Сарлавҳани ўқиб “Шунақаси ҳам бўладими” деб ҳайрон қолгандирсиз. мен ҳам ишонмаган бўлар эдим. Аммо на чора! Ислом тарихини ўрганган сари бунинг ҳақиқат эканлигига иқрор бўлиб бораверасиз.
Масалан 38 ҳижрий йилида, Ироқда бўлган “Наҳравон” жанги. 61 ҳижрий йили Найнаводаги “Карбало” фожеаси. 319 ҳижрий йили, Аббосийлар ҳукмдори, халифа Қоҳир замонида “Қарматийлар” деб номланувчи жиноятчиларнинг каъбага қилган ҳужумлари. Бу каби қонли тўқнашувларнинг рўйхатини ҳали анча давом эттиришимиз мумкин. “Бу воқеалар нима сабабдан рўй берди? Иккала томон ҳам мусулмончиликни даъво қилиб турган бўлса, бир – бирини тушиниш учун шунча қон тўкишлари шартмиди?” деган саволларга жавоб топиш учун бу тарихий – қонли воқеаларга ахборотномадаги оддий бир маълумот сифатида қараш эмас, балки, кўз билан ўқиб, қалб билан ҳис қилганимиздагина у воқеаларнинг асл сабаби нима эканлигини, иймонни эътироф қилаётган одамларнинг ҳаммаси ҳам ҳақ йўлда бўлавермаслигини англаб етамиз.
Биродар! Агар мен сизга: “Ўтмишга назар солиш ва тарихни ўрганиш шариатда фарздир!” десам, сиз дарров уни рад қилишга шошилманг. Чунки, Аллоҳ ўзининг каломида қуйидагича баён қилади:
قد خلت من قبلكم سنن فسيروا في الارض فانظروا كيف كان عاقبة المكذبين
Яъни: “Сизлардан илгари ҳам сунанлар (умматлар) ўтган. Шундай экан, ер юзида сайр қилиб, динни ёлғонга чиқарганларнинг охир оқибатлари қандай бўлганига назар солиб қўйинглар”. (Олим имрон 137.)
Бу оят исломдан аввалги кофир қавмларнинг тарихини ўрганишга чақираётган бўлсада, ўтмишдан ибрат олиш зарурлигини бизга уқтирмоқда. Демак, ўтмишга назар солиш, тарихда ўтган умматлар бошига тушган мусибатларга тушмаслик ва уларнинг хатоларини такрорламаслик учун ҳам уларни ўрганиш лозим. Аллоҳ йўлида шаҳид кетган буюк адибимиз Абдулла Қодирийнинг: “Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир” деган ҳикматли сўзлари нақадар тўғри-а!
Аммо тарихнинг энг ибратлиси ва воқеликка мос келадигани қайси бўлса, айнан ўша тарихни қайта-қайта ўрганиш зарур. Мен сизларни исломдан олдинги узоқ тарихга эмас, балки, Роббиси нур, китоби нур, Пайғамбари нур бўла туриб, қоп-қоронғу зулумот ичида қолган уммат устидаги бугунги фитналар ҳақида фикр юритишга чақирмоқчиман. Чунки айнан мана шу фитналар илгари ҳам отани боладан, акани укадан ва мусулмонни мусулмондан айриб ташлаган эди. Ҳатто бир-бирларига душман қилиб қўйган эди. Бугун ҳам илмсиз, итоатсиз, фақат ўзининг фикрини маъқуллайдиган “Уммат” айни ўша ҳолатни такрорламоқда.
Ҳижрий 38 йили бўлиб ўтган “Наҳравон” жангида Али розиёллоҳу анҳу 3000 га яқин “Хавориж” ларни қиличдан ўтказди. Бу хаворижлар оддий аскарлармас. Балки, Қуръони каримни тўлиқ ёд олган, уни ҳар куни хатм қиладиган, узундан узун намоз ўқийдиган ва “Ўтар рўза” тутадиган одамлар эди. Бошқалар уларга ҳавас қилиб: “Бу мендан кўра тақволи экан” дейдиган даражада ибодатлари кўп бўлган. Шундай бўлсада, тутган йўллари ғирт залолат бўлиб, ўзларига эргашмаган мусулмонларнинг қонини, молини ҳалол санар эди. Шу сабабли Али розиёллоҳу анҳу уларни қириб ташлади. Уларнинг ўтмиши бугунги тафриқага тушаётган уммат учун ибрат эмасми?
Ёки ҳижрий 61 йилги “Карбало” фожиаси. Бунда Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг аскарлари: “Биз ҳақмиз” дея бутун бошли нубувват хонадонининг ёшу қарисини, эркагу аёлларини аямасдан ўлдиришларини нима билан оқлаш мумкин?
Бу ҳам етмаса, ҳижрий 319 йили “Каъбани айланиб тавоф қилиш айни ширкку, жоҳилиятдаги араблардан нимангиз билан фарқ қилаяпсизлар?” дея ҳаж мавсумида, Каъбани тавоф қилаётган хожиларга ҳужум қилиб, уларни қилич билан чопиб, замзам қудуғини шу хожиларнинг ўлган жасадлари билан кўмган ва “Ҳажарул асвад”ни синдириб, ўзларининг юрти бўлган Хузистон шаҳрига олиб кетган “Қарматийлар” нинг қилиғини нима дейиш мумкин?
Улар ҳам ўзларининг мана шу жирканч амалларини: “Аллоҳ ризоси учун” деган шиор остида бажарган эдику. У малъунларнинг қилаётган қабоҳатлари қанчалик тўғри ёки нотўғри эканлигига ёш боланинг ҳам ақли етади ахир.
Бу фожиалардан биз номини келтирмаганлари ҳам кўп. Масалан: 36 ҳижрий йилида рўй берган “Жамал” воқеаси, 37 ҳижрий йили “Сиффин” воқеалари шулар жумласидан. Бироқ бу воқеаларни мен юқоридаги рўйхатда, улар билан бирга зикр қилмадим. Тўғирроғи, зикр қилишдан хижолат бўлдим. Сабаби, бу жангларда бир – бирига қурол кўтарганлар орасида, ҳар иккала томонда ҳам буюк саҳобалар бор эди. Улар сиз билан биз каби оддий мусулмон эмас, балки илм ва ҳикмат хазинасининг булоғи бўлган “Муҳаммадия” мадрасасининг энг зукко талабаларидир. Ҳатто уларнинг кўпларига Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам тириклигидаёқ: “Эй Фолончи! Сен жаннатийсан! Эй Фолончи! Сен жаннатийсан” дея башорат берган зотлардир. Уларнинг устози ким?! Уларнинг устози, башарият муаллими, саодат карвонининг сарбони, Пайғамбарларнинг энг улуғи ва охиргиси бўлган Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам эдилар.
Сиз: “Унда нега бу саҳобалар ўртасида қонли тўқнашув рўй берди?” демоқчисизда. Тўғри! Мени ҳам мана шу савол қийнайди. Мен ҳам баъзан: “Бу зотлар Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг “Бизга қарши қурол кўтарган биздан эмас” деган ҳадисларини, ёки “Икки мусулмон бир бирига қилич кўтарса ва бирини ўлдирса, ўлган ҳам, ўлдирган ҳам дўзахдадир” деган ҳадисларини билмаганмилар” деб ўйлаб қоламану шайтон илҳом бераётган бу гумоним сабаб дарров истиғфор айтаман. Гумонларнинг қуйуқ тутуни қоплаб олган миямга ярқ этиб, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг: “Агар мен илм шаҳри бўлсам, Али унинг эшигидир” деган ҳадислари келадида, Али розиёллоҳу анҳу ҳақларида қилаётган нотўғри фикрларимдан хижолат бўлиб қоламан. Лекин барибир юқоридаги саволлар мени тинчлик бермайди.
Фикр қилинг! Юқоридаги қонли фожиаларда ислом уммати нималар ютдию нималарни бой берди? Саодат карвонининг соҳиблари бўлган Саҳобалар қандай қилиб бу фитналардан ўзларини четга ола билмади? Нега? Нега?
Демак, бу ерда бошқа бир масала бор! Биласизми, у нима? У – фитнадир! Бу фитна бўлганда ҳам оддий сўз билан айтиб, қулоқ билан шунчаки, бир эшитиб қўядиган фитна эмас. Балки, у шундай фитнаки, ҳеч ким ундан омон қола олмайдиган фитна. Жаннат башорати берилган буюк Саҳобаларни ҳам ўз гирдобига тортган фитна. ботилни бир томчи сувдек ҳаққа ўхшаш қилиб кўрсатадиган фитна.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат олдидан зулматли тун қоронғуси каби фитналар бўлади. Бу фитнада киши мўмин ҳолда тонг оттириб, кофир ҳолда тунга киради. Мўмин ҳолда тунга кириб, кофир ҳолда тонг оттиради. Динини арзимас дунё молига сотиб юборади” деганлар.
Мен бугун, барча мусулмон ёшлар мана шу ҳадисни ёд олиб, ўрганишлари ва уни қайта-қайта таҳлил қилишлари ўта зарур деб биламан. Чунки, бугун ижтимоий тармоқларда ислом динини даъво қилиб, ўзгаларга “Ҳақ йўлни кўрсатаман” деб жар солаётган ва унга қарши гап гапирган кишиларни, “У Кофир” дея қўрқмасдан барчага овоза қилаётган ёшлар кўпайиб бормоқда. Бу эса ўта хатарли ҳолат ҳисобланади.
Ҳадисда келтирилган ташбеҳ (ўхшатиш)га этибор қаратамиз: “Қиёмат олдидан зулматли тун қоронғуси каби фитналар бўлади.” Нега айнан “тун қоронғуси каби фитналар”? Тун шундайки, кундуз куннинг ёруғини гўё таг – томири билан суғуриб олгандек барча томондан зулумот қоплаб келади. Ёруғлик нуридан бир парчагина нур ҳам, бирор буюмнинг остига кириб яшириниб қолишининг умуман иложи йўқ. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам энг муносиб ташбеҳ билан фитнани бизга баён қилаяпти. Саҳобаларки бу фитналардан омон қола билмаган экан, улардан бошқа, ҳар қандай ақли доно, шариат илмини сув қилиб симирган олим: “Мен омон қоламан” деса жуда катта хато қилади. Агар шу фитналардан омонда қолиш имконияти бўлганида, жаннат башорат қилинган Али розиёллоҳу анҳу билан жаннат сайидаси Оиша розиёллоҳу анҳо онамиз ўртасида “Жамал” жанги ва ваҳий котиби Муовия ибн Абу Суфён розиёллоҳу анҳумо билан Али ибн Абу Толиб розиёллоҳу анҳу ўрталарида “Сиффин” жанги рўй бермаган бўлар эди. Биз уларни мазаммат қилмоқчи эмасмиз. Аллоҳ сақласин! Гарчи уларнинг нотўғри ижтиҳодлари сабаб кўплаб мусулмонлар қирилиб кетган бўлсада, улардан ҳукмни тўғри топгани икки ажр, нотўғри топгани битта ажр олишларига бизнинг шубҳамиз йўқ. Саҳобаларни Аллоҳ учун яхши кўрамиз!
Энди дўппини ечиб ўйланг! Асри саодат соҳиблари омонда қолмаган фитналар бизнинг устимизга ёпирилиб келганига ўн тўрт аср бўлибди. Қандай қилиб бу фитналардан бугунги баъзи “Чаласавод олимлар” омонда қолишлари мумкин? Кўраяпсизми? Нега бугунги уммат устидан қора булутлар тарқаб кетмаяпти? Чунки уммат ўзи билан ўзи олишиб, талашиб, олдинга қадам қўймаяпти. “Шаҳидлик” даъвосида, бегуноҳ кишиларнинг ҳаётига зомин бўлиб ўзини жаҳаннамга отаяпти. Буларни “Жаннатга чорлаб, жаҳаннамга чопганлар” демасдан нима деб аташ мумкин?
Шундай экан азиз мусулмонлар! Динларингизни кимдан олаётганингизга жуда ҳам диққат қилинг. Бугун “Фозил” деб ўйлаганингиз “фосиқ” чиқиб қолаётган бир замон. Буюк тобеин Шайх Муҳаммад ибн Сирийн рахматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади:
عن محمد بن سيرين قال: إن هذا العلم دين فانظروا عمن تإخذونه دينكم
Яъни: “Албатта бу илм диндур. Бас динингизни кимдан олаётганингизга этибор қилинг” деганлар.
Аллоҳ барча мусулмонларни ўзининг мустаҳкам арқонида бирлаштирсин!!!
Тошкент ислом институти
“Ҳадис ва ислом тарихи” фанлари
Кафедраси катта ўқитувчиси
Расулжон Тошпулатов