islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Оилада низо ва муаммоларнинг келиб чиқиш бўйича ўтказилган сўровномалар таҳлили

Оила жамият тарққиёти жараёнида унинг давомийлигини таъминлайдиган табиий-биологик эҳтиёжлар бирлигига таянган индивидларнинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий-ахлоқий эҳтиёжи ва ҳамкорлигига асосланган барқарор ижтимоий бирликдир, жамиятнинг муҳим негизидир. Шунга кўра, жамият таянчи – эр-хотин бирлиги, оила аъзолари аҳиллиги бўлиб, , эр-хотиннинг маънавий даражаси оиланинг маънавий муҳитини белгилашда катта аҳамиятга молик.

Оила институнинг мустаҳкам бўлмаслиги ҳар қандай жамият учун самарасиздир. Айнан шу сабабли ҳар бир жамиятда ажралишни қийинлаштирувчи ёки томонларнинг бирига имтиёзлар берувчи муайян қонун-қоидалар мавжуд. Бироқ ажралишларни бутунлай истисно қилиб бўлмайди. Ажралишлар – оиладаги муаммоларни кўрсатади. Ҳозирги вақтда оилани сиртдан барқарорлаштирувчи аёлларнинг эркакларга иқтисодий тобелиги, диний, ахлоқий таъқиқлаш ёки ажралишларни қоралаш каби кўпчилик омиллар аста-секин кучини йўқотиб бормоқда. Оилага хос ички омиллар никоҳ мустаҳкамлиги учун аҳамиятли бўлиб бормоқда.   Эр-хотин ва фарзандларнинг бевосита мулоқоти, ўзаро ёрдам, таянч ва суянчиқ бўлиш – буларнинг барчаси оилада маънавий-руҳий муҳитни яратади. Бунга кўп нарса, энг аввало, никоҳдан, оилавий ҳаётдан қониқиш боғлиқ бўлади. Маънавий яқинлик, руҳий мослик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш кузатилган оилаларда барқарорликнинг юқори даражаси билан фарқ қилади ва Ўзбекистон оилалари шундай оила ҳисобланади.

Эр-хотин муносабатларининг хусусиятлари, оила аъзолари ўртасидаги ўзаро муносабат ва никоҳнинг мустаҳкамлиги қуйидаги индикаторлар ёрдамида аниқланади: 1. Оилага бош бўлиш. 2. Оиладаги жанжаллар ва уларнинг манбалари. 3. Ажралишга олиб келадиган муносабат. 

Вақт ўтиши билан ташкил топган оилаларнинг бир қисми эр ёки хотиннинг вафоти туфайли, яна бир қисми эса турли хил келишмовчиликлар сабабли бекор қилинади.

Оила шаклланиши ва ривожланишига салбий таъсир этувчи жараён – никоҳнинг бекор қилиниши, яъни ажралишдир. Никоҳ эркинлиги ажралиб кетиш эркинлигини ҳам кўзда тутади. Никоҳни рўйҳатга олиш каби ажралишни расмийлаштириш ҳам давлат назорати остидадир.

Афсуски, кейинги йилларда оилалалардаги зиддиятларни бартараф этиш ва унинг олдини олишга ҳаракатлар сустлашиб, оиладаги зиддиятли ҳолатлар кўпинча ажралишларга сабаб бўлмоқда .

Жанжаллар оилаларнинг  алоҳида аъзолари билан ёмон муносабатда бўлиш, одатда, оиланинг барча  аъзоларига, айниқса,  фарзандларга салбий таъсир кўрсатади ва оиланинг руҳий муҳитини ёмонлаштиради. Ва аксинча, унинг аъзолари ўртасида ишончли ахлоқий-ҳиссий муҳит, ота-оналарнинг яққол ижобий намунаси оиланинг бошқа аъзоларига тарбиявий таъсир кўрсатади.

Албатта оилада боқувчисини йўқотиш ёки ота-онанинг ажрашиб кетиши наввало, фарзанд тақдирига салбий таъсир кўрсатади, вояга етмаган боланинг ушбу ҳолатдан қаттиқ изтироб чекиши биринчи навбатда унинг саломатлигига, қолаверса, тарбиясига салбий таъсир кўрсатади.

Вояга етмаганлар томонидан жиноят содир этишнинг асосий сабаблари ўрганилганда, ота-оналар ўртасида муттасил жанжал, турли низолар мавжудлиги ўсмирларнинг жиноят йўлига киришига туртки бўлувчи омил эканлиги кузатилади.

Социологик сўровлар натижаларига кўра, оиланинг барқарорлик даражаси, унинг жанжалкашлик даражасини аниқлаш учун, “Оилада жанжаллар бўлиб турадими?” деган саволга сўраб чиқилганларнинг  деярли ярми салбий жавоб берган. Шу билан бирга, респондентларнинг 39,1 фоизи бу саволга ижобий жавоб берди. Уларнинг 2,4 фоизи уларнинг уйида жанжаллар тез-тез бўлиб туришини билдирди, 36,7 фоизи эса улар баъзан бўлиб туришини таъкидалади. Шуни қайд этиш лозимки, у ёки бу сабабга кўра айрим кишилар жавоб беришдан бош тортди. Бу ҳолни икки хил баҳолаш мумкин: бир тарафдан, “уйдаги гапни кўчага олиб чиқиш”ни хоҳламаслик бўлса, бошқа тарафдан эса, жанжалларнинг ҳар кунги, кундалик воқеа деб қабул қилиш.

“Оилангизда жанжалларнинг сабаби нимада?” деган саволга респондентлар берган жавобларнинг таҳлил қилиниши ҳам бу хулоса тасдиғини топмоқда. Сўраб чиқилганларнинг деярли ҳар иккинчиси (46,2%) унинг оиласи бошдан кечираётган моддий қийинчиликлар оиладаги жанжалларнинг бош сабаби деб ҳисоблайди. Респондентларнинг чорак қисмининг фикри, “оила аъзоларининг дунёқарашлари ўртасидаги тафовут” (23,8%) ва “оила аъзолари томонидан ўз мажбуриятларининг бажарилмаслиги” (23,3%) варианти ўртасида тенг тақсимланди. Фарзандларни табиялашда фикрларнинг бир-бирига тўғри келмаслиги туфайли (18,9%) ва оиланинг бирор аъзоси томонидан ўз фикрида қатъий туриб олиш натижасида (14,2%) ҳам оилада жанжаллар келиб чиқади.  Ёш ва жинс нуқтайи назаридан жавоблар қуйидагича тақсимланган .

 Сўров натижалари кўрсатганидек, 16-20 ёшли энг ёш респондентлар оилаларида (52,8%) моддий қийинчилик оилавий жанжалларнинг бош сабаби ҳисобланади. Ёшлар дунёқараши принциплари ўртасидаги тафовут туфайли ҳам жанжаллар келиб чиқишини билдирди. Шундай қилиб оталар ва фарзандлар муаммоси ҳар доимгидек долзарблигича қолмоқда. Қизиғи шундаки, дунёқарашлар ўртасидаги тафовут моддий аҳволи жуда яхши бўлганлар оилаларида жанжалларнинг деярли асосий сабаби бўлмоқда, моддий аҳволи жуда ёмон (78,6%) ва ёмон (64,7%) бўлганлар оилаларида эса жанажалларнинг асосий сабаби моддий қийинчиликлардир.

“Респондентлар ўз оилаларида кўпроқ кимлар билан жанажллашади?”  Сўров жараёнида олинган маълумотлар, жанжаллар асосан эр ва хотин ўртасида бўлишини кўрсатди (69,5%). Деярли тенг даражада бу жанжаллар ота-она ва болалар ўртасида (18,2%), ака-ука ўртасида (18,7) бўлади. Қайнона ва келин ўртасида жанжал бўлиб туради (7,3%).

 Қайнона билан келишмовчиликлар ва жанжалларни тенг даражада ўзбеклар, Марказий Осиё ва бошқа миллатларда қайд этди (7,1%).

Тадқиқот ҳаётий онг даражасида оилаларда жанжал асосан қайнона ва келин  ўртасидаги келишмовчилик  туфайли келиб чиқади деган таҳминни қўллаб-қувватлаш учун етарлича жиддий асосларни кўрсатмади. Бироқ улар қайнона ва келин ўртасидаги жанжалларни кўрсатади, шу туфайли бу муаммо улар учун жуда муҳимдир.

Қайнона ва келин ўртасидаги ёмон муносабатларнинг сабаблари тўғрисидаги саволга респондентлар томонидан қуйидагича жавоб берилди.  Сўраб чиқилганларнинг 28,3 фоизи қайнона келинни ўз қизидек кўрмайди деб ҳисоблайди, 26,8 фоизи қайнона келин манфаатларини писанд қилмайди, унга ҳизматкордек муносабатда бўлади  (26,5%), ўғлини ундан қизғанади (23,9%), келиннинг камчиликларини ошириб юборади (25,4%), унга зулм ўтказади (16,6%) деб ҳисоблайди. Келиннинг қайнонага бўлган даъволари рўйҳати анча қисқадир. Келиннинг қўполлиги (25,3%), оила аъзоларига ҳурмацизлик билан қараш (22,5%), қайнонага эътибор бермаслик (12,3%) унда асосий ўринни эгаллайди.

Маълумки келишмовчилик негизида эр-хотин ҳамда оиладаги бошқа кишилар дунёқараши, қизиқиши ваталабларининг мос келмаслиги ётади. Оиладаги келишмовчиликлар кўпинча ажралишга сабаб бўлади.

Ажралиш жаҳоннинг кўпчилик мамлакатларида кенг тарқалган ҳодисадир. Социологлар турли-туман макротузилмавий ўзгаришлар ва оилавий муносабатларнинг табиатини  бунинг сабаби деб кўрсатмоқдалар.

Шундай қилиб, ўзбекистонликлар ажралиш оиланинг маънавий негизига путур етказади деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, бу нуқтайи назар ўзбек халқида устунлик қилади.

Респондентларнинг никоҳ мустаҳкамлигининг учинчи индикатори бўлган ажралишларга бўлган муносабати қуйидаги икки савол ёрдамида аниқланди: “Эр ва хотиннинг ажралишига бўлган муносабатингиз қандай?” ва “Агар ажралишга муносабатингиз салбий бўлса, унинг сабаблари нимада?”.

Ўзбекистонликларнинг мутлоқ кўпчилиги биринчи саволга салбий жавоб берди. (93,9%). Улар орасидан ҳар учинчи респондент (33,4%) ажралишга “қатъий равишда” салбий жавоб берди  . Респондентларнинг  бир қисми (6,1%) ажралишда ҳеч қандай ғайритабиий ҳолатни кўрмайди.  2,5 фоизи ажралишга ижобий қарайди, 3,6 фоизи эса бунга бефарқ муносабатда бўлади .

Баъзи тадқиқотларда иқтисодий тушкунликлар ажралишларни камайтиради, иқтисодий тараққиёт эса ажралишларни ўсишига олиб келади деган тахминни илгари сурмоқдалар. Балки, саноат тараққий этган жамият инсонга молиявий барқарорлик, ҳизматдаги қулайлик, маънавий ва шахсий қониқишнинг қандайдир бошқа манбаларини очишидан бунинг сабабини қидириш керакдир.

Ўзбекистонликларнинг мутлоқ кўпчилиги ажралишга салбий муносабатдадир (93,9%). Уларнинг фикрича, оила бузилишининг ижтимоий оқибатлари, болаларнинг етим бўлиб қолиши мана шундай салбий муносабатда бўлишнинг асосий сабабчисидир. Оиадаги маънавий ва псиҳологик муҳитни сақлаб қолишдан иборат ушбу ижтимоий нуқтайи назар оммавуй ахборот воситаларида аниқ намоён бўлиши зарур.

2008-йилги тадқиқотлар натижалари бу кўрсаткичлардан фарқли эканини кўрсатган. Тадқиқот жараёнида ажралаётган оилаларнинг ажралиш сабабини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек ҳамда Юнусобод  туманларининг фуқоролик судларига аҳоли томонидан 2002-йилда никоҳни бекор қилиш учун тақдим қилинган 882 та аризалар ўрганилиб, таҳлил этилган.

Ажралган оилалар миллий таркибига кўра қуйидагича тақсимланди: эр-хотин ўзбек миллатига мансуб бўлган оилалар 41,5 фоизни, эр-хотин рус миллатига мансуб бўлган оилалар 31,2 фоизни ташкил этган. Аралаш миллатдан ташкил топган оилалар нисбатан кам. Ўрганилган ҳар иккала туманда ҳам ўзбек ва рус оилаларига энг кўп ажралишлар тўғри келди. Аралаш миллатдан ташкил топган оилаларда ҳам ажралишлар нисбатан юқори.

Ўрганилган жами оилаларнинг ҳар бештадан биттасини ёш оилалар, яъни 1-4 йил муқаддам тузилган эр-хотинлик иттифоқининг бузилиши ташкил этди  .

