Ибн Таймия раҳматуллоҳи алайҳ ва Баҳрулулум Неъматуллоҳ Аъзамий ҳафизаҳуллоҳнинг “Саҳиҳайн” ҳадислари энг саҳиҳи дейилган фикрга муносабати
Ибн Таймия раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Бир ҳадисни Имом Бухорий ҳам, Муватто соҳиби ҳам ривоят қилган бўлса, баъзан Бухорийнинг ровийлари, баъзан эса Муваттонинг ровийлари афзал бўлса, бу ривоятларда иккалаларининг рижолларига қаралади. Гарчи биз Бухорийда келган ровийлар Муваттода келган ровийлардан буюкроқ эканини билсак ва бу тайин қилиш илмини ифода этса-да, бироқ “Муватто”нинг сиқа ровийларидан баъзан Бухорий ривоят қилган бўлади. Демак, ўша ровийлар ҳам Муваттони, ҳам Бухорийнинг рижолларидандир. Баъзан, Бухорий бир матнни ўз санади билан ривоят қилади. Ўша ҳадис “Муватто”да Бухорийнинг шартига тушадиган ва унинг рижолларидан яхшироқ бошқа бир санад билан келиши ҳам учрайди. Демак, ҳадис агар Бухорий ва “Муватто”да муснад бўлиб келса, санадларига қаралиб, бу масалада умумий ҳукм ила қарор чиқарлмайди” .
Шайхимиз аллома муҳаддис мунаққид Баҳрулулум ҳафизаҳуллоҳ юқоридаги матнларни ўз китобида нақл қилиб бўлганидан кейин айтади: “Бунга қўшимча равишда айта оламизки, саҳиҳлик борасида келган юқоридаги тартиб мантиқчиларнинг услуби ва тақсимотига асосланган тартибдир. Муҳаддисларнинг услуби ва воқеълик ҳолат бундай эмас. Чунки воқеъийлик унинг аксидир. Илмий текширув, таҳқиқот ва тадқиқотлар буни қабул қилмайди. Бу нарсани аллома муҳаддис Аҳмад Шокир раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Саҳийфату Ҳаммам ибн Мунаббиҳ” деган китобга ёзган муқаддимасида ҳам айтиб ўтган: “Мана шу саҳифа шайхайн ўзининг китобида ҳамма саҳиҳларни қамраб олмаганлиги ва лозим тутмаганлигига кучли далилдир. Бу икки шайх ўзлари ҳам шу гапни айтмаганлар. Балки у баъзи уламолар томонидан айтилган эҳтимол ва истинботдир, холос. Бунда уларнинг мақсади “Саҳиҳайн”ни улуғлаш, шайхайнни фазлини эътироф этиш, уларнинг ижтиҳоди ва қасдларини ҳурмат қилиш бўлган. “Саҳиҳайн” ҳар қанча ҳурматга лойиқ бўлса-да, лекин бунинг маъноси улар ривоят қилмаган саҳиҳ ҳадислар саҳиҳлик борасида булар ривоят қилган ҳадислар даражасида бўлмайди, деганимас. Балки олий саҳиҳлик шартлари топилганда “Саҳиҳайн” ҳадислари даражасидаги саҳиҳ ҳадислар жуда кўп.
Ҳаммом ибн Мунаббиҳнинг саҳиҳ саҳифаларига келсак, икки шайх шу саҳифалардаги ҳадисларни тахриж қилишга иттифоқ қилганлар. Бундан Имом Бухорийнинг ёлғиз ўзи ривоят қилган ҳадислар ҳам бор, Имом Муслимнинг Бухорийга қўшилмасдан ўзи ёлғиз ривоят қилган ҳадислар ҳам бор. Бу саҳифадан қолган ҳадисларни иккалалари ривоят қилмасдан тарк қилганлари ҳам бор. “Саҳиҳайн”да келган ҳадисларни тахрижларидан бу ҳолат маълум бўлиб туради. Демак, шу саҳифада келган ҳадислар далолат қиладики, шайхайн ушбу саҳифанинг ҳадисларидан олиб, ривоят қилиб иттифоқ қилган ҳадислари доимо иккалаларидан битталари олиб ривоят қилган ёки ҳеч бирлари ундан тахриж қилмаган ҳадислардан кўра саҳиҳликда олийроқ бўлади, деганимас. Балки саҳиҳликдаги бу борадаги эътибор саҳиҳлик шартларини топилишига қаратилади. Ёки саҳиҳлик даражаларини олий шартлари қайсидир ҳадисда топилса, ўшани саҳиҳ дейиш тўғри бўлади. Бунда иккалалари тахриж қилган ёки тахриж қилмаган бўлишлари аҳамияти йўқ” .
Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси А.Ғиёсов