islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Устозини имтиҳон қилган уч шогирд

Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ Яҳё ибн Саъид ал-Қоттандан бир воқеани ривоят қилганлар: “Яҳё ибн Саъид бундай айтиб берадилар:  “Куфага илм истаб келиб қолдим. У ерда Муҳаммад ибн Ажлон исмли муҳаддис зот бор эканлар. Одамлар у кишидан ҳадис илмини ўрганишар эди. Бундан ташқари Малиҳ ибн ал-Жарроҳ, Вакиъ, Ҳафс ибн Ғиёс, Юсуф ибн Холид ас-Симтий сингари илм истаб ҳузурига бориладиган олимлар ҳам бор эди. Биз эса ҳадис эшитгани Муҳаммад ибн Ажлоннинг олдига қатнар эдик.

Кунлардан бир куни Юсуф ас-Симтий шерикларига: “Келинглар, Муҳаммаднинг зеҳнини текшириб кўриш учун ўзи айтган ҳадисларини қалб қилиб яъни, ўзгартириб  қўямизми?” деди. Шериклар ҳам рози бўлишди ва худди шундай қилишди. Саъиднинг ҳадисларини Муҳаммаднинг отасиникига, отасининг ҳадисларини эса Саъиднинг ҳадисларига ўзгартириб, алмаштириб қўйишди. Яҳё ибн Саъид бу ишларингизни сизларга ҳалол ҳисобламайман, дея шерикларини огоҳлантирдилар.

Сўнгра шогирдлар устозлари Муҳаммад ибн Ажлоннинг олдига киришди ва ҳадис айтиб бера бошлашди. Китобнинг сўнгига келганида, Муҳаммад сергак тортди ва: “Қани, қайтарчи”, деди. Унга ҳалиги ўзгартирилган (мақлуб) ҳадислар қайта айтиб берилди. Муҳаммад ҳадислардаги ўзгаришларни дарров фаҳмлаб, уларнинг санадини жой-жойига қўйиб берди ва: “Отамдан деб қилинган ривоят аслида Саъиддан, Саъиддан деб айтилганларингиз эса отамнинг ҳадисларидир”, деди.

Кейин Юсуфга юзланиб қуйидагиларни айтди: “Агар бу қилган ишинг билан мени ҳақоратламоқчи ва айбимни юзага чиқармоқчи бўлсанг, бас, Аллоҳ таоло сендан Исломни тортиб олсин!” Сўнгра Ҳафс ибн Ғиёсга қаради ва: “Аллоҳ сени қўлинг билан имтиҳон қилсин!” деди. Охирида Малиҳ ибн Жарроҳга келганида: “Аллоҳ сени илмингни манфаатли қилиб қўймасин”, деган гапни айтиб чиқиб кетди.

Бу воқеаларга гувоҳ бўлиб қолган Яҳё устозларини имтиҳон қилиб кўрган ва устозидан ўзларига тегишли жавобни олган бу шогирдларнинг кейинги ҳаётларини бундай эслайдилар: “Малиҳ ибн Жарроҳ илмидан бирор ким фойда олмай ўлиб кетди. Ҳафс ибн Ғиёснинг қўллари эса фалаж бўлиб қолди. Юсуф Симтий эса вафотидан олдин зиндиқликда айбланиб кетди”. Ибн Ҳажар шу ерда воқеани тугатадилар.

Уламолар ҳадисларни қалб қилиш, яъни санад ва матнини ўзгартиришдан қаттиқ қайтарганлар. Агар ровий бир ҳадис санадини бошқа ҳадис санадига унутиб алмаштирса ёхуд ҳадиси шарифдаги сўз ёки сўзлар ўрнини эсидан чиқариб алмаштириб қўйса, уни гуноҳ санамайдилар. Лекин ровийдаги ғафлат ва ёдда сақлай олмаслик ҳисобидан булса, унга “заиф ровий” деб эътибор қилинади.

Агар юқоридаги ишлар қасддан, бир ровийни яшириб ўрнига бошқасини қўйиш мақсадида содир этилса, бу иш жоиз эмас, ҳаромдир. Агар бу нарса имтиҳон сабабидан қилинса, (мисол учун Бағдод уламолари Имом Бухорий ҳазратларини синагани каби) мақсадни юзага чиқариш учун жоиз ва доимий бу ишни қилмай, дарҳол тўхтатиш керакдир. Муҳаммад ибн Ажлоннинг уч шогирди қасддан устозларини имтиҳон қилиб, у кишининг илмига шубҳа билан қарадилар, айбларини очмоқчи бўлдилар. Натижада ким қандай ният қилган бўлса, ўшанча миқдорда “устознинг дуоси”га сабабчи бўлди. Чунки, ҳадисларни ўзгартириб, ўрнини қасддан алмаштириб қўйиш Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сўзларига ҳурматсизлик, омонатни бузишдир ва айни пайтда ўғрилик деб номланади. Шу боис, бу ишни қилиш ҳеч кимга дуруст эмасдир, айниқса ўзи илм ўрганаётган устозини синаш, илмига шубҳа билан қараш ва айбини кўрсатиб қўймоқчи бўлиш – Аллоҳ учун илм талаб қилаётган талабанинг иши эмасдир.

“Шарҳ манзуматил Байқунийя” китоби асосида

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Н.Саидакбарова тайёрлади

236550cookie-checkУстозини имтиҳон қилган уч шогирд
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!