islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-44

Баҳсли ўрин

Шуни билингки, баҳсли ўрин юқоридаги қисмлардан тўртинчисидир. Унда уммат қабул қилишидан мақсад, “Саҳиҳайн”даги ҳадис ҳақиқатда саҳиҳ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит эканига ижмо қилинган деган гап айтилган. Аммо Дорақутний раҳимаҳуллоҳ эътироз билдирган ҳадислар ҳам бор.

Тўртинчи қисмга раддиялар:

1. Баҳрул улум “Фавотиҳур раҳамут”да айтади: “Бу фикр Ибн Салоҳ раҳматуллоҳи алайҳ ва унинг тарафдорларининг мазҳабидир. Аммо жумҳур фақиҳ ва муҳаддисларнинг қарашлари уларникидан бошқачадир. Чунки икки саҳиҳ китобнинг бошқа сиқалар ривоят қилган ҳадислардан кўра устунлигига ижмо боғланиши мумкин эмас. Агар икки саҳиҳ китобни бошқа китоблардан эмас, фақат ўзини фазилатли эканига ижмо боғланган дейилса, бу гапда фойда йўқ. Зеро “Саҳиҳайн”нинг шаъни улуғ, уммат бу иккисини қабул қилган, уларнинг фазилатига ижмо боғланган ҳам дейлик, лекин бу қатъийлик ва илмни ифода этади, деганимас. Умматнинг ўртасида бу китобларни қабул қилинганлигига таслим бўлинган томони у ҳадисларни рижоллари жумҳур қўйган шартларга тушганлигидир. Бу эса зонни ифода этади”.

2. Аллома Тоҳир Жазоирий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Уларнинг бу гаплари икки саҳиҳ китобда келган ҳадислар аниқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатланишига далолат қилмайди. Шунинг учун Дорақутний раҳимаҳуллоҳ ва бошқалар бу икки китобни текшириб чиққанлар. Уларнинг икки саҳиҳ китобга эътирозлари фақатгина иснодларга тегишли бўлган. Аммо матнга тегишли томондан Қуръон ва мутавотир суннатга хилоф келди, деб “Саҳиҳайн”га эътироз билдиришга бел боғламаганлар. Чунки бундай амал калом ва усул уламоларига тегишли иш.

Ибн Салоҳ раҳматуллоҳи алайҳ Дорақутний раҳимаҳуллоҳ ва бошқалар эътироз билдирган ҳадисларни илмни ифода этишидан истисно қилган. (яъни, улар эътироз билдирганларидан бошқалари илмни ифода этишини айтган.) Ҳолбуки, уларнинг танқидларига очиқ ойдин жавоблар бор эди. Қолаверса, улар танқид қилмаганлари ичида танқид қилганларидан қуйироқлари ҳам мавжуд. Шундай экан, Ибн Салоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу истисноси эътироз билдирилмаган ҳадисларга берган ҳукмининг қувватини пасайтириши сир эмас. Шу боис у кишининг баъзи эргашувчилари “Саҳиҳайн”нинг ҳадисларидан яна истиснолар қилишга ўтганлар. Ўша истисно қилинган ҳадислар орасини жамлаб бўлмайдиган ва бирини насх қилинганлиги айтилмаган ўзаро зид келган ҳадислардир. Шу ўринда булар хилофни ҳақиқий эмас, балки юзаки дейишга уриндилар. Айтдиларки: Илмни ифода этмаслигини айтган киши яқиний илмни назарда тутган. Илмни ифода этади, деган инсон эса яқиний илм даражасига этмаган илмни ирода қилган” .

Шайхимиз Баҳрул улум ҳафизаҳуллоҳ айтади: “Демак, яқин даражасига етмагандан кейин кучли ғолиб зонни ифода этади” .

Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси А.Ғиёсов

210750cookie-checkҲанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-44

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: