islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳаким Термизий раҳимаҳуллоҳ

Жаҳон эҳтиромига сазовор бўлган термизлик буюк сиймолардан бири Ҳаким Термизий 820 йили Термиз шаҳрида таваллуд топиб, 932 йили вафот этган. У кишининг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Башар Термизийдир. Алломанинг мақбараси Термиз шаҳри яқинида Амударё бўйида жойлашган.

Ҳаким Термизийнинг илмий камолотида катта хизмати бўлган отаси Али ибн Ҳасан фарзандига нафақат меҳрибон ва ғамхўр, балки талабчан мураббий ва маърифатли устоз мақомида бўлган. Отаси вафотидан кейин Ҳаким Термизий ўз шаҳридаги етук олимлардан тафсир, ҳадис ва фиқҳ илмларидан сабоқ олади. Манбаларда у кишининг термизлик муҳаддислар Абу Муҳаммад Солиҳ ибн Муҳаммад ибн Наср Термизий, Солиҳ ибн Абдуллоҳ Термизийдан ҳадис илмини ўргангани келтирилган. Алломанинг оилавий аҳволи, рафиқаси солиҳа, тақводор аёл бўлгани, улар олтита фарзандни тарбиялаб вояга етказгани тўғрисида ҳам маълумотлар мавжуд. Тарихий манбаларда Ҳаким Термизий қаламига мансуб асарлар сони тўрт юзга яқин, дейилган. Айримларда у киши саксонта ёки қирқта асар ёзгани ҳақида ёзилган. Ҳаким Термизийнинг бизгача етиб келган асарлари унинг илмий меросининг муҳим қисмини ташкил қилади.
Алломанинг ўндан зиёд асари замонамизгача етиб келган. Жумладан, “Наводир ал усул фи маърифат ахбор ар-Расул” (“Расулуллоҳ хабарларини билишда нодир усуллар”) асари “Салват ал-орифин ва бўстон ал-муваҳҳадин” (“Орифлар овунчоғи ва Аллоҳнинг ягоналигига ишонувчилар бўстони”) номи билан ҳам аталади.

Ҳаким Термизийнинг ҳадисга бағишланган “Жомеъ ул-усул” номли қўлёзмаси Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланмоқда. Асарлари асосан тасаввуф фалсафасига бағишланган. Аллома мероси араб мамлакатларида кенг ўрганилмоқда. Мисрдаги “Ал-Азҳар” университети олимларидан А. Барака яқинда Ҳаким Термизийга бағишланган икки жилдлик асарини чоп эттирди. Алломанинг тасаввуфга оид икки асари – “Китоб ҳақиқат ал-одамиййа” (“Инсоният ҳақиқати тўғрисида китоб”) ва “Адаб ун-нафс” (“Нафс одоби”) нашр этилган. Ҳаким Термизий асарларининг аксар қисми қўлёзма ҳолда жаҳоннинг йирик шаҳарларидаги китоб хазиналарида, хусусан, Париж, Қоҳира, Дамашқ, Искандария, Истанбул ва Лондон каби шаҳарлардаги қўлёзмалар жамғармаларида сақланади.
Буюк бобомиз асарларини мазмун-моҳиятига кўра, толиби илмларга ўқилган маърузалар матнлари турли-туман муносабатларга бағишланган, савол-жавоб тарзидаги, эътирозларга раддия ёхуд бирор мураккаб, чигал масаланинг баёни ёки дўсту биродарларга йўлланган мактублар ташкил қилади. Аллома фаолиятини ўрганган қатор тадқиқотчиларнинг таъкидлашларича, Ҳаким Термизий асарлар ёзишда ўз даврида мавжуд бўлган йўлдан юрмади, балки диний қараш ва тасаввурларидан келиб чиқиб, ўзига хос алоҳида йўлни танлади.

 Мақбараси

Ҳаким Термизий мақбараси Термиздаги қадимий меъморий ёдгорликлардан бири саналади. Мақбара қадимги хонақоҳ ҳужраларидан бирига қурилган. Ҳаким Термизий шу ерда мурид-шогирдлари ва дарвешларни қабул қилган. Вафотидан сўнг шу хонақоҳга дафн қилинган. Мақбараси атрофига X–XI асрларда ибодатхоналар қурилган. Жумладан, XI асрда мақбаранинг шимолида уч гумбазли айвон, унинг ғарбий томонида пишиқ ғишт билан қопланган масжид барпо қилинган. Мақбара бир неча марта таъмирланган. XIII аср охирида Термизда мўғул босқини тугатилганидан кейин мажмуа кенгайтирилган. XV аср бошида Амир Темурнинг невараси Халил Султон Термизга ҳукмронлик қилган даврда мақбаранинг шимоли-шарқий қисмига ҳашаматли хонақоҳ қурдирган. Шоҳрух замонида Ҳаким Термизий мозори устига оқ мармарли муҳташам сағана ўрнатилган.

Меъморий мажмуа

Сурхон воҳасидаги муҳташам иншоотлардан бири – Термизий меъморий мажмуаси. Мажмуа Термиз шаҳрида жойлашган. Ҳаким Термизий меъморий мажмуаси 1955–1957 йилларда илмий жиҳатдан ўрганилиб, ХIV–ХV асрлардаги кўриниши қайта тикланган. 1980–1981 йилда ҳамда 2001–2002 йилларда мақбара ва хонақоҳ қайта пардозланган. Ҳозирги кунда кўплаб юртдошларимиз ва сайёҳлар Термизий мақбарасини зиёрат қилиб, гўзалликдан баҳраманд бўлишмоқда.

Тошкент ислом институти

Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси

ўқитувчиси М.Баймиров

213940cookie-checkҲаким Термизий раҳимаҳуллоҳ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: