islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Доктор Ротиб Набулисийнинг Аллоҳ таолонинг гўзал исмларига берган таърифи

Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай деган: «Аллоҳнинг гўзал исмлари бор, улар билан дуо қилинглар».[1]

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ таолонинг тўқсон тўққизта – бир кам юзта исми бор. Ким уларни санаса, жаннатга киради. Аллоҳ тоқдир ва тоқни яхши кўрур.

1. Аллоҳ. 2) ар-Раҳмон. 3) ар-Раҳийм. 4) ал-Малик. 5) ал-Қуддус. 6) ас-Салом. 7) ал-Мўмин. 8) ал-Муҳаймин. 9) ал-Азиз. 10) ал-Жаббор. 11) ал-Мутакаббир. 12) ал-Холиқ. 13) ал-Бориъ. 14) ал-Мусаввир. 15) ал-Ғаффор. 16) ал-Қаҳҳор. 17) ал-Ваҳҳоб. 18) ар-Раззоқ. 19) ал-Фаттоҳ. 20) ал-Алийм. 21) ал-Қобиз. 22) ал-Босит. 23) ал-Хофиз. 24) ар-Рофеъ. 25) ал-Муъизз. 26) ал-Музилл. 27) ас-Самийъ. 28) ал-Басийр. 29) ал-Ҳакам. 30) ал-Адл. 31) ал-Латийф. 32) ал-Хабийр. 33) ал-Ҳалийм. 34) ал-Азийм. 35) ал-Ғафур. 36) аш-Шакур. 37) ал-Алий. 38) ал-Кабийр. 39) ал-Ҳафийз. 40) ал-Муқийт. 41) ал-Ҳасийб. 42) ал-Жалийл. 43) ал-Карийм. 44) ар-Рақийб. 45) ал-Мужийб. 46) ал-Восеъ. 47) ал-Ҳакийм. 48) ал-Вадуд. 49) ал-Мажийд. 50) ал-Боъис. 51) аш-Шаҳийд. 52) ал-Ҳақ. 53) ал-Вакийл. 54) ал-Қавий. 55) ал-Матийн. 56) ал-Валий. 57) ал-Ҳамийд. 58)ал-Муҳсий. 59) ал-Мубдиъ. 60) ал-Муъийд. 61) ал-Муҳйи. 62) ал-Мумийт. 63) ал-Ҳайй. 64) ал-Қаййум. 65) ал-Вожид. 66) ал-Можид. 67) ал-Воҳид. 68) ас-Сомад. 69) ал-Қодир. 70) ал-Муқтадир. 71) ал-Муқаддим. 72) ал-Муаххир. 73) ал-Аввал. 74) ал-Охир. 75) аз-Зоҳир. 76) ал-Ботин. 77) ал-Волий. 78) ал-Мутаъолий. 79) ал-Барр. 80) ат-Таввоб. 81) ал-Мунтақим. 82) ал-Афувв. 83) ар-Ра`уф. 84) ал-Моликул мулк. 85) Зул жалоли вал икром. 86) ал-Муқсит. 87) ал-Жомеъ. 88) ал-Ғаний. 89) ал-Муғний. 90) ал-Монеъ. 91) аз-Зорр. 92) ан-Нофеъ. 93) ан-Нур. 94) ал-Ҳодий. 95) ал-Бадийъ. 96) ал-Боқий. 97) ал-Ворис. 98) ар-Рашийд. 99) ас-Сабур».[2]

 Аллоҳ таолонинг исмларидан биринчиси: Аллоҳ

Аллоҳ лафзи «алаҳа» феълидан олинган «илоҳ» масдарига мансуб бўлиб, маъбуд – ибодат қилинган Зот маъносини англатади. «Илоҳ» сўзига алиф ва лом ҳарфлари киритилиб, «ал-илоҳу» ҳосил бўлган. Сўнгра ҳамза ҳарфининг ҳаракати таъриф «лам» ҳарфига нақл қилиниб, бир жинслик икки ҳарф идғом қилинган ва «Аллоҳ» лафзи ҳосил бўлган. «Аллоҳ» лафзи яккаю ягона ҳақ маъбудга исм бўлиб қолган. Бу исм У Зотдан бошқага ишлатилмаган.

Маълумки, асмои ҳуснанинг барчаси Аллоҳнинг сифатларига далолат қилади, аммо биргина Аллоҳ лафзи Унинг Зотига далолат қилади ва шу тариқа У Зотнинг барча исмларини ифода қилаверади. Масалан, «Ё Аллоҳ» десангиз, «Ё Роҳим, ё Роҳман, ё Ғаний, ё Қовий, ё Қодир, ё Латиф» деган маъноларга далолат қилаверади. «Аллоҳ» сўзи Буюк Зот учун исм бўлиб, Аллоҳнинг барча исмлари ана шу Аллоҳ калимасида жамлангандир.

«Лаа илааҳа иллаллоҳ» калимаси тавҳид, Ислом, иймон ва эҳсон маъноларининг барчасини ўзида жамлаган калимадир. Бу калима Исломнинг шиоридир. Зеро, диннинг пойдевори ушбу калималар устига бино қилингандир. Барча пайғамбар алайҳиссаломларнинг рисолати ҳам, асмои ҳуснанинг барчаси ҳам ушбу калимада жамланган.

Ушбу калимада маърифат ва тавҳидга ишора бордир. Маълумки, илмнинг ниҳояси тавҳид, амалнинг ниҳояси эса тақводир. Аллоҳни якка деб билиб, У Зотга тақво қилсанг, барча ишнинг тизгинини ушлаган бўласан.

Зикрларнинг энг афзали ҳам «Лаа илааҳа иллаллоҳ» калимасидир.[3]

 Аллоҳ таолонинг исмларидан иккинчиси: Ар-Раҳмон

Улуғ неъматларни берувчи.

Бу сифат фақат Аллоҳга хос бўлиб, барчага – мўминга ҳам, кофирга ҳам меҳрибон ва неъмат берувчи маъносини англатади.

Ар-Раҳмон сифатини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимга нисбатан ишлатиб бўлмайди. «Ар-Раҳмон» исми Қуръони каримда 45 ўринда зикр қилинган бўлиб, олти ўринда «Ар-Раҳийм» исми билан ёнма ён келган. Баъзи уламолар ушбу исмни «исми аъзам» деб ҳисоблашган. Аллоҳнинг исми аъзами ҳар бир мўминга тааллуқлидир. Масалан, камбағал мўминга нисбатан исми аъзамнинг маъноси «беҳожат қилувчи», бемор мўминга нисбатан «шифо берувчи», кучсиз мўминга нисбатан «куч-қувватли»дир.

Аллоҳ таоло: «Аллоҳга дуо қилинглар, Роҳманга дуо қилинглар – қайсисига дуо қилсангиз ҳам, барибир. Унинг гўзал исмлари бордир», деган.[4]

Коинотда биз кўриб, эшитиб, сезиб, билиб турган ҳар бир раҳмат «ар-Раҳмон» исмининг бир бўлагидир.

Аллоҳнинг «ар-Раҳмон» ва «ар Раҳийм» сифатлари орасидаги қуйидагича фарқ бор:

Раҳмат икки хил бўлади: умумий раҳмат ва мукаммал (хос) раҳмат.

Умумий раҳматга ҳақдор ҳам, ҳақдор эмаслар ҳам эришаверади. Масалан, ёмғир ёғса, ундан барча одамлар, яъни мўмин ҳам, кофир ҳам, мунофиқ ҳам, фосиқ ҳам бирдек фойдаланаверади. Аллоҳнинг ар-Раҳмон исми умумий раҳматни англатади.

Аммо хос раҳматдан фақат ҳақдор кишилар баҳраманд бўлади. Ушбу хос раҳматда хоҳиш билан амалиёт жамланган бўлади. Аллоҳнинг ар-Раҳийм исми хос раҳматга киради.

Масалан, бир кишининг бешта фарзанди бор. У ҳамма фарзандларини бир хил овқат, бир хил кийим ва бир хил ётоқ билан таъминлаган. Мана шу умумий раҳм қилишга киради. Фараз қилайлик, фарзандлардан бири отага алоҳида ихлос ва вафо билан хизмат қилади. Ота ҳам гоҳида шу фарзандига алоҳида эътибор қаратади. Мана шу хос раҳмдир.

Ҳар бир инсон, у мўминми, мўмин эмасми, бу дунёда еб ичади, аҳл ва фарзанд неъматига мушарраф бўлади. Бу умумий раҳм сирасига киради. Аммо Аллоҳ таоло сенга тажаллий қилиб, қалбингна нурга тўлдирса, Ўзига яқинлаштирса, бу хос раҳмат сирасига киради. Бундай хос раҳматга фақат ҳақли бўлган бахтиёр бандалар мушарраф бўлади. Умумий раҳматга эса, юқорида айтилганидек, барча одамлар сазовор бўлаверади.

Шунинг учун ҳаётдан ҳузурланиб, энг лаззатли таомларни еб, ҳашаматли уйда яшаб, энг гўзал аёлга уйланиб, катта маошга эга бўлиб, кўпчиликдан фаровонроқ яшаган одамни раҳматга лойиқ бўлди дейилмайди, чунки Аллоҳ бу дунёни яхши кўрганига ҳам, яхши кўрмаганига ҳам бераверади. Бу умумий раҳмат бўлиб, унга ҳамма ҳам эришаверади.

Хос раҳмат эса, юқорида айтганимиздек, Аллоҳнинг инсон қалбини мунаввар айлашидир. Бу шундай нурки, уни бу дунёнинг бирор соатига, бирор лаҳзасига алмаштириб бўлмайди.

Расулуллоҳ салллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Менинг Роббим билан бирга бўладиган шундай бир соатим борки, у пайтда на бирорта пайғамбарнинг, на бирор муқарраб фариштанинг менга яқинлиги қолмайди. Мен Роббимнинг ҳузурида тунайман, У Зот мени едириб-ичириб туради».

Бирдар, қилаётган амалларингга бир назар сол. Уларнинг асоси одамларга раҳм қилишми ёки зарар етказишми? Унинг асоси омонлик улашишми ёки омонликни суғуриб олишми? Умуман, унинг асоси беришми ёки олишми?

Билгинки, хос раҳматга сазовор бўлиш учун тоат ибодат, жидду жаҳд, мол дунёни инфоқ қилиш, заифларга кўмаклашиш, етимларга раҳм қилиш, беваларга ёрдам бериш, қўшнилар ҳолидан хабар олиш, илм мажлисларида иштирок қилиш, кўзни номаҳрамлардан сақлаш, зикр ва тиловатга машғул бўлиш керак. Шундагина сен Аллоҳнинг раҳматига эришасан, Унга муқарраб бўласан.

Аллоҳ таоло ар-Раҳиймдир, ар-Роҳмандир. У Зотнинг ар-Раҳийм сифати шундайки, сенга соғлик, мол дунё, маскан ва нафс роҳатини ато қилади. Аммо ар-Роҳман сифати билан охиратингга қарайди. Қўлингдан ушлаб, солиҳ амалларга йўллайди, бахтли бўлишинг учун абадий ҳаётингга тажаллий қилади.

Бир киши менга бир нарсани гапириб бериб, қасам ичди.

Айтишича, унинг уйи ва сал нарида бир боғи бўлган экан. У хизматкорлар ёрдамида боғни жуда чиройли ҳолатга келтирган, алвон хил мевалар етиштирган. Ҳашаматли уйида ишчилар, ошпазларни ҳам ишлатган. Учта машинаси, хусусий заводи, кийим фабрикаси ва тижорат дўконлари бўлган.

Бир куни мен ана шу бадавлат кишининг шаҳар кўчаларида хор бўлиб юрганини кўриб қолдим. У менга: «Мана шу идишда, мана шу кийим бичиш столида овқатланяпман», деб қолди.

