islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Саҳиҳул Бухорий ва унинг ёзилишидаги ўзига хос ҳусусиятлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларини жамлаш ва китоб ҳолига келтириш ишлари расмий равишда юзинчи ҳижрий йил атрофида халифалик қилган Умар ибн Абдулазизнинг даврида бўлгани маълум ва машҳур.

Умар ибн Абдулазиз Ибн Шиҳоб Зуҳрийдан ва бошқа муҳаддислардан омма учун ҳадис китоб ёзишни сўради. Ибн Шиҳоб Зуҳрий содда қилиб бир китоб таълиф қилди. Бошқалар ҳам унга эргашдилар. Расмий равишда ҳадис китоблар ёзиш шундан бошланди. Ушбу даврдаги ҳадис китобларини тасниф қилишдаги аоссий йўналиш китоб ёзаётган етиб келган ҳадисларни қоғозга тушириб китоб шаклига келтиришдан иборат бўлган десак хато қилмаган бўламиз. Борган сари мазкур ҳадис китобларининг ҳажми катталашиб борган. Абдурраззоқ Санъоний каби ўша вақтнинг кўзга кўринган муҳаддислари тасниф қилган китоблар ўн ва ундан ортиқ жилддан иборат бўлиб қолган. Бу китобларнинг асосий мақсади бор ҳадисларни жамлашдан иборат бўлган. Тарих ва таржимаи ҳолларга оид китобларга назар соладиган бўлсак, вақти соати келиб баъзи муҳаддислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари бўйича, одамларга ишончли манба, ҳидоят ва фойда булоғи бўлиши учун мухтасар бир китоб тасниф қилиш зарурати туғилган эди. Имом Бухорий ушбу заруратни биринчилардан бўлиб англаб етдилар. У киши мазкур китобни тасниф қилишга бел боғладилар. Имом Бухорий бу ишни амалга оширишларига туртки бўлган ҳодисаларни ўзлари эслаб, гапириб юрганлар. Хатиб Боғдодий ўзининг машҳур «Тарихи Боғдод» китобида бу ҳақда Иброҳим ибн Маъқал Насафийдан қуйидаги ривоятни келтиради:
«Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоилнинг «Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг ҳузурида эдим. Бизга асҳобларимиздан бири, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бўйича мухтасар бир китоб жамласаларингиз – чи, деб қолди. Бу гап менинг қалбимга ўрнашиб қолди ва ушбу китобни жамлашни бошладим», деганини эшитдим». Ибн Имод Ҳанбалий ўзининг «Шазаротуз заҳаб фии ахбори ман заҳаб» номли китобида Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Форисдан қуйидаги ривоятни келтиради:
«Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўдим. Мен У зотнинг олдиларидан туриб, қўлимдаги елпиғич ила елпимоқдаман. Баъзи таъбирчиларга тушимни айтсам, сен У зотдан ёлғонларни четлатасан экан, деди. Мана шу нарса мени «Саҳиҳ»ни чиқаришимга туртки бўлди», деганини эшитдим».
Ушбу икки ривоятни жамлаб, Имом Бухорий Исҳоқ ибн Роҳавайҳ раҳматуллоҳи алайҳининг мажлисидан кейин туш кўрганлар ва икки ҳодиса машҳур китобларининг ёзилишига туртки бўлган дейишимиз мумкин бўлади.
Имом Бухорий бош асари бўлмиш бу китобни турли номлари билан аталади. Аммо у кишининг ўзлари қўйган расмий номни жуда оз сонли одамлар билади.
Китобнинг асли ва тўлиқ номи қуйидагича: «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ ал-Муснад мин ҳадиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва сунаниҳи ва айяямиҳи».
Китобнинг номини сўзма сўз таржима қиладиган бўлсак, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, суннатлари ва айёмлари ҳақида жамловчи, саҳиҳ ва муснад» деган маъно чиқади.

Китобнинг «Жомеъ» деб номланиши сабаби. Ҳадис илми уламоларининг истилоҳида «Жомеъ» деганда ҳадиснинг барча қисмларини жамловчи деган маъно тушунилади. Унда ақийда, ҳукмлар, зоҳидлик, емоқ ичмоқ одоби, сафар, туриб ўтириш одоби, тафсир, тарих, сияр, фитналар, фазийлатларга оид ҳадисларни ўз ичига олган китоб деган маънони билдиради.
Бу ҳақда Валиюллоҳ Деҳлавий қуйидагиларни айтади: «Аҳли ҳадислар ҳадис илмини девонга киритиб тасниф қилганларида уни тўрт фандан иборат қилишган.

  1. Суннат Фани. Яъни, фиқҳга оид нарсалар. Моликнинг Муваттоси ва Суфённинг Жомеъига ўхшаш китоблар.
    2. Тафсир Фани. Ибн Журайжнинг китобига ўхшаш.
    3. Сийрат Фани. Муҳаммад ибн Исҳоқнинг китобига ўхшаш.
    4. Зуҳд ва Рақоиқ. Ибн Муборакнинг китобига ўхшаш.

Бухорий мазкур тўрт фанни бир китобда жамлашни ирода қилди. Шу билан бирга Бухорийдан олдинги ва унинг замони уламолари саҳиҳилиги ҳақида ҳукм қилган ҳадисларнигина олишни йўлга қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган муснад ҳадисларнигина олишни раво кўрди. Китобдаги баъзи асарлар ва шунга ўхшаш нарсалар фақатгина ҳадисга тобеъ бўлган ҳолда келган. Асл бўлиб келмаган. Шунинг учун ҳам унинг китоби «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ ал-Муснад» деб номланган. Яна Бухорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан ҳукм чиқаришга қаттиқ уринган. Ҳар бир ҳадисдан кўплаб масалаларни чиқарган. Буни ундан олдин ҳеч ким қилмаган».

Фақат саҳиҳ ҳадисларга суянилгани ҳақида айтадиган бўлсак.

 Имом Бухорий ўзларининг «Жомеъус Саҳиҳ» китобларида фақатгина саҳиҳ ҳадисларга эътимод қилганлари ҳақида гаплар керагидан ҳам кўп. Бу ҳақиқатни у кишининг ўзлари очиқ – ойдин айтганлар ва бошқа уламоларни бу гапни қўллаб – қувватлаганлар. Хатиб Боғдодий ўз санади ила Иброҳим бин Маъқалдан ривоят қилади:
«Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг «Жомеъ» китобимга саҳиҳдан бошқани киритмадим. Чўзилиб кетмасин деб саҳиҳларни ҳам тарк қилдим» деганини эшитдим». Имом Бухорий ўта парҳезкор ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини улуғлайдиган зот эдилар. Ҳадисларни таҳоратли ва поклик ҳолдагина ривоят қилар эдилар. Хатиб Боғдодий ўзининг «Тарихи Боғдод» китобида Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийдан ривоят қилади:
Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий менга «Саҳиҳ китобимга олдин ғусл қилиб, икки ракъат намоз ўқимай туриб бирорта ҳадис киритмаганман», деди».  Бундан Имом Бухорий ҳар бир ҳадисни ўз китобларига киритишдан олдин ғусл қилиб икки ракъат истихора намози ўқиганлари ва кўнгилларида кенглик пайдо бўлгандагина ҳадисни китобларига ёзганлари чиқади.
Имом Бухорий «Саҳиҳ»ларига ўзлари ёд олган олти юз минг ҳадисдан саҳиҳларини ихтиёр қилганлар. У киши ўзларининг «Жомеъ»ларини ўн олти йил давомида тасниф қилганлар. Бу тасниф ишлари турли диёрларида давом этган. Унинг бир қисмни Бухорода, бошқа бир бўлагини Маккада, учинчисини Басрада ва ҳакозо тасниф қилинган. Аҳдал кўпгина мақтовлар давомида қийидагиларни айтган: «Одамлар унинг китоби саҳиҳ эканлигига иттифоқ қилганлар. Ҳатто кўпгина фақиҳлар бир киши «Саҳиҳ Бухорий»даги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган муснад ҳадис бўлмаса, хотиним талоқ бўлсин деса, талоғи тушмайди», деганлар». «Жомеъ Саҳиҳ» ҳадислари сони ҳақида. Бу борада қадимдан турли кишилар турли сонларини айтиб, ёзиб келганлар. Аммо биз охирги маълумотни келтириш билан кифояланамиз. Муҳаммад Фуод Абдулбоқий рақамлаб чиққан ва «Салафия табъаси» номини олган нусхадаги ҳадисларнинг сони етти минг беш юз олтмиш учта ҳадисдан иборат. «Саҳиҳ Бухорий»нинг ҳадис китоблар орасидаги мартабаси,  ер юзидаги барча уламолар жумҳури: муҳаддислар, фақиҳлар, усулийлар, мутакаллимлар, наҳвийлар ва бошқалар «Саҳиҳ Бухорий» Аллоҳ таолонинг китоби Қуръони Каримдан кейинги энг ишончли ва саҳиҳ китоб эканлигига иттифоқ қилганлар. Барча уламолар бу китобни катта иноят билан қабул қилганлар ва юқори мақомга қўйганлар.
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Саҳиҳ Муслим»га ёзган шарҳи муқаддимасида қуйидагиларни ёзади: «Уламолар Қуръони Азиздан кейинги энг саҳиҳ китоблар Бухорий ва Муслимнинг саҳиҳларидир. Уммат бу икки китобни қабул қилиб олгандир. Бухорийнинг китоби иккисидан саҳиҳроғи ва фойдалироғидир. Собит бўлган ҳақиқат шулки, Муслим Бухорийдан фойдаланган кишилардандир. У ҳадис илмида Бухорий беназир эканини эътироф қилгандир. Бухорийнинг китоби афзал экани ҳақида биз зикр қилган нарса ҳадис сирларини яхши билган ҳозиқлар жумҳури тан олган ҳақиқатдир». Имом Дора Қутний ёзади: «Агар Бухорий бўлмаганида Муслим кетмасди ҳам, келмасди ҳам. Муслим нима қилган? Фақатгина Бухорийнинг китобини олиб, унинг асосида баъзи ҳадисларни чақарган ва баъзи зиёдалар киритган, холос».Ҳофиз Шамсиддин Заҳабий «Тарихул Ислом» китобида қуйидагиларни ёзади: «Аммо Бухорийнинг «Жомеъус Саҳиҳ»и Аллоҳ таолонинг китобидан кейинги Исломнинг энг улуғ ва афзал китобидир. У китоб бизнинг вақтимизда одамлар учун энг олий санаддир. Ўттиз йилдан буён уни эшитиш олий мақом эканлигидан хурсанд бўлиб юрадилар. Бугун қандай бўлишини ўзингиз билиб олаверинг. Агар бир одам ул китобни эшитиш учун минг фарсах йўл юрса, сафари зое бўлмайди».

«Саҳиҳул Бухорий»нинг уламолар, муҳаддислар ва фиқҳийлар мазҳаблари ва ижтиҳодлари турли бўлишига қарамай барчалари бараварига чуқур ўрганганлари, таҳлил ва шарҳ қилганлари, мухтасар ва ҳошиялар ёзганларидан билиб олинса ҳам бўлади. Уларни таърифлаш ва ўрганиш учун алоҳида китоблар ёзишга тўғри келади. Замондош уламоларда дотор Абдулғани Абдулхолиқ ўзининг «Имом Бухорий ва унинг саҳиҳи» номли асарида «Саҳиҳул Бухорий»га боғлиқ шарҳ, ҳошия ва мухтасарлардан бир юз ўттиз биттасини келтирган. Ушбу қисқача ва камтарона маълумотлар Имом Бухорий ва у кишининг китоблари ҳақида билишимиз лозим бўлган энг оз нарсалар эканини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Албатта, келажакда ватанимизда ҳам у кишининг ҳаётлари ва асарлари ҳақида катта ва кенг кўламдаги илмий ишлари қилинишидан ва кўпчиликка фойда келтиришидан умидвормиз.

Имом Бухорий ўзининг “Саҳиҳул Бухорий” китобини ўз қўллари билан ёзган. Сўнгра, уни ҳадис ўрганадиган кўплаб шогирдларига ўқиб ва ривоят қилиб берган. “Саҳиҳул Бухорий” китобини Имом Бухорийнинг ўзидан жуда кўплаб талабалар эшитган. Бу ҳақида Имом Бухорийнинг энг машҳур шогирдларидан бири Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий (ваф. 320 ҳ.): “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифни ўзидан тўқсон минг киши эшитган”, деб айтади. Ҳақиқатда, “Саҳиҳул Бухорий” китобининг ривоятлари орасидан Имом Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг ривояти жуда машҳур бўлиб кетган. Бунинг сабаби, у кишининг узоқ умр кўргани ва китобининг нусхаси тўлиқ бўлганидир.

“Саҳиҳул Бухорий” китобини эшитадиган талабаларнинг баъзилари  эшитиш ва оғзаки нақл билан кифояланиб қолмасди. Балки, устозидан эшитган ҳадисларни ёзиб борарди. Шу боис, уларнинг қўлида Имом Бухорийнинг ҳузурида ёдлаган оғзаки нусхаларига мувофиқ бўлган “Саҳиҳул Бухорий” китобининг қўлёзма нусхалари ҳам пайдо бўларди. Улар Имом Бухорийдан эшитиб ёзиб олган нарсалари билан кифояланиб қолмасди. Балки, улар ўзлари ёзиб олган нусхаларини ўта диққат билан устозлари Имом Бухорийнинг нусхасига солиштириб кўрарди ва учраган хато ва камчиликларни тўғрилаб оларди. Имом Бухорийнинг қўлидаги асл нусхага мувофиқ бўлган нусхалар тугаганидан кейин, ўзларининг нусхаларига тугаган вақтини ва устозининг нусхаси билан солиштирилганини ёзиб қўярдилар. Шу сабабли, бизларнинг қўлимизда “Саҳиҳул Бухорий”нинг асл нусхасини қамраб олган бир неча нусхалар пайдо бўлган. Бу эса Имом Бухорийнинг ҳаётлик чоғида рўй берган эди.

       Махсус сиртқи бўлим талабаси Хожиев Шамсиддинхон

234160cookie-checkСаҳиҳул Бухорий ва унинг ёзилишидаги ўзига хос ҳусусиятлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: