Динимиз инсонларга яхшилик қилишга ва савобли ишларни амалга оширишга даъват этади. Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида инсонларга яхшилик қилиш борасида шундай марҳамат қилади:
لَن تَنَالُواْ ٱلۡبِرَّ حَتَّىٰ تُنفِقُواْ مِمَّا تُحِبُّونَۚ وَمَا تُنفِقُواْ مِن شَيۡءٖ فَإِنَّ ٱللَّهَ بِهِۦ عَلِيمٞ٩٢
“Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз. Нимани нафақа қилганингизни Аллоҳ билувчидир”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса инсонларга вафотларидан кейин ҳам савоби етиб турадиган амалларнинг таълимини берганлар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللّهُ عنه أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: “إِذَا مَاتَ الْإِنْسَانُ انْقَطَعَ عَنْهُ عَمَلُهُ إِلَّا مِنْ ثَلَاثَةٍ إِلَّا مِنْ صَدَقَةٍ جَارِيَةٍ أَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ أَوْ وَلَدٍ صَالِحٍ يَدْعُو لَهُ “.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласи вафот этса, унинг амаллари кесилади. Фақат уч нарсадан: садақаи жориядан, манфаатланадиган илмдан ва унинг ҳақига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанддан кесилмайди”, дедилар”. Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Ҳадиси шарифда келган “садақайи жория” бу давомли садақа бўлиб, бу иш асосан вақф орқали амалга ошади.
Маълумки, диёримиз ислом нури ила мунаввар бўлган вақтлардан бошлаб халқимиз бу диннинг ҳар бир ҳукмига имкон қадар тўлиқ амал қила бошлади. Инсонларга яхшилик қилиш ва савобли амалларни кўпайтириш динимизнинг гўзал жиҳатларидан бўлгани боис мусулмонлар тарафидан жамиятда илм аҳлини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлайдиган, муҳтожларга ёрдам берадиган ва шу каби хайрли ишларни амалга оширадиган мулклар, яъни вақфлар ажратилиши бошланди. Давлат вақф мулкларини назорат қилар, уларнинг сотиб юборилиши ёки бу каби мулкларга тажовуз қилинишининг олдини олар эди.
Вақф қилинган мулк доимий бўлиб, уни сотиш, сотиб олиш, совға қилиш ёки бошқа бирор бир йўл билан унга эгалик қилиб олиш мумкин эмасди. Вақф маҳкамаси, яъни мактаб, қорихона, масжид ёки мадраса мазкур мулкдан бевосита даромад ололмаслиги сабабли уни ижарага бериши мумкин бўлган. Лекин ижарачининг ушбу мулкка эгалик қилиб олмаслиги учун уни узоқ муддатга ижарага бериш таъқиқланган. Бу билан, ижарачининг мазкур вақф мулкига эгалик қилиб олиши чекланган. Мансабдор шахсларнинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб вақф мулкини эгаллаб олишларига йўл қўйилмаган.
Бу ҳолат Юртимиз Чор Россияси тарафидан истило қилинган кезларда ҳам давом этди. 1917-йили ҳокимиятни болшевиклар эгаллаб, кейинчалик Марказий Осиё ҳудудини миллатларга кўра ажратиб, алоҳида давлатлар ташкил этган вақтларда ҳам вақф мулклари мавжуд эди ва улар маориф учун хизмат қиларди. Буни Мунавварқори Абдурашидхоновнинг ўша пайтдаги вақф мулклари ҳақидаги қуйидаги жумлаларида ҳам кўришимиз мумкин: “Ҳозир вақф таъминотида, Хоразм ва Бухородан ташқари, 85 бошланғич мактаб, 6638 ўқувчи, 2 – 3 босқич мактаб, 400 ўқувчи, 10 саводсизлар курси, 6 таълим-тарбия курси бор. Бундан бошқа вақф шефлигида клуб, қироатхона, хотин-қиз билим юрти ҳам 25 стипендия олғувчи бор. Демак, Бош вақфнинг умумий даромадидан 89 ярим просенти илмий ишларга сарф бўлиб, қолгани идора ишчиларига кетадир”.
Тарихимизнинг ўша машъум кунларида ҳам эзгулик ва маърифат йўлида хизмат қилиб келган вақф мулклари болшевиклар тарафидан 1928-йилда бутунлай тугатилди. Шундан кейин бу амалиёт жамият ҳаётидан деярли унутилди ва фақатгина тарихга айланиб қолди.
Бугун янгича ривожланиш йўлидан одимлаётган Давлатимиз барча соҳаларни тубдан ислоҳ қилмоқда. Замонавий услуб ва воситалар билан бирга ўтмишнинг бой тажрибасига суянмоқда. 2018-йилда муҳтарам Президентимиз Фармони асосида ташкил этилган “Вақф” хайрия жамоат фонди диний-маърифий соҳани ривожлантириш йўлидаги муҳим ва оқилона қадамлардан бири бўлди.
“Вақф” фонди қисқа муддатда катта ютуқларга эриша олди. Бир қанча масжидлар таъмири учун маблағ ажратди, акциялар уюштирди, аҳолининг кам таъминланган қатламига ёрдам қўлини чўзди, таълим муассасаларидаги талабаларнинг шартнома пулларига кўмаклашди, устозларни қўллаб-қувватлади, фалокат юз берган ҳудудлардаги инсонларга ёрдамлашди ва шу каби хайрия ишларини амалга оширди. Ушбу фонд келажак учун ҳам бир қанча режаларни амалга оширишни мақсад қилган бўлиб, улар орасида вақф клиникасини бунёд этиш ҳам мавжуд. Бу эса жамият ривожи учун салмоқли ҳисса қўшади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, вақф мулклари илк пайдо бўлган кезлардан аввалги мусулмон жамиятининг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида муҳим рол ўйнаган. Кейинчалик исломнинг бошқа ўлкаларга тарқаши, бошқа халқларнинг ҳам исломни қабул қилиши асносида вақф мулклари ҳам кенгайиб борди. Вақф мулклари жамиятнинг таълим соҳасини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлади, аҳолининг моддий қийинчиликларга учраган қатламига кўмаклашди ва турли тарихий иншоотлар қолдирди. Юртимиздаги аксар мадрасаларнинг вақф мулклари ҳисобидан қурилгани ва уларнинг бугунги кунга қадар етиб келгани ҳам сўзимизнинг далили бўла олади.
ТИИ 4-курс талабаси
Бобохонов Ийсохон