Оиладаги ҳар қандай келишмовчиликлар баъзан оилаларнинг ажралиб кетишига сабаб бўлади. “Оилалар ажралиб кетишига қандай сабаблар туртки бўлмоқда?” саволига респондентлар қуйидагича фикр билдирганлар. Ажралишлар орасида энг катта кўрсаткич-эр-хотин дунёқарашининг мос келмаслиги, яъни ҳарактерларнинг бир-бирига зид аканлиги кўрсатилган. Ушбу сабаб билан ўрганилган оилаларнинг деярли ҳар учтадан биттаси ажралиб кетган.

Оилаларнинг бузилишига тобора авж олиб кетаётган ичкилик ва гиёҳвандлик ҳам сабаб бўлмоқда. Эркаклар спиртли ичимлик ва гиёҳвандлик моддаларига ружу қўйиши ҳамда оилага эътиборсизлиги туфайли оилаларнинг 18,7 фоизи инқирозга юз тутган. Оила аъзолари орасида ўзаро ҳурмат, одоб каби инсоний фазилатларга асосланган муносабатларнинг барҳам топиши ҳам ажралишга сабаб бўлган. Ажралиш сабаблари орасида қайнона-келин ва бошқа оила аъзолари ўртасида бир-бирини менсимаслик ва ўзаро ҳурмат йўқолганлиги каби носоғлом оила муҳитидаги ҳолат бора-бора эр-хотин ажралиши билан якунланган

Маълум бўлишича, русийзабон миллатига мансуб оилалардаги эр ёки хотиннинг бошқа давлатда яшаш учун кўчиб кетишлари ҳам оилаларни ажралиб кетишига сабаб бўлмоқда. Ушбу сабаб жами оилаларнинг 12,1 фоизини ташкил этди.

Ажралганларнинг кўпчилиги ёш оилалар бўлиб, уларда ҳаётий кўникма ва тажриба йўқлиги ҳамда бир-бирига ён босишни хоҳламаслиги ажралиш учун асосий сабаблардан бирига айланган.

Баъзан ота-оналар ҳеч қаерда ишламайдиган, бирор касбни эгалламаган, ўзини моддий жиҳатдан таъминлай олмайдиган ўғлилларини уйлантириб қўядилар бу эса ёш оилаларнинг дастлабки йилидаёқ иқтисодий қийинчиликларга сабаб бўлади. Оқибатда турли хил жанжал ва низоларнинг келиб чиқишига ҳамда ажралишларга сабаб бўлмоқда. Ажралган оилаларнинг 10 фоизини ана шундай оилалар ташкил этди .

Кейинги йилларда аҳоли ўртасида маънавий-ахлоқий меъёрларнинг сусайиши натижасида эр ёки хотин бир-бирларига хиёнат қилмоқда. Ўрганилган оилаларнинг 12,1 фоизи хиёнат сабабли ажралишган. Бундай ҳолатларнинг учдан икки қисмидан ортиғи эркаклар томонидан содир этилган, 30 фоизи эса аёллар томонидан йўл қўйилган салбий ҳоллар билан изоҳланади

Кейинги йилларда Британиялик бир неча диний арбоб оиланинг тараққиёт билан боғлиқ инқирози фожиаси хусусида ўзларининг кўпинча изтиробли, умуман олганда, ишончли мулоҳазаларини билдиришди. Ливерпул эпископи ва бош раввин ушбу жараён хусусида одатдаги статистик маълумотлар ёрдамида мана бундай хулоса чиқардилар: Британия болалаларининг 34 фоизи никоҳсиз туғилмоқда, таҳминан шунча миқдордаги катта ёшлилар ажрашиш аламидан азият чекмоқда: келгуси йигирма йил давомида британиялик болаларнинг ярмидан озроғигина ота-она тарбиясини оладива ҳ.к. маълум бўлишича, АҚШда қамалганларнинг ярмидан кўпи бузилган оилалар фарзандлари экани, ота-онасининг ажрашгани сабабли етказилган кучли руҳий зарба эркак ва аёлларга ўрта ёш, ҳатто кексалик чоғида ҳам салбий таъсир кўрсатиб туриши аниқланган .

Замонавий Ўзбекистон жамияти бугунги кунда фуқаролик никоҳларига нисбатан умумий нуқтайи назарни ишлаб чиқмаган. Умуман олганда жамият фуқаролик никоҳига салбий муносабтда бирорта умумий нуқтайи назарни ифодаламайди, шаҳарликлар ва қишлоқда яшовчиларда, турли миллат вакилларида бу никоҳга билдирилган муносабатда  фарқ сезилади .

 Ўзбекистонликларнинг бундай никоҳларга тенг даражада, ҳам ижобий, ҳам салбий муносабатдадирлар. Фуқаролик никоҳларини қабул қиладиганларнинг асосий кўпчилигини қорақалпоқлар, Марказий Осиё миллатлари вакиллари, кўпроқ 21-24 ёш ва 50 ёшдан катта тоифага кирадиган шаҳар аҳолиси ташкил этади.

Шаҳарликларга нисбатан қишлоқда яшовчилар фуқаролик никоҳига салбий муносабатда бўлади. Қатъий салбий муносабатда бўлганлар қишлоқда яшовчиларнинг 14,2 фоизини ва салбий муносабатда бўлганлар 31,0 фоизни ташкил этса, қатъий салбий муносабтада бўлганлар шаҳарда яшовчиларнинг 14,2 фоизини ва салбий муносабатда бўлганлар респондентларнинг 20, 4 фоизини ташкил этади.

Ўзбекларнинг 31,2 фоизигача бўлган қисми ва славянларнинг 28,3 фоизи фуқаролик никоҳига нисбатан ижобий қарайди .

Оиладан ажралиш ҳоллари энг кўп Тошкент шаҳрида ҳамда Тошкент, Навоий, Сирдарё вилоятларида кузатилади. Бу минтақаларда ажралишнинг умумий коеффиценти 0,8-1,9 промиллега тенг .

Статистк маълумотлар кўрсатишича, оиладан ажралиш 20-35 ёшгача бўлганлар орасида энг кўп. Чунончи, 2006 йилда оиладан ажралганларнинг 1,4 фоизини 20 ёшгача бўлган аёллар, 21,6 фоизини 20-24 ёш орасидагилар, 28,7 фоизини 25-29 ёшдагилар, 19,7 фоизини эса 30-34 ёш орасидагилар ташкил этган. 35 ва ундан катта ёшдагиларга 28,6 фоизи тоғри келади. Бу кўрсаткичларни 1991 йилга нисбатан солиштирилганда қуйидагилар маълум бўлди: 20 ёшгача бўлган аёлларнинг салмоғи 1,1 фоизга, 20-24 ёш орасидагилар салмоғи 3,1 фоизга камайган. Аксинча, 25-29 ҳамда 40 ва ундан катта ёшдаги аёллар орасида эса унинг салмоғи кўтарилган. 30 ва ундан катта ёш прасидагилар орасида ўзгариш деярли бўлмаган .

Тадқиқотлар кўрсатишича бекор қилинган никоҳларнинг 41,2 фоизини фарзанди йўқ оилалар, 30 фоизга яқинини битта фарзандли оилалар, қолган қисмини эса, икки ва ундан ортиқ фарзанди бор оилалар ташкил этган. Умуман фарзандли оилаларнинг ҳар бирига ўртача 1,6 та бола тўғри келди. Бу кўрсаткич Қорақалпоғистон Республикасида, Жиззаҳ ва Сурхандарё вилоятларида  1,9 та болага, Қашқадарё, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида эса, 1,8 та болага тўғри келди

Тадқиқ этилган оилаларнинг ярмидан ортиғи бир фарзандли оилаларга, 31 фоиздан ортиқроғи икки фарзандли оилаларга тўғри келган

Хулоса қилиб айтганда, оила қуришдаги ижтимоий-иқтисодий  ва маънавий етукликнинг паст даражадалиги оиланинг муваффаққиятли яшаб кетишида бир қанча муаммоларни юзага келтирган ва ажралишларга олиб келган. Оила поклик-софликка, садоқатга асосланган бўлса, оилалар ҳақиқатан тинч-тотув, аҳил бўлиб яшайди. Аксинча бўлса,  бундай оилалар жамиятга моддий ва маънавий жиҳатдан зиён етказади.

 Оиланинг мустаҳкамлиги ва фаровонлигини юксалтиришда биринчи навбатда оиладаги маънавий муносабатни, яъни бир оилада яшовчилар орасида меҳр-оқибат, одоб-ахлоқ, инсоний туйғуларни ошира боришга эътиборни қаратмоқ лозим.

ТИИ Махсус сиртқи бўлим

талабаси Акмалов Абдулҳаким

231320cookie-checkОилада низо ва муаммоларнинг келиб чиқиш бўйича ўтказилган сўровномалар таҳлили
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!