Араб тили бошқа тиллардан аввало Ислом динининг дастури Қуръони карим луғати экани билан, қолаверса, ибодат ҳамда шаръий илмлар тили экани билан ажралиб туради. Дарҳақиқат, ваҳий пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга араб тилида нозил бўлди.
Ҳадиси шариф ва кўплаб шаръий илмлар айнан араб тилида ёзилган. Қанчадан-қанча қадимий тилллар йўқ бўлиб кетиши баробарида, қарийб ўн беш асрдан буён бу муборак тил ривожланиб ўсиб бормоқда. Албатта бу бежизга эмас. Чунки бу тил- Қуръон тилидир. Чунки бу тил – жаннат аҳлининг тилидир. Аллоҳ таоло Ўзининг каломини араб тилида бўлишини ирода қилди. Аллоҳ таоло Ўзининг пайғамбарларига то Одам алайҳис саломдан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламгача барча элчиларига мана шу мукаммал тил – араб тилида ваҳий нозил қилди. Дунёнинг бирор бир чекка жойидаги мусулмон йўқки намозини араб тилидан бошқа тилда адо қилса. Бу шуни англатадики ҳар бир мусулмон, ибодатини адо этгудек миқдорда бўлсада араб тилини билиши лозим.
Аллоҳ таоло Каломи шарифида марҳамат қилиб айтадики:
الر تِلكَ آيَاتُ الكِتَابِ المُبِينِ * إِنَّا أَنزَلنَاهُ قُرآنًا عَرَبِيَّا لَعَلَّكُم تَعقِلُونَ *
Яни: “Алиф. Лам. Ро. Ушбулар очиқ-ойдин китобнинг оятларидир. Биз уни арабий Қуръон этиб нозил қилдик, шоядки, ақл юрицангиз”, – дея араб тилини мадҳ этади.Бундан ташқари Аллоҳ таоло Қуръни каримнинг ўнлаб жойида Каломини араб тилида нозил қилганини, ажам тилида эмаслигини баён қилган. Яна араб тили сарвари коинот, Набий алайҳис саломнинг тилларидир.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни бизнинг олдимизга чиқиб, ҳудди хайрлашаётган одамдек мурожаат қилдилар, “Мен уммий (ҳали таълим олмаган) набий Муҳаммадман (бу жумлани уч бор такрорладилар). Мендан сўнг бирор киши набий бўлмас. Менга сўзларнинг балоғату фасоҳати, маъноларни жамлаш, чиройли бошлаб ҳамда гўзал тамомлаш иқтидори берилди”,- деб ўзларини фахр этганалар.
Тобросий роҳимаҳуллоҳ “Мажмаъул баён” номли тафсирларида Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Набий алайҳис солату васалламдан ривоят қилган ҳадисларида: “Албатта, мен арабларни уч нарса сабабли яхши кўраман. Мен арабман, Қуръон арабий тилдадир ва Жаннат аҳлининг каломи ҳам араб тилидадир”, – деб марҳамат қилганлар.
Келинг, сўз араб тилининг фазилати ҳақида борар экан, бу борада баъзи имомлардан ривоят қилинган асарларни ҳамда олимларнинг эътирофини қисқа сатрларда кўриб чиқсак.
Мўминларнинг амири дея машҳур бўлган саҳобаи жалил Умр розияллоҳу анҳу: “Араб тилини ўрганинглар, чунки у ақлни мустаҳкамлайди ва мурувватни зиёда қилади”, – деб айтганлар.
Имом Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий роҳимаҳуллоҳ араб тилининг фазилати ҳақида: “Араб тили бошқа тиллардан кўра оммалашган ва луғати энг кўпи ҳисобланади. Биз набийдан бошқа бирор кимса бу тилнинг барча имкониятлардан тўлиқ фойдалана олади, деб билмаймиз”, – дея гапира туриб ушбу сўзларини қуйидаги жумла билан қувватлайдилар. “Чунки, араб тилининг кенглигидан ва унинг услубларидан бехабар одам Қуръони карим ва ҳадиси шариф далолатларига тушуна олмайди”, – деганлар.
Луғат олимларидан Абул Аббос Қолқушандий ўзининг “Собаҳул аъша фий синоатил инша” номли китобида: “Араб тили ҳарфлари тўлиқ ва лафзлари бутун, мукаммал тилдир. Шу даражадаки, унга бирор бир камчилик етган бўлсаки, уни нуқсонли қилса ва унга бирор зиёдалик киритилган бўлсаки, айбли қилса. Чунки бошқа тилларга уни айбли қиладиган нуқсонлар етган” , – деб айтади.
Бу ёзганларимиз мусулмон баъзи олимларининг эъторофлари эди. Энди мусулмон бўлмаган олимлар сўзларидан ҳам иқтибос келтирсак. Франциялик шарқшунос олим Эрнест Реанан ўзининг “Масиҳийлар тарихи ва сомий тиллар тарихи” китобида “Бу араб тили (унинг фикрича) тўсатдан мукаммаллик касб қилиб, зоҳир бўлган тилдир. Буни изоҳлаб бериш қийин ва инсоният тарихида воқеъ бўлиши ноёб бир ҳолатдир”, – дея ҳайратини изҳор қилади.
Фаранциялик олимлардан яна бири Марсе айтади: “Араб тили мукаммал тил бўлиши бир қаторида уни ўрганиш жуда осон тилдир. Ўрта зеҳнли ҳар қандай одам ҳам, ўртача ҳаракати билан бир неча ойда ўрганиб олиши мумкин. Чунки унинг қоидалари ва граматикаси жуда ажойиб усулда тузулганки, бунга ишонгинг ҳам келмайди киши”, – дейди.
Германиялик шарқшунос олим Анна Мариа Шамил Қуръони каримнинг олмон тилидаги таржимасининг муқаддимасида: “Араб тили шундай бир тароватли тилки, уни таърифлашга тил ожиз. Уни таърифламоқчи бўлса фақатгина у Жаннат аҳлининг тили дейиш мумкин”, – дейди.
Карл Броcкелман номи билан машҳур олим ўзининг “Арабий одоб” номли китобида: “Араблар Қуръон шарофати билан уларнинг тиллари шу даражада кенг ёйилдики, бирор бир дунё тилларини бу даражага чиққанини билмайсан киши… Барча мусулмонлар намозларида фақатгина араб тилидагина қироат қилиш дуруст бўлишига иймон келтирганлар”, – дейди. Иқтибос тугади.
Банданинг Аллоҳ таолога қурбати яни шаҳодат калимаси, бир кунда беш маҳал адо қиладигани – намоз, ҳаждаги баъзи арконлар, Қуръон тиловати, зикр ва бошқалар араб тилидадир. Мана шуларнинг ўзи араб тилининг шарофатига кифоядир.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг олий Жаннатида араб тилида гаплашмоғимизни насиб қилсин.
4-курс талабаси Неъматов Зуҳриддин