Усулул фиқҳ илми вужудга келиши бугунги кунга етиб келгунга қадар бир қанча босқични босиб ўтган. Улар қуйидагилардан иборат:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида усулул фиқҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида у зотнинг ўзлари Қуръони карим оятлари ва ўз суннатлари ила барча муаммоларни ҳал этардилар. Чунки мана шу даврда саҳобалар ўзларида туғилган масалалар жавобини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрар эдилар. Натижада, ҳеч қандай қоидаларга эҳтиёжлари туғилмас эди.
Саҳобаи киромлар даврида усулул фиқҳ: Усулул фиқҳ илми хулофаи рошидинлар ва улардан кейинги саҳобалар даврларидаги ижтиҳод ҳаракати пайтида юзага келди. Саҳобалар бир-бирларидан янги пайдо бўлган масалалар ҳақида фатво сўрардилар. Улардан мужтаҳид бўлганлари ана шу масаланинг шаръий ҳукмини Қуръони карим оятларидан ва ҳадиси шарифлардан излашарди. Агарда Қуръони карим оятларидан ва ҳадиси шарифлардан излаган нарсаларини топа олмасалар, қиёс қилишга ўтардилар ёки шариатга мувофиқ тарзда ўз раъйлари ила ижтиҳод қилардилар. Саҳобалар ичида инсонларга фатво бериш ва қозилик қилишда танилган саҳобалар бор эди. Жумладан: Умар ибн Хаттоб, Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумлар каби саҳобалар бу борада машҳур бўлганлар. Чунки улар Қуръон у ила нозил бўлган араб тилини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари баён қилиб берган нарсаларни мукаммал билган ҳолда фатво берардилар. Шунингдек, оятларнинг нозил бўлиш сабаблари, қайси бир оят олдин ва қайси бири кейин нозил бўлгани, носих ва мансухи, мужмал ва муфассали, мутлоқ ва муқайядини яхши билар эдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида у зот билан бирга жуда кўп суҳбатда бўлганлари сабабли шариатнинг сир-у асрорларидан хабардор эдилар. Шунинг учун ҳам улар ҳукм чиқаришда бирор қоидага муҳтож бўлмас эдилар.
Мисол учун, маст одамга ҳад уришни, ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг ижтиҳодлари билан, бировни зинода айблаб, туҳмат қилган одамга қиёс қилишган. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ижтиҳодларига кўра, “кейинги далил олдингисини ва хос далил умумни насх қилади”, деган қоида бўлган. Шу қоида билан у зот: “Эри ўлган хотин ҳомиладор бўлса, ҳомиласини қўйгунича идда ўтиради”, деганлар[1].
Тобеинлар даврида усулул фиқҳ: Усулул фиқҳ фани мустақил фан сифатида асосан, тобеинлар давридан, яъни ҳижратнинг иккинчи асридан юзага келган. Мазкур фаннинг юзага келиши ва алоҳида фан сифатида шаклланишига қўплаб омиллар сабаб бўлган. Жумладан: Ислом оламининг кенгайиши, футуҳотларнинг жадал суръатда ўсиб бориши, турли миллат ва элатларнинг Исломга кириши бу фан юзага келишида асосий сабаблардан бўлган. Исломий қонун қоидаларнинг асл моҳиятини тўла қонли тушунишга бўлган малаканинг пасайиб бориши натижасида, бу соҳа билан шуғулланувчи мужтаҳид уламоларга эҳтиёж пайдо бўла бошлади. Ана шу мужтаҳид ва уламолар орасида, асосан, икки йўналиш ажраб, кўзга кўриниб қолди. Уларнинг Ҳижоз минтақаси олимларидан иборат бўлганларини “Муҳаддислар мактаби”, Ироқ олимларидан иборат бўлганини “Аҳли раъй мактаби” деб номлана бошлади. Иккала мактаб ҳам собит бўлган ҳадис ва тўғри раъйга амал қилган. Лекин биринчи мактаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг юртларида бўлгани ва маийший ҳаётлари содда кечгани учун, уларда деярли барча масалаларга жавоблар ҳадислардан топилаверган. Иккинчи мактаб эса, ўзга юртдаги мусулмонлар ҳаётлари ўзгачалиги сабабли, улардаги маданият, олдинги дин таъсири, одатлари, маишат ва шу каби масалаларга жавобни собит бўлган ҳадисдан топа олмаганларида, шариатга мувофиқ раъйга амал қилганлар. Тобеин ва таба тобеинлар давридаги мужтаҳидларнинг кўзга кўринганларига Саъид ибн Мусайяб, Урва ибн Зубайр, Шурайҳ Қозий, Иброҳим ан-Нахаий, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳимлар ва у зотнинг шогирдлари мисол бўлади.
Усулул фиқҳ фанига доир бўлган барча қоидаларни биринчи бўлиб Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдлари Имом Абу Юсуф алоҳида рисолада жамлаганлар. Лекин, афсуски, бу рисола бизларгача етиб келмаган.
Усулул фиқҳ фанига бағишлаб биринчи китобни Имом Муҳаммад ибн Идрис Шофеий таълиф этганлар. Имом Шофеийнинг “Рисола” деб аталган мазкур китоблари бизгача етиб келган. Шунинг учун ҳам Имом Шофеий уламолар ўртасида “Усулул фиқҳ” фанининг асосчиси сифатида машҳурдир.
Усулул фиқҳ фанининг аҳамияти
Усулул фиқҳ илми энг буюк ва қадри улуғ илмдир. Чунки бу илмдан мақсад шаръий амалий ҳукмларга муфассал далиллар орқали эришилади. Бу фан воситасида бандаларнинг амалларига боғлиқ бўлган ҳукмлар, яъни, вожиб, мустаҳаб, мубоҳ, макруҳ, ҳаром ва яна бошқа кўплаб ҳукмлар ўрганилади. Бу илмнинг фойдаси қуйидагилар орқали ўз исботини топади:
Бу фан:
- Ҳукмларни истинбот қилиш учун асосдир.
Усулул фиқҳ илми усул уламолари усулий қоидаларни чиқариб олиш учун асос ҳисобланади. Ушбу фан ила фақиҳлар шаръий далиллардан ҳукмлар чиқариб оладилар.
Абу Заҳра шундай дейди: “Усулул фиқҳ илми мужтаҳид имомлар истинбот қилишда тутган йўлларини баён қиладиган, насслардан шаръий ҳукмларни чиқарадиган, устига ҳукмлар бино бўладиган иллатларни чиқариб олишда асос бўладиган, ҳикматли шариат мақсад қилган маслаҳатларни излайдиган, Қуръони карим ишора қилган, суннат набавия очиқ ойдин тавсия қилган илмдир”[2].
Доктор Шаъбон Муҳаммад Исмоил усулул фиқҳ илми аҳамиятини қуйидагича васфлайди: “Усулул фиқҳ фанидан кўзланган мақсад шуки, бу илм мужтаҳидга нисбатан тўғри ҳукмларни истинбот қилишга, ҳукмларга далолат қиладиган шаръий нассларни фаҳмлашга, бу насслар ибора, ишора ва далолат орқали далолат қиладиган нарсани билишга, муаввални ва муаввал бўлмаганни билишга, хафий, мушкил, мужмални кетказадиган йўлни билишга ва таржиҳ қилишга бўлган қудратдир”[3].
- Фақиҳ учун мезондир:
Бу илм Имомлар шаръий ҳукмларни истинбот қилиб олишда суянган асосларни билишда фақиҳ учун мезон бўлади. Мана шу ила Имомлар чиқариб олган ҳукмларни фақиҳ тўғри фаҳмлаб олади. Доктор Ужайл ан-Нашмий шундай дейди: “Бу илм фақиҳга мазҳаб имомлари шаръий ҳукмларни истинбот қилишдаги йўлларини ўрганишга имкон беради. Чунки бу илм унга мазҳаб имомлари ўз мазҳабларини бино қилган манбаларни ўргатади”[4]. Имом Абу Заҳра эса қуйидагиларни айтади: “Усулул фиқҳ илмининг фақиҳга нисбатан бўлган мисоли худди, ўзга барча фалсафа илмларига нисбатан бўлган мантиқ фани мисолидир. Бу мантиқ илми ақлни мустаҳкамлайдиган, фикрда кечадиган хатоларни бартараф қилишда мезондир. Шунингдек, усулул фиқҳнинг мисоли, араб тилида нутқ қилиш ва ёзишда наҳв илмининг мисоли кабидир. Чунки наҳв илми қаламни ва тилни тўғри қилиш ва улардан хатони даф қилишда мезон ҳисобланади. Худди шу каби усулул фиқҳ ҳам фақиҳга нисбатан фақиҳни мустаҳкам қиладиган ва уни истинбот қилишда хатодан тўсадиган мезондир. Чунки усулул фиқҳ фани орқали тўғри сўз нотўғрисидан билингани каби, тўғри истинбот қилиш ҳам ботилидан фарқи намоён бўлади”[5].
- Динни ҳимоя қилиш учун қалқондир: Усулул фиқҳ илми Ислом динини унда йўқ нарса билан қоралайдиган бекорчилардан ва шаръий далиллар ила собит бўлган ҳукмни инкор қиладиганлардан ҳимоя қиладиган тўсиқ ҳисобланади. Доктор Ужайл ан-Нашмий шундай дейди: “Бу илмни ўрганиш динни ортиқча нарсадан ёки у ҳақида ақл билан бўлар бўлмас нарсаларни гапиришдан ҳимоя қилади”[6].
Доктор Шаъбон Исмоил: “Усулул фиқҳ илми динни ҳимоя қилиш, далилларини ва ҳужжатларини мулҳидларнинг залолатидан сақлаш учун энг катта восита ҳисобланади”[7].
- Бошқа илмлар учун ҳам зарурдир: Тафсир, ҳадис, фиқҳ ва бошқа илмлар усулул фиқҳ илмидан беҳожат эмас. Чунки усулул фиқҳ илми қандай илм бўлмасин уларда бўладиган қарама-қарши келган сўзларнинг орасини ажратиб берадиган, муораза пайтида қайси бири муқаддаму, қайси бири кейин туришини ўргатадиган, насс, зоҳир, ҳақиқат, мажоз, муфассар, муштарак, мафҳумул мухолафа вал мувофақа ва бошқа далиллар лафзларини муфассал баён қилиб беради. Доктор Ужайл Нашмий шундай дейди: “Ким шаръий илмлардан тафсир, ҳадис, фиқҳ ва бошқа илмларни мустаҳкам ўрганишни хоҳласа, албатта, усулул фиқҳ илмини ўргансин. Чунки у насс ва далилларни фаҳмлаш учун биринчи даражада турадиган омил ҳисобланади. Шунингдек, усулул фиқҳ илмини яхшилаб ўрганмаган одамни муфассир, муҳаддис ёки фақиҳ деб аташ мумкин эмас”[8].
- Ижтиҳод эшигининг калитидир: Бу илмни боқий қолиши, уни талаб даражасида ўрганиш “Ижтиҳод эшиги ёпилган” деб айтадиганларга раддия бўладиган жуда катта далил ҳисобланади. Чунки усулул фиқҳ илми ҳар бир давр мужтаҳидлари учун калит каби бўлиб, янги кун воқеълигига мос келадиган шаръий ҳукмларни ўша илм ила истинбот қилишган. Доктор Ужайл Нашмий шундай дейди: “Бу илмни ўрганувчи одам “Ижтиҳод эшиги ёпиқ”, деб айтадиган одамнинг бу даъвоси ботил эканини билади. Чунки бу илмни ўрганувчи одам қоидалар, истинбот асослари ва ҳар қандай масала учун хоҳлаган маконда ва хоҳлаган вақтда бирор қайдсиз ҳукм чиқаришни билади”[9].
4-курс талабаси Иззатуллаев Файзуллоҳ
[1] Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Усулул фиқҳ – Тошкент: Шарқ, 2010. – С. 15.
[2] Абу Заҳра. Усулул фиқҳ. – Қоҳира: Дорул фикр ал-арабий, 1997. – С. 5.
[3] Доктор Шаъбон Муҳаммад Исмоил. Ал-мадхал ли диросати усулил фиқҳ. – Маккаи мукаррама, 1995. – С. 19.
[4] Доктор Ужайл ан-Нашмий. Муқаддимот илм усулил фиқҳ. – Қувайт. – С. 165.
[5] Абу Заҳра. Усулул фиқҳ. – С. 9.
[6] Доктор Ужайл ан-Нашмий. Муқаддимот илм усулил фиқҳ. – С. 20.
[7] Доктор Шаъбон Муҳаммад Исмоил. Ал-мадхал ли диросати усулил фиқҳ. – С. 21.
[8] Доктор Ужайл ан-Нашмий. Муқаддимот илм усулил фиқҳ. – С. 166.
[9] Доктор Ужайл ан-Нашмий. Муқаддимот илм усулил фиқҳ. – С.166.