Муҳаддис уламоларимизнинг илмий жасоратлари бир неча илмларга асос бўлди. Инсоният тарихида ўзининг кенг кўламли ва аниқ экани, ихлос ва покликка қурилгани ҳамда бошқа жиҳатлари билан мисли кўрилмаган бу илмий ҳаракатларга Аллоҳ таоло улкан самаралар берди. Бу самаралар фақат мусулмонлар учун эмас, балки бутун дунё аҳли учун ҳам фойдали экани кундан кунга равшанлашиб бормоқда.
Мазкур илмий ҳаракатнинг самараларидан бири “мусталаҳул ҳадис” илмининг юзага келиши бўлди. Бу илм ривоят қилинган хабарнинг тўғри ва нотўғри эканини аниқловчи , тўғри бўлса қай даражада тўғри, нотўғри бўлса қай даражада нотўғри эканини яхшилаб баён қилиш қоидаларини ўз ичига олувчи илмдир. Бу илм дунёдаги хабар ва ривоятларнинг тўғрилигини аниқлашдаги энг ишончли услуб ва йўлларни ишлаб чиқишдан иборатдир. Бу улкан ҳақиқатни барча , ҳатто Ислом душманлари ҳам тан олганлар. Муҳаддисларнинг бу илмга асос солишлари бошқа илмлар ривожига ҳам сабаб бўлди. Муфассирлар, тарихчилар, фақиҳлар, луғат ва адабиёт олимлари ҳам бу услубдан кенг фойдаланишга ўтдилар. Ўз соҳаларида қилинган ривоятларнинг тўғрилигини аниқлашда муҳаддисларнинг услубидан фойдаландилар. Суннати мутоҳҳарани авлоддан авлодга нақл қилиб келган салафи солиҳ уламолар суннатни нақл қилиш ва ривоят қилиш, уни даҳлсиз- соғлом сақлаш борасида турли қоида ва меъёрларни аниқлик билан ишлаб чиқдилар.Ана шу қоида ва меъёрларни ишга солиб, аҳли ботилларнинг бузғунчилигидан суннатни сақлаб қолдилар. Салафи солиҳдан кейин келган уламолар суннатга риоя қилиш, уни эслаб қолиш борасида жорий қилинган қоидаларни аввал ўтган уламолардан қабул қилиб олиб, сайқалладилар ва жамладилар ва бу борада мустақил китоблар тасниф қилдилар.
Бу ёзиш ва қайд қилишлар турли китобларда, турли жойларда бўлди ва бошқа илмларга ҳам аралашиб кетди. Мисол учун усулул фиқҳда, фиқҳ илмининг ўзида, ҳадис илмида ровийлар тўғрисидаги жарҳ таьдил зобт каби “Мусталаҳул” ҳадис илмининг истилоҳлари ишлатиладиган бўлиб қолди.
Ниҳоят бу илм пишиб етилди , истеълоҳлари ва қоида- меъёрлари қарор топди ҳамда бошқа илмлардан ажралиб мустақил илм шаклига келди. Бу ҳолат ҳижрий тўртинчи асрда бўлди. Шундан бошлаб уламолар мусталаҳ илми ҳақида алоҳида китоблар ёздилар[1]
Шу уламолар сирасига Имом Термизий роҳматуллоҳи алайхни ҳам киргазиш мумкин. Имом Термизийнинг Сунани Термизий асарлари ғоят манфаатли асар бўлиб, ҳадис илминининг “Мусталаҳул илм” соҳасида тутган ўрни баланддир.
Сунани Термизий тўртта қисмдан иборат бўлиб, бир қисми Имом Бухорий ва Имом Муслим унга рози бўлган саҳиҳ ҳадислар, яъна бир қисми бу икки имомлардан бошқаларнинг шартлари асосида келтирилган ҳадислар, ундан кейинги қисм иллатли ҳадислар бўлиб, уларнинг иллатини баён қилиб келтирганлар.Тўртинчи қисм эса фақатгина баъзи фақиҳларгина амал қилган ҳадис келтирилган қисмдир.
Мусанниф одатда машҳур саҳобийдан ривоят қилинган , саҳиҳ ҳадисга асосланиб таржиматул боб келтирадилар. Унинг ҳадиси бошқа саҳиҳ китобларда тахриж қилинган бўлади.Сўнгра ҳадиси тахриж қилинмаган, унинг санади аввалги ҳадиснинг санадидек ишончли бўлмаган бошқа саҳобийнинг ҳадисини келтириб, бу борада баён қилинган ҳукмларни келтирадилар.
Муҳаддисларни ҳадисларни тахриж қилиб, ундан истинбот олишда ўзларини танлаган йўллари бордир. Саҳиҳ ҳадисларни тахриж қилганлар, одатда адолатли ровийнинг машойих (устозлар) ларини ҳолатини ва улардан ҳам ривоят қилганларнинг ҳам сиқа(ишончлилик)лигини эътиборга оладилар.
Имом Бухорийнинг мақсадлари муттасил бўлган саҳиҳ ҳадисларни тахриж қилиб, ундан фиқҳ, тафсир ва сийратга оид масалаларда далил олиш бўлган. Бухорий таржиматул боб қилиб муаллақ, мавқуф ҳадисларни келтирганлар ва саҳоба, тобейинларнинг фатво ва қарашларини кўрсатиб ўтганлар. Имом Муслим истинбот олиш учун эмас, балки саҳиҳ ҳадисларни ўзини келтириш билан кифояланганлар. Барча ҳадисларнинг туруқларини, санадлардаги тармоқларни ва матнлардаги ихтилофларни равшан қилиш учун бир ерда жамлаганлар.
Имом Абу Довуд эса, шаҳар фақиҳлари ундан далил олиб , унга ҳукмларни бино қилган ҳадисларни жамлаганлар. Ўз сунанларида саҳиҳ, ҳасан, лаййин, амал қилишга ярайдиган ҳадисларни келтирганлар. Лекин заифлиги аниқ бўлган, инсонлар унга амал қилиш тарк қилиниши керак деб билган ҳадисларни келтирмаганлар. Олимлар ундан далилланган ҳадисларга таржиматул боб келтирганлар ва уламолар “унга сукут қилган” ҳадисларни яроқли ҳадис деб билганлар. Термизийнинг йўллари эса икки ишни орасини жамлаш бўлган. Икки шайхайннинг тутган йўлларини тўғри деб, уларни баён қилиш билан биргаликда, Имом Абу Довуднинг ҳам тутган йўлларини яхши санайдилар ва фуқаҳолар ундан далил олган саҳиҳлиги кучли бўлмаган ҳадисларни ҳам келтирадилар. Шунингдек , буларга саҳоба, тобейин, шаҳар фуқаҳоларининг тутган йўлларини ҳам баён қилиб келтирадилар. Биргина ҳадисни туруқини келтириб, ундан бошқаларини ҳам борлигига ишора қилиб ўтадилар. Ҳар бир ҳадисни саҳиҳлиги ёки ҳасанлиги ёки заифлигини айтадилар, унинг заифлигини важҳини баён қиладилар.[2]
Имом Термизий Сунани Термизийда келтирган ҳадисларнинг барчасига амал қилинади, илло иккита ҳадисгагина амал қилинмайди. Имом Термизий Сунани Термизий китобларини охирида “Китобу илал” деган фасл келтирадилар ва унда китобларида келтирган фиқҳий ҳукмларга боғланган масалалар, усуллар, ҳадисларнинг турлари, рижоллар(ровийлар) ҳақидаги каломларни келтирадилар. Буни умумий олтита қисмга бўлишимиз мумкин:
1.Китобдаги ҳадисларнинг ҳолатини умумий ҳолатда баён қилиш.
Масалан, Имом Термизий мурсал ҳадисни ҳукмини келтириб, уни муҳаддисларнинг наздида ҳужжат олишга ярамаслиги ва у ўз ичига инқитолик(санадда узилиш) ни олишини баён қиладилар.
- Фиқҳий далил олинадиган ҳадисларни келтириш.
Имом Термизий фиқҳда мазҳаб имомлари далилланган ҳадисларни иснодларини келтирадилар ва ҳадисларнинг иллатларини баён қиладилар.
3.Рижол илми
Яъни ҳадис ровийлари ва уларнинг ҳолатларини ва бу борадаги муҳим қоидаларни келтирадилар. Имом Термизий жарҳ ва таъдил масалалари, ровийларнинг ҳолатларининг қисмлари ва уларнинг ҳукмларини ўз ичига олган масалалаларни баён қиладилар. Имом Термизий ровийларнинг ҳолатларини олти қисмга бўладилар, ҳукмларни келтирадилар ва тўртинчи қисм ҳақида сукут қиладилар. Улар қуйидагилар;
- Ёлғон билан айбланганлар ёки кўп хато қиладиган кўп ғафлатга тушган ровийлар тоифаси.
Имом Термизий аҳли ҳадисларнинг кўпчилиги бу ровийларнинг ҳадисларини ихтиёр қилганини фақатгина ровийларнинг ҳолатларини ўрганиш билан машғул бўлган муҳаддислар бундан мустасно эканини таъкидлаб ўтадилар.
2.Ривоятда кўп хатоси ва ҳадисни таҳаммул қилишда ғафлатда бўлгани учун заиф саналган ровийлар тоифаси.
Имом Термизий бундай ровийларнинг ҳикмини баён қилиб, улар ҳадис ривоят қилишда тафарруд қилсалар, яъни бир ўзлари ривоят қилсалар, уларнинг ҳадислари ҳужжатликка ярамаслигини айтадилар.
3.Aҳли сидқ ва улуғ илм эгаси бўлган ровийлар тоифаси.
Имом Термизий бу тоифа аҳлларини баён қилиб, бир қанча одамлар уларнинг ростгўйликлари ва улуғликларини эътироф қилган, лекин бошқалар уларнинг ҳифзлари ҳақида гапирганини айтадилар. Бунга Муҳаммад ибн Яъло каби ровийларни мисол қилб келтирадилар. Бундай ровийлар улуғ илм эгалари бўлсаларда, уларнинг ҳифзлари ҳақида гап-сўз борлиги учун, улар ёлғиз ҳадис ривоят қилганларида уларнинг ривоятларидан ҳужжат олинмаганлиги учун ҳадисларида эргашилмаслигини таъкидлайдилар.
- Ривоятларида хато ва ваҳм қилиш нодир ҳолатларда топиладиган сиқа ва мутқин ровийлар тоифаси.
Термизий уларнинг ривоятларидан ҳужжатланиш мумкинлигида барча билиттифоқ эканини айтиб, уларни ўрганиш борасидаги илмни зикр қилмай бу қисм ҳақида сукут қиладилар.
Таҳаммул ва адо
Имом Термизий бу ҳақидаги илмларини баён қилиб, қуйидагиларни баён қиладилар;
Муҳаддис ҳадисларни маънан ривоят қилишни баъзи аҳли илмлар жоиз санаганларини, лекин ҳадис исноди мустаҳкам ва ровий ҳифз борасида пухта, мустаҳкам ровий бўлишини, маънан ривоят қилишда ҳадиснинг маъносига ўзгариш кириб қолмаслигини шарт қилганликларини таъкидлаганлар. Муҳаддислар лафзан ривоят қилинган ҳадисларни афзал кўрадилар. Ундан сўнг лафзга яқинроқ маънода ривоят қилинган ҳадисларни ва ниҳоят сўнги ўринда маънан ривоят қилинган ҳадислар туришини айтадилар. Имом Термизий “арз билан таҳаммул” қилишни жоиз санайдилар. Бунда ровий шайхига ҳадисни ўқиб беради ва шайх ундан эшитади. Шунингдек талабалардан бири шайхига ҳадисни ўқиб беради ва бошқа талабалар унинг ўқиётган ҳадисига қулоқ тутиб турадилар.
Арз билан таҳаммул ва уни адо қилиш кайфияти.
Бундай ҳолатда ҳадисни таҳаммул қилган ровий “ҳаддасана”, “ахбарона” лафзлари билан ҳадис ривоят қилади. Лекин аҳли илмларнинг баъзилари “ҳаддасана” лафзини фақатгина шайхнинг қироат қилиши орқали эшитиб ҳадисни таҳаммул қилган ровийлар ишлатиши кераклигини таъкидлаган.
Ижозат.
Имом Термизий бундай таҳаммул қилишнинг жоиз ёки жоиз эмаслиги борасидаги аҳли илмларнинг хилофларини келтирадилар. Имом Термизий аҳли илмларнинг баъзилари ижозага рухсат берганлари, агар олим бирор кишига ундан ҳадис ривот қилишига изн берса, унинг ривояти жоизлигини баён қиладилар. Ҳофиз ибн Рожаб Ҳанбалий: “ Билгинки, Термизий ўз китобларида ҳасан, саҳиҳ ва саҳиҳлик даражасидан туширадиган , унда баъзи заифлик бўлган ғариб ҳадисларни, айниқса, “китобул фазоил” да мункар одамлар ривоят қилган қилган баьзи ғариб ҳадисларни тахриж қилганлар. Лекин аксар ҳолатда, уларни баён қилиб, улар ҳақида сукут қилиб ўтирмаганлар”- деганлар[3].
Юқорида маълум бўлдики, Имом Термизийнинг Сунанларига қўйган шартлари кенгдир. Фақиҳлар унга амал қиладиган ҳадисларни барчаси уларнинг шартларининг остига кирган. Шунинг учун китобларида саҳиҳ, воҳий, муттасил, мунқотиъ, солим, муаллал ҳадисларни жамлаганлар ва ҳадисларнинг навларининг барини баён қилиб, уларни ажратиб берганлар. Баъзи муҳаддислар каби ҳадисларнинг иллатлари ҳақида сукут қилмаганлар, балки барчасини баён қилиб, ҳадисларнинг санадлари, ровийлари ҳақида гапирганлар ва унинг навлари ва даражалари баён қилинган ҳадисларнинг барини ҳукмларини келтирганлар. Имом Термизий: “бу ҳадис саҳиҳдир”, “бу ҳадис хасандир”, “ бу ҳадис мурсалдир”, “бу ҳадис ғарибдир” – деган иборалар билан ҳадисларнинг навларини баён қиладилар, очиқ иборалар билан унинг иллатларини очиб берадилар. Бу китобнинг ўзига хос хусусиятларидан ҳисобланиб, бу ишда унга ҳеч ким тенг келмаган. Бунда олим ўзининг катта саъй ҳаракатини ва китобни таълиф қилишдаги ўзининг беназир иқтидорини намоён қилган. Aлбатта биз, бошқа ҳадис китобларда барча ҳадисларга бундай дақиқ ёндашувни, ҳадисларнинг сиҳҳатликдаги даражаси ва навини бундай баён қилинганини, агар ҳадисда қубҳлик бўлса, ундаги қубҳликни бундай услубда шарҳланганини тополмаймиз.
4- курс талабаси Маҳаматхонова Мухлиса
[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Мусталаҳул ҳадис. -Тошкент; Ҳилол нашр,2019.- Б.15
[2] Абдулфаттоҳ Абдул Ғудда. Шуруту аимматил хомса.Б – 169-180.
[3] Ҳофиз ибн Ражаб Ҳанбалий. Ал-имамут Термизий вал мувазанату байна жамиьиҳи ва байнас соҳиҳайни. Б -55-57.