islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Бухоролик Аҳмад ибн Тулуннинг Мисрдаги ислоҳотлари

Истиқлолнинг илк давриданоқ юртимиз ва халқимиз тарихини холис ва ҳаққоний ўрганиш мутахассислар олдидаги долзарб масалаларидан бирига айланган эди. Сабаби, қарийб бир асрлик истибдод даврида босқинчилар томонидан неча минг йиллик тарихга эга бўлган бу миллатни  бой-тарихий ўтмиши тупроққа кўмилди. Не-не адолатли ҳукмдорлар, ўз авлодларига “Қонхўр”, “Золим” деб таништирилди. Олимларимизнинг асарлари тугул ўзлари ҳам қатл қилинди. Хуллас, тарих том тескари ҳолда мактабларда келажак авлодлар онгига сингдирилди.

Ўз миллати, дини ва ватанининг тарихини яхши билган инсон Ватанининг қийматини, миллатининг қадрини ва уни қадрлашни яхши англайди. Шунинг учун тарих илми инсонни доимо мулоҳаза ва фикр қилишга чақиради. Бунга биз Қуръондан “Ғофир” сураси 82-оятини далил сифатида келтиришимиз мумкин:

Яъни: “Ер юзида юриб, ўзларидан олдингиларнинг оқибати қандай бўлганлигига назар солмайдиларми?! Улар булардан кўра қувватлироқ ва ер юзида асарлари кўпроқ бўлган эдилар…”, деган.

Бу оят билан Аллоҳ таоло тарихда ўтган умматларнинг қувватлари кейинги келадиганлардан кўра кучлироқ эканлигини хабар бериш билан бирга, уларнинг ҳаётида рўй берган ҳодисалар, воқеаларни ўрганишга тарғиб қилмоқда.

Ислом таълимотининг асоси бўлмиш Қуръон карим ҳам асосан учта илмни тўлиқ баён қилган. Аввало ақида илмини, кейин тарихни ва фиқҳ илмини батафсил ёритган. Демак, бундан шуни тушиниш мумкинки, ақида ва фиқҳ илми қанчалик аҳамиятга эга бўлса, тарих илми ҳам шу қадар муҳим. Чунки қанча – қанча миллату элатлар, подшоҳлару  буюк шахслар ўтганки, уларнинг ҳаётида, бизнинг ҳаётимиз учун дарс бўладиган воқеалар кўплаб учрайди. Ёки инсонлар ибрат олиб, ўзларига намуна қилишга арзийдиган одоб ва хулқ соҳибларини кўплаб топишимиз мумкин. Кейинги авлод уларнинг тарихини ўрганиб, оқибати хайрли бўлганларига эргашади ва охири ҳалокатга йўлиққанларнинг хатосини такрорлашдан эҳтиёт бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Ал-Аҳзоб” сураси 21-оятида марҳамат қилади:

Яъни: “Батахқиқ, сизлар учун Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал намуна бор эди”, деган.

Қарангки, бу оят билан Аллоҳ таоло бандаларини, бундан 14 аср олдин ўтган Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганишга тарғиб қилмоқда. Бу энг буюк тарих дегани. Шундай экан тарихни ўрганиш талабалар учун энг қийматли ва катта тарбиявий аҳамиятга эга.

Бугунги тарихчилар олдида шундай катта масъулият турибдики, мана шу тарихни ҳаққоний ҳолда ўз ерига келтириш энди мана шу тарихчилар зиммасидадир. Ҳали юртимиз тарихида ўрганилмаган олимлар, ҳукмдорлар, шоирлару адиблар қанча қанча. Баъзи тарихчиларнинг келтирган маълумотларига кўра 4 ва 5 асрларда Бухоро билан Тошкент оралиғида бир даврда муҳаддис олимларнинг ўзи 20 000 дан кўп бўлган экан. Энди уларнинг орасида қанча фақиҳлар, қанча муфассирлар, қанча тарихчилару адабиётшунослар бор, уларнинг адади Аллоҳга аён. Мана шундай забардаст олимларнинг саи ҳаракати билан юртимизда буюк алломалар етишиб чиқиши билан бирга забардаст ҳукмдорлар ҳам фаолият олиб борган ва улар нафақат Ўрта Осиёда буюк давлатчилик тарихига ҳисса қўшган, балки дунёнинг турли ҳудудларида қудратли, турихда беқиёс из қолдирган давлатларга асос солганлар. Бу борада Ўзбекистон Руспубликаси Президенти Шавкат Мирзиёев шундай деган эди: “Буюк тарихда ҳеч нарса изсиз кетмайди. У халқларнинг қонида, тарихий хотирасида сақланади ва амалий ишларида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам у қудратлидир”.

