“Саҳиҳайн” нинг ҳамма ҳадислари саҳиҳми?
“Саҳиҳайн”нинг ҳамма ҳадислари саҳиҳ. Уммат у ҳадисларни розилик ила қабул қилган. Уларнинг санадларига назар солишга эҳтиёж йўқ. Икки шайх ўзларининг китобларидаги ҳадисларни жуда кўп саҳиҳ ҳадислар ичидан танлаб олишган. Имом Бухорийнинг гапи бор: “Мен Саҳиҳ китобида бир ҳадисни қўйишим учун ундан олдин ғусл қилиб икки ракат намоз ўқиганман”.
Яна айтади: “Жомеъ китобимни Масжидул Ҳарамда ёздим. Аллоҳ таолодан истихора қилиб икки ракат намоз ўқиб, саҳиҳлигига аниқ ишонмагунимча бу китобимга бирор ҳадисни киритмадим”[1].
Аллома муҳаддис мунаққид Шаббир Аҳмад Усмоний раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Икки саҳиҳ китоби ўзидаги ҳадислар назар солиб текшириб чиқишга эҳтиёж сезмайдиган саҳиҳ экани бўйича бошқа ҳадис китоблардан фарқланади. Ҳаттоки бу икки саҳиҳда келган ҳадисларга мутлақ амал қилиш вожиб бўлади. Чунки бу икки китоб мусаннифларининг қадри баланд. Шу илмда қадамлари собит. Мана шу соҳага қизиқишда иккалалари муқаддам. Саҳиҳни саҳиҳмасдан ажратишда ҳам моҳирдирлар. Ўз вақтларида булар ижтиҳодда ҳам, имомликда ҳам юқори даражаларга етганлар. Булардан бошқа китоблардаги ҳадисларга амал қилиш учун эса текшириш керак ва унда саҳиҳ шартлари топилишини билиш керак.
Мазкур икки китобнинг саҳиҳлигига, шаъни улуғлигига ва бошқасидан муқаддамлигига ижмо воқеъ бўлиши у иккисидаги ҳар бир ҳадис бошқа китоблардагидан кўра саҳиҳроқ, деган маънони бермайди. Балки “Саҳиҳайн”даги ҳадислар умумийси бошқа китоблардаги ҳадислар умумийсидан кўра саҳиҳроқ ва муқаддам, деганидир.
Шунга биноан, “Саҳиҳайн”даги муайян ҳадис бошқа китоблардаги саҳиҳ ҳадислардан саҳиҳроқ дейиш учун ўша ҳадисни айни ўзидаги саҳиҳлик йўлларини ўрганиб чиқиш керак”[2].
Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитвчиси А.Ғиёсов
[1] Ибн Ҳажар. Ҳадюс сорий. -Б.489. Ибн Ҳажар. Тағлиқут таълиқ. -Ж.5. 418.
[2] Усмоний. Мабодиу илмил ҳадис. 672, 674 бетлар.