Араб тили Аллоҳ Азза ва Жалла томонидан Ўзининг сўнгги ҳамда мукаммал дини – Ислом учун ихтиёр этилгани ва мазкур дин дастури Қуръони Карим ҳам араб тилида нозил қилингани ҳеч кимга сир эмас, албатта. Шундай экани борасида Аллоҳ Ўзининг Китобида “Зухруф” сурасининг з-оятида: “Албатта, Биз уни арабча Қуръон қилдик. Шоядки, ақл юритсангиз” дея марҳамат қилган.[1] Араб тили Исломгача бир қадар тартибсиз, қоидалари маълум бир низом асосида ишлаб чиқилмаган, аммо луғат бойлиги жиҳатидан ҳам, ифода фасоҳати жиҳатидан ҳам бошқа тиллар орасида ажралиб турар эди. Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида қуйдагича маълумотлар бор: “Араб тили сомий тиллар гуруҳининг жанубий тармоғига мансуб. Яқин ва Ўрта Шарқ ҳамда Африка шимолидаги йигирмадан ортиқ мамлакатнинг расмий тили ҳисобланади. Араб тилида 200 миллиондан ортиқ аҳоли гаплашади(1997). Қадимий араб тили милоддан аввалги 5-4 асрларга тааллуқли обидалар орқали маълумдир. У мумтоз араб тилининг пайдо бўлишига замин бўлган. Мумтоз араб тилининг лексик ва грамматик шаклланиши жоҳилия даври (5-7аср)шоирларининг оғзаки ижодларида намоён бўла бошлаган. Қуръони Каримнинг нозил бўлиши натижасида мумтоз араб тили бадиияти янада гўзаллашди ва грамматик меъёрлари мукаммаллашди.8-9асрларда мумтоз араб тили грамматикаси ишлаб чиқилди. Ислом ёйилган ўлкаларда расмий ва илмий тил бўлиб қолди”[2].
Юқоридаги фикрлар орасидан барчамиз учун бирдек манфаатли бўлган қуйидаги жумлага эътиборингизни қаратмоқчиман: “Қуръони Каримнинг нозил бўлиши натижасида…”. Ҳа, дарҳақиқат, араб тили қуръоний, исломий ҳамда набавий[3] тилга айлангандан сўнггина, дастлаб ўзининг сомий тиллар гуруҳи орасида, кейинчалик эса бутун дунё тиллари ичида нуфузли ўринга эга бўлди. Араб тилининг шарафи, қадри фано дунёсидан сўнг ҳам давомий бўлиши ҳақида Росулуллоҳнинг ҳадислари ҳам мавжуд. Фикримизни Имом Табаронийнинг “Муснад”китобларида ривоят қилинган қуйидаги ҳадис[4] орқали қувватлаймиз: “Арабларни уч нарса учун яхши кўринглар! Боиси, мен араб(пайғамбар)ман, Қуръон ҳам араб тилида(нозил бўлган) ва аҳли жаннатнинг тили ҳам араб тилидир”.
Юқорида кетирганларимиз араб тили, унинг тарихи ва фазилатлари борасидаги лўндагина сатрлар эди, холос. Илмий адабиётларда бу борадаги маълумотлар етарлича мавжудлиги боис, фикрни мухтасар этсак.
Ислом уммати қад ростлаганидан бери бу азиз дин мусулмон жамоаларини ва ҳар бирини ҳам илмга тарғиб қилиб келгандир. Қолаверса, пайғамбари охир бўлган Муҳаммад алайҳиссалом ҳам муаллим ўлароқ юборилган эдилар ва ўзларининиг набавий мадрасаи шарифаларида Ислом олами,қолаверса, бутун олам ҳам унутмайдиган буюк шахсларни тарбиялаганлар. Бу илмий-исломий силсила пайғамбар алайҳиссалом ўтганларидан кейин ҳам ҳанузгача давом этиб келмоқда. Пайғамбар ўтганларидан кейин ҳам илмий ҳаракатлар ривожланиб борди ва уммат ўзининг реннессансига етиб борди. Шу тарзда кечган илмий ривожланишлар даврида ҳозирда ўрганиб келинаётган илмлар шаккланди ва тартибга келтирилди. Шу маънода “наҳв” илми ҳам шаклланиб синфларга ажраб борди. Бу жараёнда кўплаб улуғ алломалар, луғатшунос ва наҳвшунос олимлар хизмат қилдилар. Кўплаб асарлар битилди ва илм бугун сиз-биз кўриб турган ҳайъатни ҳосил қилди.
[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Тафсири ҳилол” 2018-йил. Ҳилол-нашр.
[2] Ўзбекистон Миллий энциклопедияси. Тошкент. 1-жилд. 2000 йил
[3] Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гаплашганлари учун ҳам шундай номланади.
[4] Ҳадиснинг санади саҳиҳ эмас. Бироқ, бу маълумот ушбу ўринда зарур эмаслиги боис, уни алоҳида қайд этдик.
Тошкент ислом институти
махсус сиртқи бўлим
3-курс талабаси Тошқулов. М