islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Сабр ва унинг хусусиятлари

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (раҳматуллоҳи алайҳи)дан сўрашди: “Мўмин кишининг кўксига қачон шамол тегади (яъни, мусибатлар, қийинчиликлар тугайди)?”

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (раҳматуллоҳи алайҳи) жавоб берди: “Жаннатга биринчи қадамингни қўйганингда!”. Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу): “Мўмин киши гўё бу дунёда саҳродаги тикон, чаён ва илонлардан ўзини сақлаб юрган киши мисолидир”, деган.

Сабр мўмин кишининг барча ёмонликлардан сақлаб турадиган қалқони ҳисобланади. Унга бирор бир машаққат ёки қийинчилик ва балойи офатларга юзлашганда унга парво қилмасдан, ўша нарсага сабр зирхини ёйиш керак. Кимнинг сабр зирхи қалин бўлса, у барча ёмонликлардан омонда бўлади. Аслида бу нарсаларни Аллоҳнинг буюк раҳмати деб қабул қилиш ва унинг кетидан буюк ажрларни ҳис этиб у нарсаларга мулойимлик билан жавоб бериш керак. Ўтган барча улуғлар ўзларининг кўксиларини барча қийинчилик ва балойи офатларга зирх қилганлар. Ҳамда унинг орқасидан буюк мақомларни қўлга киритган.

Тафсири Насафий муаллифи Абу Муъин ан-Насафий Бақара сурасининг 45 оятини қуйидагича тафсир қилади: (Ёрдам сўранглар) Аллоҳдан сизлар хожатларингиз учун (Сабр ва намоз билан) яъни: иккисини жамлаб туриб ундан ёрдам сўранглар! Намознинг машаққатларини кўтарган ҳолда унинг таклифларига (фарз, вожиб, суннат ва мустаҳабларига) риоя қилиб ўқимоқлик. Ва ундан ташқари намозни ихлосли қалб билан, шайтоний васвасаларни, ҳавойи нафсни даф қилиш билан ва одобга риоя қилиш, хушуъ ва ер билан осмоннинг Жаббор (махлуқотлари устидан мутлоқ Ғолиб бўлган Аллоҳ) ҳузурида тургандек ҳис қилиб ўқимоқликдир. Ёки бало ва мусибатга йўлиққанда сабр қилиш билан ундан ёрдам сўраш ва қийинчиликка учраганда намозга шўнғиб илтижо қилиш. Бунга мисол, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бирор бир ишдан қаттиқ ранжисалар намозга киришардилар. Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)га у киши сафардалигида акалари Қусам вафот этганлиги тўғрисида хабар келди. У зоти шариф албатта биз Аллоҳники ва албатта унинг ҳузурига қайтгувчимиз, деб икки ракъат намоз ила бу оғриқли ҳолатдан чиқиб кетди. Кейин майинлик ила сизлар сабр ва намоз билан ёрдам истанглар.

Баъзи муфассир олимлар сабрдан мурод рўза деб айтишган. Чунки у таом ейишдан сақланяпди. Шу сабабдан ҳам рамазон ойи сабр ойи деб номланган. (Ва албатта у) намоз (каттадир)машаққати оғир амал(Фақатгина хушуъ билан ўқийдиганларга) намоз қийинмас. Ҳа азизлар! Аллоҳ буюк зот. У яхши кўрган нарсани бандасидан осонлик билан олиб қўяди. Шу пайт ҳеч нарса демай, “Эй Аллоҳим! Мен ожиз бандангман. Мен сенга ҳар доимгидан кўра кўркамроқ намоз ўқиб розилигингни топаман. Сен менга ёрдам бер”, деб намозга киришилади.

Буюк уламолар айтибдурлар, cабр уч хил бўлур:

1.Тоатга сабр қилмоқ;

2.Мусибатга сабр қилмоқ;

3.Гуноҳдин сабр қилмоқ.

Инсон тоатга сабр қилса, ул банданинг аъмоли икки юз даража зиёда бўлгай. Мусибатга сабр қилганнинг аъмоли уч юз даража бўлгай. Агар гуноҳдин парҳез қилса, ул банданинг аъмоли юз даража ёзилгай.

Ҳикоят қилинишича: Бани Исроил қавмида ҳаё, ибода ва қалбининг гўзаллигида бутун вужудини Аллоҳ калимасини эшитганда титроқ босиб ўзининг танасини унинг ихтиёрига топширадиган ҳамда дунё ва охират ишида ҳаммага ўрнак бўладиган даражада бир ажиб солиҳа аёл бор эди. Эри қозилик қиларди. Уларнинг икки ўғли бор эди. Улар саройнинг ўртасида ўйнар эдилар, бирдан болаларидан бири ул жойдаги қудуққа тушиб кетди. Шунда иккинчи ўғли қутқараман деб, ўзи ҳам қудуққа қулади. Шундай қилиб, икки ўғил ҳам нобуд бўлди. Бундан хабар топган қозининг хотини икки ўғлининг жасадини қудуқдан чиқариб уйга олиб борди. Уйнинг бир бурчагига ётқизиб, юзига парда ташлаб қўйди. Шу пайт қози тушлик қилмоқ учун уйига келди. Хотини қозининг олдига таом қўйди. Қози одати бўйича ҳар вақт таомни икки ўғли билан ер эди. Шу боис у хотинига болаларини ҳам чақиришни буюрди. Солиҳа аёли мулойимлик ва сокинлик билан шундай жавоб берди:

–Сиз таомни ўзингиз еяверинг, болалар ухлаб ётишибди.

Қози тушликдан сўнг намоз ўқиди ва болаларини уйғотмоқ учун ўғилларининг ёнига борди. Бу пайтда болалар уйғоқ ўтиришган эди. Бу ҳолни кўрган она беҳуш бўлиб йиқилди. Бир неча дақиқадан сўнг ўзига келиб. Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтди. Шунда қози деди:

–Эй хотин, сени ажиб аҳволда кўрдим. Бунинг боиси недур?

–Эй қози калон, ажиб бир мўжиза рўй берди. Тушликдан олдин икки ўғлингиз қудуққа йиқилиб нобуд бўлган эди. Мен сиздан вақтинча яшириб, намозни вақтида ўқиб олинг деб, бу воқеани айтмаган эдим.

–Эй хотин, Худойи таоло сени раҳмат қилғай, гуноҳларингни мағфират айлагай. Мусибат келганда сабр қилганинг ва эрингни ҳурматлашинг баракотидан бу ўғлонлар қайта тирилдилар.

Аёллар қалби ўта мулойим ва меҳрибон бўлади. Аёллардаги бу хислат исломдаги амалларни ихлос билан амал қилишга ундайди. Уларнинг табиатидаги ишонувчанлиги Исломда катта натижаларни кўрсатди. Буни амалда кўрсатган Аллоҳга беҳисоб ҳамдлар бўлсин. Бизнинг аёлларимиз ва қизларимизнинг ҳам ҳаётида шу каби хислат ва амаллари бўлишини умид қиламиз.

Расули акрам (соллоллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар:

“Ҳар кимга мусибат етса, ул банда фарёд қилиб йиғласа Аллоҳ таоло охиратда унга раҳмат назари билан боқмас. Агар мусибат етганда ул банда сабр қилса, фарёд қилиб йиғламаса Аллоҳ таоло унга жаннатда тўққиз юз мулк бергай. Бу мулк етти қат осмондин ва етти қат ердин кенгроқ бўлгай”.

Амирул мўъминин Умар (розияллоҳу анҳу) айтадилар:

“Бир киши бор эди. Унинг бир ўғли бўларди. Уни кўтариб ҳамиша он ҳазратнинг ёнларига келур эди. Кўп вақт бўлди келмай қўйди. Шунда Расул (алайҳиссалом) сўрадилар: “Фалон киши қайда?”. Саҳобалар айтдилар: “Ё Расулаллоҳ , бир ўғли бор эди, ул ўғли ўлди”. Расул (алайҳиссалом) айтдилар: “Қиёмат куни бўлганда, ёшликда ўлган фарзандга Аллоҳ таоло айтур: “Эй болалар беҳиштга киринглар”. Ул болалар айтурлар, “Отасиз-онасиз беҳиштга кирмасмиз. Ул вақтда Аллоҳ таоло айтур: “Эй болалар, ота-оналарингизнинг гуноҳлари бор. Шунинг учун уларга азоб қилурман. Ундан сўнг беҳиштга борурлар”. Шунда ул болалар айтурлар: “Андоғ бўлса беҳиштнинг бизга хожати йўқ”. Шундан сўнг ҳақ таолодин нидо келур: “Эй болалар ота ва онангиз бирла беҳиштга киринглар”.

Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: Ҳар ким мусибатли кишини ҳолини сўрса, Аллоҳ таоло мусибатли кишига қандай савоб берса, ул бандага ҳам шундай савоб бергай”.

Аллоҳнинг ёрдамига таянган ҳолда унинг ояти карималарини мўтабар тафсирлар орқали ушбу мавзумизга доир таржималарини келтириб ўтдик. Аллоҳим ўз оятларини ўзи ирода қилгандай тушунишликни насиб айласин.

 

Юнусобод оқтепа жоме масжиди имом ноиби

Урол Назар Мустофо тайёрлади

229660cookie-checkСабр ва унинг хусусиятлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: