islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Диншуносликнинг долзарб муаммолари муҳокама қилинди

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Диншуносликнинг долзарб муаммолари” мавзусидаги республика илмий-амалий онлайн конференцияси бўлиб ўтди.

Анжуманни Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов очиб берди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, УНEСCО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси бош котиби в.б. Сайидафзал Маллахонов сўз олиб, конференция ишига омад тилаб, иштирокчиларни муборакбод этди.

ЗООМ платформаси орқали ўтказилган конференцияда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари номзоди, доцент Шовосил Зиёдов, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров, Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси Таълим бўлими раиси, Тошкент православ семинарияси проректори, протоиерий Сергий Стасенко, Ўзбекистон Республикаси ИИВ академияси кафедра ўқитувчиси Р.Турганов, Тошкент Давлат Шарқшунослик университети профессори Мирсодиқ Ишоқов, Нур-Муборак Миср ислом маданияти университети Диншунослик кафедраси катта ўқитувчиси Албина Дуйсенбаева, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчилари Маҳфуза Алимова, Доно Қаландарова, Дурбек Раҳимжонов, республикамиздаги олий ҳарбий таълим муассасалари мутахассислари, профессор-ўқитувчилар, ёш тадқиқотчилар, докторант-магистр ҳамда талабалар иштирок этди.

– Мазкур анжуманнинг муҳимлиги шундан иборатки, юртимизда турли миллат ва дин вакиллари истиқомат қилади, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков. – Табиийки, нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунёда миллатлар, динлар, ғоя ва фикрларнинг турлича бўлгани табиий жараён саналади. Энг муҳими, мана шу турли миллат ва дин вакилларини ўзаро ҳамжиҳатликда, бир-бири билан аҳил-иноқ бўлиб яшаши, дунё ободлиги йўлида хизмат қилиши экани шубҳасиз.

Мазкур анжуманда диншунослик, тарих, фалсафа, халқаро муносабатлар сингари дунёвий таълим йўналишлари ҳамда Қуръон илмлари, ҳадиси шариф, ислом ҳуқуқи, тасаввуф, ислом тарихи, манбашунослиги каби диний таълим йўналишлари билан боғлиқ фанларни ривожлантириш борасида амалга оширилган илмий изланишлар натижалари ҳам кенг жамоатчиликка таништирилди.

Илмий-амалий тадбирда “Диншунослик вазифалари ва миллий қадриятларимиз”, “Учинчи ренессанс даврида диний-маърифий соҳага эътибор”, “Диншунослик фанларини модул тизими асосида масофавий ўқитиш”, “Диншунослик” ва “Диний экстремизмга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари” фанларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тизимида ўқитилиши зарурати”, “Авестода тарихий вақт масаласи”, “Толерантность как основной принцип в преподавании религиоведческих дисциплин”, “Ўзбекистонда олий диний таълим: азалий қадриятлар ва замонавий технологиялар уйғунлиги йўлида”, “Тарбия” фани концепцияси: мақсад ва вазифалар” каби мавзулар маърузачилар томонидан муҳокама этилди.

– Ўзбек халқи ўзининг ривожланиш тарихида бир қанча илмий ютуқларга эришиб, жамиятда илм-фан, санъат ва маданиятни юксалтирган буюк сиймоларни тарбиялаб, жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган мамлакат сифатида эътироф этилади, – дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Бобомурод Рустамов. – Бугунги кунда ривожланиб бораётган юртимиз янги тараққиёт босқичига ўтди. Сўнгги йилларда фан ва таълим соҳасида амалга оширилган улкан ислоҳотлар алоҳида эътиборга молик. Маълумки, жамият инсоният тараққиёти эзгу мақсадлар муштараклиги асосида юзага келади. Бунда албатта, диний қарашлар муҳим рол ўйнайди.

Анжуманда олий таълим муассасаларида диншунослик фанларидаги янгиликлар, бу борадаги илмий методологик услублар ҳақида сўз борди.

– Президентимиз томонидан 2019 йилнинг 8 октябрида “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони имзоланди, – дейди “Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш УНEСCО кафедраси мудири Маҳфуза Алимова. – Ҳужжатда “Олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини босқичма-босқич кредит-модул тизимига ўтказиш” белгиланди. Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ҳам 2020-2021 ўқув йилидан мазкур тизимга ўтилди. Диншунослик фанларининг модул тизими асосида жорий этилиши ўқитувчи ва талабанинг ҳамкорликда ишлашида муҳим омил ҳисобланади. Модулли таълимда энг катта урғу талабаларнинг мустақил таълим олишига қаратилади. Диншунослик фанларини ўқитишда модулга асосланган ўқув дастурлари махсус схема асосида ишлаб чиқилди. Зеро, бугунги пандемия шароити ҳам масофавий таълимни ривожлантиришни талаб этмоқда.

Таъкидлаш керакки, конференция мавзуси доирасида диншунослик, исломшунослик, тарих, фалсафа, дин психологияси каби ижтимоий фанлар йўналишига оид кўплаб илмий мақолалар келиб тушгани анжуман нуфузи йилдан йилга ортиб бораётганидан дарак беради. Мазкур мақолалар конференция материаллари тўпламидан ўрин олган. Тўплам 70 дан ортиқ мақолаларни ўзида жамлаган бўлиб, унда диний бағрикенглик, миллий ва диний қадриятлар уйғунлиги, аждодлар илмий-маънавий меросининг маънавий ҳаётимизда тутган ўрни ўз ифодасини топган.

Тадбир давомида конференцияда сўз юритилган маърузалар бўйича иштирокчиларга саволлар берилди. Илм машварати якунида мутасаддиларга миннатдорлик билдирилди.

ТИИ Матбуот хизмати

225460cookie-checkДиншуносликнинг долзарб муаммолари муҳокама қилинди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: