islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

“Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарининг Навоий ижодидаги ўрни

“Ўзининг бебаҳо асарлари билан она тилимизнинг қадрини ва қаддини тиклаган буюк мутафаккир аждодимиз Алишер Навоий ҳаёти ва ижодининг мукаммал энциклопедиясини яратиш ҳам олдимизда турган долзарб вазифалардан биридир”[1]

Буюк донишманд, улуғ мутафаккир Мир Алишер Навоий умрининг ўрта, ижодий юксалишларга бой палласида ўз ҳаётида тўплаган кўп йиллик билими, тажрибалари ва хулосалари асосида бир неча тарихий асарлар ёзди. Жумладан, “Тарихи мулуки ажам”  (“Ажам ( араб бўлмаган миллатлар) шоҳлари тарихи”, 1488 м. , 894 ҳ.) қисқа тарих бўлиб, Эрон шоҳлари хроникаси баён қилинган “Тарихи Табарий” ва ” Шоҳнома”  асарларини мантиқан тўлдиради, улардаги фактларни изчил илмий тизимга солади. Афсонавий шоҳ Каюмарсдан сосонийларнинг сўнгги вакили Язди Шаҳриёргача бўлган шоҳлар тарихини, мифологик талқинини беради. Гарчи 1488 йилда ёзиб тугалланган бўлса-да, “Тарихи мулуки ажам” Навоийнинг илк тарихий асари ҳисобланмайди.

Навоийнинг тарихий асар ёзишга илк одамларини ҳижрий 891-894 (милодий 1485-1488)  йилларда “Тарихи анбиё ва ҳукамо” (“Набийлар ва ҳукамолар тарихи”)  тарихий-тазкира асарида кўрамиз.

Ушбу асар икки бўлимдан иборат. Биринчи бўлим  миллий адабиётчилигимизда “Қиссас ал-анбиё” анъаналарини давом эттириб, Одам алайҳис-саломдан Нуҳ, Исо, Мусо, Яъқуб, Сулаймон, Юсуф, Довуд каби пайғамбарлар тарихига оид қиссалар келтиради. Навоий Луқмони ҳакимга ҳам анбиёлар қаторидан жой беради.

Асарнинг “Ҳукамо зикрида” деб номланган иккинчи бўлимида инсоният тарихида чуқур из қолдирган донишманд ҳакимлар Фишоғурс, Жомосп, Буқрот, Суқрот, Афлотун, Арасту, Болинос, Жолинус, Батлимус, Бузургмеҳр ҳақида ибратли ҳикоялар келтиради, уларнинг донишмандлиги, илмий кашфиётлари сири қисқа сатрларда талқин қилинади.[2] Асар илк бор 1968-йилда чоп этилган.[3]

Асарнинг табдили эса, 1993-йилда Самарқандда «Зарафшон» нашриётида нашр қилинган. Аммо негадир маънавий-адабий ҳаётимизда катта воқеа бўлган ушбу нашр ҳақида ҳозиргача матбуотда билдирилган илмий-оммабоп мақолалар ниҳоятда кам учрайди, деярли кўзга ташланмайди. Китоб эса у ҳақда батафсил гапириб беришга арзийди.  Ушбу асарни ўзбек адабий тилига навоийшунос олимлар Ботирхон Валихўжаев ва Қобилжон Тоҳиров ўгирган. Кириш сўзи муаллифлари ҳам уларнинг ўзлари.[4] Асар беқиёс тарихий- адабий, диний-маърифий, дидактик  аҳамиятга эга.

Навоий пайғамбарлар қиссаларини келтиришда ўтмиш уламоларининг йўлларини тутган ҳолда, асарни Одамнинг яралишидан бошлайди ва уни диний адабиётларга мос равишда “Одами сафиюллоҳ” деб номлайди. “Пайғамбарлар қиссаси” ёзиш анъанага кўра “Хотамул анбиё” Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётлари ҳикояси билан тугайди.

Навоий пайғамбарлар қиссаларини баён қилар экан, ҳар бир қиссани Қуръони  карим оятлари ва қудсий ҳадислар  билан далиллайди. Аввал, оятларнинг асл матнини келтириб, сўнгра унинг маънолари таржимасини ниҳоятда гўзал таржималар қилади. Масалан, пайғамбарлар қиссасининг энг аввалгиси бўлган Одам қиссасини олайлик:

Одам солаватуллоҳ хилқати дея бошланган илк қиссада Одам яратилгандан сўнг унга илмни ким ўргатганлиги хабари бевосита Қуръони каримдан олинади:

وَعَلَّمَ آدَمَ الْأَسْمَاءَ كُلَّهَا ثُمَّ عَرَضَهُمْ عَلَى الْمَلَائِكَةِ فَقَالَ أَنْبِئُونِي بِأَسْمَاءِ هَٰؤُلَاءِ إِنْ كُنْتُمْ ص

Ва У зот одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилди. Кейин: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, анавиларнинг исмларини Менга айтиб беринг», деди…[5]

Қисса давомида фаришталарга одамга сажда қилишни буюргани, улар сажда қилганлари, фақатгина Иблис бундан бош тортиб лаънатлангани ҳақида ҳикоя қилинади ва бу ҳолат  ҳам Қуръонга мурожаат қилган ҳолатда очиб берилади:

وَإِنَّ عَلَيْكَ لَعْنَتِي إِلَىٰ يَوْمِ الدِّينِ

Ва, (Аллоҳ таоло) албатта, сенга жазо кунигача Менинг лаънатим бўлгай», деди.[6]

Қисса охири эса, Одамнинг таъқиқланган  мевани еб, жаннатдан чиқишни буюргани, ер унга ва жуфти Момо Ҳавога маскан қилиниши  хабари берилади.  Навоий ушбу ҳолатни ҳикоя қилар экан, қуйидаги оятни келтиради:

وَقُلْنَا يَا آدَمُ اسْكُنْ أَنْتَ وَزَوْجُكَ الْجَنَّةَ وَكُلَا مِنْهَا رَغَدًا حَيْثُ شِئْتُمَا وَلَا تَقْرَبَا هَٰذِهِ الشَّجَرَةَ فَتَكُونَا مِنَ الظَّالِمِينَ

Ва: «Эй Одам, сен ўз жуфтинг ила жаннатда маскан топ. Унда нимани хоҳласаларингиз, енглар, ош бўлсин ва мана бу дарахтга яқин келманглар, бас, у ҳолда золимлардан бўласизлар», дедик.[7]

Қиссаларнинг деярли барчаси худди шу тартибда ёритилади.

Бу ўринда Навоийнинг Қуръони карим ва араб тилида  не қадар маҳорат соҳиби эканлиги кўринади.

Иккинчи бўлимда келтирилган мутафаккирларнинг маънавий олами, руҳонияти – ботиний дунёси,  оламни идрок этиш, донишмандлик билан фикр юритиш, ўзликни англаш, нафсга тўсиқ қўйиб, тамаъдан узоқ бўлиш, сабр-у қаноат билан комил инсонийликка интилишлари қисқа сатрларда кўрсатиб берилган. Асар ушбу жиҳатлари билан дидактик асар ҳам ҳисобланади.

Алишер Навоий “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарида ёзади:

“Киши ўз мадҳин деса, чин доғи бўлса, нописанддур ва ўтконлар била онт ичмак ёлғон нишонасидур ва мусибатқа сабр қилмоқ – шамотат қилғучининг мусибати”.

Мазмуни:

“Агар киши ўзини мақтаса, бу мақтови рост бўлса ҳам, писанд этилмайди. Ўтганлар – вафот этганлар номи билан қасам ичиш ёлғончиликдандир. Мусибатга сабр қилмоқ – бошқаларнинг қайғусидан қувонадиганлар учун мусибатдир”[8]

Яна шуни таъкидлаш керак-ки, асарда тилга олинган шахслар-пайғамбарлар ҳам, ҳукамо-ю  фузалолар ҳам Шарқ ва Ғарбда бирдек машҳур кишилардир.

Асарда Афлотун ҳақида сўз боради:

“Афлотун ҳаким Дороб замонида пайдо бўлубдур. Суқротнинг шогирди. Искандар билан суҳбат қурубдур. Ва анинг сўзларидандурким, подшоҳга чоғир ичмак ҳаромдур. Невчунким, ул мулк ва раийят нигоҳбонидур. Нигоҳким, анга нигоҳбон керак бўлгай, яхши бўлмаған…”[9] ( Маъноси: Подшоҳга май ичмоқ ҳаром. Чунки у халқ ва мулк қўриқчиси. У шаробхўр бўлса, халқ пароканда бўлади.)

Навоий “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарида барча олимлар, жумладан Суқрот шахси ҳақидаги маълумотларни ҳаётий, изчил ва аниқ маълумотларга таянган ҳолда асослаб беради.

Асардаги мулоҳазалар  бадиий тўқималардан холи бўлиб, улар олимлар фаолияти, шуғулланган машғулотлари ва қолдирган мерослари ҳақида маълумот бериш билан бирга ўқувчи, у хоҳ оддий халқ вакилими ё зиёли бўлишидан қатъий назар, донишмандлар ҳақида билишга, ўқиб изланишга чорлайди.[10]

Юқоридаги таҳлиллар кўрсатадики, Мир Алишер  Навоий,  нафақат туркий-форсий тиллар, балки араб ва бошқа ажам тилларида, диний билимларда, хусусан Қуръон илмлари, пайғамбарлар ва дунё тарихида моҳир билимдонлардан бўлган. Бу эса, унинг нафақат шоир, балки,  қомусий олим ҳам бўлганлигини яна бир бор исботлайди.

Навоийнинг буюклиги ҳам шундаки, туркий тилнинг имкониятларини ҳар бир асари орқали намойиш этади. Биз шундай мазмундор арабий ҳикматларнинг мазмунини ўз она тилимизда ҳам англаяпмиз.

Робия Нажмиддинова,

Алишер Навоий номидаги ТошДЎТАУ 1-босқич магистранти

[1] Мирзиёев Ш. Адабиёт ва санъат маданиятни ривожлантириш – халқимиз маънавиятини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир// Халқ сўзи-2017 йил, 4 август.

[2] (“Алишер Навоий – Википедия” https://uz.m.wikipedia.org/wiki/Alisher_Navoiy

[3] Алишер Навоий. Тарихи анбиё ва ҳукамо. Асарлар. Ўн беш томлик. Т.15. – Т.:1968;

[4] https://zarnews.uz/uz/post/alisher-navoiyning-tarixi-anbiyo-va-hukamo-asari-nima-haqda-sozlaydi

[5] Қуръони карим, Бақара сурасининг 31-ояти

[6] Қуръони карим, Сод сурасининг 78-ояти

[7] Қуръони карим , Бақара сурасининг 35-ояти

[8]https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=1135148863572983&id=100012336391797

[9] Алишер Навоий мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик..- Тошкент: Ғ.Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи,  2011-йил,  16-жилд.

[10] Нодира Соатова. Севинч Эшонқулова. “Алишер Навоийнинг” Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарида фузалолар талқини”  мақоласи. Халқаро илмий-назарий анжуман. Тошкент, 2019-йил, 9-февраль.

236520cookie-check“Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарининг Навоий ижодидаги ўрни
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!