Илм-фан ва диний билимларга доимо рағбати ҳамда қизиқиши юқори бўлган юксак маърифатли халқимизнинг талаб ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида “Қуръони карим ва тажвид” курслари ташкил этилди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон халқаро ислом академиясида мазкур ўқув курсларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров, Ўзбекистон халқаро ислом академияси фахрий доктори Аброр Абдуазимов, Академия профессор-ўқитувчилари, ўқув курси тингловчилари, докторантлар, тадқиқотчилар ҳамда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари иштирок этди.
Тадбирни Академия ректори Музаффар Комилов кириш сўзи билан очиб бераркан, “Қуръони карим ва тажвид” курсларининг бугунги кундаги аҳамияти, юртимизда диний-маърифий соҳага берилаётган эътибор ҳақида сўз юритди. Шундан сўнг сўзга чиққанлар мамлакатимизда ислом маданияти ва илм-фанини ривожлантириш, муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳияти ва эзгу ғояларини, буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг бебаҳо илмий меросини тадқиқ этиш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш борасида ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлашди.
– Бугунги кун тарихий воқеа бўлди десак, асло муболаға бўлмайди, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков. – Ўзбекистон халқаро ислом академияси қошида “Қуръони карим ва тажвид” курслари очилди. Албатта, бу халқимизнинг азалий орзуси эди. Мазкур воқеа кейинги йилларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг яна бир ёрқин намунасидир. Хабарингиз бор, 2018-йилдан бошлаб, етакчи диний таълим муассасалари қошида “Қуръони карим ва тажвид” курслари фаолият бошлаган эди. Жорий йилда республикадаги бошқа диний таълим муассасаларида ҳам “Қуръон карим ва тажвид” курслари ташкил этиляпти.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида фаолият бошлаган ўқув курсларининг дастлабки босқичида 60 нафар тингловчи қабул қилиниб, машғулотлар уч ой давом этади.
– Мазкур ўқув курсларининг мақсади Қуръонни тажвид билан, қоидаларига кўра ўқиш ва аҳолимизнинг шу йўналишда эҳтиёжини қондиришга йўналтирилган, – дейди Ўзбекистон халқаро ислом академияси фахрий доктори Аброр (Мухтор Али) Абдуазимов. – Зотан, аждодларимизнинг Қуръонга бўлган эътиборлари доимо баланд, тарихда из қолдирган алломаларимизнинг барчаси ёшлик пайтидан Қуръон ўқишга бўлган қизиқиши, муҳаббати кучли бўлганини кўрамиз. Чунки Қуръон бошқа илмларга эшик очади. Қайси мамлакатда Қуръон ўрганишга бўлган эътибори баланд бўлса, ўша юртда ривожланиш бўлган. Ўша давр тарихда ёрқин давр сифатида эътироф этилган. Имом Бухорий, Амир Темур, Алишер Навоий каби боболаримиз Қуръонни илк дастлабки таълимот сифатида қабул қилишган. Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ташкил этилган мазкур ўқув курслари халқимизнинг талаб-таклифлари асосида ташкил этилди. Қуръондан хабари бўлмаган, бошланғич даражадаги ўқувчилар учун мўлжалланган курслар билан бир қаторда Қуръондан бирмунча хабари борлар учун ҳам курслар ташкил этилмоқда.
Ўқув курсларининг очилиш маросимидан сўнг Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги “Қуръони карим ва тажвид” курслари илк тингловчиларининг дарс машғулотлари аудиторияларда давом этди.