Унинг мол мулки қаерда қолди дейсизми? Уларнинг ундан қандай тортиб олинганига эътибор беринг:

Бу воқеада Аллоҳ таолонинг ар-Раҳмон сифати намоён бўляптими ёки ар-Раҳийм сифатими? Албатта, ар-Раҳмон сифати зоҳир бўлмоқда, чунки бу ҳолат ўша кишининг фойдасига ҳал бўлди. У бойликка кўмилиб юрган пайтида намоз ўқимасди, тинмай ичарди, ҳатто одамларга қандай зулм қилганини ўзи гапириб берарди. Оқибатда Аллоҳ ундан бор мол мулкини тортиб олди.

Аллоҳ Қуръони каримда: «Албатта, Биз уларга буюк азобдан олдин яқин азобни тоттирамиз. Шоядки қайтсалар», деган.[5]

Бунинг маъноси «Ўша фосиқларга охиратнинг буюк азобидан олдин бу дунёдаги яқин азобни тоттирамиз. Шоядки улар бундан сабоқ олиб, куфр ва фисқу фужурдан, ёмонликлардан қайтсалар» деганидир.

Одамларга раҳм қилсанг, Аллоҳнинг раҳматига ҳақли бўласан. Бинобарин, Аллоҳнинг раҳматига лойиқ бўлишни хоҳласанг, У яратган бандаларга, махлуқотларга раҳм қилгин. Аллоҳ раҳм қилувчиларга раҳм кўрсатади.

Мукаммаллик сифатларининг аксари ана шу илоҳий раҳматдан пайдо бўлади. Раҳмат сифатидек қамрови кенг сифат йўқдир. Масалан, сен латифсан, чунки раҳмдилсан. Сен олижанобсан, чунки раҳмлисан. Сен инсофлисан, чунки раҳмлисан.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда атрофингдан тарқаб кетишар эди. Бас, уларни афв эт. Улар учун истиғфор айт ва ишларда улар билан машварат қил».[6]

Эй Муҳаммад! Раҳмдиллигингиз сабабли, Бизга боғланганингиз сабабли мулойим, хуш ахлоқли бўлдингиз. Мулойим бўлганингизни кўргач, атрофингизга одамлар йиғилди. Биздан узилган бўлганингизда бағритош бўлиб, дағал бўлардингиз, оқибатда одамлар атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эди. Ҳар бир ота, ҳар бир ўқитувчи, ҳар бир яхшиликка чақирувчи, ҳар бир раҳбар ушбу оятдаги ҳикматга ғоятда муҳтождир.

Демак, қалби Аллоҳга боғланган инсоннинг қалби раҳматга тўлади. Раҳмат эса мулойимликка олиб боради.

Аллоҳ таоло барчамизга ўзининг ар-Раҳмон сифати ила тажаллий қилсин![7]

ТИИ Махсус сиртқи бўлим

талабаси Исақов Абдулқуддус

[1] Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржимаси ва тафсири. Тошкент ислом университети. 2009 йил. Аъроф сураси, 180-ояти

[2] Имом Бухорий. Саҳиҳ Бухорий. Байрут, 1987 йил

[3] Доктор Муҳаммад Ротиб Наблусий. “Аллоҳнинг гўзал исмлари” номли асари

[4] Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржимаси ва тафсири. Тошкент ислом университети. 2009 йил. Исро сураси, 110 оят

[5] Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржимаси ва тафсири. Тошкент ислом университети. 2009 йил. Сажда сураси, 21 оят

[6] Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржимаси ва тафсири. Тошкент ислом университети. 2009 йил. Оли Имрон сураси, 159 оят

[7] Доктор Муҳаммад Ротиб Наблусий. “Аллоҳнинг гўзал исмлари” номли асар.

231340cookie-checkДоктор Ротиб Набулисийнинг Аллоҳ таолонинг гўзал исмларига берган таърифи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: