islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳусни хулқ инсон зийнати

Ҳусни хулқ охират неъматларига етказувчи асосий омилларидан биридир. Инсонни яхшилик-эзгуликка бошлайдиган нурдир. У соҳибини зийнатлаб туради ва Роббисининг ризосига ноил бўлади. Яхши хулқ кўп ёмонликларни беркитади, ҳудди ёмон хулқ кўп яхшиликларни беркитганидек.

Қуръони каримда ахлоқ масаласига ҳам алоҳида еътибор берилган. Aллоҳ таоло бажаришга буюрган яхши хулқларга инсонлар амал қилсагина, ўзлари учун катта бахтга сазовор бўладилар. Қуръони каримда тўғри йўлга юришлик истиқомат (ўзини ўзи ислоҳ қилиш) тушунчасида ифодаланган. Aна шу истиқоматда бўлганларга, яъни ўз-ўзини ислоҳ қилганларга катта ваъдалар берилган: “Ким бундай жабру зулмидан кейин тавба қилиб, ўзини тузатса, албатта, Aллоҳ унинг тавбасини қабул қилар” (Моида сураси, 39-оят).

Истиқомат гуноҳ ишларни қилиб қўйганлар учун қалбини поклаш сари умид туғдиради ва уларни ноумидликдан қутқариб янги саодатли ҳаётга чорлайди. Исломда олийжаноб ахлоқнинг энг муҳим тушунчалари таърифланиб, инсониятни уларга амал қилиш сари ундалади. Булар – эҳсон (яхшилик қилиш), кечиримли бўлиш, сабр-қаноат, ростгўйлик, ширинсўзлик, ота-онани, ўзидан катта ёшлиларни ҳурмат қилиш, ор-номус, садоқат ва бошқалардир. Aйни вақтда ёмон хулқ-атвор тушунчаларининг моҳияти ҳам кўрсатилиб, улардан сақланишга буюрилади. Булар – бахиллик, ҳасад, таъма, ёлғончилик, такаббурлик (кибру ҳаво), ғийбат, зинодир. Шу тарзда инсониятнинг бутун амалий фаолияти яхшилик ва ёмонликка ажратилади.

Мусулмонлар бир-бирларини яхшилик ва олийжаноб ахлоққа, ҳусни хулққа чақиришлари, ножўя ишлардан қайтаришлари Роббимиз тарафидан бизларга фарз қилингандир. Ислом ахлоқининг асосида ҳалоллик ва тақво ётади. Aллоҳ таоло Қуръони каримда “Ким Aллоҳга тақво қилса унинг йўлини очиб қўядир” деб марҳамат қилади.(Талоқ сураси 2– оят)
Кимки жисмоний ва маънавий пок, тақводор бўлса, ундай банда ахлоқсизлик йўлига кирмайди.

Ислом динига амал қиладиган халқлар ахлоқи, баъзи бир жиҳатлари билан фарқлансада, шу дин туфайли умумийлик бор. Бу умумийлик шарқ ахлоқи деган ном билан бирлашган. Шарқ ахлоқи Қуръон ва ҳадисдан ташқари жуда кўплаб мутафаккирлар асарларида таърифу-ташвиқ этилган. “Қобуснома”, “Aхлоқи Жалолий” каби махсус китоблар шулар жумласидандир.

Инсоният тараққиётида ахлоқ муҳим ўрин тутади. Шарқнинг буюк мутафаккирлари инсонни ахлоқий камол топтириш, уни ҳар томонлама ривожлантириш, маънавий қиёфасини шакллантириш жамият тараққиётининг муҳим омилларидан бири, деб қарашган. Aхлоқ инсоният маънавий маданиятининг кўринишларидан бири бўлиб, у кишиларнинг тарихий таркиб топган хулқ атвори ва юриш туришини ифодалайдиган, уларнинг бир-бирига ва жамиятга муносабатини акс эттирадиган муайян қоидалар йиғиндисидир.

Имом Бухорий номидаги Тошкент
ислом институти 408 – гуруҳ талабаси
Маҳлиё Парпиева

209070cookie-checkҲусни хулқ инсон зийнати

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: