолишдан сақланиш.
– Ногаҳон шундай ҳолатга тушиб қолгудек бўлса ҳам, бунинг сабабини баён қилиб, ўз шаънини поклаб қўйиш.
Ибн Дақиқ ал-Ийд раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Бу нарса уламолар ҳамда халқ эргашадиган кишилар борасида янада таъкидлироқдир. Шунинг учун улар одамлар улар ҳақида ёмон гумонга бориб қолиши мумкин бўлган ишларни қилишлари жоиз эмас. Гарчи кейин ўзларини оқлаб олиш имконияти бўлса-да. Чунки бундай ишлар ўзга инсонлар уларнинг илмидан истифода қилишларига тўсиқ бўлиб қолади”.
– Одамларни ёмон гумонга бориб қолишларидан асраш.
– Одамлар ҳақида ёмон гумонда бўлишдан сақланиш.
– Ўзгалар ҳақида яхши гумонда бўлиш.
Яъни ўзгалар ҳақида яхши гумон қилиш лозим бўлганидек, ўзгаларни ҳам у ҳақида ёмон гумонга боришидан сақлаш лозим. У зот алайҳиссалом қанчалар шаъни буюк зот бўлсалар-да, ўз шаънларини ёмон гумон ўринларидан асраган эканлар, демак, бошқа инсонлар бу каби ҳолатда ўз шаънларини асрашлари янада таъкидлироқдир!
– Фитнага сабаб бўладиган ўринларда мубоҳ ишлардан ҳам сақланиш.
– Аллоҳ таоло шайтонга инсонларни васваса қилиш қувватини бериб қўйгани. Шунинг учун инсон асло ғафлатда қолмаслиги, аксинча, доим унинг васвасасидан эҳтиёт бўлиб юриши зарурлиги.
– Инсоннинг қони ундан ажрамагани каби шайтон ҳам уни васваса қилишдан ажрамаслиги.
Қудратуллоҳ СИДИҚМЕТОВ,
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси