Буюк ибодат сари чорлашга хизмат қилувчи азон мусаффо динимизнинг шиор ва белгиларидандир. Азон айтиш биринчи ҳижрий санадан бошланган. Даставвал, мусулмонлар масжидда тўпланишар, намоз вақтини кутиб ўтиришар, вақт бўлганда эса намоз ўқир эдилар. Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Абду Роббиҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у кишига тушларида намозга чақириқни бошқа услубларда – дўмбира чалиш, олов ёқиш кабилар ила эмас, балки, айнан маълум сўзлардан иборат азон ила бўлишини ўргатилган. Тонг отиши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, тушларини сўзлаб берганларида, Пайғамбаримиз: “Иншааллоҳ, бу ҳақ туш. Билолнинг ёнида туриб, кўрганингни айтиб бериб тур, у азон айтсин, унинг овози сеникидан кучли”, деганлар. Бунга ўхшаш тушни Умар розияллоҳу анҳу ҳам кўрганларини айтганлар. Хуллас, шу тариқа азон айтиш жорий бўлган.
“Азон” луғатда, билдириш маъносини англатади. Шариатда эса: “Фарз намознинг вақтини махсус сўзлар ила билдиришга азон дейилади”.
Азон айтишнинг фазилати бир қанча ҳадисларда алоҳида баён қилинган. Жумладан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Муаззин овози етган жойгача мағфират қилинади ва унга барча ҳўлу қуруқ гувоҳлик беради», дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган.
Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Муаззинлар қиёмат куни бўйни энг узун одамлар бўлурлар”, дедилар”. Муслим ва Аҳмад ривоят қилган. Насаийнинг ривоятида эса: “Унга у билан намоз ўқиганларнинг ажрича ажр берилади”, деган иборани зиёда қилинган.
Юртимиз истиқлолга эришиб, Қуръони карим, ҳадис, ислом тарихи (сийрат), араб тили грамматикаси ва сўзлашуви каби мусобақалар ўта эьтибор билан ўтказиб келинмоқда. Бу мусобақаларни ташкиллаштириш, улардаги шартлар, иштирокчиларнинг савияси йиллар давомида анчайин такомиллашиб бормоқда.
Жорий йилда Жиззах вилояти вакиллиги бош имом-хатиби Меҳмонали Жабборов ҳамда Жиззах шаҳар бош имои-хатиби Шайзақов Фахриддин домла тамонидан “Қалия” жоме масжидида “Фаол имом” танлови “Фаол мутаввали” танлови “Нажотга шошилинг” номли азон айтиш маҳорати мусобақаси ташкиллаштирилди.
Мусобақанинг асосий мақсади – азоннинг тарихи ҳамда унинг талаффузи ва тараннуми, фиқҳий қоидаларини ўзлаштиришларига қизиқтириш, азонни маҳорат билан айтиш малакасини ҳосил қилишларига кўмаклашишдир, Мазкур мусобақа “савт” (овозни жарангдор ва баландлиги) “тараннум” (гўзал оҳанг) талаффуз” (азондаги лафзлар ва ҳарфларни тўғри талаффуз қилиш) шартларни ўз ичига олди. Шу билан бирга, кейинги азон айтиш маҳорати мусобақаларида бошқа шартларни ҳам қўшиш назарда тутилган.
Махсус сиртқи бўлим
3-курс талабаси
Шайзақов Фахриддин