islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Эй Оиша! Сени арқоннинг тугунидек яхши кўраман”

Агар биз ёнимизда турган инсонга: “Эй фолончи! Сени яхши кўраман” десак, бу муҳаббат изҳоримиздан қаршимиздаги кишининг боши осмонга етади. Энди, худди шу калимани бирор киши суюкли Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдан эшитса, хурсандчилиги қанчалик бўлишини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Икки олам сарвари Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг бу каби биргина муҳаббат изҳори, яхши кўрилаётган киши учун дунё ва ундаги барча кўзни қувонтирувчи бойликдану дунё аҳли йиғилиб яхши кўришини айтишдан кўра афзал эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз.

Мусулмон киши ўзининг диндошига “Сени Аллоҳ учун яхши кўраман” дейиши, улар ўртасидаги ухувватни ва ўзаро меҳр муҳаббатни кучайтиради. Қолаверса динимиз ҳам мусулмонларни айнан шунга буюради. Абдуллоҳ ибн Амр (р.а) ривоят қилган ҳадиси шарифда, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Кимики, бир биродарини Аллоҳ учун яхши кўрсаю бу яхши кўришини соҳибига айтса, иккаласи ҳам жаннатга киради ва яхши кўришини айтган кишининг жаннатдаги даражаси шеригиникидан афзал ва баландироқ бўлади” деган эдилар.

Шу ўринда савол туғилади. “Юқоридаги ҳадисдан барча иймон соҳибларига яхши кўришини айтиш мумкин эканлиги келиб чиқадими? Яъни, мўмин киши, бегона мўмина аёлга юқоридаги сўзни ишлатиши жоизми?”.

  • Йўқ! Бу жоиз эмас. Бу ҳадисда бир мусулмон бошқа бир мусулмонга Аллоҳ учун уни яхши кўришини айтишлиги жоиз. Аммо мусулмон эркакнинг бегона муслима аёлга “Аллоҳ учун сени яхши кўраман” дейиши шаръан жоиз эмас. Чунки бу кўпгина фитналарга ва оилаларнинг бузилишига олиб боради. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдан ҳам ўзларининг саҳобияларига бу каби сўзларни айтганлари ривоят қилинмаган. Аммо уммати сифатида муслималарни яхши кўришлари бор ҳақиқат.

“Киши ўзининг аёлига ушбу калимани айтиши жоизми?” деган саволга биз “Албатта жоиз” деб жавоб берамиз. Чунки бу калиманинг ортида ўзининг жуфтига нисбатан эҳтиромини кўрсатиш билан бирга, унинг қалбида ҳам ўзига нисбатан муҳаббатни пайдо қилиш бор.

Амр ибн Осс (р.а)дан ривоят қилинади. Ўзи Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдан: “Ё Расулуллоҳ! Сизга инсонларнинг энг суюклиси ким?” деб сўраганларида: “Оиша” деганлар. “Эркаклардан ким суюклироқ?” деганларида эса “Унинг отаси” деб жавоб берган экан.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг Оиша онамизга бўлган муҳаббатларини бутун умматгаки, билидирар эканми, демак, Оиша (р.а) онамизнинг ўзларига изҳор қилганликлари кундек равшандир.

Мана шу далилларга кўра, ислом шариатида еру хотин бир-бирларига севги-муҳаббат изҳор қилиши  ҳам суннат ҳисобланади.

Фақатгина бугунги баъзи ёшлар бу масалада бироз шашқалоқлик қилиб, севги-муҳаббатларини никоҳдан олдин, ҳали у билан турмуш қуриши аниқ бўлмаган кишига изҳор қилмоқда. Ота-оналар эса, ўзларига маъқул келган бошқа йигитга ёки қизга розилик билдириб, тўй белгилашса, ўзаро ношаръий аҳду паймон қилган ёшлар, орзуларига ета олмаганига алам қилиб, бошларини турли хил балоларга уриб, ҳам эл олдида, ҳам Аллоҳ олдида гуноҳ бўлган ишларга журъат кўрсатаяпти. Ҳатто, баъзан: “Фалон йигит билан фалончининг қизи бир-бирларига аҳду паймон қилишган экан, ота-оналари бошқа йигитга турмушга берса, бунга чидолмаган қиз ўзини осибди. Ёки йигит ва қиз ўзларини дарёга отишибди….” деган нохуш гапларни эшитиб қоламиз. Ақлли ва хушли йигит-қизларнинг бу каби ҳиссиётга берилиб, ўз жонларига қасд қилишларини нафақат ислом таълимоти, балки, бошқа ҳар қандай таълимот ҳам қоралайди. Исломда эса Аллоҳ таоло ўз жонига қасд қилишни мутлақо харом қилган.

Шунинг учун йигит-қизлар шошилмасдан, ота-оналари розилик билдиришиб, никоҳ ўқитганидан кейин бу шаръий жуфтлар бир бирларига муҳаббат изҳор қилсалар, ўзларининг жонларини асраб қолган бўлар эди.

Баъзан аёл кишининг ўзи ҳам эрига муҳаббатини изҳор қилиши ва ўрни келганда эридан ўзини қанчалик яхши кўриши ҳақида сўраб туриши шариатимизда жоиз. Мана қуйидаги ҳадисда Оиша онамиз Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдан; “Ё Расулаллоҳ! Сизнинг менга бўлган муҳаббатингиз қай даражада?” деб сўраганларида, у зот саллоллоҳу алайҳи васаллам табассум қилиб; “Эй Оиша! Билмайсизми? Мен сизни ҳеч ким еча олмайдиган мустаҳкам арқоннинг тугунидек яхши кўраман” дедилар.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу табассум билан айтган муҳаббат изҳорлари, Оиша розиёллоҳу анҳо онамизга шундай хурсандчилик олиб келдики, агар Расулуллоҳ қолиб, дунё аҳли жамланиб бу гапни айтса ҳам бунчалик хурсанд бўлмас эдилар. Мўминлар онаси жуфти ҳалоллари, Аллоҳнинг ҳабибидан ўзи учун айтилган бундан кўра ширин, бундан кўра ёқимли сўз эшитган эмас.  Шунинг учун Расуллоллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг бу муҳаббат изҳорларини азбарои яхши кўрганларидан, кейинчалик ҳам у зотнинг муборак қўлларидаги жон томирларини ушлаб: “Менга муҳаббатингиз қандай?” деб сўрар эди. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам кулиб: “Эй Оиша! Ҳали ҳам аввалгидек” деб жавоб берар эдилар.

Муҳаддислар бу ҳадисни заиф дейишган. Бизнинг мазҳабимизда заиф ҳадислар ҳужжат сифатида эмас, балки насиҳат ва яхшиликка тарғиб қилиш маъносида келтирса бўлади.

Бу ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам “Ақд” сўзини ишлатди. Айнан “Ақд” сўзини ишлатишдаги бизга зоҳир бўлган баъзи ҳикматларга эътибор қаратамиз.

“Ақд” (العقدة) калимаси арабча сўз бўлиб, ўзбек тилида “Тугун” деган маънони билдиради ва ислом шариатида  кўп ишлатиладиган калималардан бири ҳисобланади. Масалан “Ақд” сўзининг ваъдага, қасамга, савдо – келишув ва никоҳ каби битимларда ҳам ишлатилишини кўп кўрамиз. Бунга сабаб, Аллоҳ таоло бу келишувни “Ақд” деб аташи билан айтмоқчики, “Эй мусулмонлар! Сизларнинг ўзаро тузаётган савдо, никоҳ каби битимларингиз ва ўзаро ваъдалашувларингиз арқонда тугулган тугун каби ечилмас, мустаҳкам бўлсин” демоқчи гўё.

Аллоҳ каломида сеҳргар жин ва шайтонларнинг инсонларни сеҳрлашда дам урадиган тугунларини ҳам “Ақд” келтирган. Ҳатто бир инсон гапиришда тили тутилиб қоладиган бўлса, шуни ҳам “Ақд” эканлиги Қуръонда собитдир.

  1. Масалан: “Ақд” сўзининг ваъдага нисбатан ишлатилишига мисол Қуръони Каримдаги “Моида” сураси 1 – оятида келади.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَوْفُوا بِالْعُقُود

Яъни: “Эй иймон келтирган зотлар! Ақдларингизга вафо қилинглар”. Имом Замахшарий ва Имом Насафийлар ўзларининг тафсирларида “Ақд” дан мурод, Бани Одамнинг Аллоҳга “Алмийсоқ” да берган ваъдасидир” деб келтирган.

  1. Қасамга нисбатан ишлатилишига мисол: Қуръони Каримдаги “Моида” сураси 89 – оятда.

لَا يُؤَاخِذُكُمُ اللَّهُ بِاللَّغْوِ فِي أَيْمَانِكُمْ وَلَكِنْ يُؤَاخِذُكُمْ بِمَا عَقَّدْتُمُ الْأَيْمَانَ

Яъни:(Эй Иймон келтирганлар!) Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас. Лекин қасд ила туккан (боғлаган) қасамларингиз учун тутади” деган. Бу ерда қасам маъносида келган.

  1. Тилдаги дудуқланиб гапиришни ҳам Қуръонда Аллоҳ “Ақд” деб атади. “Тоҳа” сураси 27-оятида.

واحلل عقدة من لساني

Яъни: (Мусо (а.с) роббиси уни Фиръавнни инсофга чақириш учун юбораётганида) Мусо (а.с) “Эй роббим! Тилимдаги тугунни ечгин” деди. Тилидаги дудуқликни тугун деб атади.

  1. Сеҳргарларнинг бошқаларни сеҳрлашлари учун туккан тугунларини ҳам “Ақд” деб номлади. Қуръондаги “Фалақ” сураси 4-оятда.

وَمِن شَرِّ النفاثات فِي العقد

Яъни: “…ва тугунларга дам солувчиларнинг ёмонлигидан” деди.

  1. Никоҳ боғлашни ҳам “Ақд” деб атади. “Бақара” сураси 235-оятида.

ولا تعزموا عقدة النكاح

Яъни: “….Идда ўз муддатига етмагунча, никоҳ боғлашни қасд қилманг” деди.

Бу мисоллардан ўзаро ақдлар Аллоҳнинг наздида этиборли эканлигини билиб олдик. Шу қатори Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам Оиша онамизга ўзларининг муҳаббатларини нега “…Мустаҳкам арқоннинг тугинидек…” деб ташбеҳ қилишларининг сабабини билиб олдик. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам суюкли аёлига гўё: “Эй Оиша! Агар сизни кимки мендан ажратмоқчи бўлса, мен сизга худди икки томонга тортилаётган арқоннинг тугуни тортилган сари мустаҳкам бир-бирига ёпишиб борганидек сизни яхши кўриб боравераман” демоқчилар. Бу энг гўзал ташбеҳдир. Бу сўз билан Оиша онамизнинг кўнгиллари кўтарилган ва хурсанд бўлган.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа сўзлари ҳам Оиша розиёллоҳу анҳо онамизни кўп хурсанд қилган. Масалан; Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта мен Оишанинг муҳаббати билан ризқлантирилдим”. Ҳатто уйланишларидан олдин уч кеча туш кўрганларию тушларида бир муқарраб фаришта Оиша онамизни кўрсатиб: “Бу сенинг жуфти ҳалолинг” дер эди” деганлар.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам яна бир аёллари Умму Салама розиёллоҳу анҳо онамиз Оиша розиёллоҳу анҳонинг устидан у зотга шикоят қилганларида ҳам: “Оиша ҳақида (уни ёмонлаб) менга озор берманг” дейишлари ҳам у зотнинг муҳаббатлари қанчалик кучли эканлигини кўрсатади.

Демак бугун ҳар бир Расулуллоҳга умматман деган мўмин киши, ўз аёлига муҳаббатини изҳор қилиб, аёлини ҳар хил сиқилиш ва ёмон хаёллардан ҳам қалбан, ҳам жисмонан ҳимоя қилишлари керак.

Бугунимиздаги энг ажабланарли ҳолат! Кўпгина бўйдоқ йигитлар ва турмушга чиқмаган қизлар, шаръий никоҳдан дарак йўқ, дилидаги барча ширин гапларини, муҳаббатларини етти ёт бегона бўлган йигитга ёки қизга айтиб олади. Лекин тақдир тақозаси билан йигит бошқа қизга уйлансаю қиз бошқа йигитга турмушга чиқса, энди изҳор қилиш керак бўлган муҳаббатини, ўзининг шаръий жуфти ҳалолига раво кўрмайди. Бу нақадар хато иш. Чунки ўзга бир кишига турмушга чиқиб, мутлақо бегоналашган одамга айтилган дил изҳорларига наҳотки, бир умр ёстиқдош бўлиб, ҳаётнинг ширин-аччиқларини бирга тотишга бел боғлаган, шу жуфти ва оиласи учун жонини ҳар қандай хавфу хатарга қўйишга тайёр бўлган киши лойиқ бўлмаса.

Тошкент ислом институти

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси

катта ўқитувчиси А.Тошпулатов

209980cookie-check“Эй Оиша! Сени арқоннинг тугунидек яхши кўраман”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: