Фақиҳ, мутакаллим, муфассир, устоз, шайх, доктор Абу Убода Ваҳба ибн Мустафо ибн Ваҳба Зуҳайли 1932 йил Сурия мамлакатининг Дамашқ ва Ҳимс шаҳарлари ўртасидаги Дияри атийя шаҳарчасида дунёга келганлар.
Ота-онаси зиёли, тақводор, салоҳиятли, обрў-эътиборли кишилардан бўлишган. Отаси шайх Мустафо Зуҳайли Қуръони каримни тўлиқ ёд олган, унга қаттиқ амал қилувчи, набавий суннатга ошиқ, илмли, парҳезкор, тақводор, обид, деҳқончилик ва тижорат билан шуғулланувчи зот бўлганлар.
Ваҳба Зуҳайли илк таълимотни айнан отасидан олганлар. Кейинчалик бошланғич мактабни ўз шаҳрида тамомлагач, 1946 йили Дамашқдаги шариат факультети қошидаги академик лицейга ўқишга кирганлар. Талабалик даврида ўз иқтидори, қобилияти, тиришқоқлиги, ўткир зеҳни, илмга чанқоқлиги билан тенгдошларидан алоҳида ажралиб турганлар. Бўш вақт топилдими, фақат ва фақат мутолаа билан шуғулланганлар. Лицейда олти йил таҳсил олиб, 1952 йили уни аъло баҳоларга битирганлар.
Сўнгра илмий таҳсилни Миср пойтахти Қоҳирадаги Азҳари шариф университетининг шариат факультетида давом эттирганлар. Бу ерда ҳам доимо илмий изланишда бўлганлар. Машҳур шайхларнинг дарс ҳалқаларига қатнаб, илмларини янада бойитиб борганлар. 1956 йили дипломни аъло баҳо билан қўлга киритиб, сўнгра Азҳари шарифнинг араб тили факультетида мударрис бўлиб ишга кирганлар. Ана шу аснода ҳуқуқ илми мутухассислиги бўйича ўқишни давом эттириб, 1957 йили «Айнуш шамс» университетидан ҳуқуқ бўйича лицензиат (илмий унвон)ни, 1959 йил Қоҳира университетининг ҳуқуқ факультетида магистирлик дипломини қўлга киритганлар.
1963 йил ажнабий университетлари билан рисола алмашуви ўтказиб, Ислом шариати бўйича докторлик дипломини қўлга киритганлар. Ундаги мавзу «Исломий фиқҳдаги уруш асоратлари» бўлиб, унда саккиз мазҳаб (тўртта сунний, тўртта шийъа) ва умумий давлатлараро қонунчилик орасини қиёслаш хусусида эди.
Ваҳба Зуҳайли 1963 йил Дамашқ шаҳрида мударрис бўлиб, 1969 йил ёрдамчи устоз, 1975 йил умумий устоз бўлиб тайинланганлар. Мана шу йилдан бошлаб узлуксиз дарс, таълиф, кўрсатма бериш, умумий ва хос лекциялар билан машғул бўлганлар.
Доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайли ҳазратлари ўз устида тинимсиз ишлаганлар. Илм олишга, дарс беришга жуда қизиққанлар. Ҳар қандай вақт ва шароитда ҳам таълимни биринчи ўринга қўйганлар. Шу сабаб бошқа устозлар, шайхлар ва толиби илмлар ўртасида анчайин обрў-эътиборга сазовор бўлганлар.
Шайх Ваҳба аз-Зуҳайлий уч энциклопедия муаллифидир: 1. “Исломий фиқҳ ва унинг далиллари” (8 мужаллад). 2. “Мунир тафсири” (16 мужаллад). 3. “Исломий фиқҳ усуллари” (2 мужаллад). Бундан ташқари “Ақидадаги Ислом низоми”, “Ҳукм низоми, давлатлар аро алоқалар ва Ислом олами муаммолари”, “Саид ибн Мусаййаб, Убода ибн Сомит ва Умар ибн Абдулазиз” каби китоблари ҳам машҳур.
Ишлаган лавозимлари
– Дамашқ университетининг шариат факултетида Исломий фиқҳ ва мазҳаблари бўлимининг раиси.
– Дамашқ университетининг шариат факултетида вакил сўнгра ваколат билан тўрт йилга декан (1967–1970).
– Араб муассасаларидаги Исломий банкларидаги шаръий кузатув ҳайъати, Исломий банклардаги муассасалар шаръий ўқув ҳайъати раиси, Исломий банклар шаръий мажлиси аъзоси.
–Исломий фиқҳ ва мазҳаблар қисми раиси.
– Макка, Жидда, Ҳиндистон, Америка ва Судандаги фиқҳ академияси аъзоси.
– Араб амирлигидаги университет қошидаги шариат ва қонун факултети, Исломий шариат бўлими раиси сўнгра тўрт йил муддатга декани.
– Иорданиядаги “Оли байт муассасаси” қошидаги Ислом маданияти тадқиқот маркази академияси аъзоси.
– Етмишдан ортиқ магистр ва докторлик рисолаларига Дамашқ, Байрут ва Хуртум шаҳарларидаги раҳбарлик.
– Сурия ва Араб амирлиги давлатларидаги дарслик дастурларини ишлаб чиқишда раҳбарлик.
– 1988-йили Қувайт университетида шариат ва Исломий билимлар журнали ташкилотчиси.
– Сурия радиосида Қуръон тафсири асосида “Қуръондаги қиссалар” “Қуръон ва ҳаёт” номли эшиттиришлар муаллифи.
– Дамашқ, Амирлик, Қувайт, Саудия ва бундан бошқа давлатларнинг фазовий каналларидаги чиқиш. Бундан ташқари мазкур давлатлар газета ва журналларидаги интервюлар.
– Араб амирлиги университетида шариат ва қонун журнали асосчиси.
– Амирликдаги университет қўлёзмалар ҳайъати ва олий маданият ҳайъати раиси.
– Дамашқдаги “Ислом дастури” журнали таҳрир ҳайъати аъзоси.
– Дияр атийя шаҳридаги шайх Абдулқодир мактаби идорасининг ҳайъат раиси.
– Дамашқдаги Усмон жомеъ масжиди ва ёз фаслида Дияри атийядаги иймон масжиди имом хатиби.
– Покистон, Судан ва бундан бошқа кўпгина давлатларда ўзлари таълиф этган машҳур “Ислом фиқҳи ва унинг далиллари” номли китобидан ўтадиган дарслари.
Дамашқдаги устозлари
- Шайх Маҳмуд Ёсин – Ҳадиси набавийдан
- Шайх Маҳмуд Ранкусий – Ақидадан
- Шайх Ҳасан Шаттий – мерос илмидан
- Шайх Ҳошим Хатиб – Шофеъий фиқҳидан
- Шайх Лутфий ал-Файйумий – Усулул фиқҳ ва мусталаҳул ҳадисдан
- Шайх Аҳмад ас-Симақ – Тажвиддан
- Шайх Ҳамдий Жувайжотий – Тиловат илмидан
- Шайх Абулҳасан Қассоб – Наҳв ва сарф фанидан
- Шайх Ҳасан Ҳаббанакка ва шайх Содиқ Ҳаббанакка ал-Майдоний – Тафсирдан
- Шайх Солиҳ Солиҳ Фарфур – балоғат араб адабиётидан
- Жавдат Мординий эса – Хатобадан
- Устоз Рашид Сатий ва Ҳикмат Сатийлар Тарих ва ахлоқдан
- Доктор Нозим Маҳмуд ва Маҳир Ҳамадалар Шариат тарихидан
Бошқалар эса химия, физика ва инглиз тилидан дарс беришган.
Мисрдаги устозлари
- Азҳар шайхи имом Маҳмуд Шалтут
- Имом Абдураҳмон Тож
- Шайх Ийсо Мунавван – қиёсий фиқҳ
- Шайх Жодуррабб Рамазон – шофеъий фиқҳи
- Шайх Маҳмуд Абдуддайим – шофеъий фиқҳида
- Шайх Мустафо Абдулхолиқ ва у кишини укалари шайх Абдулғани Абдулхолиқлар – усулул фиқҳдан
- Шайх Муҳаммад Али Заъбий – Ибодат фиқҳидан
- Шайх Муҳаммад Абу Зуҳра, шайх Али Хафиф, шайх Муҳаммад Баннолар – қиёсий фиқҳдан.
Шогирдлари
- Инилари доктор Муҳаммад Зуҳайлий
- Доктор Муҳаммад Форуқ Ҳамада
- Доктор Муҳаммад Наим Ёсин
- Доктор Абдусаттор Абу Ғудда
- Доктор Абдулатиф Фарфур
- Доктор Муҳаммад Абу Лайл
- Доктор Абдуссалом Ибадий
- Доктор Муҳаммад Шурбачий
- Доктор Можид Абу Рухайя
- Доктор Ҳамза Ҳамза ва бундан бошқа шариат факултети ҳамда диний тарбия вазирлигидаги юзлаб устозлар.
Сурияда 40 дан ортиқ авлод у кишини қўлларида таҳсил кўрди. Бундан ташқари Ливия, Судан, Араб амирлиги, Америка, Малайзия, Афғонистон, Индонезия ва дунёнинг машриқи ва мағрибида минглаб одамлар фиқҳ, усул ва тафсирларидан таҳсил олишди.
Шайх, доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий роҳимаҳуллоҳ Шом диёрининг энг кўзга кўринган фақиҳларидан бири бўлганлар. Фиқҳ жамияти билан ўтган учрашувда қуйидаги сўзларни айтгандилар:
“Илмий ишларимнинг барчаси 120 мужаллад бўлиб, 50 минг саҳифадан иборатдир. Қишин-ёзин тонгги соат 04:00 дан кечки 20:30 гача бўлган бутун вақтимни илмий иш устида ўтказаман”.
Алломанинг беш нафар фарзанди бўлиб, уларнинг барчаси олий маълумотли, олим, шайх, мударрис.
Машҳур олим Абу Убода Ваҳба ибн Мустафо ибн Ваҳба Зуҳайли 2015 йил (ҳижрий 1436 йил шаввол ойининг 24-куни) 83 ёшларида оламдан ўтганлар ва ўзлари туғилиб ўсган шаҳарчада дафн этилганлар.
Эркин Қудратуллоҳ,
ТИИ Махсус сиртқи бўлим 3-босқич талабаси