Хаттотлик шарқ мамлакатларида ўзига хос алоҳида йўналиш касб этган ва фан даражасига кўтарилган бебаҳо санъатдир. Ўрта Осиё халқлари ислом динини қабул қилиши билан бу ўлкага араб ёзуви ҳам кириб келди ва инсонлар орасида муомалада бўлган қадимий уйғур, ўрхун-энасой, суғд, хоразмий ёзувлари аста-секин истеъмолдан чиқиб, уларнинг ўрнида VII аср охиридан араб ёзуви илму фан ва давлат ишларида расмий ёзувга айланди. Шу билан бирга араб хатини ўзлаштириш ва уни санъат даражасида кўтаришга жиддий аҳамият берила бошланди.
Бир неча аср давомида амалда қўлланилган араб ёзувининг 100 дан ортиқ тури мавжуд. 28 ҳарфдан иборат бўлган араб алифбосининг дастлабки шакли “Хатти маъқалий” бўлиб, тик чизиқлар билан ифодаланган. Аммо узоқ истеъмолда бўлса-да, шуҳрат қозона олмаган. VII асрдан бошлаб унинг ўрнини араб ёзувининг энг қадимийси ва машҳури ҳисобланган “Хатти куфий” эгаллайди. Кейинчалик хатти маъқалий ва куфий хати асосида араб ёзувининг санъаткорона яратилган 8 хил асосий услуби майдонга келган. Булар: сулс, насх, муҳаққақ, райхоний, тавқиъ, риқоъ, девоний ҳамда настаълиқ хати. Бу хатлар ичида энг кўп қўлланиладигани ва барча учун бирдек манзур бўладигани, тез ва осон ўқиладигани насх хати бўлиб, 22 араб давлати ва Эрон Ислом Республикасида шу хатдан фойдаланилади. Қуръони карим ҳозирги вақтда асосан насх хатида чоп этилади.
Шарқда хаттотларнинг хатлари маъно ифодасидан ташқари, кишини ҳаяжонга солиб, унга эстетик завқ берган. Ўрта Осиёда китоб босиш вужудга келгунига қадар қўлёзмакитоб тайёрлаш, уларнинг нусхаларини кўпайтириш (матн кўчириш) билан хаттотлар шуғулланган (Китобат санъати). Хаттотлар саройларда, гуруҳ бўлиб ишлаган.Ҳар бир хатга санъат мўъжизаси сифатида қаралган. Шу сабабли бу санъат ривожланиб, турли хаттотлик мактаблари юзага келди.
Ўрта Осиё хаттотлик санъати тараққиёти тарихига бир назар солсак, VII–X асрларда Араб халифалигининг марказий шаҳарлари – Макка, Кўфа ва Басрада яратилиб, кейинчалик халифаликнинг бошқа ҳудудларига тарқалган хат турларидан фойдаланган ҳолда Мовароуннаҳр хаттотлик мактаби вужудга келганини билиб оламиз. Аҳмад ибн Умар Ашъас Абу Бакр Самарқандий (XI аср), Аҳмад Табибшоҳ Мовароуннаҳрий (вафоти 1215 йил), Али Банокатий (XIII аср), Жамшид Шоший (XIV аср) каби хаттотлар ушбу мактаб вакиллари сифатида донг таратганлар.
XIV–XV асрларда илм-фан, маданият ва санъатнинг барча соҳаларида бўлгани каби хаттотлик санъатида ҳам мисли кўрилмаган юксалиш кузатилди. Марказий Осиёда Темурийлар,Шайбонийларва сўнгги сулолалар (аштархонийлар,манғитлар) даврида бу санъат тури юксак даражада тараққий этган.Шу даврлардан бошлаб Ўрта Осиёнинг турли минтақаларида бир неча хаттотлик мактаблари пайдо бўлди.
XV асрда Темурийлар сулоласи ҳукмдорларининг қўллаб-қувватлашлари билан Ҳирот хаттотлик мактаби вужудга келган. Амир Темур даврида Мавлоно Шамсуддин Мунший, сангтарош ва хаттот Олтун жуда машҳур бўлган.
Алишер Навоийнинг шахсий кутубхонасида 11 та йирик хаттот санъаткорлар «Хаттотлар султони» Султонали Машҳадий (1437–1520),“настаълиқ” хатини ихтиро қилиб, уни санъат даражасига кўтарган Мир Али Табризий (1330-1405), Дарвеш Муҳаммад Тақий Ҳиравий (XV асрнинг биринчи ярми), Абдулжамил Котиб (вафоти 1505/1506 йил), Дарвеш Муҳаммад Тоқий (XV асрнинг иккинчи ярми— XVI аср бошлари) каби вакиллари самарали ижодлари билан элга танилган.
Иброҳим ибн Шоҳруҳ, Бойсунғур Мирзо, Бадиуззамон Мирзо каби Темурий шаҳзодалар ҳам хаттотликка ҳомийлик қилиш билан бирга ўзлари бу санъат тури билан шуғулланган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса янги хат ва алифбо «Xammu Бобурий» ихтирочисидир.Темурий шаҳзодалардан Бойсунғур Мирзо (1397—1433) эса ўз замонасининг етук олимларидан эди. У Ҳиротда ташкил қилган кутубхонада мусаввир, наққош ва бошқа усталар билан бир қаторда 40 дан ортиқ хаттотлар қўлёзма китоблар тайёрлаш, яроқсиз ҳолга келганларини таъмирлаш билан машғул бўлган.
XVI асрда Шайбонийлар сулоласи ҳам хаттотликка катта эътибор қаратди. Ҳукмдорлардан Муҳаммад Шайбонийхон ва Убайдуллахон хаттотлик билан шахсан шуғулланган ва насх хатида юксак маҳорат билан ёзган.Шайбонийхонлари саъй-ҳаракатлари билан Бухоро хаттотлик мактабига асос солинган. Унда Мовароуннахр хаттотлик мактабини юзага келишида ҳаёти ва ижоди алоҳида ўрин тутган Мир Али Ҳиравий (вафоти 1557 йил), Мир Убайд Бухорий (ваф. 1601 й.), Мир Ҳусайн Кўланкий Бухорий (XVI аср), Саййид Абдуллоҳ Бухорий (вафоти 1647), Ҳожи Ёдгор (вафоти 1663), Аҳмад Дониш (1826–1897) каби етук хаттотлар юксак маҳоратлари билан шуҳрат қозонди.
XVIII аср бошларида Хива ва Қўқон хонликлари ҳудудида Хоразм ва Фарғона хаттотлик мактаблари, XIX асрда эса Самарқанд ва Тошкент хаттотлик мактаблари шаклланди.
Хоразм хаттотлик мактаби ўзининг Мунис Хоразмий (1778–1829), Комил Хоразмий (1825–1899) каби намояндалари билан танилган бўлса, Фарғона хаттотлик мактаби Мирзо Мирзо Шариф Дабир (XIX аср), Муқимий (1850–1903), Самарқанд хаттотлик мактаби Очилдимурод Мирий Каттақўрғоний (1830–1899), Абдулжаббор Ургутий Самарқандий (1885–1910), Тошкент хаттотлик мактабис эса Муҳаммад Юнус Котиб (XIX аср) ва Муҳаммад Шоҳмурод Котиб (1850–1922) каби вакиллари билан машҳур бўлди.
Босмахона пайдо бўлгунига қадар котиб, хаттотлар меҳнати китоб тайёрлашда муҳим ўрин тутган. Бу борада Бойсунғур Мирзо, Алишер Навоий, Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз) ва бошқаларнинг фаолиятлари диққатга сазовор.
Хаттотлик санъатидан меъморчилик ва халқ амалий санъатида ҳам кенг фойдаланилган. Юртимизда азалдан меъморий иншоотлар – масжидлар, мадрасалар ва мақбараларнинг ташқи ва ички деворлари, пештоқлари турли нақшлар билан биргаликда хаттотлик услубларида ёзилган битиклар – Қуръони карим оятлари, ҳадислар, ҳикматли сўзлар ва шеърий парчалар билан безатилган. Мусулмон хаттотлик санъати Хитой, Япония ва Европада ҳам кенг тарқалган.
