– Луғатшунос Ибн Форис айтади: “Мен устоз ибн Амид (бу зот ўша пайтда, подшоҳнинг вазирларидан бўлганлар) шундай деётганларини эшитдим:
«Мен токи Имом Тобароний ва Абу Бакр Жиабий ўртасидаги илм музокарасини кўрмагунимча, дунёда вазирлик ва ҳокимликдан кўра ёқимлироқ нарса йўқ бўлса керак»-деб ўйлардим. Гоҳ Тобароний ўзининг зеҳни туфайли ғолиб келарди, гоҳ Абу Бакр ўзининг зийралкиги билан устун келарди. Ҳатто бахсга киришиб кетганларидан овозлари ҳам кўтарилиб кетганини ҳам сезмай қолишди. Шу пайт Жиабий: «Менда шундай ҳадис борки, унинг санади дунёда ҳеч кимда йўқ»-деди.
Тобароний: «Айтингчи»-деди.
Жиобий эса: «Менга Абу Халифа ҳадис айтади, унга Сулаймон ибн Айюб айтади»-деб санадни ва ҳадисни айтиб берди.
Тобароний табассум қилдида: «Ўша Сулаймон ибн Айюб мен бўламан. Абу Халифа мендан эшитган. Хоҳласанг, ҳадисни мендан эшитиб, санадингни олий қилиб ол», -деди.
Жиобий уялганидан нима қилишини билмай қолди».
Ибн Амид айтади: «Ўша пайт вазир бўлмасдан, Тобароний бўлиб қолиб, у хурсанд бўлгандек хурсанд бўлишни жуда ҳам хоҳладим».
– Халифа Маъмун Наҳув илмини ўргатиш учун икки ўғлини Имом Фаррога топширади. Кунлардан бир кун Имом Фарро ўз ишлари билан ташқарига чиқмоқчи бўлиб, ўрнидан туради. Шунда икки валиаҳд устознинг оёқ кийимини олиб келиш учун югуришди. Иккиси ҳам мен олиб бораман деб тортишдилар ва иккалалари биттадан пойини олиб бориб беришга келишишди. Оёқ кийимни биттадан ушлаб, устозни чиқишига тайёр қилиб қўйишди. Халифа Маъмуннинг ҳар бир ерда кузатувчиси бор эди. Бу хабар Маъмунга ҳам етиб борди. Шунда, одам юбориб, имом Фаррони ҳузурига таклиф қилди. Имом Фарро келганда, унга: «Инсонларнинг энг ҳурматлиси ким?»- деди.
Имом Фарро: «Мўминлар амиридан ҳурматлироқ кишини билмайман»- деб жавоб берди.
Халифа: «Йўқ, балки, ўрнидан турмоқчи бўлганда оёқ кийимини олиб келиш учун икки валиаҳд ўзаро талашган ва биттадан олиб келишга рози бўлган киши энг азизроқ ва ҳурматлироқдир»-деди.
Имом Фарро: «Эй мўминлар амири, бундай қилишларидан қайтармоқчи бўлдим, лекин, мақтовга лойиқ ва бундай шарафли ишдан уларни қайтаришни хоҳламадим. Ривоят қилинишича, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Ҳасан ва Ҳусан розияллоҳу анҳумлар отга чиқаётганларида отнинг узанги (яъни отга чиқаётганда одам оёғини ош ерга қўйиб чиқадиган нарса)сини ушлаб турганлар. Буни кўрган атрофдагилар: “Ёшингиз улуғ бўла туриб, шу ёш болларга шундай қиласизми?“- дейишди. Шунда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Эй жоҳиллар, жим бўлинг фазл аҳлини фазл эгаларигина билади“- деб жавоб қилдилар»-деди.
Халифа: «Агар шундай қилганизда, мен ўзим сизни койиган ва бу ишингиз учун маломат қилган бўлардим. Инсон қанчалик катта бўлмасин уч кишига ҳурмат ва тавозеъ қилишда доим кичик бўлади. Булар: ота-онаси, устози ва султонидир» -деди.
Ҳа, албатта, иснон қанчалик мартабали ва улуғ инсон бўлмасин ота-онаси ва устозига доимо эҳтиром кўрсатиши, уларнинг ҳурматларини ўз жойига қўйиши лозим..
4-курс талабаси
Маҳкамов Муҳаммад Али