islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Пайғамбар алайҳиссалом осмонга кўтарилган тош қаерда?

Бу тош тарихи кўплаб инсонлар, тадқиқотчи ва сайёҳлар учун ҳамон қизиқарли бўлиб қолмоқда.  Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам осмонга кўтарилишлари айнан шу тош устида бўлди.  Бу Қуддусдаги Ақсо масжиди ёнидаги ҳудудда содир бўлган.

Аллоҳнинг расули Буроққа миниб, Жаброил алайҳиссалом билан бирга Маккадан Қуддусга “боради”. Бу Ислом тарихида Исро воқеаси деб номланади. Улар Қуддусдаги Ақсо масжидига келганларида, Пайғамбар алайҳиссалом Буроқни пайғамбарлар уловларини боғлаган халқага боғлаб, кейин масжидга кириб, барча пайғамбарларга имомлик қилиб икки ракат намоз ўқидилар. Масжиддан чиққанда, Жаброил шароб ва сути бўлган иккита идиш билан унинг олдига келди ва танлашни таклиф қилди.  Пайғамбар алайҳиссалом сутни танладилар.  Жаброил алайҳиссалом “Сиз покликни танладингиз”, деди.

Кейин осмондан илоҳий нур – “зинапояси” тушди, у билан Аллоҳнинг расули осмонга кўтарилди.  Ушбу нурли зинапоя мақолада назарда тутилган тош устига тушди.

Ушбу тошнинг узунлиги 17,7 ва кенглиги 13,5 метр.  Ғор деб аталадиган тош остида чуқур жой мавжуд.  У кичкина, квадрат шаклида ва 4,5 квадрат метр майдонга эга ва унинг баландлиги ўртача 3 метр. Ғорда бўлганингизда шифтга қарасангиз, тош осмонда осилиб тургандек таассурот қолдиради.

Ғорда иккита қиблагоҳ-меҳроб бор. Улардан бири шарқий деворда жойлашган. Унинг тарихи Умавийлар даврига бориб тақалади. Ва иккинчи меҳроб ғарбий деворда жойлашган бўлиб, у кейинги даврларда қурилган.

Тош устида масжид барпо этилган бўлиб, у “Тош гумбази”, яъни Қуббатус Саҳро деб номланган.  Ушбу масжид дунёдаги ислом меъморчилигининг энг муҳим ёдгорликларидан биридир.

Қуббатус Саҳро Умавий халифаси Абдулмалик ибн Марвоннинг кўрсатмаси билан қурилган.  Қурилиш ишлари 685дан 691 йилгача гача давом этган. Лойиҳа ижрочи муҳандислари сифатида Қуддусдан Язид ибн Салом ва Фаластиннинг Бисан шаҳридан Ража ибн Ҳайва тарихда қолдилар.

Масжиднинг чизмаси мутаносиблик жиҳатидан аниқ муҳандислик мезонлари билан ишлаб чиқилган бўлиб, бу бино архитектурасини лойиҳалашда ва уни қуришда учта доирадан фойдалангани ислом меъморлари ва қурувчиларининг ижодий муҳандислик тафаккури юқори даражада эканлигидан далолат беради.

Ушбу учта айлана-элементлар қуйидагича кўринади: бир-бирини кесиб ўтувчи иккита тенг квадрат октаэдрлар, яъни еттибурчакни ҳосил қилади – бири ташқи, иккинчиси – ички томонни гавдалантиради. Бу еттибурчак гумбазнинг пастки қисмидан бошлаб ўраб туради ва ички томонда доира шаклида устунлар билан ўралган, сўнг устига гумбаз ўрнатилган.  Иккита октаэдр ўртасида бир хил саккизбурчакли шаклга эга бўлган ички галерея ҳосил бўлади.

Қуббатус Саҳро масжидининг ўлчамлари: гумбазнинг ички диаметри – 20,44 метр;  гумбаз пойдевори (бўйин) баландлиги – 19,8 метр;  бинонинг умумий диаметри – 52 метр;  бинонинг умумий баландлиги – 54 метр;  октаэдрнинг ҳар бир юзининг узунлиги 20,6 метр, баландлиги 9,5 метр.

Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси

катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

223190cookie-checkПайғамбар алайҳиссалом осмонга кўтарилган тош қаерда?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: