Ажир (яъни, ижарага олинган шахс, ишчи, мардикор) икки хил: хос ва муштарак бўлади. Хос ажир маълум муддатга ижарага олинган бўлади ва ундан фақат бир киши фойдаланади, бошқа биров ундан фойдаланишда шерик бўлмайди. Муштарак ажирдан фойдаланиш унинг ишига қараб ўлчанган бўлади, ундан фойдаланиш фақат битта шахсга хос бўлмайди, балки у бир вақтнинг ўзида бир жамоатнинг ишини қабул қилиши ҳам мумкин бўлади.
Хос ажир янглиш содир қилиб қўйган жиноятига зомин (жавобгар) бўлмайди, яъни, масалан, у ишлатадиган асбоб-ускуна синиб қолса, (у тўламайди). Чунки, у эгадорнинг ноиби саналади ва вакилга ўхшаб у ҳам жавобгар бўлмайди. Бордию, бепарволик ё ҳаддан ошиш сабабли талафот етказса, жавобгар бўлади. Аммо, муштарак ажир талафотига сабаб бўлган нарсага жавобгар бўлади. Чунки, у иш ҳаққига фақат иши билан лойиқ бўлади. У ўз иши учун жавобгар экан, демак, ўзи жавобгар бўлган ишдан келиб чиққан нарсага ҳам жавобгар бўлади.
Ажирнинг иш ҳаққи битим билан лозим бўлади. У қачонки, зиммасидаги ишни топширганидан кейин ёки ундан фойдаланиш тўла бўлганидан кейин ёки ижарага олинган нарсани муддати битгач, топширганидан кейингина иш ҳақини талаб қилишга ҳақли бўлади. Чунки, ажирнинг иш ҳақи фақат ишини адо этганидан кейингина берилади.
Ажир ишни пишиқ-пухта бажариши ва тўла-тўкис амалга ошириши лозим, ишида кўзбўямачилик қилиши ёки хиёнатга қўл уриши ҳаромдир. Шунингдек, у ўзи ижарага (ишга) олинган муддат давомида ишни давомий равишда, бир текис қилиши, вақтини бекор ўтказмаслиги, ўзига топширилган ишни адо этишда Аллоҳдан тақво қилиши лозим.
Ижарачи (иш эгаси) ажир ишини тугатганидан сўнг унинг иш ҳақини тўла-тўкис бериши лозим. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ажирга иш ҳаққини тери қуримасидан туриб беринглар!», деганлар (Ибн Можа (2443) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
«Аллоҳ таоло деди: Уч киши борки, қиёмат куни Мен уларнинг душмани бўламан: Менинг номим билан аҳд бериб, сўнг унга хиёнат қилган одам; ҳур-озод одамни қул қилиб сотиб, пулини еган одам; ажир (ишчи) ёллаб, ундан тўла фойдаланган, сўнг ҳаққини бермаган одам» (Бухорий (2227), Ибн Можа (2442) ривоятлари).
Ажирнинг иши унинг зиммасида омонатдир, ишини тўла-тўкис ва пишиқ-пухта бажариши ва унга холис муносабатда бўлиш билан омонатга риоя қилиши лозим. Ажирнинг иш ҳаққи ижарачининг зиммасида қарз ва фарз бўлган ҳақдир, уни чўзиб юрмасдан ва камайтирмасдан бериши лозим, валлоҳу аълам.
Бобнинг асосий мавзусига тўхталсак, аслида савдо ақдлари ва келишувларни фосид, яъни ножииз қиладиган омиллар қуйидагичадир:
Бировнинг мулкини машғул қилиш.
Ақд ичида ақд қилиш. (Масалан сотаётган нарсасини ўзи ижарага олиб туришини савдога шарт қилиб қўйиш).
Ақдлашувчиларнинг бирига эвазсиз манфаат ҳосил бўлиши.
Ижара шартномаларида, айнан шахсни ижарага олишда иш маҳсулидан иш ҳақи тайинлаш.
Шу тўртинчи қисм ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсак, масала фиқҳий матнларда «Қафизи таҳҳон», луғавий маънода тегирмончининг қопи дея берилади истилоҳда эса, ишнинг маҳсулидан ижара ҳаққини беришдир.
Ҳанафий ва шофиъий фақиҳларининг воларига кўра, мардикор томонидан бажариладиган ишнинг маҳсулидан шу мардикорга ишҳақи тўланишини шарт қилиш шаръан нодуруст ҳисобланади. Буни ислом фиқҳий манбаларида “Тегирмончининг паймонаси“ масаласи, (Масъалат қафиз ат-таҳҳон) деб номланган. Масалан, бир кимса тегирмончига бир қоп буғдой олиб бориб, шуни ун қилиб беришини, буғдойни ун қилгани учун унинг ҳаққини мана шу ундан бир паймона (аниқроғи, маълум бир миқдор) ҳақ беришни келишиб ишлатса, бу шаръан жоиз бўлмайди.
Иброҳим ан-Нахаъий раҳматуллоҳи алайҳ каби таниқли тобеъин ҳам бу хилдаги мардикорчиликни жоиз бўлмайди, деган қарашда бўлган.
Мардикорни ишлатиб, унга ўзи ишлаган ишнинг маҳсулидан бир қисмини ишҳақи сиида бериш мумкин эмаслигининг сабаби оқибат тушунмовчилик, алдов, ғаразли мақсаднинг юзага келиши мумкинлигидир. Масалан, тегирмончининг ўзи тортган ундан унга ишҳақи беришга келишилса, у ундан кўпроқ олиш мақсадида унга кепак қўшиб ёки навини ўзгартириб, уни кўпайтиришга ҳаракат қилиши эҳтимоли мавжуд.
Ҳанафийликнинг энг эътиборли фиқҳий манбаси бўлмиш “Мухтасар ал-Виқоя“да қуйидагича қайд қилинган:
«Тегирмоннинг ижараси уннинг баъзи қисми ёки шунга ўхшашидан берилмайди». Абу Бакр ал-Косоний раҳматуллоҳи алайҳ «Бадоеъ ус-саное» асарида ижаранинг саҳиҳ бўлиши шартлари борасида қуйидагича ёзади:
«Ушбу шартлардан бири, мардикор ўз иши маҳсулидан фойдалана олмасин. Агар фойда оладиган бўлса, ижара жоиз бўлмайди. Чунки, бу ҳолатда ўзи учун ишлаган бўлиб қолади. Бунда ҳаққа мустаҳиқ бўлмайди. Демак, мардикор ўзи ишлаган ишдан манфаат оладиган бўлса, ҳаққа мустаҳиқ бўла олмайди. Шунга кўра, қуйидаги масала саҳиҳ ижарадан чиқарилади: бир кимсани ун тортиб беришга ёлласа, унга буғдой унининг тўртдан биридан бир паймона беришга келишилса ёки кунжутни ёғ қилиб сиқишга ёлласаю, унга ёғнинг маълум бир қисмини беришга келишилса, булар жоиз бўлмайди. Чунки, мардикор тортиш ва сиқишда ўз ишидан фойда олган бўлиб чиқади, бу эса ўзига-ўзи ишлаган бўлиб қолади». «Дурр ул-мухтор» ва унинг ҳошия-шарҳи «Радд ул-муҳтор»да қуйидагилар ёзилган:
«Агар бошқа бировга ипнинг ярмини беришга келишиб ип йигиришни топширса, ёки эшаги билан таом ташиб беришга, шу ташилган таомдан баъзисини олиш шарти билан ёлласа ёки ҳўкизда буғдойини ун қилиб беришга, шу тортилган уннинг баъзисини олиш шарти билан қилса, буларнинг ҳаммаси фосид – бузуқ ижара бўлади. Чунки, буларнинг ҳаммасида ўзи ишлаган ишнинг бир қисмини ижарага олган бўлади».
4-курс талабаси Маткаримов Ҳакимбой