islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Шайх Муҳаммад Аввома ҳазратларининг ҳаёти ва ижоди

Исми шарифлари ва насаблари

Фазилатли устоз, аллома, муҳаққиқ, муҳаддис шайх Аввоманинг тўлиқ исмлари – Абу Фазл Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Абдулқодир ибн Умар ибн Алий Аввома Ан-Нуъаймий Ал-Ҳусайнийдир.

Оналари Оиша Сирожиддин Ҳусайний оиласидан Аҳмад ибн Алийнинг қизларидирлар.

Таваллуди

Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ ҳижрий 1358 йил зулҳижжа ойининг 14-куни (милодий 1940 йили 1 январь) Суриядаги Ҳалаб шаҳрининг машҳур «Бобул Мақом» маҳалласида дунёга келдилар.

Маҳалланинг Бобул Мақом деб номланишининг сабаби шуки, бу мақом Иброҳим алайҳиссаломга нисбат берилади. Мақоми Иброҳим Бобул Мақом дарвозасининг ташқарисидаги «Солиҳлар минтақаси»да жойлашган бўлиб, шунинг учун Ҳалаб шаҳрининг бир неча дарвозаларидан бири Бобул Мақом деб номланган.

Ёшлиги ва илмга муҳаббати

Муҳаммад Аввома ҳазратлари тақводор, солиҳ хулқли ва шу билан бирга оддий ва самимий муҳитда ўсиб улғайдилар. Бу муҳит кичкина, содда бўлгани билан, лекин маънавий жиҳатдан катта, илмий ҳамжамиятда улуғ мавқега эга эди. Оталари Муҳаммад ибн Абдулқодир ҳам тақводор, солиҳ ва илмли, юмшоқ табиатли, яхши дўст, сиёсатдон ва узоқни кўра билувчи киши эди.

Муҳаммад Аввома ҳазратлари диний маърифатли муҳитда яшадилар. Биринчи бўлиб оталарининг қалин дўсти, фазилатли шайх, фақиҳ, тақводор зот Муҳаммад Салқийний роҳимаҳуллоҳ ҳазратларига шогирд тушдилар. У киши маҳалланинг шайхи, имоми, оқсоқоли ва бошлиғи эдилар. Муҳаммад Аввома беш маҳал намозни шайхнинг масжидида ўқийдиган бўлдилар. Масжиднинг номи Товаший эди. Ушбу масжидга устозларининг дарсларига, ваъз-иршод мажлисларига қатнардилар. Ўша пайтда Муҳаммад Аввоманинг ёшлари тахминан ўн ёшлар эди.

Муҳаммад Аввома устозларининг хулқлари, тавозеълари, зоҳидликлари, иффатлари, юксак манфаатлар йўлида ўз манфаатларидан воз кечишлари, балки аслида ўз манфаатларини умуман устун қўймаганликларидан қаттиқ таъсирланганлар. Шу билан биргаликда устозлари тақводор ва Аллоҳдан қўрқадиган, хавф ва ражода бўлганлар. Устозларининг юқорида санаб ўтилган улуғ сифат ва амаллари ушбу ўсиб келаётган бола олдида, улуғ бир шайхдан кичкина бир болага амалий тарбия ва руҳий юксалиш бўлиб ҳизмат қилди.

Муҳаммад Салқийний ҳазратлари Муҳаммад Аввомага ўқиб-ўрганиш, руҳан ва ахлоқан биринчи устоз бўлганлар. Нақшдек ўйиб туширилган ушбу тарбия ҳали ҳам шайх Муҳаммад Аввоманинг зеҳнлари, ёдларида туради, уни фарзандларига айтиб берадилар ва шу тарбия асосида фарзандларини тарбия қилганлар. Мураббий, мухлис ва сидқидиллик шайхларнинг тарбия ва таълим борасида қилган ишлари, амаллари замонлар оша ўқувчи шогирдлар қалбида ёд бўлиб сақланиб қолаверди ва бу тарбияни биринчи авлод кейингисига ўтказаверади. Чунки тарбия борасида қилинган бу ҳизматлар бундай устозларнинг қалбларидан чиқиб келаётган, сохта бўлмаган балки табиатларида мавжуд бўлган амаллардир. Шу сабабдан ҳам асҳобларининг қалбларига жо бўлиб, ой ва йиллар ўтиши ҳам бу тарбияни қалблардан суғуриб бўлмайди. Мана шу ихлоснинг мукофотидир.

Маълумотлари

Муҳаммад Аввома дастлаб 1952 йилда Умар ибн Абдулазиз номли бошланғич таълим мактабини тамомладилар. Сўнг ўша пайтда усмонийларнинг Ҳалабдаги ҳокимларидан бири Шаъбон пошога мансуб шариат мадрасасига ўқишга кирдилар. Бу мадрасанинг ўқитиш услуби, илмий дастури қадимий, асл илмий ҳолатини сақлаб қолган эди. Мадраса шариат фанлари бўйича дастурий китобларда ёки таълимга оид ишларда таълим вазирлигига тобе эмасди.

Муҳаммад Аввома илм пойдевори вазифасини бажарган ушбу мадрасадан улкан истефода олдилар. Барча илмларни аста-секин, поғонама-поғона ўргандилар. Илмда мустаҳкам, пухта ва кучли бўлишларининг сабаби ҳам шу эди. Шундай қилиб, илм у кишининг зеҳнларида мустаҳкам ўрнашгач, унинг аломатлари намоён бўла бошлади. Мана шу ҳолатда шаръий илмларнинг барчасини ўқиб тугатдилар, илмнинг аввалию охирини, бошланишини ва ниҳоясини билдилар. Афсуски, ҳозирги кунимиздаги таълим бериш услубида шу нарса етишмайди.

1953 йилда биринчи устозлари – фазилатли шайх Муҳаммад Салқийний роҳимаҳуллоҳнинг тавсиялари билан юқорида зикри келган «Шаъбония» мадрасасига ўқишга кирдилар. У кишининг шариат мадрасаларида шаръий илмлар олишига авваламбор мана шу устозлари сабабчи бўлган. Бешинчи синфни (ўрта мактабнинг иккинчи босқичини) тамомлагунча мана шундай услубда илм олишни давом эттирдилар. Муҳаммад Аввома ўз гуруҳларида энг аълочи бўлганлар.

Шу йили давлат турли кичик мадрасаларни бирлаштириб, битта умумий шаръий ўрта мактаб жорий қилди. Бу мактаб «Хусровий мадрасаси» дейиларди. Бу Ҳалабдаги қадимий мадраса бўлиб, Ҳалаб, Ҳама ва бошқа қўшни шаҳарларда яшаган кўпгина уламолар ушбу ўқув даргоҳини битирувчиси бўлишган. Шунингдек, бу мадраса ҳақида катта аллома, фазилатли шайх Муҳаммад Ал-Ҳомид: «Бу мадраса илмлари чуқурлиги, мукаммаллиги билан Азҳар шариф билан тенглашади», деганлар. Муҳаммад Аввома бу мадрасани 1962 йилда тамомладилар.

Шайх Аввома «Шаъбония» мадрасасининг бешинчи синфини тугатганларидан сўнг, ҳижрий 1379 йилнинг Робиъул аввал ойида устозлари, фазилатли шайх Абдуллоҳ Сирожиддин ва фазилатли шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда роҳимаҳумаллоҳнинг изнлари билан «Азҳар шариф»да илм таҳсилини давом эттириш учун Мисрга сафар қилдилар.

Бироқ, Мисрга боргач, икки ой туриб ҳам илм таҳсилини давом эттириш бахти насиб қилмади. Яна устозларининг амри билан Ҳалабга қайтиб келдилар.

Шайх Аввома 1962 йилда Ислом шариати куллиётига ўқишга кириб, 1967 йилда ўқишни тамомлагач, устозлари шайх Абдуллоҳ Сирожиддин ҳазратлари тавсиясига кўра Шаъбония мадрасасида дарс бера бошлади. Шу йилнинг ўзида уни ушбу мадрасага муаллим ва кутубхона бошлиғи қилиб тайинлашди. 1979 йилда Суриядан кетгунларига қадар ушбу мадрасада таълим бердилар.

Шайх Муҳаммад Аввома 1980 йилда Мадинаи мунавварага кўчиб ўтдилар. У ердаги Ислом университетига жойлашиб, “Пайғамбар алайҳиссалом суннатлари ва сийратлари” номли бўлим очдилар.

Хос устоз-шогирд услуби

«Хос устоз-шогирд услуби» деганда аввалги уламоларнинг хос талабаларига берган хос дарслари назарда тутилмоқда. Бунда талабалар шайхнинг атрофида қуршаб олиб, чўккалаб ўтиришар, гўё бошига қуш қўниб тургандек қимир этмай, юксак одоб ва тавозеъ билан дарс тинглашар эди. Илм ўрганишдан аввал илм одобини, китоб ўқишдан аввал китоб одобини, устозга ҳурмат-эҳтиромни ўрганишар эди. Бу дарсларда буюк уламоларнинг китоблари диққат-эътибор билан ўқилар эди. Қисқартирилган, бузилган, янги чиққан маълумотларга эътибор берилмас эди. Шайхлари орқали асл, ҳақиқий имомларни таниб-билиб олишар эди. Натижада қалблари тараққий этар, руҳлари юксалар, илм неъмати ҳар бир ўқувчининг зеҳнига кўчиб ўтиб, қалбига осонгина ўрнашарди. Шунинг учун ҳам бу авлоднинг катта қисми шайхларининг ҳар бир сўзини, ҳар бир ҳарфини тўлиқ ёд олиб, эслаб қолган. Буни ўз тажрибасида кўрган, унинг лаззатини татиб кўрган ҳар бир киши жуда яхши билади.

«Шаъбония» мадрасасидаги хизматлари

Муҳаммад Аввома бу мадрасага ўзларини тўлиқ бахшида қилгандилар, бу маскан уйларидан ҳам азизроқ эди. Тонг саҳарданоқ дарс бериш ва топшириқлар учун мадрасага келиб, пешин пайти уйга қайтардилар. Сўнг асрда яна мадрасага қайтиб, талабалар билан ишлаш, мутолаа қилиш ва дарсларни такрорлаш учун келиб кетардилар. Сўнг учинчи маротаба хуфтон намозидан кейин мадрасада келиб, шу ерда ётиб ўқийдиган талабаларни назорат қилиш, ҳолидан хабар олиш, муаммоларини ҳал этиш, керакли нарсалар билан таъминлаб бериш учун борар эдилар.

Бир куни биринчи шайхи, устози шайх Абдуллоҳ Сирожиддин биродарлари шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғуддага кейинги пайтлар мадрасанинг ишлари оғирлашиб, ташвиши кўпайиб кетгани ҳақида гапириб туриб, «Шайх Муҳаммад Аввомадан бошқа ёрдамчим йўқ», дедилар. Яна бир куни: «Қанийди шайх Муҳаммад Аввомага ўхшаган ўнта одамим бўлса», деганлар. Яна бошқа сафар мадраса мударрисларига: «Агар шайх Муҳаммад Аввомага ўхшаган яна битта одамим бўлганида, мадрасадаги барча дарсларга устозлик қилишга кифоя қилган бўлар эди», деганлар.

Шайх Муҳаммад Аввома ушбу мадраса хизматида бирон марта кеч қолмаганлар ёки давоматда бирор қусурга йўл қўймаганлар, ҳафсаласизлик қилмаганлар. Ҳатто ўзларининг тўйи куни ҳам эрталаб ишга кечга қолмай келганлар. Шу ҳолат бир умр, мунтазам давом этган.

Хизмат мана бундай бўлибди. Ихлос мана бундай бўлибди. Натижа ва самара ҳам шунга мувофиқ бўлади.

Кунларнинг бирида Муҳаммад Аввоманинг ўғиллари шайх Абдуллоҳ Сирожиддиннинг зиёратига бориб, у кишидан ҳадисдан ижоза беришларини илтимос қилади. Устоз ва шогирд ўртасидаги алоқа кучлилигидан, шайх Абдуллоҳ Сирожиддин Муҳаммад Аввомага тўлиқ ишониб, эътимод қилганидан у кишининг фарзандларига бир сўз билан: «Мен отангизга мен орқали ижоза беришга ижоза берганман. Бориб, ижозани отангиздан олаверинг», деган. Бу энг юқори мартабадир. Шайх бошқа бирор одамга бундан-да юқорироқ ишонч билдиргани ва бундай юксак илмий мартаба берганини билмаймиз.

Шайхлари ёзган китобларнинг нашрига ёрдамлари

Муҳаммад Аввома устози шайх Абдуллоҳ Сирожиддиннинг китобларини нашр қилиш ишларига масъул эди. Нашр жараёнидаги барча ишларни: таҳрир, тузатишлар киритиш, қайта кўриб чиқиш ва бошқа вазифаларни ўзи бажарар эди. Муҳаммад Аввома бу иш давомида устозидан китоб таълиф қилиш борасида кўп фойдалар олди, тажриба тўплади, услуб, илм ва одоб ўрганди.

Бир куни Муҳаммад Аввома устозининг «Саййидимиз Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» деган китобларини нашрдан олдин маслаҳат учун олиб келди. Устоз китобнинг муқовасида ўзининг исми «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам» сўзларидан юқорига қўйилганини кўриб, жаҳли чиқди, норози бўлиб, «Менинг исмим саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари устида турадими?!» деб, муаллиф исмини сарлавҳа тагига ёзишни буюрди.

Яна бир мисол. Муҳаммад Аввома устозининг китоб ёзишда сўзларни саралаши, сўз танлашидан олган фойдалари ҳақида сўзлаб, ўғли Муҳиддин Аввомага шундай ҳикоя қилган экан: «Ҳалаб шайхларидан бири «Ила варосатил анбиё» (Анбиёларнинг меросхўрларига) деб номланган китобни нашр қилдирди. Шайх Абдуллоҳ Сирожиддин бу китобни кўриб, китобнинг сарлавҳаси ҳақида: «Қандай қилиб анбиёларнинг меросхўрларига биров келиб насиҳат қилади?! Ахир уларнинг ўзи бошқаларга насиҳат қилади-ку?» деганлар».

Муҳаммад Аввома устози шайх Абдуллоҳ Сирожиддиннинг «Шарҳ Байқуния» китобининг биринчи нашри ва «Ал-Ийман би аволим ал-аахироти ва аҳвалиҳа» китобининг биринчи нашридан бошқа барча китобларида юқорида айтилганидек хизмат қилганлар. Чунки у зот бу икки китобни Муҳаммад Аввома билан танишишдан аввал ёзган эдилар.

ТИИ Махсус сиртқи бўлим талабаси

Эшқулов Шерзод Тўрақулович

233990cookie-checkШайх Муҳаммад Аввома ҳазратларининг ҳаёти ва ижоди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: