Қуръони Карим Ислом динининг абадий мўъжиз манбаи бўлиб, бирор нарса мўъжизакорлик борасида ундан олдин вужудга келмаган. Аллоҳ таоло Расулуллоҳга кишиларни зулумат ботқоғидан иймон нурига чиқариш, тўғри йўлга бошлаш учун Қуръонни нозил қилди. Расулуллоҳ Қуръон оятларини саҳобаларига етказдилар. Улар ушбу оятларни англаб олар, агар бирор оятга тушинмай қолсалар, уни дарҳол Расулуллоҳдан сўраб билиб олишар эди.
Икки Шайх (Имом Бухорий ва Имом Муслим) ва бошқа ровийлар Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича: “Анъом сурасининг – Иймон келтирган, ўз иймонларини зулм (ширк) билан аралаштирмаган зотлар — ана ўшалар хотиржам бўлгувчидирлар ва ўшалар ҳидоят топгувчидирлар [1], маъносидаги, 82-ояти нозил бўлганда, бу маъно кишиларга оғир туюлди. Шунда улар: Эй, Расулуллоҳ: Бизнинг қай биримиз нафсимизга зулм қилмаганмиз? деганларида, У Зот: “Бу сиз назарда тутганингиздек эмас”, Солиҳ банда айтган сўзни эшитмаганмисиз? “Эсланг, Луқмон ўғлига панд-насиҳат қилар экан,: «Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк келтириш катта зулмдир» деган эди. (Луқмон сураси 13-ояти[2])”, дедилар”. Бу ерда келтирилган зулмдан мурод ширкдир.
Шунингдек, Расулуллоҳ саҳобаларга баъзи оятларни тафсир қилиб берар эдилар. Муслим ва бошқа ровийлар Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича: “Мен, Расулуллоҳнинг минбарда туриб: Анфол сурасининг 60-ояти: “(Эй мўминлар), улар учун имконингиз борича куч ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйингиз![3]”ни ўқиб, Огоҳ бўлинг! Қувват, бу ўқ отишдир”, деганларини эшитганман, деди. Саҳобалар Қуръон оятларини Расулуллоҳдан ўрганиш, уларни ёдлаш ва тушинишга жуда қизиқар эдилар. Бу ҳол улар учун шарафли иш эди. Анас р.а: “Бақара ва Оли Имрон сураларини ўқиган киши бизнинг орамизда улуғ саналар эди”, дер эди. Саҳобалар Қуръонга амал қилиш ва унинг ҳукумларига эътиборли бўлишга ҳаракат қилар эди.
Абу Абдурраҳмон Суламийдан ривоят қилинишича: “Бизга Қуръон ўқитган Усмон ибн Аффон, Абдуллоҳ ибн Масъуд ва бошқа кишилар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўн оят таълим олишса, уларда мавжуд илмни ўрганмай ва уларга амал қилмай бошқа оятга ўтмас эдилар. Улар У зотдан: “биз, Қуръон, илм ва амални ҳаммасини бирга таълим олар эдик”, дер эдилар”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга ўзларидан Қуръондан бошқа нарсани ёзиб олишга изн бермадилар. Чунки ўша пайтда Қуръонга бошқа нарсаларни аралашиб кетиш хавфи бор эди. Муслим Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича: Расулуллоҳ с.а.в: “Ким мендан Қуръондан бошқа нарсани ёзиб олса, уни ўчирсин! Мендан ҳадис айтинглар, унда ҳараж йўқдир. Ким қасдан менинг ҳаққимда ёлғон гапирса, ўзига дўзахдан жой таёрласин!”, дедилар. Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи саҳобаларига ҳадис ёзишга изн берган бўлсаларда, Қуръонга тегишли маълумотлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва Умар розияллоҳу анҳуларнинг даврларида оғзаки ривоят услубида олиб борилган.
Усмон розияллоҳу анҳу[4] халифалик даврларига келиб, мусулмонларни бир мусҳафга амал қилдириш эҳтиёжи вужудга келгач, бу иш амалга оширилди ва уни “Бош Мусҳаф” деб номланди. Ундан нусха кўчирилиб, бошқа диёрларга юборилди ва бу нусхани Усмон розияллоҳу анҳуга нисбат бериб, “Усмоний расм-хат” деб номланди. Ушбу нусха “Қуръон ёзиш илми” учун биринчи манба ҳисобланади. Али розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида, Абул Асвад Дуалий халифанинг буйруғи билан Қуръон нутқини саломат сақланиш мақсадида унга наҳв қоидаларини қўйиб чиқди. Шунингдек, бу иш “Қуръон эъроби илми” учун биринчи манба ҳисобланади.
Саҳобалар Қуръон маънолари ва унинг баъзи оятларининг тафсирини тушиниш ва Расулуллоҳнинг ҳузурларида бўлишларига қараб айрим фарқлар билан бўлсада, бир-бирларига етказишар эдилар.Ушбу ривоятларни уларнинг шогирдлари ҳам ривоят қилардилар.Энг машҳур муфассир саҳобалар сифатида ,Тўрт халифа, Ибн Масъуд, Ибн Аббос, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит, Абу Мусо Ашъарий ва Абдуллоҳ ибн Зубайрларни келтириш мумкин. Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Убай ибн Каъблардан тафсир борасида кўп ривоят қилинган бўлса, улардан бошқа саҳобалардан Қуръоннинг тўла тафсири ривоят этилмай, балки айрим оятларнинг маънолари, ноаниқ жойлари ва мужмал ўринларигина ёритиб бериш билан кифояланган. Тобиъинлардан эса машҳур бир жамоа тафсирчилар бўлиб, улар бу илмни саҳобалардан олишган ва баъзи оятлар тафсирида ўзлари ҳам ижтиҳод қилишган.
Маккада Ибн Аббоснинг шогирдларидан машҳурлари: Саъийд ибн Жубайр, Мужоҳид, Икрима, Ибн Аббоснинг мавлоси, Товус ибн Кайсон Ямоний ва Ато ибн Аби Рабоҳлардир.
Мадинада Убай ибн Каъбнинг шогирдларидан машҳурлари: Зайд ибн Аслам, Абулолия ва Муҳаммад ибн Каъб Қуразийлардир.
Ироқда Абдуллоҳ ибн Масъуднинг шогирдларидан машҳурлари: Алқама ибн Қайс, Масруқ, Асавд ибн язид, Омир Шаъбий, Ҳасан Басрий, Қатода ибн Диома Садусийлардир. Ибн Таймия: Тафсир борасида Макка аҳли олимроқдир, чунки улар Абдуллоҳ ибн Аббоснинг шогирлари ҳисобланади, деган. Шунингдек, Кўфада Абдуллоҳ ибн Масъуднинг шогирдлари ҳам машҳур эдилар. Мадина муфассирлари қаторига Зубайр ибн Асламни ҳам қўшиш мумкин, у тафсир илмини Имом Моликдан ўрганди, ундан ўғли Абдурраҳмон ва Абдуллоҳ ибн Ваҳблар ўрганди. Юқорида зикр қилинган олимлар, тафсир, ғарибул-қуръон, асбобун-нузул, маккий ва маданий оятлар, носих ва мансухга доир ўз илмларини устозларидан оғзаки услубда олганлар. Ҳижрий иккинчи асрда тадвин даври бошланди. Бу пайтда ҳадисларни турли бобларга ажратиб ёзиш жараёнида тафсирга тегишли маълумотлар ҳам тўплана борди. Баъзи олимлар Расулуллоҳ, саҳоба ва тобиъинлардан ривоят қилинган тафсирга оид маълумотларни тўплашган.
Бундай маълумотларни тўплаган машҳур олимлар қаторида: Язид ибн Ҳорун Суламий (ваф-117 ҳиж.), Шуъба ибн Ҳажжож (ваф-160 ҳиж), Вакиъ ибн Жарроҳ(ваф-197 ҳиж), Сўфён ибн Уяйна (ваф-198 ҳиж) ва Абдурраҳмон ибн Ҳумом(ваф-211 ҳиж)ларни санаб ўтиш мумкин. Уларнинг барчалари ҳадис имомларидан бўлишган, лекин улар жамлаган тафсир ҳақидаги маълумотлар бизгача етиб келмаган. Улардан кейин тафсир борасида уларнинг йўлини давом эттирган машҳур олимлардан Ибн Жарир Тобарий(ваф-310ҳиж) бўлиб, Қуръон оятларининг тартиби бўйича тўлиқ тафсир таълиф этди. Тафсир илми аввалда эшитиш ва ривоят қилиш услубида бўлган, кейинчалик у ҳадисларнинг бир боби сифатида тадвин қилинган, вақтлар ўтиши билан тафсир алоҳида фан сифатида шаклланди.
Шунингдек, тафсир маъсур ва раъйга кўра қилинадиган бўлди. Муфассир Қуръонга оид мавзуларни билишлиги шарт. Асбобун-нузул ҳақида Имом Бухорийнинг устози Али ибн Маданий( ваф 234 ҳиж) асар таълиф эди. Шунингдек, Абу Убайд Қосим ибн Салом (ваф 224 ҳиж) носих ва мансух борасида, Ибн Қутайба(ваф276 ҳиж) Мушкилул-Қуръон ҳақида китоб ёзишган. Юқорида исми зикр қилинганлар ҳижрий учинчи аср Улумул Қуръон олимларидандир. Абу Бакр Муҳаммад ибн Қосим Анборий ( ваф 328 ҳиж) Улумул Қуръонга доир асар таълиф этган. Абу Бакр Сижистоний( ваф 330 ҳиж) ҳам Ғарибул Қуръон ҳақида қалам тебратган. Муҳаммад ибн Али Адқавий(ваф 388 ҳиж) “Ал-Истиғнау фи улумил-Қуръон” номли китобини ёзди. Юқорида исми зикр қилинганлар ҳижрий тўртинчи аср Улумул-Қуръон олимларидан ҳисобланадилар.
Шунингдек, олимлар бу борада ўз изланишларини давом эттириб, махсус асарлар таълиф этганлар. Жумладан: Абу Бакр Боқилоний(ваф 403 ҳиж) Эъжозул Қуръонга доир, Али ибн Иброҳим ибн Саъид Ҳивафий( ваф 430 ҳиж) Эъробул Қуръонга тегишли китоблар таълиф этди. Мовардий( ваф 450 ҳиж) эса Амсолул Қуръон борасида асар ёзди. Изз ибн Абдуссалом( ваф 660 ҳиж) Мажозул Қуръон борасида асар таълиф этишди. Аламуддин Саховий (ваф643 ҳиж) қироъатлар илми ҳақида, Ибн Қайюм( ваф 751 ҳиж) “Ақсомул Қуръон” ҳақида китоб ёзди. Юқорида номи келтирилган асарлар Қуръон илмларидан бир навини ёритиб берган китоблардир. Шайх Муҳаммад Абдулазим Зарқоний ўзининг “Маноҳилул ирфон фи улумил қуръон” номли асарида дорулкутубил-мисрия матбаасида Ҳивафий номи билан машҳур бўлган Али ибн Иброҳим ибн Саъиднинг қўл ёзма шаклдаги “Ал-Бурҳон фи улумил-қуръон” номли асари тадқиқ қилиш арафасида. Ушбу асар ўттиз жилдлик бўлиб, унинг тартибланмаган ҳолдаги ўн беш жилди топилди. Ушбу асарда муаллиф мусҳаф тартиби бўйича Қуръон оятининг бирини олиб, ундаги улумул Қуръонга оид масалалар ҳақида гапирган, ҳар бирини бир унвон билан “Аллоҳнинг бу ояти ҳақида сўз” деб келтирган.
Муаллиф оятни зикр қилиш билан бирга, оятларнинг қоидаларини “Қоидалар ҳақида сўз” деб келтирган бобда зикр қилган. Бу бобда оятларнинг наҳвий ва луғавий жиҳатлари ҳақида сўз юритган. Шунингдек, “Маъно ва тафсир ҳақида сўз”, деган бобида эса оятларни маъсур ривоятлар ва ақл орқали шарҳлаган. Муаллиф “Вақф ва тамом ҳақида сўз” деб номланган бобида тўхташ мумкин бўлган ва бўлмаган ўринлар ҳақида сўз юритган. Қироъат борасида алоҳида боб ажратиб, уни “Қироъат ҳақида сўз” деб номлаган. Оятлардан чиқарилган ҳукумларни оятнинг тўғрисига келтириб, ўша ҳукумлар ҳақида ҳам сўз юритган. Ҳижрий 330-йили вафот этган Ҳивафий ҳам Улумул Қуръон ҳақида биринчилардан китоб ёзган бўлиб, унинг китоби бу илмни хоссатан ёритиб берган. Ҳижрий 597-йили вафот этган Ибн Жавзий ҳам бу тўғрида “Фунунул-Афнан фий ажоиби улумил-қуръон” номли асар таъилиф этган.Кейинчалик Бадруддин Заркаший ( ваф 794 ҳиж) “Ал-Бурҳон фий улумил-қуръон” номли китоб ёзди. Ушбу асарга ҳижрий 824-йили вафот этган Жалолуддин Балқиний баъзи маълумотларни қўшиб, “Мавоқиъул-улум маъа мавоқиъин-нужум” номли асар таълиф этди. Ҳижрий 911-йили вафот этган Жалолуддин Суютий ўзининг машҳур “Ал-Итқон фий улумил-Қуръон” номли асаринни таълиф қилди. Янги асрда улумул-Қуръон борасида таълиф этилган асарлар қадимда ёзилган китоблардан кам эмас. Ҳар давр олимлари давр талабига кўра Қуръон мавзуларига доир асарлар ёзиб боришган. Жумладан Мустафо Содиқ Рофиъийнинг “Эъжозул-Қуръон” китоби, Саййид Қутубнинг “Ат-тасвирул-фанний фил-Қуръон” ва “Машааҳидул-қияма фил-Қуръон” номли иккита асари, Муҳаммад Мустафо Муроғийнинг “Таржиматул-Қуръон” номли асари бўлиб, муаллиф унда Муҳиббуддин Хатибнинг изланиншларидан фойдаланган. Мустафо Собрийнинг “Масъалату таржиматил-Қуръон” асари, Доктор Муҳаммад Абдуллоҳ Дирознинг “Ан-Набаъул-Азийм” асари, Муҳаммад Жамолуддин Қосимийнинг “Маҳасинут-таъвил” номли тафсирининг муқаддимасини мисол қилиб келтириш мумкин. Шунингдек, Тоҳир Жазоирий ҳам “Ат-Тибён фий улумил-Қуръон”, Муҳаммад Али Салома “Манҳажул-фурқон фий улумил-Қуръон”, Муҳаммад Абдулазим Зарқоний “Манаҳилул-ирфон фий улумил-Қуръон”, Аҳмад Аҳмад Али “Музаккирату улумил-Қуръон”, Доктор Субҳий Солиҳ “Мабаҳис фий улумил-Қуръон” ва Доктор Аҳмад Муҳаммад Жамол “Абҳос ала маъидатил-Қуръон” каби асарларини таълиф этдилар. Бу изланиншлар Улумул-Қуръонни бир илм бўлиб, шаклланишга олиб чиқди. Улумул-Қуръон фанининг мақсад вазифаси Қуръонга доир бўлган сабабун-нузул, Қуръонинг жамланиш ва тартибланиши, маккий ва маданий оятлар, носих ва мансухлар, муҳкам ва муташобиҳ ва бошқа маълумотларни тақдим қилишдан иборатдир. Бу илм “Усулут-тафсир” ҳам деб номланади, чунки унда муфассир Қуръонни тафсир қилишда билиши керак бўлган маълумотлар баён қилинади.
Аллоҳ таоло исониятни яхши ва ёмоннинг фарқига борадиган соғлом фитрат билан яратибгина қўймай, балки вақтлар ўтиши билан уларни ёлғиз Ўзининг ибодатига даъват этиб туриши учун пайғамбарларни юбориб, уларга Ўз каломи бўлмиш китобларини ҳам тушириб турди. Пайғамбарлар кишиларга хурсандлик ва огоҳлик хабарини бериб турадилар. Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 165-оятида: “Токи бу пайғамбарлар ўтганларидан кейин одамлар учун Аллоҳга қарши ҳужжат бўлиб қолмаслиги учун пайғамбарларни (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) қўрқитувчи қилиб юбордик. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир[5]” деган. Инсоният ҳаёти ақлан ва моддий ривожланиб борар экан, уларнинг ҳар бир даврдаги мушкилотларини ечими учун ваҳий ҳам янгиланиб борган. Аллоҳ таоло ўтган пайғамбарлар олиб келган диннинг биносини мукаммал қилиш ва уларнинг шариъатини абадийлаштириш мақсадида борлиққа Муҳаммад алайҳиссаломни элчи қилиб юборди ва у зотга ўз каломи Қуръони Каримни нозил этди. Бу борада Расулуллоҳ алайҳиссалом “Мен ва мендан олдин ўтган пайғамбарларнинг мисоли, бир уйни чиройли ва кўркам қилиб қурган кишига ўхшайди, лекин уйнинг бир четида бир ғиштнинг ўрни очиқ турибди,одамлар уйни айланиб кўриб, бу ҳолдан ажабланишади ва қанийди уйнинг бу ерида бир дона ғишт бўлганида, дейишади. Мен “ўша бинонинг чиройини ниҳоясига етказадиган бир дона ғишт кабиман ва мен пайғамбарларнинг хатми кунандасиман” дедилар[6].
Қуръон Аллоҳ таолонинг барча инсониятга юборган рисолатидир. Қуръон ва суннатда бунга далолат қилувчи мутавотир далиллар мавжуд. Аъроф сурасининг 158-оятида: “Айтинг (эй Муҳаммад): «Эй одамлар, албатта мен сизларнинг барчангизга Аллоҳ (юборган) элчиман. У шундай зотки, самовот ва ер Унинг мулкидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. Ҳаёт ва ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир. Бас, Аллоҳга ва Унинг элчисига — Аллоҳ ва Унинг сўзларига ишонадиган уммий пайғамбарга иймон келтирингиз ва унга эргашингиз— шояд ҳидоят топурсиз![7]”, дейилган. Фурқон сурасининг 1-оятида: “Барча оламларни (охират азобидан) қўрқитгувчи бўлсин деб Ўз бандаси (Муҳаммад)га Фурқон — Қуръон нозил қилган зот — Аллоҳ баракотли – Буюкдир[8]”, дейилган. Икки саҳиҳда келган ҳадисда Расулуллоҳ алайҳиссалом: “…Ҳар бир набий хос бир қавмга юборилса, мен барча инсониятга набий қилиб юборилдим”, деганлар[9]. Расулуллоҳ алайҳиссалом рисолатларидан кейин бирор рисолат ҳаргиз келмагай. Бу борада Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 40-оятида: “Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ барча нарсани билгувчи бўлган зотдир[10]”, деган.
Қуръон инсоният ҳаётидаги барча талабларни самовий динларнинг энг биринчи асосларига кўра олиб келишида ҳеч қандай ҳайратланадиган жойи йўқ.
Бу ҳақда Шўро сурасининг 13-оятида: “Эй мўминлар, (Аллоҳ) сизлар учун ҳам диндан Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (яъни Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Ийсога буюрган нарсани – шариат – (қонун) қилди,— «Динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар![11]”, дейилган.
Расулуллоҳ алайҳиссалом арабларни уларнинг тилида туширилган Қуръонга чақирдилар. Ваҳоланки, улар фасоҳат ва баён аҳли бўлишларига қарамай, Қуръонга ўхшаш бирор китоб, унинг ўнта сура ёки битта бўлсада сура олиб келишга қудратлари етмади. Шундай экан мўъжизакорлик фақат Қуръонга хос, унинг мўъжизакорлиги билан рисолат собит бўлди.
Аллоҳ таоло Қуръонни ўзгартирмасдан Ўзи сақлайди. Аллоҳ таоло Қуръонни олиб тушган Жаброил алайҳиссаломнинг сифатлари ҳақида Шуъаро сурасининг 193-оятида: “Уни(Қуръонни) Амин Руҳ(Жаброил) олиб тушди[12]” деган. Шунингдек, Таквир сурасининг 19-24-оятларида: “Шак-шубҳасиз у (Қуръон) бир улуғ, қувватли, Аршнинг соҳиби (бўлмиш Аллоҳ) наздида макон-мартабали, у жойда (яъни осмонларда фаришталар томонидан) итоат этилгувчи, ишончли элчининг (яъни Жаброил фариштанинг Аллоҳ таоло томонидан келтирган) сўзидир. Ва сизларнинг соҳибингиз (Муҳаммад алайҳис-салом) мажнун эмасдир. Дарҳақиқат, у (Жаброилни) очиқ уфқда кўрди. У (Муҳаммад алайҳис-салом) ғайбга (яъни ғайбдан келган ваҳийга) бахил ҳам эмасдир. У Аллоҳ таоло томонидан ўзига келадиган ваҳийларни бузмасдан, тўла-тўкис ҳолда сизларга етказур[13]”, дейилган бўлса, Воқиъа сурасининг 75-79-оятларида: “ Мен юлдузларнинг ботар жойларига қасам ичурманки, Ҳолбуки бу (қасам) агар билсангизлар шак-шубҳасиз улуғ-катта қасамдир – албатта у (Қуръон сеҳр ёки уйдирма эмас, балки) асралган Китобдаги (Лавҳул-Маҳфуздаги) Улуғ Қуръондир! Уни фақат таҳоратли – пок кишиларгина ушларлар[14]”, деб келтирилган.
Бу сифатлар ўтган китобларнинг бирортасида келмаган, чунки улар хос бир пайт учун вақтинчалик ҳукум бўлиб келган холос. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ҳижр сурасининг 9-оятида: Аҳқоф сурасининг 29-31-оятларида: “(Эй Муҳаммад), эсланг, Биз сизнин “Албатта бу эслатмани (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагувчимиз[15]” деган. Қуръон рисолати инс ва жинга бир хилда келгандир. Олдингизда бир гуруҳ жинларни Қуръон тингласинлар, деб юборган эдик. Бас, қачонки улар (Қуръон тиловатига) ҳозир бўлишгач, (бир-бирларига): «Жим туринглар», дедилар. Энди қачонки (тиловат) тугатилгач, улар ўз қавмлари олдига огоҳлантиргувчи бўлган ҳолларида қайтиб кетдилар. Ривоят қилинишича, пайғамбар алайҳис-саломнинг ҳузурларига бир неча бор жин тоифасининг вакиллари келиб, Қуръонни тинглаб кетган эканлар. Мазкур оятдаги воқеа шулардан бири бўлиб, уни келтиришдан мурод Макка мушрикларини огоҳлантиришдир. Гўё уларга: «Инсон тоифасидан бўлмаган жинлар Қуръонни бир бор эшитишлари биланоқ унга иймон келтириб, бошқа жинларни ҳам иймонга даъват қилиш учун кетсалар-у, сизлар ўзларингизнинг тилингиздаги Қуръонга ва ўз тоифангиздан бўлган пайғамбарга иймон келтирмай кофирлигингизча қолсангизлар!» дейилмоқда. Қуйидаги оятларда жинларнинг ўз қавмлари олдига бориб, Қуръон хабарини етказганлари баён қилинади. Улар дедилар: «Эй қавмимиз, дарҳақиқат бизлар Мусодан кейин нозил қилинган, ўзидан олдинги (илоҳий китоб)ларни тасдиқ қилгувчи бўлган, Ҳақ (дин)га ва Тўғри йўлга ҳидоят қиладиган бир Китобни – Қуръонни тингладик. Эй қавмимиз, Аллоҳга даъват қилгувчи (Муҳаммад алайҳис-саломнинг даъвати)ни қабул қилинглар ва унга иймон келтиринглар, (шунда Аллоҳ) сизларнинг гунохларингизни мағфират қилур ва сизларга аламли азобдан паноҳ берур[16]”, дейилган.
Қуръон ушбу хусусиятлари билан инсоният ҳаётидаги барча мушкилотларни ҳакимларча муолажа қилади. Бу мушкилотлар хоҳ руҳ, ақл ва баданга тегишли бўлсин, хоҳ жамият, иқтисод ва сиёсатга тегишли бўлсин. Чунки у Ҳаким ва Ҳамиднинг каломидир. У умумий асосларга кўра ҳар бир мушкилотга ўз малҳамини қўяди. Инсоният қадамини унинг чизгисига қараб босади. Кишилар ҳар бир асрда унинг дастурига қараб ўз тараққиёт биносини қуради. Ҳар замон ва ҳар маконда ўз салоҳиятини ундан ўрганади. У абадият динидир. Бу борада ислом даъватчиларидан бири жуда ажойиб гап айтган. “Ислом – соф ақида ва ҳақиқий тўғри ибодат дини бўлиши билан бирга, ҳаётнинг барча воқиъликларини ўз ичига оладиган комил низом, давлат, ватан, ҳукумат ва умматдир. У халқ ва қувват, раҳмат ва адолат, маданият ва қонун, илм ва ҳукум, моҳият ва бойлик, касб ва хазина, жиҳод ва даъват, қўшин ва фикр демакдир”.
Қуръоннинг луғавий ва истилоҳий таърифи: Қуръон сўзи араб тилидаги қороъа-ўқимоқ маъносидаги сўздан олинган бўлиб, такрор ва такрор ўқилиб турадиган китобнинг номидир. Қуръоннинг истилоҳий маъноси, Аллоҳ таоло тамонидан Жаброил фаришта орқали Муҳаммад алайҳиссаломга йигирма уч йил мобайнида нозил қилинган, тиловати ибодат бўлган китобдир. Қуръон йигирма уч йил давомида жамиятнинг ҳолатига мувофиқ оятма-оят, сурама-сура туширилиб турган. Қиёмат сурасининг 17-18-оятларидаги: “Зеро уни (сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингизда) қироат қилдириш ҳам Бизнинг зиммамиздадир. Бас, қачон Биз (яъни Жаброил фаришта) уни (яъни ҳар бир ваҳийни) ўқиб битганимиздан сўнггина сиз ҳам уни ўқишга эргашинг![17]”, Қуръон лафзи “қироъат” маъносида келган. Қуръон илми олимларининг қарашларича, Қуръоннинг бундай ном билан номланиши, унинг бошқа илоҳий китобларнинг асл моҳиятини ўзида жам қилганлигидан, дейилган. Бунга Наҳл сурасининг 89-ояти: “(Қиёмат куни) ҳар бир уммат орасидан ўзларидан бўлган бир гувоҳни (яъни, пайғамбарни) келтирурмиз. Сизни эса (эй Муҳаммад), ана у (ўз умматингизга) гувоҳ қилиб келтирдик ва сизга — ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун хушхабар бўлган Китобни – Қуръонни нозил қилдик[18]”, деган ояти ишора қилади. Шунингдек, бунга Анъом сурасининг 38-ояти: “Ерда судралиб юрган ҳар бир жонивор, осмонда қанот қоқаётган ҳар бир қуш худди сизлар каби (Бизнинг қўл остимиздаги) жамоалардир. Китобда (яъни тақдири азал китобида) бирон нарсани қўймай ёзганмиз. Кейин ҳаммалари Парвардигорлари даргоҳига тўпланурлар[19]” ояти ҳам далил бўлади. Олимлар Қуръоннинг таърифини шарҳлаш асносида у “Аллоҳнинг каломи” жумласи ҳақида “калом”, деб барча сўзларни ўзида жамлаган жумлага айтилади. Унга Аллоҳ таолонинг улуғ исмини қўшиб айтиш эса, Қуръонда Аллоҳ таолонинг каломидан бошқа, инсон, жин ва фаришталарнинг сўзлари йўқлигига ишорадир, дейишган. Қуръонга “нозил қилинган”, деган сифатни нисбат бериш эса, у, Аллоҳ таолонинг улуғ даргоҳидан туширилганлигига далолатдир. Шунингдек, Қуръонни “Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган” дейилиши эса, унинг Таврот, Инжил ва бошқа китоблар каби бошқа пайғамбарларга туширмаганлигини билдиради. “Тиловати ибодат”, деган жумладан эса, оҳод-кам учрайдиган қироъатлар, гарчи, биз унинг ҳам мазмуни Аллоҳ таолонинг ҳузуридан туширилган, деб эътиқод қиладиган қудсий ҳадисларни ўқиш “ибодат” эмаслигини билдиради. Бу ўриндаги “ибодат” сўзидан намозда ўқиладиган қироъат маъноси тушинилади. Гарчи юқорида зикр қилинган Қуръондан бошқа манбаларни ўқиш умумий маънода савобли иш бўлсада. Оҳод қироъатлар ва қудсий ҳадисларни ўқиш Қуръонни қироъат қилиш каби бўла олмайди.
4- курс талабаси
Абдураҳмонов Шерзодбек
[1]. Анъом сурасининг 82-ояти.
[2]. Луқмон сурасининг 13-ояти.
[3]. Анфол сурасининг 60-ояти.
[4]. Қуръон биринчи бор Абу Бакр р.а.нинг халифалик даврида Ямома урушидан кейин жамланган эди.
[5]. Нисо сурасининг 165-ояти.
[6]. Муттафақ алайҳ ҳадис. Саҳиҳ Бухорий.
[7]. Аъроф сурасининг 158-ояти.
[8]. Фурқон сурасининг 1-ояти.
[9]. Икки саҳиҳда Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривояти. Саҳиҳ Бухорий.
[10]. Аҳзоб сурасининг 40-ояти.
[11]. Шўро сурасининг 13-ояти.
[12]. Шуъаро сурасининг 193-ояти.
[13]. Таквир сурасининг 19-24-оятлари.
[14]. Воқиъа сурасининг 75-79-оятлари.
[15]. Ҳижр сурасининг 9-ояти.
[16]. Аҳқоф сурасининг 29-31-оятлари.
[17].Қиёмат сурасининг 17-18-оятлари.
[18]. Наҳл сурасининг 89-ояти.
[19]. Анъом сурасининг 38-ояти.