XX асрда хаттолар йирик кутубхоналардаги қўлёзма китоблар нусхасини кўпайтириш билан шугулландилар. Жумладан, Навоий кутубхонаси (Ўзбекистон миллий кутубхонаси) да бир гуруҳ хаттотлар фаолият юритган. 1943 йилда Ўзбекистон Фанглар Академияси Шарқшунослик институти ташкил топгач, малакали хаттотлардан Ибодулла Одилов, Абдуқодир Муродов, Абдулла Носиров, Усмон Каримов каби хаттотлар жамоаси шу ерга тўпланди ва улар кўҳна қўлёзмаларни тиклаш, кўчириш, тавсиф варақалари тузиш билан шуғуллана бошладилар.
XX асрнинг 80йилларига келиб китобат санъати бир гуруҳ кишилар томонидан қайта тикланди. Бунда Ҳабибулла Солиҳ, Абдулла Мирсоатов, Тўхтамурод Зуфаров, Алишер Шомуҳаммедовларнинг хизматлари катта. Жумладан, хаттот Ҳабибулла Солиҳ Қуръони Каримнинг асл нусхаси “Усмон Мусҳафи” дан пергаментга 3 марта нусха кўчириб тайёрлаган (бир нусхаси Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида; пергаментга кўчириб тайёрлаган яна бир нусхаси Тошкентисломуниверситетида).
Бугунги кунда Ғафуржон Раззоқов, Ҳабибулла Солиҳ, Салимжон Бадалбоев, Абдулла Мирсоатов, Тўхтамурод Зуфаров, Алишер Шомуҳамедов ва бошқа хаттоларнинг элимиз олдидаги хизматлари катта.
Ҳабибулла Солиҳ 1998 йили Истанбулда ўтказилган халқаро хаттотлар беллашувида «Девоний» хат услуби бўйича кучли ўнликдан жой олди. 1999 йили у хаттотликда янги тарз, яъни нақшин безак ёзувининг алифбосини кашф қилгани учун Лоҳурдаги халқаро хаттотлар беллашувида «Парвин рақам» («Шарқ юлдузи»)унвонига сазовор бўлди.
Ҳозирда хаттолларимиз диёримиздан топилган қадимий Қуръони Каримнинг яна бир нусхаси “Катта Лангар Қуръони”дан (Санкт Петербург ва Ўзбекистондаги нусхалари асосида) терига кўчириб нусха тайёрламоқда.
Асроров Козимхон Олимхон ўғли
Тошкент ислом институти ўқитувчиси ва
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили
ва адабиёти университети магистранти.
Фойдаланилган манба ва адабиётлар рўйхати
- Абдулқодир Муродов. Ўрта Осиё хаттотлик санъати тарихидан. Тошкент: Фан, 1971. –Б. 3.
- Абдуғаффор Раззоқ Бухорий. Шарқ хаттотлик ва миниатюра санъати намуналари (VII-XXI асрлар мусанниф бисотидан ). Тошкент: Ўзбекистон, 2011. –Б.450
- Абдуғаффор Раззоқ Бухорий. Ҳуснихат дурдоналари (Настаълиқ хати қоидалари). Тошкент: Мовароуннаҳ,. 2008.
- Абдуғаффор Раззоқ Бухорий. Шарқ хаттотлик ва миниатюра санъати намуналари (VII-XXI асрлар мусанниф бисотидан ). Тошкент: Ўзбекистон, 2011. –Б.450
- Аҳмад Ҳомиший. Жаворий ал-адаб. II жуз. –Б.64. Ал-мактабааш-шамила. Исдор. 348.
- Байрут: Дорун нашр, 1992. Муҳаммад Шарифжон Садр-и Зиё. “Тазкиратул хаттотийн”.// Қўлёзма. Ўз ФА ШИ. – .№1304
- Р.Жуманиёзов. “Эски ўзбек ёзуви”. – Ўқитувчи, 1989 й.
- Масъудали Ҳакимжон. “Хатти муъаллимий” . – Меҳнат, 1991й.
- Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан Абу Абдуллоҳ Ҳаким ат-Тирмизий. “Наводирул-усул фи аҳодис ар-росул”.
- Шоди Каримов, Рустам Шамсуддинов. Ватан тарихи. Тошкент: Ўқитувчи, 1997. –Б.501.
- Аҳмад ибн Али Қалқашандий Мисрий. (1355-1418) – “Субҳил аъша фи синоат ал-иншо”. Энциклопедия.