Ўрта Осиё заминидан чиққан буюк саркардалар Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобурга ўхшаш, ўз салтанатининг сарҳадларини адолат шамшири билан бошқарган ҳукмдорлар қаторига IX-X асрларда яшаган, асли Бухоролик Миср подшоси Аҳмад ибн Тулунни ҳам санашимиз мумкин. Аҳмад ибн Тулун асли бухоролик бўлсада, ҳукмдорлик, йўлбошчилик салоҳиятини Мисрда намоён этиб, ўша заминда Тулунийлар давлатга асос солган.

Ўрта Осиё ҳудудидан чиққан буюк астроном ва математик олим Аҳмад Ал-Фарғоний айнан Мисрда Нил дарёси сувининг миқдорини ўлчайдиган “Нилометр” ускунасини ихтиро қилган вақтида Аҳмад ибн Тулун Мисрда ҳукмдор бўлган ва алломанинг илмий-ижодий ишини қўллаб-қувватлаган.

Шунингдек, ўша даврларда ҳар хил оқимлар ва турли мазҳаблар ихтилоф қилиб ўзларининг йўлларини тўғри деб бошқалар билан тортишиб турган бир даврда, Аҳмад ибн Тулун ва унинг фарзандлари Ҳанафия мазҳабини маҳкам тутиб, унга кўра ибодат қилишгани кўпчилик қизиқ бўлса керак.

Асли келиб чиқиши Бухородан бўлган Аҳмад ибн Тулун мелодий 835 йили 20 сентябрда Боғдодда дунёга келган. Унинг отаси Тулун Ат-Туркий Бухоролик туркларнинг “Тоғозғоз” (кўчманчи) қабиласига мансуб бўлиб, Бухоро амири Нуҳ ибн Асад хизматида бўлган. Кейинчалик бутун ислом оламининг подшоси халифа Маъмуннинг хизматига ўтади. Тулун Ат-Туркийнинг содиқ хизмат қилаётганини кўрган Халифа Маъмун уни ўзининг энг ишончли тансоқчиларига бошлиқ қилиб қўйди. Ҳатто кейинги халифалардан бири бўлган Мутаваккил Тулун Ат-Туркийнинг сидқидилдан қилган хизматини юқори баҳолаб “Сатрул Амир” деган унвон беради.

Тулун Ат-Туркий сиёсий вазифалар билан бирга ёлғиз ўғли Аҳмад ибн Тулуннинг тарбиясига ҳам қаттиқ эътибор қаратди. Бу эътиборнинг Аҳмад ёшлигиданоқ ўқиш ва ёзишни пухта эгаллаб, 12 ёшида Қуръонни тўлиқ ёд олди. Ҳарбий кураш сирларини ҳам мукаммал даражада ўзлаштирди. Отаси Тулун Ат-Туркий мелодий 855 йили Боғдодда вафот этганидан сўнг, унинг ўрнига ўғли Аҳмад ибн Тулун халифа Мутаваккилнинг махсус ҳарбий қўшинига бошлиқ лавозимига тайинланди. Шу йилнинг ўзида халифа Мутаваккил Аҳмад ибн Тулунни ҳарбий қўшинга қўмондан қилиб, Шом ерларида Румларга қарши жанг қилиши учун Тарсус шаҳрига юборди. Ёш саркарда Аҳмад ибн Тулун Тарсус шаҳрини эгаллаб олганидан сўнг, халифа Мутаваккил уни Шом диёридаги барча ҳарбий қўшинга қўмондон қилиб тайинлади. Бу даврда Миср ҳам Шом ҳудудига кирар эди.

Аҳмад ибн Тулун Шом ерларида Рум аскарларига қарши жанг қилиб, рақибларнинг 10 дан ортиқ мустаҳкам қалъаларини фатҳ қилди. 861 йили Шомдан Араб халифалигининг пойтахти бўлган Боғдод шаҳрига қайтиб келган Аҳмад ибн Тулун кўрдики, Боғдодда сиёсий вазият жуда ҳам кескинлашган. Мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўзларининг таъсир доиралари кучайиб қолган Туркий мамлуклар халифа Мутаваккилни ўғли шаҳзода Мунтасирга қатл қилдиртирган. Отасининг қотили бўлган шаҳзода Мунтасир, туркий мамлуклар ёрдамида отасининг тахтига ўтирган эди. Халифа Мунтасирни отасининг қотилига айлантирган бу мамлуклар, у билан маслаҳатлашиб, келажакда тахтга чиқиб қолса, халифа Мутаваккилни ўлдирган барча туркий мамлуклардан қасос олиши мумкин деган хавотир билан халифа Мутаваккилнинг укаси, шахзода Мустаъинни хиёнаткорона ўлдиришга режа туздилар. Бу режани амалга ошириш учун Аҳмад ибн Тулунни танлашди. Унга турк мамлуклари ўзларининг навбатдаги қотиллик режасини айтиб: “Агар шаҳзода Мустаъинни ўлдирсанг, сени Восит шаҳрига волий қиламиз” деб ваъда қилишди. Аҳмад ибн Тулун эса: “Аллоҳга қасамки, менинг бўйнимда унга итоат этиш вожиб бўлган шаҳзодани ўлдиришимга Аллоҳ рози бўлмайди. Шундай экан, халифанинг болаларини ўлдиришга ҳеч қачон журъат қилмайман” деб бундан бош тортди. Натижада буларнинг сиридан воқиф бўлган шаҳзода Мустаъин ўзининг тадбирини олди ва бир йил ўтиб, отасининг мероси бўлган тахтга ўтирди. Мана шу воқеа билан халифа Мустаъиннинг ишончини қозонган Аҳмад ибн Тулуннинг эътибори янада ошди ва халифа унга Шом билан бирга  Мисрга волий қилиб тайинлади. Шунда Аҳмад ибн Тулун: “Менга Турк мамлуклари Мустаъинни ўлдириш эвазига Восит шаҳрига волий бўлишни ваъда қилган эди. Мен эса ундан бош тортишим билан Аллоҳ мени Миср ва Шомга волий қилиш билан мукофотлади” деган эди.

Халифанинг фармонидан сўнг Аҳмад ибн Тулун Миср диёрига борди. У ердаги шароит билан танишиб, мамлакатнинг пойтахти бўлишига Фустот шаҳрини танлади. Сабаби, буюк саҳоба Амр ибн Осс розиёллоҳу анҳу бу Фустот шаҳрини, Мисрни илк фатҳ қилганда қурган ва уни пойтахт қилиб танлаган эди. Аммо орадан икки йил ўтганидан сўнг Нил дарёсининг қирғоғидаги сўлим жойлардан бирига “Ал-Қата” деган шаҳарни қурди ва пойтахтни ўша ерга кўчирди.  Кейинроқ Аббосийлар ҳукмронлигидан Мисрни ажратиб олди. Натижада мусулмон оламида мустақил давлат сифатида биринчи ажралиб чиққан давлат Тулунийлар давлати бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, Тулинийлар давлатининг илм-фан ва маданият ривожига қўшган ҳиссаси беқиёс экан, буни илмий асосда, манбаларга суяниб ўрганиш тарих илми учун қизиқарли янгиликларни бериш билан бирга, Тулинийлар давлати тўғрисида аниқроқ маълумотлар олишга ёрдам беради.

4-курс талабаси Аллаберганов Аллаберган

223300cookie-checkБухоролик Аҳмад ибн Тулуннинг Мисрдаги ислоҳотлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: