Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ёшларни таълим-тарбия орқали маънавий-маърифий, илмий соҳада умумбашарий қадриятлар билан уйғун, миллий анъана ва қадриятларни авайлаб-асраш ҳамда мустаҳкамлигини таъминлаш, ҳуқуқий маданиятини ошириш орқали диний маърифатни асл моҳиятини англашга амалий ёрдам бериш мақсадида ўз соҳасининг мутахассислари, олимлари билан учрашувлар ўтказилмоқда.
Бугун Академия “Ижтимоий-гуманитар фанлар” кафедрасининг “Тафаккур майдони” илмий-маърифат жамоатчилик маркази томонидан “Шарқ цивилизацияси: ёшлар ва янгича дунёқараш” мавзусида баҳс-мунозара тадбири ташкил этилди. Учрашувда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодир Жумаев ўртасида мунозара (double battle) бўлиб ўтди. Тадбирда Академия профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этди.
– Бугунги мавзу жуда долзарб ва муҳим ҳисобланади, – дейди Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров. – Ислом цивилизацияси ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Шарқда рўй берган ислом цивилизацияси нафақат ислом олами, балки бутун башарият, инсоният тараққиётига таъсир қилди дейиш мумкин. Ислом цивилизациясининг асосий ўзак ғояларидан бири илмга бўлган ҳурмат, интилишдир. Бугунги кунда мусулмон дунёси нега бу нарсадан узоқлашиб боряпти? Нега бойлик, ҳашаматга ружу қўймоқда? Нега иқтисодий кўрсаткичлар билан дунёнинг етакчи давлатлари қаторида мусулмон мамлакатлари йўқ. Саводхонлик, аҳолини саводхонлиги бўйича мусулмон дунёси бошқалардан орқада қолмоқда. Бунинг сабабини пухта ўйлаб кўриш керак.
“Бешикдан қабргача илм олиш керак” деб айтилган. Бу яхши. Аммо мақсад илм олиш эмас, восита бўлиши керак. Инсон ўзи олган билимларини татбиқ эта олиши муҳим. 100 та китоб ёзсаю, аммо ўша китоблар инсонга фойда келтирмаса, бу каби илмнинг нима кераги бор? Фақатгина диний илмларни эгалласам бўлди дейиш хато. Аксарият инсонларнинг тушунчасида ҳам шу бор.
Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодир Жумаев бу борада ўз фикрларини билдириб ўтди.
– Тарихга юзланадиган бўлсак, ҳар бир ривожланган мамлакатларда цивилизация бўлган, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодир Жумаев. – Қувонарлиси, юртимизда Давлатимиз раҳбари томонидан таълим соҳасига бўлган эътибор ошмоқда. Мисол учун, Президентимиз жорий йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном берган бўлсалар, Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаларида асосий урғуни таълим соҳасига қаратган эдилар. Чунки таълимсиз ривожланиш бўлмайди. Ҳаттоки, Қуръони каримнинг илк сураси ҳам “Ўқи” деган оятдан бошланади. Қуръон каримни ўқисак, бутун дунё илми унда ётибди. Аммо унга амал қилиш яхши бўлмагани, ёлғон аралашгани учун кўп соҳаларда орқада қолиб кетганмиз. Қачонгача, ўтмишда яшаган буюк аждодларимиз билан мақтаниб юраверамиз. Уларга муносиб давомчи бўлишни ҳам ўрганайлик. Бунинг учун эса яхши ўқиш зарур. Зеро, “ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”. Бунинг учун бизда барча имкониятлар бор, аммо қунт қилишда оқсаяпмиз.
Вазиятга реал баҳо берадиган бўлсак, бугун ривожланган мамлакатлар тараққиёти замирида илмга бўлган инвестицияни кўрамиз. Биз ҳам шу йўлдан борайлик. Шу боис Давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан ёшлар учун кўплаб шароитлар яратиляпти. Бир неча йил аввал ёшларни олий таълимга жалб қилиш кўрсаткичи ачинарли аҳволда эди. Ҳар 100 кишидан 9 таси олий таълимга киришга имконияти мавжуд эди. Ўтган йили бу кўрсаткич 25 фоизга чиқди. Яқин йилларда бу кўрсаткич янада ошади. Кўриниб турибдики, таълимга бўлган эътиборни кучайтирмасдан туриб тараққиётга эришиб бўлмайди.
Баҳс-мунозаралар давомида талабаларга шарқ цивилизациясининг ривожида юртимиз алломаларининг аҳамияти, дунё сиёсат майдонида содир бўлаётган ўзгаришлар, ёшларни қийнаётган муаммолар ҳақида сўз юритилди.
Талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича маърузачиларга мурожаат қилишди. Қизғин ўтган учрашув йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
ТИИ Матбуот хизмати