Орол ва Оролбўйидаги экологик аҳволнинг кескинлашуви жаҳон жамоатчилигини ташвишга солмоқда. Орол танглиги энг йирик регионал экологик халокатлардан бири бўлиб, денгиз хавзасида яшайдиган 35 миллиондан ортиқ киши, шу жумладан Ўзбекистон аҳолисининг катта қисми ҳам унинг таъсири остида яшамоқда. Яқин ўтмишда дунёдаги энг йирик кўллардан ҳисобланадиган Орол денгизи тезлик билан қуриб бормоқда. Орол денгизининг қуришига асосий сабаб Амударё ва Сирдарё сувларининг суғоришга ишлатилиши натижасида оқимнинг кескин камайиб кетишидир.
Ўрта Осиёда суғориладиган ерлар майдонининг ортиб бориши ва сувдан нотўғри фойдаланиш Орол денгизининг тақдирини ҳал қилиб қўйди.
Сўнгги 40-45 йил ичида денгиз сатхи 22 метрга (1961-йилда 53 м.) пасайди ва сув ҳажми 1064 км3дан 80 км3га тушиб қолди, унинг ўрнида шўрхоклар ва ҳаракатчан қумлар вужудга келди. 2010-йил охирида денгиз сатҳи 24 метр мутлақ баландликда бўлганлиги қайд этилди.
Бунинг оқибатида унинг 45 минг км2 қисми қуриб, қуруқликка айланди. Денгиз суви шўрлигининг ўртача кўп йиллик кўрсаткичи 9-10 г/литр бўлса, ҳозирда 110-280 г/литрдан ҳам ортган ва денгиз биомаҳсулдор хавза сифатида ўз аҳамиятини йўқотди. Биологик хилма-хиллик кескин камайди. Денгиз минтақасидаги 174 тур ҳайвон турлари сони 40 тагача қисқарди.
Орол денгизининг қуриши Оролбўйи минтақасида ижтимоий экологик вазиятнинг оғирлашишига олиб келди. Ҳар йили Оролнинг қуриган тубидан 15-75 миллион тоннагача туз ва чанг кўтарилиб, жуда катта ҳудудда ҳаво, тупроқларнинг ифлосланишига олиб келмоқда. Оролбўйида табиий ва антропоген чўлланишнинг суръатлари ортиб бормоқда. Ичимлик сувда тузлар миқдори 2-4 г/л ни ташкил қилади ва сув сарфи айрим районларда 5 л дан ошмайди (норма-200-300 л). Аҳоли ўртасида касалланиш ва ўлим кўрсаткичлари юқори даражага етган.
Орол денгизини асл ҳолига қайтариш имкониятлари қолмади. Мавжуд шароитларда Орол денгизининг сатхини сақлаб қолишнинг ҳам иложи йўқ.
Оролнинг қуриган ўрнида қум ва тузларнинг шамол билан учирилишига қарши чора кўиш учун сунъий ўрмонлар бунёд қилиш катта аҳамиятга эгадир. 1981-йилдан бошлаб денгизнинг қуриган қисмида дарахт ва буталар: оқ ва қора саксовул, кандим, чуркез ва бошқа ўсимликлар ўстирилиши бошланди, яхши натижалар берди ва ҳозирда ҳар йили 25 минг гектар ўрмонлар ташкил қилинмоқда. Денгизнинг янги очилаётган туби туз билан қопланиб қолаяпти ва ўсимликлар мутлақо ўсмаслиги мумкин.
Орол ва Оролбўйи муаммоларни ҳал қилишда Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорликда иш олиб бормоқдалар. АҚШ, Япония, Германия, Франция ва бошқа ривожланган давлатлар, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон Банки ва турли давлат ҳамда нодавлат халқаро ташкилотлари бу аср муассосини ижобий ҳал қилишга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.
“Ижтимоий фанлар” кафедраси катта
ўқитувчиси Шоғиёс Шожалилов