Собиқ Совет Иттифоқи даврида мадрасалар фаолияти тўхтатилган бўлса-да, Мир Араб мадрасаси 1945 йилдан бошлаб ҳозирги кунга қадар ишлаб келмоқда.
Бу илм масканидан ислом дини равнақига сезиларли ҳисса қўшган машҳур уламолар етишиб чиққан. Улар орасида россиялик Равил Гайнутдин, бошқирдистонлик Талгат Тожуддин, чеченистонлик Аҳмад Қодиров, озарбайжонлик Оллошукур Пошшозода, қирғизистонлик Кимсанбой Абдураҳмонов ҳамда туркманистонлик Насруллохон Ибодуллоев кабилар илм олганлар. Шунингдек, билим юртини очилишига сабабчи бўлган муфтий Эшон Бобохон, муфтий Эшон Зиёвуддинхон ва замонамизнинг таниқли уламолари Абдулғани Абдуллаев, Мухторжон Абдуллаев, Юсуфхон Шокиров, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Фозил қори Собиров, Раҳматулла қори Обидов, Абдурашид қори Баҳромов, Усмонхон Алимов, Абдулғафур Раззоқов ва республикамиздаги имом-хатибларнинг аксарияти ҳам мадрасанинг фахрий талабаларидан бўлганлар.
Совет Иттифоқи вақтида ҳам Ўзбекистон Марказий Осиёнинг диний савод чиқариш маркази бўлиб келган. Яширин ташкил қилинган ҳужраларда Қирғизистон, Қозоғистон ва Россиядан толиблар келиб сабоқ олишган.
Ўзбекистон мустақилликка эришган йилларда бутун дунёда исломлашиш тўлқини бошланган. Бу Ўзбекистонга ҳам таъсир этмасдан қолмаган.
Коммунистик блок чўкиши билан дунёда Ислом ўртага чиқди. Манзара тамоман ўзгарди. Рақамларга қарасак, советлар даврида масжидлар сони 80 та бўлган. Мустақиллик йиллари бошида Ўзбекистоннинг ўзида 8000 масжид бор эди.
Натижада, Марказий Осиёда ҳам диндорлар сони кўпайган. Ушбу рақамларнинг ортиши ҳукуматларнинг олиб бораётгани сиёсати эмас, балки дунёда содир бўлаётган тенденция таъсири.
Энди тарихга тўхталадиган бўлсак, ота-боболаримиз таълим-тарбияга жуда қаттиқ эътибор беришганини таъкидлаш керак. Бу соҳада Абдулла Авлоний бобомизнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир” деган гаплари беҳуда айтилмаган. Мен бу гапларнинг мағзини шарҳлаб ўтирмай, ўзингиз ўринли таъкидлаганингиздек, биргина коммунистларнинг атеистик тарбияси кишиларни нечоғлик ҳалокат ва фалокат ёқасига олиб келиб қўйганини таъкидлаб ўтмоқчиман, холос. Шўро инқилобигача Туркистон Чор Россиясининг қарам мамлакатлари ичида бўлган. Ўша даврлардаги диний таълим, мадрасалар ҳақида устозлар сўзлаб беришган.
Айтишларича, 1924 йилда Туркистон парчаланиб, миллий республикаларга бўлинган пайтгача ҳам Ўзбекистонда диний мадрасалар кўп бўлган. Маҳалла мактабида таълим олган бола ўқишни давом эттиришни истаса, мадрасага борган. Энг муҳими, у маҳалла мактабида ўқиш-ёзишни ўрганиб, ҳалол-ҳаромни ажратиб, бир мусулмон фарзанди сифатида мустақил ҳаёт кечиришга тайёрланган. Ўша маҳалла мактабида олган билими билан бирон-бир касбнинг бошини ушлаган. Энди мадрасаларга борган болалар эса, у ерда йиллаб ўқишган. Бундан ташқари, диний китобларни ўзлаштириш ўта қийин бўлган.
1943 йил октябрь ойида бўлиб ўтган мусулмонларнинг биринчи қурултойида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг Диний идораси бошқармаси ташкил этилиб, Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон мазкур ташкилотнинг масъул котиби ва айни пайтда Ўзбекистон қозиси лавозимига бир овоздан сайланади. Республика қозияти Диний идоранинг анчайин фаол тизими ҳисобланган. У олиб борган ишлар Ўрта Осиё ва Қозоғистоннинг бошқа республикаларида диний уюшмаларнинг оёққа туришида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ўзбекистон қозияти Совет шарқи мусулмонларининг диний тарқоқлигига барҳам беришда жуда катта шижоат кўрсатди. Совет ҳукумати динларга, хусусан, Ислом динининг ривожланиши, мусулмонларнинг ўз диний арконларини бажариш ишларига қанчалик қаршилик кўрсатмасин, диний идора раҳбарияти берилган озгина имконият-дан жуда унумли фойдаланди. Ҳатто, маърузаларда қайси оятлардан фойдаланиш кераклиги ҳам белгилаб қўйилар эди.
Зиёвуддинхон қори ҳазратнинг ташаббуслари билан бир журнал ташкил этилди. Ўша журнал номига ҳам “совет” сўзини қўшишга мажбурланган. Шундай эдики, мақолалар дастлаб рус тилида тайёрланиб, Москвага, ҳукуматнинг Кенгашига юборилар, у ерда таҳрир қилиниб қайтгач, ўзбек ва бошқа тилларга, араб, форс, инглиз ва француз тилларига таржима этилар эди. Ўзбек тилидагиси эски ўзбек имлосида босиларди. Кириллда ёзилса, гўё халқ бутунлай имонга кириб кетадигандек… Мана шундай бир шароитда Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратлари гоҳ расмий, гоҳ норасмий йўл билан бўлса-да, Москва билан музокаралар, баҳслар олиб бориши натижасида Ислом динини ривожлантиришга баҳоли қудрат ўз ҳиссасини қўшган. Ўзининг беқиёс даражадаги илмий салоҳияти билан кишиларнинг имонини мустаҳкамладигина эмас, балки баланд кўтарди.
Шундай қилиб 1971 йилгача бутун СССР мусулмонлари учун битта — Бухородаги Мир Араб мадрасаси фаолият юритган, холос. Унда бор-йўғи 60 нафар талаба ўқиган. Ўша йили Зиёвуддинхон қори ҳазратнинг елиб-югуришлари натижасида Тошкентда олий мадраса (МАЪҲАД) иш бошлади. Бу ерга ҳар йили қабул бўлмасди. Ҳар тўрт йилда бир марта қабул ўтказилар эди. Мана шундай қийин шароитларда ишлаб ўтган одамлар ҳақида гапирганда тўғри фикрда бўлишимиз керак. Баъзилар бўлдики, диний идорага доим тош отиб ўтишди. Бу ерда ишлаётганларни “сарой уламолари” дейдиганлар топилар эди. Ана ўша “сарой уламолари” бўлмаса, совет атеистлари динимизни яна не кўйларга солиб юборишлари мумкинлигидан улар бехабардирлар. Бу одамлар қўлларидан келганча дунёвий давлат билан мусулмонларни келиштириб, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳаж-умраларни ташкил этиш, масжид-мадрасаларнинг ҳолидан хабар олиш, диний мавзудаги адабиётларни нашр этиш каби хизматлар борки, бу ишларнинг барчаси ўша “сарой уламолари” нинг чекига тушган эди.
Демак, шўролар иқтидорга келиши билан эски мактаб ва мадрасалар ёпилди. Мударрислар қатағон қилинди. Нима қилиш керак? Қатағонлар пайти айрим уламолар бошқа ишларнинг бошини ушлаб тирик қолишди. Аммо ичлари тўла илм. Ёшлари бир жойга бориб қолган бу олимлар илмларини ўзлари билан охиратга олиб кетишадими, энди? Йўқ, бундай қилиш Худога ҳам хуш келмайди. Қандай бўлмасин, улар ўз эгаларига етказилиши керак! Шу тариқа улар ўзларининг фарзандларига ёки қўни-қўшни, илм истаган бошқа кишиларга махфий таълим бера бошлашди. Бу ҳаракат водийдан бошланди. Яъни, Андижон, Наманган, Марғилон.
Энди бу ҳужраларда қандай дарслар ўқитилган? Бу масалага ўтишдан олдин шуни айтиш керакки, кейинги эллик йил орасида ҳужралар эл кўзига ола бўжи, экстремистик ташкилот, муллаваччалар жангарилар сифатида кўрсатиб келинди. Бу енгил қилиб айтганда, инсофдан эмасди. Сизга бир мисол. Хабарингиз бор, ўтган йили мамлакатимизда қорилар мусобақаси ўтказилди. Унда юзлаб мураттаб қорилар иштирок этишди. Уларнинг қайси бири жангари?! Шундай бўлганда бундай мўътабар издиҳомда иштирок эта олишармиди?! Ўша мусобақа иштирокчиларининг саксон фоизи ҳужрадан чиққан собиқ муллаваччалардир. Уларнинг қироатларини тинглаган бутун Ўзбекистон ҳамд-у санолар айтишди. Ростдан ҳам, Мустақилликкача бутун республикада бор-йўғи иккита мадраса бўлган бўлса, бунча қори қаердан келди, деган савол туғилади-да! Бугунги кунда мамлакатимизда икки мингдан ортиқ масжид бор.
Энди тилга олинган ҳужраларда қандай фанлар ўқитилган? Айтиш керакки, уларда сиёсат ҳақида умуман сўз юритилмаган. Дарслар араб тили грамматикаси — Кофия, яъни наҳв-у сарф, Унвон — араб адабиёти, фиқҳ илмларидан “Мухтасар”, Марғинонийнинг “Ҳидоя” асари, Мишкотул масобиҳ, Шарҳи мулла (Жомийнинг Кофия шарҳи китоби), Саҳиҳи Бухорий, Қози Байзовий, Насафийларнинг тафсирлари ва бошқа Ақоид китобларидан иборат бўлган. Юқорида номлари тилга олинган дарслик ҳамда китобларда ҳеч қандай сиёсат билан боғлиқ гаплар йўқ ва бўлиши мумкин ҳам эмас. Улар том маънодаги илмий асарлар бўлиб, биринчидан, ўқувчига араб тили грамматикасини ўргатса, иккинчидан, Қуръони карим тафсири ҳамда ҳадис илмидан дарс беради. Булардан ташқари адабий китоблар, балоғат ва фасоҳат мавзуларидаги дарслар ўқитилган.
Ҳозирда ўша ҳужралар ўрнида мадрасалар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг дастурлари, уларнинг ўқитиш тартиблари диний идора томонидан белгилаб бериляпти. Янги-янги курслар очиляпти. Ҳозирда республикамизда 11 та мадраса, уларнинг иккитаси олий, ишлаб турибди. Бундан ташқари аёлларнинг ҳам мадрасаси бор. Ҳозирги мадрасаларимиздан ҳам мураттаб қорилар, уламолар чиқяпти. Мадрасаларда, араб тили курсларида ҳам таълимнинг энг илғор усуллари қўлланилмоқда.
ТИИ 4-курс талабаси Нурддинов Асадуллоҳ